Ҳанс Кристиан Андерсен таваллуд топган кун


   Даниянинг жаҳонга машҳур эртакчиси Ҳанс Андерсен 1805 йилда Оденс шаҳрида дунёга келган. Боланинг отаси кавушдўз, онаси эса кир ювувчи бўлиб ишлар эди. Шунинг учун Ҳанс камбағаллар мактабига ўқишга киради. Орадан унча кўп вақт ўтмай, уларнинг оиласи Копенгагенга кўчади. Боланинг яшаш шароити ва ўқиши бу ерда анча-мунча яхши бўлади. Бўлажак ёзувчи 1823 йилда Слагелс мактабига ўқишга киради, ундан кейин Хелсингёрда таълим олади. 1828 йилда эса Копенгаген университетига ўқишга киради. Франция, Швейцария, Италия, Греция ва Испания сингари жойларга саёҳат қилади. Андерсеннинг ижоди 20- йилларнинг бошларидан бошланади. У дастлаб лирик шeърлар, роман, драма, йўл очерклари, биографик этюдлар яратади. “Даниялик Холгер”, „Қор маликаси", ватанпарварлик руҳи билан йўғрилган „Дания —менинг ватаним", озодлик ғояси мужассамланган „Соқчи", ,,Широн асири" ва бошқа шеърлари поэзия жанрида яратган энг сара асарлари жумласига киради. Андерсен ўз романларида (“Импровизатор”, “Т бўлган ёки бўлмайди") замонаси учун жуда муҳим бўлган воқеаларни қамраб олишга ҳаракат қилади. Унинг ижоди кўп қиррали ва ранг-барангдир. Айниқса, тарих ва эртак асарлари ёш китобхонлар учун мароқлидир. „Эртаклар" (1835 - 1855), „Янги эртаклар" (1843 - 1872) ва бошқа китоблари Андерсеннинг номини жуда машҳур қилди ва уни жаҳонга танитди. Андерсен бу китобларни яратишда халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланди, уларнинг орзу-умидларини қоғозга туширишга ҳаракат қилди. Эртаклардаги характер ва жонли нутқни янада мукаммаллаштиришга эришди. Шунинг учун Андерсен яратган эртаклар содда, китобхон учун тушунарии бўлиш билан бирга, ўқувчилар хотирасида узоқ вақт сақланиш хусусиятига ҳам эга. Андерсен эртакларида, кўпинча бош қаҳрамон шаҳзода ҳам эмас, малика ҳам эмас, балки оддий меҳнаткаш халқдир. Улар ўзларининг самарали меҳнати, ақл-идроки, ахлоқ-одоблари билан китобхон таҳсинига сазовор бўладилар. Унинг “Қўнғироқли гирдоб”, “Кумуш танга”, “Колбаса сихидан шўрва”, “Гўнг қўнғиз” ва бошқа эртаклари фикримизга ёрқин мисол бўла олади. Эртакчининг "Қўнғироқли гирдоб" асарини олиб кўрайлик. Унда асрлар мобайнида эзилган, оғир меҳнат ва зулмдан тинка-мадори қуриган меҳнаткаш халқ вакили Блакеннинг ўз хўжасига қарши туриши китобхонни қувонтиради. “Дюймчахон”, “Иркит ўрдакча”, “Ботқоқлик шоҳининг қизи”, “Бақа”, “Бурга билан профессор” сингари эртаклари ўзбек китобхонларининг ҳам севимли асарларига айланиб кетган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот