Винод Кҳанна (1946 - 2017)
Винод Кҳанна (6 октябрь 1946 - 27 апрель 2017) – ҳинд актёри, кино продюсери ва сиёсатчи бўлиб, асосан ҳинд фильмларидаги роллари билан танилган. Болливудда у икки маротаба Filmfare мукофотига сазовор бўлган. Кҳанна Амитабҳ Баччан ва Ражеш Кҳанна билан биргаликда ўз даврининг энг кўп ҳақ тўланадиган юлдузларидан бири эди. У 1970-йилларнинг охири ва 1980-йилларнинг бошларида Амитабҳ Баччанга рақобатчи бўлган, кейинчалик киносоҳасида бир оз танаффус қилган. У сиёсий майдонга кириб, 1998 йилдан 2009 йилгача Гурдаспур ҳудудида депутат бўлган. 2002 йил июлда Кҳанна Атал Бихари Важпаи ҳукуматига маданият ва туризм вазири этиб тайинланган. Олти ойдан кейин у хорижий ишлар бўйича давлат вазири бўлган.
Кҳанна 1946 йил 6 октябрда Британия Ҳиндистоннинг Пешовар шаҳрида (ҳозирги Покистон) Камла ва Кришанчанд Кҳанна исмли панжоблик ҳинд оиласида туғилган. Унинг туғилишидан кўп ўтмай, Ҳиндистон иккига бўлинган ва оиласи Пешовардан чиқиб, Бомбей (ҳозирги Мумбай)га кўчиб ўтишган.
У Бомбейдаги Муқаддас Мария мактабида иккинчи синфгача ўқиган, кейин эса Деҳлига кўчишган. 1957 йилда унинг оиласи Деҳлига кўчиб ўтгач, у ерда Матхура Роуд давлат мактабида ўқиган. 1960 йилда оиласи қайтадан Бомбейга кўчганида, у Нашик яқинида жойлашган Деолалидаги Барнс мактабига ўқиган. Мактабда ўқиётганда Кҳанна ҳинд эпосларини кўриб, кино санъатига маҳлиё бўлган. У Бомбейдаги Сиденхэм коллежини савдо соҳасидаги мутахассислик бўйича тугатиб, диплом олган. Кҳанна крикет ўйнашни жуда яхши кўрган.
Винод мактабни битиргандан кейин Сунил Даттнинг эътиборига тушган ва 1968 йилда Сунил Даттнинг "Адам билан учрашув" фильмида (режиссёр Адурти Субба Рао) жиноятчи сифатида илк дебют ролини ижро этган. Фильмда Сунил Датт асосий ролни ўйнаган. Фильм тамилча "Кумари Пенн" фильмининг қайта ишланган тури бўлган. У "Пураб Аур Пашим", "Сачаа Жутҳа", "Аан Мило Сажна" ва "Мастана" каби фильмларда ёрдамчи ёки жиноятчи қиёфаларини акс эттирган. 1970 йилда "Мера Гаон Мера Деш", "Мере Апне" ва "Элан" фильмларида ҳам иштирок этган.
Ўзбек кино ихлосмандларига "Амар, Акбар, Антони" ва бошқа дубляж қилинган фильмлари орқали яхши таниш.
Винод Кҳанна 2017 йил 2 апрель куни танасидаги жуда кучли сувсизланишдан кейин Мумбайдаги Sir H.N. Reliance Foundation шифохонаси ва тадқиқот марказига бир неча ҳафта давомида госпитализация қилинган. Винод 27 апрель куни саратон хасталигидан вафот этган.
Интернет хабарлари асосида Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.