Режиссёр - Леонид Гайдай таваллуд топган кун


  Леонид Иович Гайдай 1923 йил 30 январь куни Россиянинг Амур губерниясида таваллуд топган. У илк таълимни Иркутск вилоят драма театрида олган. Шундан cўнг ВГИКда Г. В. Александров устахонасида ўқиган. Ўзининг биринчи “Олис йўл” фильмини у 1956 йилда суратга олган. Бу фильм В. Короленконинг Сибирь ҳақидаги туркум ҳикоялари асосида тасмага туширилган эди. Унинг иккинчи фильми кинокомедия эди. Бу жанрда Гайдай ўз ижодининг чўққисига эришди. Унинг ҳар бир комедияси - ҳақиқий шоҳ асар, юморнинг ёрқин намунаси ва бир вақтнинг ўзида ижтимоий муаммоларни ўзига хос талқин этилиши билан ажралиб туради. Режиссёрнинг севимли даври 1920 йиллар бўлиб, у бу даврни “12 стул”, “Бўлиши мумкин эмас!” фильмларида акс эттирган. Гайдайнинг севимли қаҳрамонлари машҳур учлик актёрлар: Юрий Никулин, Георгий Вицин ва Евгений Моргуновлар томонидан ижро этилган Валакисаланг, Қўрқоқ ва Туллак образлари ҳисобланади. Улар 1961 йилда илк бор суратга олинган “Кўппак Барбос ва ғалати кросс” деб номланган қисқа метражли фильм орқали ва шундан сўнг “Самогончилар” (1962) ва  “Ы” операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари” фильмининг учинчи қисмида (1965), “Кавказ асираси” (1966) фильмлари орқали мухлисларга яхши таниш. Режиссёрнинг сўнгги икки фильми, шунингдек,  “Бриллиант қўл” (1968) ва «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» киномухлислар томонида энг кўп томоша қилинган  фильмлар сирасига киради. 
 Ўтган асрнинг 50-йилларида кино оламига кириб келган режиссёр умри давомида ўттизга яқин фильм­лар суратга олган. Леонид Гайдай комедия жанрида ўзининг бетакрор услубини яратган режиссёр сифатида кино санъати тарихида қолган. 
 Гайдай комедия жанрининг таниқли арбоби сифатида тан олинган. Гайдайнинг рафиқаси Нина Гребешкова унинг энг яқин ёрдамчиси ва муваффақиятга эришувида илҳомлантиривчиси эди. Кейинги йилларда у “Ҳаёт учун хавфли!” (1985), “Хусусий детектив ёки “Кооперация” операцияси” (1989) ва “Дерибасовада об-ҳаво яхши ёки Брайтон-Бичда яна ёмғир” (1992) комедияли фильмларини суратга олган. 
   Леонид Гайдай 1993 йилнинг 19 ноябрида оғир  касалликдан Москвада вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Изоҳлар
Маълумот