Алексей Смирнов (1920 - 1979 й.)


   Алексей Макарович Смирнов 1920 йилнинг 28 Февраль куни Ярослав губерниясининг Данилов шаҳрида таваллуд топган. 
 У болалигидан-оқ актёр бўлишни орзу қиларди. 1940 йилда Алексей Ленинград мусиқали комедия театри қошидаги театр студиясини тамомлаган ва бирмунча вақт эстрада актёри cифатида фаолият юритган.
   Улуғ Ватан уруши бошланганда Смирнов урушга жўнаб кетади ва разведкада хизмат қилган. Жасорати ва қаҳрамонликлари учун кўплаб орден ва медаллар билан мукофотланган. Бироқ ғалабани Берлинда нишонлаш унга насиб қилмайди. Аёвсиз жанглардан бирида қаттиқ яраланиб, узоқ муддат госпиталда даволанишига тўғри келади.   
   1946 йилда Алексей Ленинград Давлат мусиқали комедия театри труппасига актёр бўлиб ишга кириб, театр саҳнасига қайтади. 1952-1961 йилларда Ленинград давлат эстрадаси артисти сифатида ишлаб юради. Бироқ унга  умумий саҳналар ёки иккинчи ўриндаги ролларни ўйнаш топшириларди. Актёрнинг ташқи кўринишини ҳисобга олган режиссёрлар, одатда, унга фақат комик персонажлар ролини ишониб топширишарди. Лекин Смирнов айнан шу қиёфаларда томошабинларнинг меҳрини қозона олди.
    Актёрнинг ёрқин истеъдоди кинематографнинг ҳам эътиборини ўзига тортди. 1958 йилда Смирновни киноактёр қилиб танитган ва кашф қилган режиссёр Ю. Озеров уни ўзининг фильмларидан бирига таклиф қилиб, роллардан бирини беради. Шу тариқа бошқа таклифлар ҳам тушиб, 1961 йилдан эътиборан "Ленфильм" киностудиясида актёр бўлиб ишлайди.
    Ўша йиллари Смирнов иштирокидаги иккита фильм бирваракайига мамлакат экранларига чиқарилиб, фильмлар томошабинлар манзур келиб, муваффақият қозонади ва актёрга шуҳрат келтиради. Лекин Леонид Гайдайнинг 1963 йилда суратга олинган "Ишбилармон кишилар" ("Қизилтанлилар сардори") ва 1965 йил тасвирга туширилган "«Ы» операцияси ёхуд Шурикнинг бошқа саргузаштлари" фильмлари Алексей Макаровичга чинакамига машҳурлик келтириб, мухлислар қалбидан чуқур ўрин эгаллашига асосий сабабчи бўлган. 
    Россияда хизмат кўрсатган артист - Алексей Макарович Смирнов 1979 йилнинг 7 Май куни Ленинград (Ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида юрак хуружидан вафот этган.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот