Убайдулла Омон таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр – Убайдулла Бақоев (Убайдулла Омон)ни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
Убайдулла Омонга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Маълумот: Убайдулла Бақоев 1948 йилнинг 31 Октябрь куни Бухорода туғилган. Унинг саҳнадаги илк қадамлари 1962 йил Бухородаги Садриддин Айний номли вилоят театрида оммавий саҳналарда ижро этган ролларидан бошланган. Сўнг пойтахтдаги “Ёш гвардия” театрида қатор спектакллар саҳналаштирган. Улар орасида томошабинлар томонидан қизғин қабул қилинган ёзувчи Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв” асари 700 марта қўйилган.
Тақдир тақозоси билан 1972 йили Бухоро театрига қайтиб, ҳозирга қадар “Ревизор”, “Номус”, “Аршин мололон”, “Ибн Сино”, “Ҳамлет”, “Абулфайзхон” каби 50 га яқин спектаклларни саҳналаштирди.
Кинодаги биринчи роли 1969 йили режиссёр Анатолий Қобулов томонидан суратга олинган “Баҳор ёмғирлари” фильмидаги бош қаҳрамон Самиғ образи бўлди. Шунингдек, “Сарвиноз”, “Фотима ва Зуҳра”, “Телба”, “Фарёд”, “Тавба” каби 20 дан ортиқ фильмларда турли ролларни ижро этган.
Убайдулло Омон тожик киночиларининг “Шаҳризоданинг сўнгги туни”, “Қилич ва кўз ёшлар”, россиялик киночиларнинг “Родина ждёт”, “Платина” ва америкалик киночиларнинг “Умар Хайём” фильмларида қатор образлар талқин этган кенг қамровли ижодкордир.
Тошкент театр ва рассомлик институтини 1971 йили, Москвадаги кинематография институтини 1996 йили битиргач, Ленинград катта драматик театри қошидаги Георгий Товстоногов ижодий лабораториясида тўрт йил таҳсил олиб, етук мутахассис бўлиб етишган.
Шу ўтган даврда ўзбек киносини дунёга танитган, нафақат иқтидори, балки дунёқараши, фикрлаши, услуби, тақдири билан бир-биридан фарқ қиладиган таниқли кино арбоблари, актёрлар етишиб чиқди.
Убайдулла Омон ўзбек киносининг омадли ва қобилиятли санъаткорлардан бири ўз ишининг моҳир устаси, айниқса, охирги йилларда нафақат ўзбек, балки қатор хориж фильмларида унутилмас ва қизиқарли образлари билан томошабинларнинг меҳрига сазовор бўлган ижодкордир.