Хотира уйғонганда гўзал


Юракка кўмилар асл шоирлар
    
    Тузалмайди дардим менинг,
    Ўлсам керак.
    Тупроқ билан оға-ини
    Бўлсам керак.
    Ўлим нима? Бу ҳам битта
    Сайр, она.
    Ўғлинг қаро ерга кетди,
    Хайр, она... 

    Муҳаммад Юсуф ушбу сатрларни битаётганида, эҳтимол, ўзининг эрта вафоти ҳақида башорат қилмагандир. Афсус, бу чархи кажрафторнинг бевафолиги кўксида армони лиммо-лим шоирни соғинтириб орамиздан эрта олиб кетди.
    Эндигина 47 ёшни қаршилаган шоир, қалби тўла зардоб шоир, ўз элининг эркаси шоир мангуликка рихлат қилди. Бу не кўргуликки, 47 ёш – Бобур Мирзо ҳам фоний дунёни тарк этган, Шавкат Рахмон видо айтган ёш. Вақтнинг бешафқатлиги нақадар оғир. Кўксимиз куйиб-куйиб, соғинганда дилимиз тўлиб-тўлиб, армону-аламларга ҳамроҳ бўлиб йилларни қаритяпмиз. Ўлим ҳақ экан, у ҳеч қачон кекса ёки ёш, яхши ёки ёмон демас экан. Муҳаммад Юсуф айни навқирон ёшда ҳаётдан кўз юмди. Ҳаётининг сўнгги дамларида ҳам республикамизнинг энг чекка гўшаларида ўзининг мухлисларига қувонч бахш этмоқ ниятида бўлганлиги қалбларни зирқиратади. Ҳа, бу оғриқ, бу дард, бу армон. Ҳали бу армон юракларни ёмон кемиради.
    Муҳаммад Юсуфни бугунги кунда Ўзбекистоннинг оддий деҳқонидан тортиб академиккача яхши танийди. Унинг шеърлари қўшиқ бўлиб санъаткорни юксалтирмоқда, хонадонларга, қалбларга кириб бормоқда. Шоир халқнинг дилидагини ҳамиша топиб айтган. Шунинг учундир балки унинг шеърлари тез оммалашади. Ёзганларида бир сеҳр, дард борки инсонларни ром этади. Гўзал дилбар жозиба борки мусиқада сайқал топади. Ажойиб таптортмаслик, шуур ва ҳақиқат борки юракларга малҳам бўлади.  
 Агар устоз ҳаёт бўлганида эди, борлиқ яшилликка бурканиб, қизғалдоқ бош кўтариб, қалдирғочлар қанот ёзган гўзал дамларда ўз таваллуд айёмини нишонларди. 26 апрел шоир туғилган кун. Мана бир неча йилдирки шоирсиз ушбу кун нишонланмоқда. Шоирнинг жондан азиз фарўанди Мадина бугун шоирнинг ўлмас шнъриятини давом эттирмоқда, гўзал шеърлар ёзиб мухлислар қалбига йўл изламоқда. Муҳаммад Юсуф ўзи таъкидлаганидек, “бу дунёда менинг қолар изим” дея ёзганида эҳтимол шу кунларни дилидан ўтказгандир.

Шоирлик мен учун асло орзумас,
Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга.
Ҳамма шоир зотин йиғса арзимас
Онамни соғиниб тўккан ёшимга.

     Ҳа, бу сатрлар юрагингизга оғриқ солиб кетган шоирники. Муҳаммад Юсуф ҳамиша халқнинг дилидаги сўзни айта оладиган, халқнинг юзига тик қарай оладиган инсон эди. Шоирнинг қонида олов, исён бордай эди. Зероки, унга соҳибқирон қонидан бир томчи қўшилгандай эди гўё.
    Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари, шеърларига басталанган қўшиқлари кириб бормаган хонадон топилмаса керак. Унинг китобларини ахтариб излаган, тунларини бедор ўтказганлар қанча. “Таниш тераклар”, “Булбулга бир гапим бор”, “Илтижо”, “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Ёлғончи ёр”, “Осмонимга олиб кетаман” каби ўнлаб китоблари аллақачон мухлисларининг қалб жовонларига жо бўлган.

Лочин кўкда нетар кўзи ўтмаса,
Синдир қаламингни сўзи ўтмаса.
Ватан деса ўпканг тўлиб кетмаса,
Шеър ёзишга бало борми биродар?!

   Ватан ҳақида бундан ортиқ яна қандай ташбеҳ бўлиши мумкин. Шоирнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларини ўқисангиз кўнглингизда кўтаринкилик, руҳингизда енгилликни ҳис қиласиз. Ватан ҳақида содда ва жўн сўзлар билан юрагингизга ватан харитасини чиза олган шоирга ҳар қанча мақтов бўлса камдир. Зотан, шоирнинг Бахмалда туғилган қўзичоқни араб оҳусига алмашмагани, товонига кирган тиконларини суюк билгани, ватанни гоҳо Билол бўлиб, гоҳо ҳабаш бўлиб қулдай севишини ўзи сизу-бизга ҳақиқий ватанпарварликни ўргатади. 
    Ҳар бир ижодкорнинг ёнар фасли, ўт фасли бўлади. М.Юсуф айни мана шундай паллада мангуликка рихлат қилди. У ҳақида ўйлаганимда бўғзимга нимадир тиқилади, руҳимда буюк англашни сезаман. М. Юсуф буюк қалб соҳиби эди, унинг ёзганларида анжонча чапанилик, озодлик шукронаси, севги жозибаси, меҳрнинг хокисор бўлинишлари бор эди.
    Бундан бир неча йиллар илгари университетни тамомлаб, пойтахтда қолиш-қолмаслик ҳақида ўйлаб юрган кезларим шоир: “Феруза, инсоннинг ўзи туғилиб ўсган жойдан оёғи узилмаслиги керак. Яхшиси, Андижонга қайт, ўша ерда илдиз от, кўкар. Камолингни аввало улар кўрсин, қувонсин, кейин пойтахт ўзи сени чақиради”, деган эди. Худди шундай ҳам бўлди. Олти йиллик самарали меҳнат ўз маҳсулини кўрсатди, пойтахт мени ўзи чақирди.
    Муҳаммад ака, назаримда, бир авлиёдек эди. Бу ҳақиқатни йиллар ўтгани сайин тобора теранроқ англаб боряпман. Ўшанда Андижон Ёшлар телерадиокомпаниясига ишга бордим. Муҳаммад ака билан ҳар гал Андижонга борганида имкон қадар суҳбатини олишга интилардим. Шундай суҳбатларнинг бирида шоирнинг онаси ҳақида кўрсатув тайёрламоқчи эканлигимни айтганимда, у беҳад қувонган ва ўзи ҳам ўша кўрсатувда иштирок этмоқчи эканлигини билдирган эди. Орадан йиллар ўтди, шоирнинг сира бемалол фурсати бўлмади. Лекин, негадир бир гал, “яхшиси менсиз ҳам кўрсатувни тайёрлайвергин, вақт кетяпти. Вақтинг кетди – нақдинг кетди, дегани бу”, деганди худди бир нарсани олдиндан сезгандай. Ўша куни бизнинг суҳбатимиз тасвирга муҳрланди. Сўнг, Муҳаммад ака – мен онам ҳақида ҳеч қачон бугунгидай яйраб гапирмагандим. Бу суҳбат мен учун эсдалик бўлиб қолади, уни эҳтиёт қил. Онам ҳақида ўзим яхши кўрган шеърларимни ўқиб бераман, - деб шеър ўқиб, ўзи ҳам роҳатланганди.
    Ўшанда Муҳаммад ака билан онаси, болалиги, илк бор шуурига сингган алла сеҳри, биринчи шеъри, онасидан эшитган эртакларию, насиҳатлари ҳақида дилдан суҳбатлашгандик. Ва афсуски, бу суҳбат мен учун сўнггиси эканлигини билмагандим. Бироқ Муҳаммад  ака “дийдор қиёматга қолмасин-да, сингилжон” деганида, мен таажубга тушгандим ва ҳануз бу жумбоқни ечолмайман.
    Муҳаммад Юсуф “ҳақиқий шоирлар худойимнинг эркатойларидир. Ҳақиқий истеъдодлар эса эрта ўлимини билгандай, доим шошиб юрадилар... ”, деган эди. Унинг ўзи ҳам эрта вафотини сезгандай, доим шошиб яшади. Яқинларига, дўстларига, шогирдларига – ҳамма-ҳаммага яхшилик қилиб қолишга шошилди. Қўли билан етказа олмаган яхшиликни сўзи билан етказди. Шу боис ҳам инсонлар юрагига оташин шеърлари, ҳайқириқлари, даъватлари, муҳаббати билан ўз иморатини солиб кетди. Демак, у барҳаёт. Зеро, бу ҳақиқатни шоирнинг ўзи исботлаб кетган:

Ўзи ўлса ўлар, сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.

ФЕРУЗА ОРИПОВА
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот