ИЗТИРОБ ШОИРИ
Муҳаммад Юсуф ёди
ИЗТИРОБ ШОИРИ
Ўлим – ҳақ.
Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди.
Аммо, барибир, шафқатсиз ажал ёш, қирчиллама йигитни ўзининг совуқ бағрига олса, кеч келган эрта кетса, одамнинг юрак-бағри ҳувиллаб қолади. Айни пайтда кишига бу ерда қандайдир адолатсизлик бўлгандек, недир хатолик юз бергандек туюлаверади... Бироқ, на илож, осмон узоқ, ер қаттиқ...
Биз Муҳаммад Юсуф билан ... у киши умрининг сўнгги уч-тўрт йили давомида бирга ишладик.
Муҳаммад ака Ёзувчилар уюшмасининг бевосита ёш ижодкорлар билан боғлиқ ишларига масъул бўлгани боисми, биз, “Ёшлик”чилар у кишини қайсидир маънода ўзимизга “куратор”, маслаҳатгўй устоз деб билардик.
Муҳаммад ака бағри кенг одам эди. Журналимизга онда-сонда бирон ёш ижодкорнинг машқтарини тавсия қилиб қолар экан: “Шу боладан (ёки қиздан) бир нима чиқиб қолар”, дерди.
Афсуски, инсон эртага ёки индинга нима бўлишини билмайди. Бу унинг бахтидир ёки бахтсизлигидир. Ҳар нечук, Муҳаммад ака билан мулоқотларимиз узоқ давом этмаслигини, у киши билан кечаётган кунларимиз ғанимат эканлигини ҳеч бўлмаса ҳис қилганимизда биз “Ёшлик”чилар улуғ шоиримизга бошқачароқ, дейлик, янада самимийроқ, янада иззат-эътибор билан муносабатда бўлармидик. Зеро, инсоннинг қадри, маҳобати, меҳри – таассуфлар бўлсинки – вафотидан сўнг янада ёрқинроқ намоён бўларкан. Ва адо бўлмас кундалик тирикчилик ташвишларига шўнғиб кетган банда ўзга бир азиз банда дорил бақога рихлат этганидагина то сўнгги дам ёнида юрган, ўзи билан ҳамнафас бўлган соддагина, жайдари бир инсоннинг аслида нақадар улуғ ва бетакрор бўлганлигини англай бошлайди...
Инсоннинг кимлиги кўпроқ сафарда билинади, дейишади. Ҳақ гап. Камина Муҳаммад Юсуф билан икки бора Зоминда ўтказилган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этдим, бир марта Муқимий ва Чустий юбилейлари боис Қўқонга бирга бориб келдим. Қуйида ушбу сафарлардан ёдимда қолган икки лавҳанигина баён қилиб бермоқчиман.
“ҚЎШИҚ ХАЛҚНИ БИРЛАШТИРИШИ КЕРАК”
Раҳматли (бу сўзни тилга олиш нақадар оғир!) Йўлдош Сулаймон, Муҳаммад Юсуф учаламиз “Нексия”да Қўқонга кетаётгандик. Муҳаммад аканинг машқи пастроқ эди. Ангренда овқатлангандик, таомлардан номига тотиниб қўйди, холос.
Довон йўлида адабиётдан, шоирлардан гаплашиб кетаётгандик. Тўсатдан ҳайдовчи магнитофонда ўшлик ҳофиз Муҳаммадкарим Соипов ижросидаги “Осмон тўла ҳаволар, менга ҳаво етмайди” қўшиғини баланд қилиб қўйди. Беихтиёр “қулт” этиб ютиниб олган Йўлдош ака:
– Шавкат Раҳмоннинг видо қўшиғи бу, – деди пичирлаб.
Олдинги ўриндиқда ўтирган Муҳаммад ака қўлини юқори кўтариб “жим” ишорасини қилди.
Мунгли қўшиқ тугагунча машинада ҳеч ким “чурқ” этмади. Қўшиқ тугаган палла ёш боладай таъсирчан, кўнгли бўш Йўлдош ака:
– Оҳ, – деб юборди.
Шу лаҳза Муҳаммад Юсуф биз томон ўгирилди ва ҳеч бир муқаддимасиз, кириш сўзисиз, бир оғизгина:
– Эшитинглар, – деди-да... ёддан шеър ўқий кетди:
Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ —
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!..
Тасаввур қилинг: довон йўли, машина сассиз елиб бормоқда, салонда эса бизга ўгирилиб олган Шоир кўзларини юмган кўйи ҳеч бир бақир-чақирсиз, оҳиста, бироқ изтироб ва алам билан, баайни юрак дардини айтиб бераётгандай шеър ўқимоқда...
Шукрки, кўп шеър давраларида бўлганман, кўплаб шоирларнинг ўз асарларини маҳорат билан ўқиганлигини кўрганман. Аммо ҳалига довур ҳеч бир шоир ўз асарини бу қадар дард билан айтиб берганини эшитмагандим...
Шеър эса чиндан ҳам “даҳшат” эди... Томоғимга муштдай бир нима келиб тиқилгандай бўлди...
Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда.
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ...
Шеър тугади.
Қарасам, боладай беғубор, соддадил Йўлдош Сулаймон юм-юм йиғламоқда эди. Мен ҳам кўз ёшларимни тийиб туролмадим...
Орадан бир соатча вақт ўтди. Ҳўқанди латифга яқинлашганимиз маҳал бизга ўхшаб нечукдир маъюс тортиб қолган ҳайдовчи таниш бир ҳофизнинг ижтимоийроқ мавзуидаги бир қўшиғини қўйди. Ашуланинг бошланишини эшитган Муҳаммад ака қўл силтади:
– Бўлмайди... Қўшиқ халқни бирлаштириши керак. Бу бўлса... Ўчиринг...
Қўқонда бизни кутиб олишиб, шинамгина дала-ҳовлидан жой қилиб беришди.
Тасодифан, Муҳаммад ака иккаламиз бир хонага тушиб қолдик.
Ана шунда мен шеър ёзиш баъзилар ўйлаганидай осон иш эмаслигини ўз кўзим билан кўрдим. Соат тунги бир бўлди, икки... уч... Муҳаммад ака ухламайди, кичкинагина хонамизни қадамлаб ўлчайди: хонанинг у бошидан-бу бошига бориб келаверади, келаверади...
Ҳазиллашган бўлдим:
– Тўлғоқ қийин кечаяпти шекилли...
Муҳаммад ака мийиғида жилмайиб қўйди:
– Вақти-соати етмагандир-да...
Қўқон шаҳар ҳокимияти таклифига кўра наҳорги ошга бордик. Қарасам, Муҳаммад ака мезбонлар, мухлислари даврасида худди кечаси тўйиб ухлаган, мириқиб ором олган одамдай яйраб ўтирибди.
Умуман, Муҳаммад ака – агар янглишмасам – водийга борганида яшнаб кетарди. Ўша сафар ҳам учрашувлардан сўнг у киши Тошкентга қайтиб ўтирмай, Андижонга жўнаркан:
– Онамни кўрмасам бўлмайди, – дегани кечагидай ёдимда...
Яна бир эътибор берган томоним: қаерга бормайлик, Муҳаммад ака бизни меҳмон билиб, мулозамат қилар, мезбонларга ҳам аввал бизни таништираркан, мақтовни сал кўпроқ қилар ва албатта:
– Мен бу болани яхши кўраман, – деб қўярди.
Бундай мақтовларга “Ёшлик”нинг барча ходимлари сазовор бўлишган...
“ҲАММАСИГА ЎЗ МЕҲНАТИМ БИЛАН ЭРИШДИМ”
Зомин сафарларидан бирида Муҳаммад ака билан гурунглашиб қолдик. Гап орасида яқинда қайсидир бир дам олиш газетасида чиққан шоир билан суҳбат “Машҳурлиқдан зерикдим” қабилида номланганини эслаб қолдим.
Муҳаммад аканинг қовоғи тушиб кетди.
– Кўрдим. Лекин бу бекор гап, буни мен айтмаганман. Мен нимагаки эришган бўлсам ўз меҳнатим билан эришдим, биров мени қўллаб тургани йўқ. Мен ишладим, қаттиқ ишладим. Оч қолдим, пулсизликдан қийналдим, лекин қаттиқ ишладим. Бугун мени халқ сал-пал таниган бўлса бу мен учун яхши эмасми... Нима учун ҳали машҳур бўлмай туриб машҳурликдан зерикишим керак экан...
Балки мухлисларнинг; ёдида бордир. Ўша йили... август бошларида “Зарафшон” ресторанида шоирнинг эл таниган қатор ҳофизлар иштирокида ижодий кечаси бўлиши керак эди. Муҳаммад ака ижодий кеча сценарийсини ёзиб беришни каминадан илтимос қилиб қолди.
Тасодифни қарангки, айнан ўша пайтлари Муҳаммад Юсуфнинг “Шарқ” нашриётида чиққан “Сайланма”сини ўқиб чиққан ва шу китоб таъсирида юрган эдим. Шу сабабли “Муҳаммад Юсуф аслида қўшиқчи шоир эмас, уни шундай деб атаганлар янглишадилар, Муҳаммад Юсуф дард Шоири, унинг юрагида элига айтадиган гаплари бисёр...” мазмунида сценарий ёзиб келдим. Сценарий Муҳаммад акага маъқул бўлибди, ҳатго у киши одатдагидай валломатлик қилиб:
– “Зарафшон”даги ижодий кечамда бир стол “Ёшлик” учун, – деб юборди.
Биз, журнал ходимлари хурсанд бўлиб, кун санаб юрган эдик. Кутилмаганда, саратонда ёққан қордай совуқ хабар келиб қолди...
Есениннинг “Ҳар нарса йироқдан кўринар аён”, деган мисраси бор. Тоғнинг салобатини ҳис қилмоқучун ҳам унга йироқдан қараш лозим. Биз вақт ўтган сайин Муҳаммад Юсуф шеъриятини, Муҳаммад Юсуф шахсини тобора теранроқ англаб бораётгандаймиз.
Бу дунёга кимлар келиб кетмайди. Неча-нечалар изсиз, сассиз йитадилар. Кимдан яхши ном қолади, кимдан бир оғизгина Сўз. Муҳаммад Юсуфдан “икки мисра”гина эмас, сандиқ-сандиқ китоб қолди. Муҳаммад Юсуфдан Шоир деган ном қолди...
Нима учундир мен ҳамон Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқирканман, уни эсларканман, кўз олдимда дард, изтироб куйчиси бўлган Шоир гавдаланади...
Сўнгсўз: Дарвоқе бизнинг бир-биримизга, устозларга. чинакам Истеъдодларга эътиборсизлигимиз, лоқайдлигимиз баъзан ўзимизни ҳайратга соладиган даражага етиб қолади. Биргаликда тушган ягона фотосуратимиз ҳам биз шогирдларнинг эмас, устоз Муҳаммад Юсуфнинг ташаббуси билан пайдо бўлган.
Бир дам олиш куни Ёзувчилар уюшмаси биноси ёнидан ўтиб бораётсам, бино қаршисидаги майдонда ўй суриб юрган Муҳаммад ака мени кўриб қолиб, эринмасдан чақириб олди, сўнг фотосуратчи Абдуғани акани чақириб, иккаламизни суратга тушириб қўйишни илтимос қиларкан:
– Эсдалик учун-да, – деб қўйди кулимсираб...
Ҳолбуки, эсдалик суратларни у киши эмас, биз ўйлашимиз керак эмасмиди...
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ.