Элимда алёрим қолур...


Элимда алёрим қолур...

   Муҳаммад Юсуф. Бу дилбар инсон номини эшитганда эрк ва муҳаббат, ҳокисорлик ва оқибат қўшиғи гавдаланаверади. Табиатан бу хассос шоир шунда катта қалб эгаси эди. Шеърлари шунчаки сўзлардан иборат эмас, қофиялар излаб эма, балки қалбларга инжа туйғулар соладиган, қалбларни ўртайдиган, дил торини чертадиган майин куй бўлиб янграйверади. Бу чинакам шоирнинг илҳоми, чинакам ийҳом маҳсули эди. 
   Устоз шоир узоқ умр кўормаган бўлса-да, юз йилга татигулик умрини шу қисқа фурсат ичида яшаб ўтди. Устоздан миллий адабиётимиз хазинасига дурдона асарлар қолди, мангуликка дахлдор бўлган ўчмас ғоялар қолди.
    Шеъни дуога, шеърни фарзандга менгзаган шоирни қалби муҳаббат оташига, жасорат ва матонат, Ватанга садоқат деган энг гўзал туйғуларни тараннум эта олди. Бу хислатларни аввало ўзида жон этди ва уларни халқга бахшида қилишга улгуриб қолди. Мирзо Бобур, Пушкин каби катта ижод оламига кириб келди. Катта шоир бўлиб яралди ва катта шоир бўлиб қалбларда ним табассум бўлиб қолди.
   Мен бу шахснинг “Таниш тераклар” китобини болалигимда ёд олганман. 1997 йил Ирригация институти қошидаги лицейда ўқиган паллаларда учрашганман ва шогирд тутингандим. Қўлимга кичкинагина қоҳоз парчасини тутқизганди. “Ж. Неру кўчаси, 1-уй, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси. Муҳаммад Юсуф.” Шу бир парча қоғоз ҳаётимга туб бурилиш ясаган. Математика ва физикага чуқурлаштирилган лицей ўқувчининг қалбига журналистикага, адабиётга бўлган қизиқишни янада уйғотган. Орзуларимга қанот боғлаган десам муболаға қилмаган бўламан.
   Бу устоздан дуолар, насихатлар олдим. Биро марта койимаган, чиройли сўзлар, гўзал тилаклар билан ёшларни кутиб оларди. Мени “Қашқадарёнинг қора мағизгина боласи” –деб эркаларди. Ману шу эркаликлар, шу дуолар ижобат бўлди. 
   Муҳаммад Юсуфдан эрка кийикнинг армонлари, қизғалдоқнинг садолари, капалакнинг меҳрибонлигию, йўлбарсларнинг жасоратини куйга солиб, халқга меҳр ва оқибатни, меҳр ва муҳаббатни, Ватанга садоқат каби улуғвор туйғуларни поэтик овозда баралла куйлай олган забардаст шоир бўлиб адабиёт майдонига кириб келган чинакам истеъдод эгасидир.
   “Халқ бўл элим” шеърида бир миллат, бир давлат бўлиб, оға ини, опа-сингил бўлиб тарихни севиб, бугунни қадрлаб ва келажакни яратишга ундаган сўзлари меҳнаткаш халқимиз қалбидан жой олди. Тилдан тилга кўчиб дилларга гўзаллик ва одамийлик уруғини соча олди. Ўзбекистон халқ Қаҳрамони Озод Шарафитдинов, Абдулла Ориповларнинг меҳрига тушган, уларни ижоди билан мафтун этган шоирнинг қалбида содда ва ҳокисоргина руҳ тўтиси гирёна эди. Ўзбексистон халқ шоири Халима худойбердиева айтганидек, “Муҳаммаджон ўйнаб-ўйнаб ёзган шеърларни, кўпчилик ўйлаб-ўйлаб ёзади. У меҳрибон ва табиатни севадиган шайдо эди”. Ҳақиқатдан у киши билан ёш бўлсам ҳам олган насиҳатларим, суҳбатларимиздан кўп маъно англар эдим. 
    Устоз Давлат ва жамимят қурилиши академиясида ҳам таълим олганлар. Инглиз тили ўқитувчимиз Гулнора опа устозни чиройли тарифлаб берар эди. “Мен  инглиз тилини билмайман. Билишниям хоҳламайман. Она юртимдан бошқа жойга боришни истамайман. Мендан шеър сўранг айтиб берай, Навоийни сўранг, пушкинни сўранг, Бедилни сўранг!” – деб жавоб берган экан. 
    Ўз она тилисини севган, ўзбек тилини қадрини ардоқлаб унга атаб кўплаб номалар ёзган шоирни бугун ҳамма танийди, ҳамма билади. Кўрмаган одам ҳам кўргандек гапириб беради. Шеъри ўзига, ўзи эса шеърига ўхшаган шоир эди. 
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандиринггга алишмасман мен.

   Ватанни севиш битта инсон қалби учун шунча дебди-да. “Улуғимсан, Ватаним” шеърида ҳам шоир тарихни яхши билгани, уларни ижодида рўй ростича келтиргани ва Ватан учун сўзга шоҳи атлас кийдириб, ҳарир либосдаги келинчак мисол оппоқ туйғуларга ўраганини ўқиганинг сари эстетик завқ оласан киши. 
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним.
Ўзим хоқон, Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним.
Ёлғизим, ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг мени улуғлардан,
Улуғимсан, Ватаним. 

    Мана шоирнинг шеърдаги ҳақиқатлари:

Сен билан ўтган ҳар кун байрам-базм,
Сенсиз бир он қолсам раҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.

    Ватанни фарзандлик бурчи учун, ер куррасида инсонийлиги учун, бир сиқим тупроқ учун севган шоирнинг дил ашъорлари бу. Бу куй, бу қўшиқ ўзбек адабиётига олов мисол кириб келди. Чин сўзлар билан, жасорат ва матонат билан кириб келди.  
- Синдир қаламингни сўзи ўтмаса, 
Шеър ёзишга бало борми биродар. – дея айта олган шоир эди. 

   Муҳаммад Юсуфда раҳбарлик қобилияти, шоирлик қалби ва ташаббускорлиги, одамларнинг ортидан эргаштира олиши, уларни бир ғоя атрофида, бир сўз атрофида бирлаштира олишини мен Давлат бошқаруви академиясида адабиёт дарсида мисол қилиб келтираман. Олий Мажлис депутати сифатида халқни қалбига кириб бориши, халқ билан мулоқоти, уларнинг дарду ташвишини тинглаб, уларга мадор бўлиб, камчиликларни қонун ижодкорлигида қўшган ҳиссаси албатта шоирнинг сиёсатни яхши билгани, сиёсий-ҳуқуқий билимдонлигидан далолат беради. 
     Қайси мавзуга қўл урмасин, ўша мавзуни энг баланд пардаларда куйлаган шоир. Сўзнинг юкини, сўзнинг қудратини ва сўзнинг заволини англаган қалб шундай илҳомга эга бўлади. 
    Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёв ташаббуси билан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираси учун Андижонда катта ўзгаришлар қилинди. Муҳаммад юсуф издошларини кашф этадиган Муҳаммад Юсуф ижод мактаби барпо этилди ва муҳташам ҳайкали қад ростлари. Ўзи туғилиб ўсган Марҳамат тумани Қовунси қишлоғидаги уйида уй-музейи дунёга келди. Болаликда таълим олган мактаби шоир номи билан атала бошлади. 
   Тошкент шаҳрининг Адиблар хиёбонида ҳам шоирнинг ҳайкали ўрнатилди. Ижод ахли ва ёшларимиз, юртдошларимиз сайлларда улуғ шоир пойига такбирлар ўқийди. Муҳаммад юсуф фондида шоир ижодини абадийлаштириш учун “Олтин қалам” газетаси фаолият олиб бормоқда. Шоирнинг рафиқаси шоира Назира ас-Салом бугун шоирдан қолган бу дурдона асарларни халқимизга етказишда камарбаста бўлмоқда. Энг қувонарлиси, шоирнинг олтин қаламини бугун қизи Мадина Муҳамммад Юсуф олганидан севиндим. Устознинг айтилмаган сўзларини Мадина Муҳаммад Юсуф орқали мухлислар қалбига тошқин дарё бўлиб киришда давом этажак. 
   Шоирнинг таваллуд куни санасида Марҳамат кўчалари тумонат одамларга ва айниқса ёшларга тўлиб тошади. Қўшни Қозоғистон, Тожигистондан ҳам меҳмонлар зиёратга кела бошлайди. Устоз шоирнинг ўзи айтганидек, - Андижоним гулга тўлади, обод бўлади. Болаликда ўша қўл силкитиб шоирни кузатиб қўйган таниш тераклар, тўлиб оққан ариқлар лабидаги ялпизлар ва булбулларнинг шўх ялласи, тойчоқ бўлиб кишнагиси келган сомон йўллар сизни кутиб олади. 

Капалакжон, меҳрибонгим,
Қизғалдоқнинг қўлидан тутгин.
Марҳаматга шошил ушбу дам,
Муҳаммадни зиёрат этгин.
Ахир сени севиб, эркалаб,
Пешонангни қўйган лабига.
То қиёмат ҳилпираб тургин,
Кокилингни ёйиб қабрига. 

Мансур Юнус, 
Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, доцент. 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.
2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот