Шуҳрат Аббосов таваллуд топган кун (1931 - 2018)


   Таниқли кинорежиссёр - Шуҳрат Аббосов 1931 йилнинг 16 Январь куни Қўқонда туғилган.  1954 йилда Тошкент  театр ва рассомлик санъати институтининг режиссёрлик факультетини, 1958 йилда “Мосфильм” киностудияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тугатган.
  М. Уйғур номидаги Тошкент вилоят Янгийўл мусиқали драма театрида бош режиссёр сифатида ўз фаолиятини бошлаган.
  Ш. Аббосов Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», К. Яшиннинг «Нурхон», Ҳамзанинг «Майсаранинг иши», А. Қаҳҳорнинг «Оғриқ тишлар» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган.
  Шуҳрат Аббосов 1959 йилдан «Ўзбекфильм» киностудиясида постановкачи-режиссёр сифатида иш бошлаб, «Маҳаллада дув-дув гап» (1960), «Сен етим эмассан» (1962), «Қалбингда қуёш» (1966), «Тошкент - нон шаҳри» (1967), «Муҳаббат можароси» (1971), «Абу Райҳон Беруний» (икки қисмли тарихий-биографик филм, 1974), «Оловли йўллар», «Отамдан қолган далалар» (икки қисмли бадиий филм, 1998) ва бошқа фильмларни экранлаштирган. «Абу Райҳон Беруний», «Муҳаббат можароси», «Қалбингда қуёш», «Отамдан қолган далалар» фильмларининг сценарийларини ёзишда ҳам муаллифлик қилган. «Абу Райҳон Беруний» фильми Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг IV Халқаро Тошкент кинофестивалида муваффақиятли равишда намойиш этилди ва 1976 йилда Теҳрон кинофестивалида «Олтин дельфин» соврини билан тақдирланган бўлса,  VIII Бутуниттифоқ кинофестивалида (1975) бош мукофотга сазовор бўлган.
  Шунингдек, «Сен етим эмассан» фильми 1963 йилда Франкфурт-Майнеда бўлган Халқаро кинофестивалда, «Тошкент - нон шаҳри» фильми эса 1968 йиллар Олмаота кинофестивалида яхши режиссёрлик иши ва тасвирий санъат кўринишлари учун фестивал совринига сазовор деб эътироф этилган.
  Шуҳрат Аббосов кўп йиллар мобайнида Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтида «Актёрлик маҳорати ва режиссура» кафедраси мудири, институтнинг бадиий раҳбари вазифасида ишлаб, ижодий иш билан педагоглик касбини моҳирлик билан олиб бориб, ёш истеъдодли санъаткорларни тарбиялаб вояга етказган.
  Сермазмун ва серқирра ижоди "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби", «Ўзбекистон халқ артисти» унвони,  Давлат мукофоти билан тақдирланган.
  Ш. Аббосов “Шуҳрат” медали,  «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.
  Шуҳрат Аббосов 2018 йил Тошкентда вафот этган ва "Минор" қабристонида дафн қилинган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот