Гулчеҳра Жамиловага табрик
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актрисаси - Гулчеҳра Жамиловани таваллуд топган куни билан табриклаймиз! Гулчеҳра Жамиловага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, энг эзгу истакларимизни тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Гулчеҳра Жамилова 1946 йилнинг 2 Июль куни Тошкентда туғилган.
1964 йилда Ўзбек Давлат хореография билим юртининг халқ рақси бўлимини, 1968 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти)нинг "Драма ва кино актёри" факультетини тугатган. Г. Жамилова Ўзбек Давлат хореография билим юртида таҳсил олаётган даврида-ёқ ўқишдан ажрамаган ҳолда "Баҳор" Давлат халқ рақс ансамблида балет артисткаси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. Сўнгра у театрга ишга ўтиб, 1966— 1987 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий театри)да, 1987—1991 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида ишлаган, 1991 йилдан бошлаб актриса яна Ўзбек Миллий академик драма театрида самарали меҳнат қилган.
Aктриса кинодаги фаолиятини 1962 йилдан бошлаган. У халқимизга ўша машҳур "Ўтган кунлар" филмидаги Кумуш роли орқали танилган. Aйни шу роли унга омад ва машҳурлик олиб келган.
Шунингдек, уни кўпчилик мухлислар "Aлибобо ва қирқ қароқчи" фильмидаги роли орқали ҳам яхши билишади. 1966 йилда Ҳамза театрида саҳналаштарилган Шекспирнинг "Вероналик икки йигит" спектаклидаги Сильвия Г. Жамилова театрда яратган илк образ бўлди. Сўнгра у театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олган асосий спектаклларда етакчи ролларни ижро этиб, умидли актриса сифатида томошабинлар эътиборини қозонди. Ҳамза номидаги отахон театрда ўз ўрнига эга бўлди. Ўттиз йилдан зиёд давр мобайнида театрда изчил ва самарали меҳнат қилиб, элликдан ортиқ ёрқин ва ҳаётий образлар яратди. Булар Ақиқа (С.Азимов, "Қонли сароб", 1968), Феруза (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек",1969), Зуҳра (Э. Воҳидов, "Олтин девор", 1970), Наташа (А. Софронов, "Машаққатли йўл", 1971), Озода (И. Султон, "Имон", 1971), Гулчеҳра ("Кўрмайин босдим тиконни", 1975), Гулсанам (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний", 1973), Соҳибжамол ("Абу Али Ибн Сино", 1980), Зебуннисо ("Зебуннисо", 1983), Зарифа (Ў. Умарбеков, "Қиёмат қарз", 1976), Йемена (Софокл, "Антигона", 1976), Камола (Р. Тагор, "Ганг дарёсининг қизи", 1978), Афродита (М. Карим, "Оловни ташлама, Прометей", 1977), Канизак (Т. Тўла, "Нодирабегим",1980), Жамила (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1982), Дездемона (Шекспир, "Отелло", 1984), Нури (Ойбек, "Қутлуғ қон", 1987), Бибихоним (А. Орипов, "Соҳибқирон", 1997), А. Ҳидоятов номидаги драма театри саҳнасида яратилган Уйғуннинг "Парвона" асаридаги Назокат (1987), С. Аҳмаднинг "Фармонбиби аразлади" пьесасидаги Муҳайё (1989) каби образлардир. Г. Жамиловадаги тоза лутф, хушбичим қадди-қомат, гўзал чеҳра, майин ва ёқимли табассум, ёрқин нутқ, катта истеъдод ва яна изчил меҳнат у яратган образларнинг ҳаётий ҳамда жозибали чиқишида бош омил бўлди. Актриса яратган Жамила, Зебуннисо, Бибихоним, Нодирабегим, Ақиқа, Озода, Камола, Гуласал каби образлар ўзининг юқори савияси билан Ҳамза театрида яратилган етук образлар қаторидан ўрин олди. 1968 йилда "Ўзбекфильм" киностудиясида А. Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида суратга олинган (режиссёр Й.Аъзамов) "Ўтган кунлар" бадиий фильмидаги Кумуш образи Г. Жамиловани республикамиз ва қўшни давлатлар маданий жамоатчилигига машҳур қилди. Агар 1945 йилда режиссёр Наби Ғаниев суратга олган "Тоҳир ва Зуҳра" бадиий фильмида Юлдуз Ризаева Зуҳра образини яратиб, улкан муваффақиятга эришган бўлса, "Ўтган кунлар" бадиий фильмидаги Кумуш образи ҳам Г. Жамиловага ниҳоятда катта шуҳрат келтирди. Гўё Кумуш образи фақат Г. Жамиловага атаб ёзилгандек. Чунки актриса Кумуш характеридаги ибратомуз ақл-заковат, чин муҳаббатга садоқат, ибо, ҳаё ва нафисликни ниҳоятда ишончли тарзда ифода эта олган. Бунда Гулчеҳра Жамилованинг фақат маънавий дунёсигина эмас, балки гўзал ташқи қиёфаси ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Қалбингда қуёш" фильмидаги Гулчеҳра (1965), "Hyp ва соялар"даги Гири (1970), ""Шиддат"даги Манзура (1971), "Йилнинг тўрт фасли"даги Нозима (1975), "Ўзгаларни деб" фильмидаги Мақсуда (1976), ҳинд санъаткорлари билан ҳамкорликда яратилган икки қисмли "Севги афсонаси" даги Малькани (1983), "Бўрилар"даги Она (1986), 1998 йилда кинорежиссёр М. Абзалов суратга олган янги талқиндаги "Ўтган кунлар" фильмидаги Офтобойим (1984), "Тўлқинлар" телефильмидаги Зулайхо (1966), "Шашмақом"даги Насруллонинг хотини (1972) каби образлар Г. Жамилованинг кино санъатидаги кўп йиллик ижодий меҳнати маҳсулидир.
Шунингдек, Гулчеҳра Жамилованинг видеофильмларда, телеспектаклларда ўйнаган роллари ҳам ҳозирга қадар ўзининг бетакрорлиги билан томошабинлар, мухлисларни мафтун этиб келмоқда. Актрисанинг "Гирдоб" видеофильмидаги Салтанат, "Улуғбек хазинаси"даги Хуршида, "Алишер Навоий"даги Ҳадичабегим, "Ҳамма билан юзма-юз" даги Сайёра, "Сўнгги ўқ"даги Ҳадича, "Имон"даги Азиза, "Қалқон" студиясида суратга олинган "Шайтанат" даги Манзура, "Ёз ёмғири" телеспектаклидаги Мунис (1969), "Она" даги Келин (1969), "Вафодор" даги Муҳаббат (1975), "Анна Мария" даги Анна Мария (1972), "Юрак сирлари" даги Санобар, "Ягона гувоҳ" даги Виктория Ивановна (1965), "Камалак" даги Барно (1983) каби қаҳрамонлари аввало турли ёш, касб, муҳит ва табиатга эта инсонлардир. Айни пайтда актриса томошабинга тақдим этган образларни ўзбекона дилбарлик, майинлик, оқилалик, меҳр-муҳаббат тўлиб-тошиб турадиган қалб гўзаллиги каби юксак фазилатлар бирлаштириб туради.
Шунингдек, актриса кўплаб фильмлар дубляжида ҳам иштирок этган. Дубляж соҳасида ўз ўрнига эга бўлган актриса ҳисобланади.
Г. Жамилова жамоат ишларида ҳам фаол. У Ўзбекистон Республикаси Халқаро маданий-маърифий алоқалар миллий ассоциацияси президиуми аъзоси (1990—1992), XII Халқаро Тошкент кинофестивали жюриси аъзоси (1997) сифатида самарали ишлади. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган санъаткорлар билан суҳбатлар, кўрсатувларда яқиндан қатнашмоқда. Истеъдодли ўзбек театр ва кино актрисаси Гулчеҳра Жамилованинг кўп қиррали ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. 1992 йилда у "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига сазовор бўлган.