БУ ДУНЁНИНГ ЭНГ ЖАФОКАШ ЖОНЛАРИ – БУ АЁЛЛАР!
ҚУТЛИБЕКА РАҲИМБОЕВА: «БУ ДУНЁНИНГ ЭНГ ЖАФОКАШ ЖОНЛАРИ — БУ АЁЛЛАР!»
»Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб,
Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб
Ҳатто, ўзимни ҳам ўпгим келади…»
«Ҳар битта қувончга биттадан тўй тўйлаган…» деб ёзади устоз шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» медали соҳибаси Қутлибека Раҳимбоева. Шоира шу иккитагина сатрда ўзбек халқининг бари фазилатларини — жўмардлигини, содда самимийлиги, қувончини ҳамиша эл-улус билан бўлишишини, дастурхонли, меҳмондўст халқ эканини очиб берган.
Мен Қутлибека опани анча йиллардан бери танийман ва ҳеч қачон уларни бекор ўтирганларини кўрмаганман. Қачон хоналарига кирсам, мук тушиб ниималанидир, шунчаки эмас, берилиб ёзиб ўтирган бўлардилар ва ҳозир ҳам шундай. Бу қадар шижоат ва ғайратни қаердан олган экан, устозимиз, деб ўйлаб қоламан ва ичимда уларга тасанно айтаман.
8 март — Хотин-қизлар байрами муносабати билан улар билан ижод, ҳурлик ва ўзбек аёлининг ўзига хос фазилатлари ҳақида суҳбатлашдик.
БЛИЦ-МАЪЛУМОТ:
Қутлибека Раҳимбоева 1952 йилнинг 9 февраль санасида Туркманистон Республикасининг Тошовуз вилояти ҳудудида жойлашган Олтмиш қишлоғида зиёли оилада дунёга келган. Уч нафар фарзанднинг ўртанчаси.
Отаси — Рейимбой Бозорбой ўғли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Онаси — Пошша Нормат қизи муаллима бўлган. Қутлибека шу қишлоқдаги 20-сонли ўрта мактабни 1969 йили битирган ва шу йилдаёқ Фарғона давлат Педагогика институтининг (ҳозирги университет) «Ўзбек тили ва адабиёти» факультетига ўқишга кирган.
1979 йилда Тошкентга келган. Ўша пайтдаги А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида бир йил ишлаган. 1980–83 йиллар оралиғида Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида кичик муҳаррир, сўнг катта муҳаррир лавозимида фаолият олиб борган.
1983 йилдан буён Республика Хотин-қизларининг «Саодат» журналида ишлайди. Бўлим муҳаррири, нашр муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган, айни кунда масъул котиб вазифасида фаолият олиб бормоқда. Ижодий фаолияти мактаб пайтидан — туман газетасида шеър ва мақолалари чоп этилишдан бошланган.
1979 йилнинг ёзида Шаҳрисабзнинг Мироқи шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар семинарида иштирок қилган. Шеърият шуъбаси йиғинларида Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров каби шоирлар, адабиётшунослар шоиранинг шеърларига юқори баҳо беришган. Унинг ижодида ижтимоий руҳ кучли эканлигини алоҳида қайд қилишган. Йиллар давомида «Юрагимда кўрганларим», «Узун кундузлар», «Уйғониш фасли», «Озодлик», «Кўксимдаги Тангритоғ «, «Қоракўзларим», «Чақмоқлар фасли» каби шеърий , «Шам кўтарган аёл», «Муҳаббат, сен чиройлисан», «Осмондан тушмаган хазина " каби насрий, «Тўйлар муборак» каби публицистик асарлари чоп этилган. Марказий матбуотдаги долзарб мавзудаги мақолалари учун «Йилнинг энг фаол журналисти», «Энг улуғ, энг азиз» кўрик танловларида, «Олтин қалам» миллий танловларида ғолиб бўлиб, мукофотланган. «Шарқ юлдузи», «Гулистон» журналларининг йиллик мукофотларига сазовор бўлган. «Чақмоқлар фасли» китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиладиган «Ватан учун яшайлик» кўрик танловининг ғолиби бўлган. У 1982 йилда Москвада ўтказилган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этган ва ўн беш республика ижодкорлари орасидан танланган ўнта истеъдодли шоирнинг бири сифатида эътироф этилган. Шеърлари «Смена» журналида чоп этилиб, нашрнинг йиллик мукофотига муяссар бўлган. Шоира Марина Цветаева, Анна Ахматова, Анна Баркова каби рус шоирларининг, Алфонсино Сторни каби Аргентина шоирларининг шеърларини ўзбекчага ўгирган. Ўзининг шеърлари рус, қозоқ, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
Шоира 1993 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 1999 йилда «Шуҳрат» медали, 2020 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.
Оилали, икки нафар фарзанди бор. Қизи — Орзу марказий нашрларда дизайнер, ўғли — Нажот логистика соҳасида ишлайди. Турмуш ўртоғи «Дўстлик» ордени соҳиби, шоир ва таржимон — Миразиз Аъзам. Тўртта неваранинг севимли бобо ва бувижонларидир.
ЗУЛФИЯХОНИМ — ҚАЛБАН ЎЗБЕК АЁЛИ ЭДИ!
— Сиз Зулфияхонимнинг шогирдларидан бирисиз. Устозингизнинг қайси инсоний фазилатларига ҳавас қилгансиз? Унинг ижодидаги ўзига хослик нимада деб ўйлайсиз?
— Фақат мен эмас, ўтган асрнинг олтмишинчи-тўқсонинчи йиллар орасида ижод қилган шоиралар (баъзи шоирлар ҳам) устоз Зулфияхонимдан шогирдлик меҳрини кўришган, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Ҳозир ўзим фаолият олиб бораётган «Саодат» журналининг 1976 йил ноябрь сонида Опанинг «Оқ йўл"лари билан менинг бир туркум шеърларим эълон қилинган. Бу — менинг республика матбуотидаги илк қадамим эди. Зулфияхоним бу туркумдаги шеърларга қалам теккизганлар. Бу — табиий эди. Аммо шундан кейин матбуотда чиққанимда ҳам, ўзаро шеър ўқишларимизда ҳам доим фикр айтганлар, лекин бирор сатримни ўзгартирмаганлар. Мен нимага бу гапни айтяпман, ўзимни биров бир сатрини ўзгартира олмайдиган шоира сифатида тақдим қилмоқчи эмасман. Фақат адабиётдаги устоз-шогирдлик бошқача эканлигини айтмоқчиман. Гарчанд Зулфияхоним кейин шеърларимни таҳрир қилмаган бўлсалар-да, уларнинг менинг (ҳамма шоира қизларнинг) ҳаётимда борлиги жуда катта яхшиликларга сабаб бўлган. Ўша илк туркумимданоқ адабий жамоатчилик мени таниган, бирон эшикни тақиллатсам, очилган. Бу — менинг зўр шоира эканлигимдан эмас, даврнинг уфқида яшаётган Зулфияхонимдан «Оқ йўл» олганим боис эди. Матбуотда оммалашиб кетишим, радио, телевидениега таклифлар, ёшлар семинарларига таклиф қилинишим ҳам шу " Оқ йўл» туфайли бўлган.
Опада барча замонларимизга ибрат бўладиган фазилатлар жуда кўп эди.Таъмадан йироқлик… Яхшиликлари эвазига ҳеч қачон ҳеч кимдан бирор нарса кутмасдилар. Уйларига фақат гулдаста кўтариб боришимизгагина рухсат берардилар. Туғилган кунларими ёки бирор эзгулик муносабати билан йиғин ўтказилаётган бўлса, ҳатто, торт кўтариб борилса ҳам, чиндан ранжирдилар.
Ҳалоллик. Бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик. Олий Совет (ўша пайтлари шундай аталар эди)га депутат бўлганларида ҳар гал депутатлик маошини олганида ўзлари сайланган ҳудуд одамлари, аёлларига керакли анжомлар, буюмлар олиб борардилар. Олган пулларини шундайича ҳазм қилиб юбора олмасдилар. Устоз нафақага чиққач, уч томлик " Сайланма " китобларини тайёрлашга кўмаклашиш учун мен ўз ёнимдан бир ой таътил олдим. Иш битгач, бир ойдан сўнг, уйларидан чиқиб кетаётганимда конверт узатганлар. Пуллигини билганман.
— Зулфия опа, мен қизингиз қаториман, бир ой уйингизда нонушта қилдим, тушлик қилдим.Шарт эмасди, — дедим.
— Мен ҳамиша одам меҳнатига яраша қадрланиши керак, деган қоида билан ишлаганман, яшаганман. Қўй, мени шу қоидамдан чекинтирма, деганлар. Ташқарига чиқиб қарадим, конвертда оз эмас, кўп эмас, менинг бир ойлик маошим бор эди.
Замонавий кийинардилар, тил билардилар, бошқа миллатдан дўстлари кўп эди, лекин қалбан ўзбек эдилар. Бойлигини кўз-кўз қилмасдилар, мен таниган йилларда бармоқларига биттагина феруза кўзли узук тақардилар. То ҳаётларининг охирларигача ўзларини Жиззахнинг келини, деб билдилар. Тўй, маъракаларини йўқлардилар. Ўзлари боролмай қолган, йўл оғирлик қилган пайтларда фарзандлари, келинини жўнатардилар.
Шеъриятига келсак, «Ҳижрон шеърлари"даги самимият, чинакам оғриқ, «Хотирам синиқлари» достонидаги йиллар давомида қалбга қамалган исённинг ўтли суврати… Агар шўролар даври, айтишдаги чекловлар, истибдод тузуми олдидаги эҳтиёткорлик деган талаблар бўлмаганида, Зулфияхоним «Хотирам синиқлари " қадар достонларни кўп ёзган бўларди.
»ОППОҚ СОҚОЛЛИ ЧОЛЛАР «ПАХТАКОРГА» АЙЛАНГАН ЭДИ…»
— ХХ1 аср бадиий эстетик тафаккур тараққиётига қайси шоирлар, адиблар ижоди кучли таъсир кўрсатади, қайси хусусиятлари устуворлик касб этади, деб биласиз? Нега?
— Ўтган асрнинг биринчи ярмида адабиётга ҳукмронлик қилган «социалистик реализм» деб аталган қолип иккинчи ярмида устоз адиблар Одил Ёқубовнинг «Диёнат», Примқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асарлари туфайли сина бошлади. Ўктам Усмонов, Шукур Холмирзаев, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов каби ёзувчиларнинг асарлари адабиётимиздан ясама қаҳрамонларни узоқлаштиргани, жонли одамларни олиб кирганлиги билан катта аҳамият касб этди. Сўнгроқ Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи шеърлари билан одамлар руҳиятида эрк соғинчи уйғонди. Бу ўзгаришлар тасодифан юз бергани йўқ. Истибдоднинг ҳаддан зиёд кучайиб кетгани (собиқ иттифоқнинг Ўзбекистондан олти миллион пахта талаби, мактаб болаларининг, оппоқ соқолли чолларнинг " пахтакор» га айлангани, республикалар ҳаётидаги ҳар бир иш марказнинг рухсатисиз бўлмаслиги) одамлар юрагида қаршилик уйғота бошлади. Кавказорти, Болтиқбўйи республикаларида қаршиликлар ошкора курашга айланди. Бизда ҳам пинҳона бўлса-да, бу қаршилик шарпалари сезилди. Марказнинг мамлакатни эскича бошқара олмай қолгани, одамларнинг эскича ҳаётдан безгани жамиятда ва шунинг баробарида адабиётда акслана бошлади. Бир сўз билан айтганда, собиқ иттифоқ империясининг емирилишида Евгений Евтушенко, Андрей Вознесенский, Белла Аҳмадуллина, Олжас Сулаймон, Ояр Ватиетис , Нодар Думбадзе каби шоир, ёзувчилар ошкор таъсир ўтказган бўлса, бизникилар рамзлар билан таъсир ўтказди. Бу таъсир аср охиридаги ёшлар авлоди (Усмон Азим, Ҳуршид Даврон, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Шавкат Раҳмон) шеърияти билан яна ҳам кучайди.
— Жаҳон бадиияти тарихида қайси ижодкорларни устоз деб биласиз? Уларнинг таъсирини нималарда кўрасиз?
— Пабло Неруда, Габриэль Гарсиа Маркес, Рашод Нури Гунтекин, Хемингуэй, Ремарк, Альфонсино Сторни, Марина Цветаева, Анна Ахматоваларнинг шеърий, насрий асарларини яхши кўриб ўқийман. Ремаркдаги уруш мавзуси, Альфонсинодаги қарамлик ва эркка интилиш манзараларидан қандайдир андазалар олишга интилишлар бўлса керак. Бир ўзбек аёлининг бошида қанча савдо, ғавғолар бўлса, менинг бошимда ҳам ҳаммаси бор… Уларни «устоз» деб айтишга жазм қилолмайман. Улар жуда баланддаги ёзувчи-шоирлар.
— Ижодкор ўзбек аёлларига жуда қийин. Кўпчилик истеъдодли шоира қизларимиз шу сабабли оилали бўлгач, ижодни ташлаб қўйишган ёки айримларининг тақдири унчалик ҳавас қиларли эмас. Айримлар ёзмай қўйганига оилани баҳона қилади. Оилали бўла туриб, ижодга қандай вақт топгансиз? Чарчаган, кўнглингизни илҳом париси тарк этган пайтлар бўлганми? Шундай бўлиши табиий деб ўйлайсизми?
— Ўзбек аёли бўла туриб, ўзбек шоираси бўлиш одамдан анча фидойилик талаб қилади. Мен ҳеч кимни муҳокама қилмайман. Ҳар одам, ҳар бир шоир ёки ёзувчи ўзи бир олам. Чарчаган пайтларим кўп бўлган. Ҳозир ҳам кўп бўлади. Чарчаб юриб ўқийман, чарчаб юриб ёзаман. Миллатим ҳам, менталитетимга хосликлар ҳам, Ватаним ҳам мен хоҳламасам бошқача бўлиб қолмайди. Демак, ўзбек шоирасининг уйга борганида пешбанд тақиб мошхўрда пиширишини ҳам табиий қабул қиламан. Бундай ҳаётдан чиқиб кетаётганлар, бундай ҳаётни синдираётганлар бор, айтдим-ку, улар ҳам ўз ҳақиқатлари билан яшайди, ҳеч бирини муҳокама қилмайман.
— Мана неча йилдирки журналистика билан ижодни тенгма-тенг олиб боряпсиз. Баъзан, «шу мақоланинг ўрнига бир шеър ёки ҳикоя ёзганим яхши эди…» деб ўйлаган пайтларингиз бўлганми?
— Мақола аксарият ҳолларда бурч, вазифа, талаб асосида ёзилади. Шеър, қандайдир сабаб билан ёзилса-да, у кўнгил иши. Мен бефойда нарсалар ҳақида беҳуда хаёл суришдан кўра, бир варақ китоб ўқишни афзал биламан. Шунинг учун бўлса керак, менга «Шоираларга ўхшамайсиз», деб кўп айтишади.
»ПАХТА ИШИ"ДА ТИЛЛА ТИШИ СУҒУРИЛГАН АЁЛЛАР…»
— Шеърларингизда халқимизнинг озодликка эришганини кўп ёзгансиз, ёниб ёзгансиз. Гўёки ўзингиз ҳам собиқ Шўро давридаги ҳақсизликларга гувоҳ бўлгандай? Ўша воқеалардан биронтасини эслай оласизми?
— Собиқ Шўро даврида, деярли, бутун-бутун халқлар ҳақсизликка учраган. Мен ҳам ўша кўпнинг бириман-ку. Номимиз студент бўла туриб, икки-уч ойлаб пахта терганимиз (айниқса, декабрь ойларида пахта йўқ далаларда тентираганимиз), совуқ сувларда бош ювиб, захларда дала кезганимиз ҳақсизлик эмасми? Мен-ку, оёқда юрибман. Аммо курсдош қизларимизнинг қанчаси оёғини зўрға босади, белини ололмай қолган… Қиличдай қизлар эди, бир пайтлар… Мен қатағонга учрамадим, аммо қатағон қилинган, сўнгги дам ўқ етмай, болтада чопилган Чўлпонларнинг, муз ўлкаларда ҳушидан айрилган Усмон Носирларнинг маҳбусликда тушган расмини кўрганимда, кўзларидаги «Менинг гуноҳим нима?» деган азобли саволни ўқиганимда ҳозир ҳам бағрим тилиниб кетади. Терговларда руҳий хаста бўлиб қолган биринчи аёл журналист Собира Холдорова, сургундан қайтгач, ҳукумат иш бермай, темир йўлда кўмир ташиган яна бир журналист Саодат Шамсиева… уларнинг қисмати бегонами, менга … Ичимда яшайди бу қисматлар… «Пахта иши» да тилло тиши суғурилган аёллар , эри йўқ айбини бўйнига олиши учун эрининг кўз ўнгида зўрланган аёллар… Буларнинг азобларини шу халққа тегишлиман, деган шоир унутармиди… Саволингизга жавоб бердим, шекилли…
— Айрим шоирлар кексайгач, «сўз шираси кетади, юракдаги «тўфонлар» босилгач, кўнгил тинчланади ва шоир аввалгидай гупириб-гулдираб ёза олмайди!» дейишади. Аммо сизнинг сатрларингиз ортида бир пўртаналарни, буҳронларни кўрдим. Бу ҳамиша ёнишга тайёр беҳаловат қалбни қандай асрадингиз? Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз? Ёки сизни ҳамиша ёниб яшашга ундайдиган бир сирингиз борми? У қандай сир?
— Мен халқимизни бор-борича, ками, зиёди билан яхши кўраман. Бир шеъримда: «Итин ҳам бировга хўрлатгим келмас, ажратиб севмайман яхши- ёмонга», деб ёзгандим. Бу сатрларимнинг илдизи-юрагимда. «Мен яхшим, яхшим , деб этмасам тақдим, яхши қаторига қўшар уни ким?» деб ёзгандим. Агар бугунги шоирлигимнинг бир сири бўлса, бу — муҳаббат. Мен ҳеч кимнинг устидан мағзава ағдармайман. Чидай олмайдиган жиҳатлари учун азобланаман, холос.
»ҚАТОРНИ ҚАТОРГА УЛАБ ЁЗГАН БИЛАН АСАР БЎЛМАЙДИ»
— Мен орада ёзган ҳикояларингизни ўқиб қолдим. Нима учун прозага мурожаат этдингиз? Давр талаби дебми ёки ўзингизда шунга эҳтиёж сездингизми?
— Менинг ҳозиргача учта насрий китобим чоп этилган. Бундан ўн беш йилларча аввал ўғлим Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ўқишга кирган. Унинг уч йил Ўзбекистон ВУЗларига кира олмаганидан сўнг бу нуфузли олийгоҳда ўқиши оиламиз учун катта қувонч эди. Нима қилиб бўлса-да, бу имкониятни сақлаб қолишимиз керак эди. Ва контракт пулини тўлаш мақсадида сариқ матбуотга ҳикоялар ёза бошлаганман. Қўлимдан ёзишдан бошқа иш келмасди. «Парвона», «Кўнгил кўчалари», «Ҳордиқ», «7×7» каби газеталарнинг ҳар бир сони учун ҳикоялар ёзардим. Тинмай сюжет излаб юрардим. Кимдадир ҳикояга хамиртуруш бўладиган воқеа эшитсам, дарров илиб олардим. Ишхонада бўшадим дегунча ручкага ёпишардим. Уйда меҳмонлар келганида кечаси ваннада ўтириб ёзган пайтларим бўлган. Шу тарзда контрактни тўлашни уддалаганман. Мен ўша газеталарнинг бош муҳаррирлари Нигора, Равшанбек, Бобуржон, сўнг Аброрбек, Нуриддинжондан шу қийин жараёнда қўллаб-қувватлаганлари учун жуда миннатдорман. Ўғлим ўқишни тугатса, сизларни тўплаб, бир меҳмон қиламан, дегандим бош муҳаррирларга, аммо турфа савдоларга ўралашиб, бу ишни қилолмадим. Улардан бир ош қарзим бор. Менинг насрга даъвойим йўқ. Насрнинг ўз тили бор. Қаторни қаторга улаб ёзган билан ҳикоя бўлиб қолмайди. Лекин камтарликни бир четга қўйиб айтсам, ёзганларимни ўқиб чиқсам , элакда қоладиганлари бор.
— Турмуш ўртоғингиз ҳам ижодкор. Аммо айримлар бир оилада фақат битта ижодкор бўлиши керак, дейишади. Сизга оиладаги муҳит янада ўсишингизга ёрдам берганми? Биринчи танқидчингиз турмуш ўртоғингизми?
— Қай ҳолатлардадир икки ижодкорнинг бирга бўлгани фикран ўсишга ёрдам беради, қай бир ҳолатларда ҳалақит… Миразиз ака жуда кўп ўқиган одам. Меҳнаткаш. Эҳтимол, истеъдод сифатида жуда катта истеъдод эмасдир, аммо миллий позицияси аниқ. Ҳеч қачон аросатда бўлмаган. Бизда ижодий мубоҳаса кам бўлади. Ҳар кимнинг ўз қарашлари бор ва бу қарашларга ҳурмат билан қараймиз. Оилада барча эр-хотинлар каби ҳар ким ўз вазифасини адо этади. «Дадаси, уйда гуруч қолмабди, бозорга бориб келасизми.» , «Онаси, бугун бир мошхўрда қил…» тарзидаги ҳаёт. Аммо ҳозир бу ишлар болалар зиммасида. Дадамиз нафақада, мен ҳануз ишда жавлон уряпман.
»ОИЛАДА ЭРКАКНИНГ ҲАЙБАТИ ЙЎҚОЛМАСЛИГИ КЕРАК!»
— Аёлнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ўзбек аёлларига нега бу қадар қийин, деб ўйлайсиз? Гендер тенглик ҳақида нима дея оласиз? Айрим оилаларда эркаклар «рўзғор юмушларини уддаласанг, ишлайвер!» дейишади. Лекин биронта эркак «ишласанг, рўзғор юмушларига биз ҳам қарашиб юборамиз» демайди. Ахир аёл ҳам жамият ҳаётида иштирок этиши керак-ку? Унга ҳам Аллоҳ бир истеъдод ато этган! Унга фақат рўзғор юмушларини бажарадиган, фарзанд туғадиган одам сифатида қараш нотўғри. У аввало шахс, деб ўйлайман. Шу ҳақда фикрингиз, ўйларингиз…
— Мен эскичароқ қарашдаги одам бўлсам керак. Аёлнинг ишдан ярим кечада келиб:"Дадаси, битта чой қўйиб юборинг», дейишини ҳазм қила олмайман. Шундай яшаётган эркакнинг оиласида эр кишининг ҳайбати йўқолади. Ҳолбуки, бир умр оналаримиз фарзандларини «Ҳали қараб тур, даданг келсин, айтиб бераман», деб тарбия қилган. Эркакнинг аёлни қўллаб- қувватлаши, унга ёрдам бериши, қийинчиликларга ташлаб қўймаслиги кўздан пинҳонроқ бўлишини истайман. Аёл эр кишининг муҳаббати, ҳурмати бағрида нозикроқ, заифароқ кўринса… Бу деганим, аёл фақат уй ишларини қиладиган робот, бола туғадиган машина, деганим эмас. У инсондай яшаши учун эр кишининг муҳаббати жуда зарур. Шафқати, меҳри зарур. Бор меҳрини ижтимоий ҳаёт майдонига бериш эвазига аёлнинг аёллиги қурбон бўлса, жамият муҳаббатсизлар жамиятига айланади. Бундан асраниш керак. Аёлларни бошдан оёқ тинмай ишлайдиган машинага айлантириш ўрнига унинг иш соатларини қисқартириш, фарзанд тарбиясига моддий, маънавий мадад бериш ҳақида кўпроқ ўйлаш керак. Гендер тенглик , деганни жамиятда мавжуд қонун, фармонлардан ҳар икки жинс вакиллари ҳам бирдай фойдаланишга ҳақли, деб тушунаман. Эркаклар сигарет чекиб, шим кийса, аёллар ҳам шундай қилиши керак, деб тушунмайман. Ёки аёл атлас, адрас кийса, эркак ҳам шуни кийиши керак, деган фикрдан узоқдаман. Эркак ўз ўрнида , аёл ўз ўрнида турсин.
»ОНАМ ГУЛЛАРНИНГ ИШҚИБОЗИ ЭДИЛАР!»
— Байрам муносабати билан онангиз Пошшажон ая ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Уларни бир эсласак…
— Онам Пошшажон Нормат қизи (Бизнинг шевада аёллар номига «хон» эмас, «жон» қўшимчасини қўшадилар.) 1924 йилнинг 15 июль санасида менга ҳам ота тупроқ бўлган Туркманистон республикасининг Тошовуз вилоятига қарашли Олтмиш қишлоғида дунёга келган. «Баъзилар қийин тақдирли инсонлар бўлади, машаққатли ҳаёт азал яралмишда манглайига ёзилган бўлади», деган гапни кўп эшитганман. Волидам ҳам, назаримда, шундай қийин қисматлилар сирасига кирсалар керак. Гап шундаки, улар олти ёшга кирганларида ўша даврнинг сиёсати ўлароқ, ота-оналарини қулоқ сифатида Украинанинг Херсон областига сургун қилиб юборишган. Онам ўша йилларни эслаб: «Ҳеч қандай ўриндиқлари йўқ, сомон тўшалган вагонларда жуда узоқ йўл босганмиз. Сувсаб, оч қолиб йиғлаганларим эсимда», — дердилар. Ўн беш ёшларигача Қора денгиз бўйларида яшашган. Учта тоғам ўша жойда дунёга келган. Оталари — бобомизни конларга ишга ҳайдаб кетган экан. Ҳар замонда қўл-оёқларини яралар босиб, бир-икки кунга келар экан. Халтасида ўз ризқидан қийиб олиб келган қотиб кетган қора нон, нон ушоқлари ёпишган бир-икки чақмоқ оқ қанд бўларкан.
Онам сургун қилинган муаллимлар қўлида аъло баҳоларга ўқиган. Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаров билан синфдош бўлишган.
Назаримда, уруш шарпаси оралаб қолган бўлса керак, 1941 йилнинг май ойларининг охирларида сургундаги оилаларнинг ёш йигит — қизларини ўзлари туғилиб ўсган юртларига қайтара бошлашган. Онам касалванд бир ҳамқишлоғимиз билан Тошовузга қайтган.
«Пошшани Собир ака олиб келди!» дейишган қариндошларимиз. «Ким кимни олиб келганини худо билади» — дердилар онам. Шу гапларидан ҳам билса бўладики, волидам жуда ёшлигидан дадил бўлганлар.
Онам даланинг ишларига у қадар аралашмасдилар. Лекин гулларнинг ишқибози эдилар.Тепада томорқамиз, пастроқда узумбоғимиз, ундан кейин гужумнинг остига қурилган супамизнинг гир атрофида ер бор эди.Онам шу ерни гулзор қилгандилар. Ёзда супамизда ўтирганда гулзордаги ранг-баранг гулларга қараб онам роса завқланардилар, тенгдош қўшниларга, дугоналарига ҳар бир гулнинг тарихи ҳақида завқ билан гапириб берардилар. Мен Фарғонага ўқишга келганимдан сўнг онам бир неча марта орқамдан келганлар. Биз тарафларда ўша пайтларда атиргуллар бўлмаган. Онам атиргул кўчатлари илдизларига лой суваб, устидан клёнка ўраб, Тошовузга олиб кетганлар. Шу атиргуллар кўклаб кетган. Қишлоғимиздаги кўпгина гул ишқибозлари бизникидан кўчат олиб атиргул ўстирганлар. Ҳатто, ўсма уруғини ҳам олиб кетиб, ўша гужум тагига сепганлар. Қулф уриб кетган, қўшни қизларга ўсма қўйишни ҳам онам ўргатганлар.
Онам бизникига келганларида ҳам бозор, дўкон деган нарсаларга қизиқмасди, театр, киноларга боргиси келарди. Шаҳарлар, чиройли жойларни томоша қилишга қизиқарди.
Болаларим ёш эди, онам келганида болаларимни уларга ташлаб, ишларимни битиргим келарди. Бир армон дилимни ўртайди. Онам Туркистонга- Яссавий бобо зиёратгоҳига боргиси келарди, ўша пайтлар йўл очиқ, бориш жуда осон эди. Боз устига, Миразиз аканинг Рўзмат Эрназар деган жуда яқин дўсти Туркистонда яшар, бизни доим таклиф қиларди. Аммо ҳафсаласизлик қилиб бормаганмиз, энди пушаймоним ичимга сиғмайди. Кошки , ўшанда онамнинг умри ғаниматлигини бор эни-бўйи билан англаган бўлсам…
Биринчи китобимни қўлга олиб варақлаб, «менга аталган ҳам шеъринг бор экан!» деб суюнган эдилар. Аслида бари ижодим онам, она халқим ҳақида эмасми? Илоҳим охиратлари обод бўлсин!
— Қутлибека опа, сиз билан байрам арафасида суҳбатлашяпмиз. Аёлларимизга тилакларингиз.
— Бир пайтлар (буни кўп айтганман) аёллар даврасини жиним суймасди. Фақат кийимлар мавзусида мазза қилиб гаплашадиган, овсини, қайнонасини ғийбат қилиб бўшанадиган бир гуруҳ, деб билардим. «Саодат"да ишлаб, аёллар дунёсига чуқур кириб билдимки, бу қавм бу дунёнинг энг жафокаш жонлари экан. Дунёда унинг муҳаббатидан улуғроқ муҳаббат йўқ экан. Агар хато қилса, бу хатоликка ташланган илк қадам бировнинг хатоси туфайли бўлади.
Сизлар бор бўлинг, азиз аёллар! Сизларга эркак нимага керак, ўзингизнинг қўлингиздан ҳамма иш келади, деган гапга ишонманг. Худойимнинг берган буюк туйғуси — муҳаббатингизни йўқотишдан фарзандингизни йўқотишдай қўрқинг. Фидойилигингиз саломатликни қурбон қилиш эвазига бўлмасин. Дадиллигингиз андишани ўлдириш ўрнига келмасин. Ҳар қандай кунда — бегимда, байрамда ҳам дорга кетаётганда «Этагим сўкилибди, тикиб олай " дея игна сўрайдиган ўзбек аёлига ўхшаб туринг.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.


