Қутлибека Раҳимбоевага табрик


Зулфия МЎМИНОВА

Қутлибека РАҲИМБОЕВАга
   
  “Саодат” журнали масъул муҳаррири, "Шуҳрат медали" ва “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира - Қутлибека Раҳимбоевани таваллуд топган куни билан табриклаймиз!

Қутлибекам, қутлуғ бекам
 Эй, сўзлари ўтлуғ бекам.
 Шу юрт учун фидо бўлса,
 Умр қандай улуғ бекам.

 Бўғзимга не тиқилади,
 Шеърларингиз ўқиб турсам.
 Оҳ, оҳ, дея юрагимга,
 Нурдан кўйлак тўқиб берсам.

 Қутлибекам, нурли бекам,
 Сўз юртида сирли бекам.
 Сизни ўқиб йиғлаб юрган,
 Синглингиз узрли бекам.

 Асли дурли ижодингиз,
 Дурлар билан безармисиз.
 Мен олисдан қараб турсам,
 Сиз ҳам дилдан сезармисиз.

 Игна билан қудуқ қазиб,
 Қонаб ётган қўлимиздир.
 Ташналарга сув узатмоқ.
 Ниятимиз, йўлимиздир.

 “Ҳорма!” “Бор бўл!”-деб қўямиз,
 Нафас олиб оғир-оғир.
 Чунки игна жуда кичик,
 Чунки қудуқ жуда чуқур.

 Йўллар мангу, йўллар олис,
 Карвонлар қўнғироқ чалсин.
 Биздан кейин келганларни,
 Шу қудуқлар кутиб олсин.

 Баъзан йиллаб кўришмаймиз,
 Қўлларимиз ишда ахир.
 Чунки игна жуда кичик,
 Чунки қудуқ жуда чуқур.

 Сув йўқ жойга қушлар қўнмас,
 Сув ичмаса гуллар сўлар.
 Сув йўқ жойда йўл ёпилиб,
 Сув йўқ жойда карвон ўлар.

 Бизлар қудуқ қазиюрмиз,
 Умримизни қудуқ олсин.
 Биздан кейин ҳеч бўлмаса,
 Битта, битта қудуқ қолсин.

 Қутлибекам, қутлуғ бекам,
 Эй, сўзлари ўтлуғ бекам.
 Шу юрт учун фидо бўлса,
 Умр қандай улуғ бекам.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот