САОДАТнинг САОДАТли шоираси
ТАБРИКЛАЙМИЗ, ҚУТЛАЙМИЗ!!! «САОДАТ»нинг САОДАТли шоираси
Болалик соғинчларимизда «Саодат» журналининг ўрни бўлакча. У пайтлар ҳар бир ҳовли бошига катта сумкасини елкасига илган почтачи амаки бир талай газета журналларни эшикма-эшик юриб тарқатиб чиқарди. «Шарқ юлдузи», «Саодат», «Гулистон», «Ёшлик», «Муштум», «Ўқитувчилар газетаси», «Правда востока», «Учитель Узбекистана», таътил пайтлари «Ленин учқуни» (ҳозирги «Тонг юлдузи»), «Гулхан», «Ғунча» бизнинг уйимизга тез-тез мезбон бўларди. Тўғрироғи, талашиб ўқирдик. Дадажонимнинг етмишга чиқиб қолган бефарзанд (тўрт фарзанди уруш йиллари қизамиқдан вафот этган) аммалари Ҳадича аммам биринчилардан бўлиб уларга бир кўз ташлаб чиқарди-да, биз болаларнинг ёшимизга қараб ҳар биримизнинг қўлимизга берарди. Тўғрироғи, болаликда тирик шоирлар расмини газета журналларда кўриб шеърларини ёд олганмиз, асарларини диққат билан ўқиганмиз. Менинг назаримда шоир-ёзувчилар ҳаммага ўрнак бўла оладиган, халқнинг маънавиятини бойитадиган, муаммоларига барҳам берадиган фидойилар бўлишган. Аслида ҳам шундай, жамиятнинг оғриқларига қалам орқали барҳам беришга бел боғлаганлар ҳам журналистлар-да.
ОАВ ходимлари касб байрами арафасида дилбар шоира, бир мунис она, куйинчак журналист сифатида аёллар масалаларида жуда кўплаб муаммолар ечимига барҳам топишга ҳисса қўшган, юзлаб аёллар дардини тинглаб тўғри йўл кўрсатган, эзгулик тарғиботчиси Қутлибека опа Раҳимбоева, дарёдил шоира, устоз Жумагул Сувонова, Самарқанд ёзувчилар уюшмаси раҳбари Тошпўлат Тугалов, вилоятлик бир қанча шоира опаларим Бибиражаб Эргашева, Ойхумор Асадова, Гулшан Шерматова, Шоира Бердиёрова, Насиба Раимова, Ўлмасбек Самарқандий, Ёрмамат Рустамов, Нуриддин Сангинов (яна кўплаб давом эттиришим мумкин) бир қанча ёш истеъдод соҳиблари билан бўлиб ўтган мушоира йиғилганларни умр китобига олтин саҳифа бўлди.Сўлим боғ, ҳайратга тўла нигоҳлар, шеър ўқиётиб ҳаяжонга тўлган юраклар дукури...
Жаннатмонанд юртимнинг жамолидан, кўзларида ҳайрати уйғоқ ёшларининг камолидан, нигоҳларида меҳр рақсга тушган оналаридан айланай дегим келди. Шу кун адабиёт, дийдор, меҳр, «САОДАТ» байрами бўлганлиги рост.
Бежизга Қутлибека опа Раҳимбоевани саодатли шоира демадим. ЎЗБЕКИСТОНнинг Зулфияхонимидай ардоқли шоиранинг ижод мактабидан баҳраманд бўлган, Ҳалимаи даврон билан ҳамнафасликда фаолият юритган, Ойдин Ҳожиевадай латофатли шоира билан ҳамқадам, ҳаммаслак иш олиб борган, Мунаввара Усмоновадай ёруғ қалбли шоира билан ёнма-ён ишлаётган ижодкор чин маънода саодатли-да.
Чекка қишлоқ мактабининг муаллимаси юрак ютиб, қўлимда ёш болам, 2006 йиллар маърифатдан топган қадрдоним Маҳмуда Валиева билан «САОДАТ»нинг эшигини секингина чертиб Қутлибека опани зиёрат қилгани борганим кечагидек ёдимда. Опа Маҳмуда опам иккимизнинг беғараз дўстликка садоқатимиз тўғрисида "Кўнгил одамлари" номли мақола ёзган эди. Мана, орадан йиллар ўтиб, опа билан яна шеърлашдик, дийдорлашдик.
«САОДАТ» журнали орқали минглаб хонадонларга кириб бораётган маънавий хазина яратувчилари омон бўлишсин.
«САОДАТ»дан саодат топган саодатмандларга ҳавасдамиз.
Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин! Дунёлар саодатини тилайман.
Азиза Боймурадова.
Самарқанд вилоят, Каттақўрғон тумани.