Дафъатан
ХХХ
Недан норозисан, соласан қовоқ,
Манглай тер тўкмасдан ҳақ сўрадимми...
Бир уюм кесакни кўргандинг раво,
Чўққилари билан тоғ сўрадимми...
Эшитиб туриб ҳам ёлғонларингни,
“Ишонмадим”, дея сапчиб қўйдимми...
Ичиб юриб бетаъм ёвғонларингни,
Нинадан сўз ясаб санчиб қўйдимми...
Хоинлик қилдимми эътиқодимга,
Тилим ё динимни алмаштирдимми...
Оёқ босдимми ё хотиротимга,
Боболарим исмин алмаштирдимми...
Дарахт экмадимми , экмадимми гул ,
Кўниб ўтирдимми тикан , янтоққа...
Ҳақ, ноҳақ жангига эрлар олса йўл,
Кулча тугмадимми шойи белбоққа...
Ё бемор қошида чўкмадимми тиз,
Қоқсуяк қўлларин силамадимми...
“Ёр- ёр” билан ота уйдан чиқса қиз,
Она каби иқбол тиламадимми...
Тўмарис эмасман- жасорат пири,
Озгина, озгина ўхшамадимми...
Йилларки, шу элнинг ўтидан кириб,
Кули билан чиқиб яшамадимми...
Недан норозисан, ахир, нимам кам,
Елим пиёлада тутган сувинг- талх.
Кўрдинг, ўз дарёмда сузган кемаман,
Тилимдан учган сўз яккаш “Ватан”, “Халқ”.
Юртим омон бўлсин- Шарқнинг ўзаги,
Ортиғин сўрмасман: бўлсин кўнглинг тўқ.
Фақат бил: руҳи ҳам жисми ўзбаки-
Мулкингда бошқа бир қутли бека йўқ.
5 июнь, 2024 йил.
Севишиб юрибмиз
Севишиб юрибмиз шу ёшга кириб,
Зиёрат этайлик бир-биримизни.
Кўз ичда учрашиб, кўз ичда кулиб,
Муборак этайлик бир-биримизни.
Севгили кунлар бой: нуқра, зарлидир,
Хушсийрат, хушсуврат, хушҳунарлидир.
Жон деб азобларин жонга босамиз,
Ахир, азоблари тушунарлидир.
“Оҳ” десак, “оҳ”лари шу қадар яхши,
Лабда титроқлари шу қадар яхши.
Бир ҳаққа соғиниб хатлар ёзамиз,
Ўзимиз булбулмиз, ўзимиз бахши.
Тупроқдан бир дона гул сўронурмиз,
Осмондан бир ҳовуч нур сўронурмиз,
Ўзидан сўрасак, тушармиз чўкка,
Бандасидан эса ҳур сўронурмиз.
Боғларда зоғ деманг, зоғлар кетмайди,
Юракда доғ деманг, доғлар кетмайди.
Севдим денг, севдим денг, севдим денг фақат,
Дунёда ҳеч бир сўз унга етмайди.
Севишиб юрибмиз шу ёшга кириб...
Бу тун
Оғриқли хаёллар , чеккага ўтинг,
Ойнинг кокиллари кумушланмоқда.
Сукут лаҳжасида сўзламоқда тун,
Қушдайман, юрагим ҳам қушланмоқда.
Учганга ўхшайман йўл юрган сайин,
Ҳаво гул атрини сочаётгандай.
Япроқ- қанотларин силкитиб майин,
Ҳатто, дарахтлар ҳам учаётгандай.
Қоронғунинг қора чодири пастлаб,
Боғлар этагига ётди узайиб.
Сойлар сувларини туширар рақсга,
Томчилар тотимли, дамлар ажойиб.
Узилиб кетдими юлдуз тизгинчи,
Осмон юлдузлари бўлди сувюлдуз.
Шабада айланиб юрибди- синчи,
Ойдинда ярқираб ётар дала- туз.
Келманг, келмай туринг, оғриқ, аламлар,
Ҳозир ўз кўнглимга ўзим соқчиман.
Худойим чиройли қурган оламда
Бир тунгина гўзал яшамоқчиман.
1 июль, 2024.
Дафъатан
Дафъатан тоғлар ҳам қулаши мумкин,
Ёрилиши мумкин дафъатан ер ҳам.
Қуённинг бошини силаши мумкин,
Ҳеч ким кутмаганда арслону шер ҳам.
Дафъатан сел бошлаб келиши мумкин ,
Томчидан бошланган ёз ёмғирлари.
Ҳатто , бир лаҳзада очилиши мумкин,
Қирқ қулфда қулфланган давлат сирлари.
Эврилиши мумкин кеча кундузга,
Қуёш тутилиши мумкин дафъатан.
Недандир бўғизда музлаган сўзга
Жон кириши, айтилиши мумкин дафъатан.
Битта ҳақиқатга етиб келдим ман,
(Аммо етганимдан азобланар дил).
Ахир, ҳурлигини англамас экан,
Дафъатан “Ҳурсан”, деб ёрлиқ олган эл.
2 июнь. 2024 йил.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, «Шуҳрат» медали соҳибаси, “Саодат” журнали ходими, шоира.