Кўз ёшингни ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатма
Назира ас-Салом: «Кўз ёшингни ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатма»
Элимизнинг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф шеърларини бугунги кунда ўқимаган, ёд олмаган киши орамизда жуда кам бўлса керак. Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси, шоира Назира ас-Салом билан шоирнинг умр йўллари ҳақида суҳбатлашдик.
— Назира опа, агар Муҳаммад ака ҳозир ёнингизда бўлганларида, нималар деган бўлар эдингиз?
— Муҳаммад ака билан хаёлан суҳбатлашмаган кунларим деярли йўқ. Болаларнинг, ўзимнинг муаммоларимни айтиб маслаҳат сўрайман. Отамни йўқотганимдан кейин улар энг катта суянчиқ бўлганликларини ўша лаҳзаларда сезмаган эканман. Вафотларидан бутунлай довдираб қолганман.
— Таскин ва армонларингиз…
— Биласизми, вақт ўтганидан кейин қисматга кўнглингиз кўнмаса ҳам, ўзингиз кўнишга мажбур экансиз. Ўн йилдан сўнггина Муҳаммад аканинг ёнимда эмаслигига кўникдим, шунда ҳам юрагим кўнгани йўқ. Болаларим учун керакман деган фикр, халқнинг ич-ичига кириб борганим сари тадбиру учрашувларда Муҳаммад акага бўлган меҳр-муҳаббат мени ҳаётга қайтарди, юрагимда яшаш иштиёқини оширди. Севимли шоиримизнинг адабий меросини йиғиш, номларини абадийлаштиришда ҳаётим мазмунини топдим десам, муболағага йўйманг. Мен шундан куч оламан ва яшайман.
Энг катта армоним уларнинг ҳеч бўлмаганда эллик ёшга кирмаганлари. 80-йилларнинг охирида ҳозирги «Истиқлол» санъат саройида «Муҳаммад Юсуф ижодий кечаси» ўтказилиб, унда тўрт мингдан зиёд мухлислар иштирок этганди. Бирорта одам ўрнидан туриб кетмасдан шеър тинглаган. Маҳмуджон Азимов, Охунжон Мадалиевлар қўшиқ куйлашган. Вафотларидан бир ҳафта олдин «Зарафшон» ресторанида ижодий кеча ташкиллаштирайлик, деган таклиф билан келишган. Мен эса «Аввалгидек «Халқлар дўстлиги» саройида қилсангиз, яхшироқ эди», десам, раҳматли «Сиз орзулаган катта учрашувни эллик ёшга кирганимда ўтказамиз», деганди. Буни қарангки, бундай катта юбилей Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг қарорлари билан ўзлари бўлмасалар ҳам шу даргоҳда нишонланди.
Муҳриддин Холиқовнинг рафиқаси Гулсарахон билан гаплашганимда бу аёлга ҳавасим келди. Раҳматли санъаткорнинг ижодлари ҳам, оддий ҳаётдаги фаолиятлари ҳам видеоларга муҳрланган экан. Муҳаммад ака суратга тушишни унчалик хуш кўрмасди. Ҳатто, бирга тушган суратларимиз ҳам кам.
Шу ўринда журналист суратчи Абдуғани Жумага миннатдорчилик билдираман. Чунки улар Муҳаммаджон акани қаерда кўрса, фотога муҳрлаб олаверган эканлар. Вафотларидан кейин шу фотосуратларни жамлаб, катта альбом қилиб бердилар. Эвазига мендан бирор нарса сўраганлари ҳам йўқ. Яна телевидениеда ишлайдиган Жўра Бобораҳмат ҳам ўзи олган кўп суратларни берди.
Муҳаммад ака менинг бирор жойга боришимни унча ёқтиравермасдилар. «Сиз ёзаверинг, ўзим китоб қилиб чиқариб бераман», дердилар. Худди шу тарзда, уларнинг ишлари билан шуғулланишимни ҳам истамасди. Шу боисмикан, вафотларидан кейин мен анча қийналдим.
Катта қизимиз Маъсудани бош бўлиб узатиб, набирамизга Билол деб ўзлари исм қўйдилар. Армонларимдан бири – икки қизимизнинг тўйини кўрмаганлари. Қизларимнинг кўнгли умрбод ярим бўлди. Ҳеч нарса уларга оталари ўрнини босолмайди. Яна бир армон, агар ҳаёт бўлганларида қанчадан-қанча гўзал шеърлар дунёга келиб, элимиз ундан баҳраманд бўларди.
— Шоирнинг «Туғилмаган қўшиқларим, сиздан узр» деган сатрларини ўқиб, бежиз ёзмаган эканлар, деб ўйлайсан киши.
— Бу шеърнинг ўзига хос тарихи бор. Охунжон Мадалиев билан Муҳаммад ака танишишганда хонанда Фарғонада яшагани сабабли бошқа санъаткорлар каби тез-тез учрашиб туришмаган. Наманганда катта стадионда иккалаларининг ижодий учрашуви бўлиб ўтади. Охунжоннинг Муҳаммад акага жуда меҳри баланд эди. Ўшанда у «Ака, ижодий ҳамкорлик ҳам қилолмаяпмиз. Тадбир тугаганидан кейин янги шеърлардан ёзиб беринг», дея илтимос қилган. Муҳаммад ака шу ерда ўтириб, қисқа фурсатда тўртта шеър ёзиб бергандилар. Шуларнинг биттаси «Туғилмаган қўшиқларим, сиздан узр», иккинчиси «Фарғонамнинг паривашлари» эди.
Умуман олганда эса улар жуда кузатувчан эдилар. Тўйга борсалар, даврада бироз ўтириб, «Ҳозир бир-икки оғиз гапим бор эди», деб самоварчининг ёнига бориб гаплашиб ўтиришни яхши кўрардилар. Улар шу тарзда одамларни кузатар эканлар, ўрганарканлар. Яна «Шеър ёзиш учун кўпроқ проза ўқиш керак», дердилар.
— Шоирнинг рафиқаси сифатида у билан яшаш, унинг қувонч-шодликларини баҳам кўриш, ташвишу изтиробларини бўлишиш осон кечмагандир?
— Ижодкорнинг ижодкор билан яшашининг осон томони шундаки, бир-бирининг руҳиятини тушунишади. Бу дегани унинг шеърни ўзи истагандек тўла-тўкис ёзиши учун шарт-шароит яратиб бериш, халақит қилмаслик. Шеърнинг дунёга келишини тўлғоқ тутаётган пайтга қиёслаш мумкин. Шеърларини асосан уйда, фарзандларидан хотиржам бўлган чоғларида ёзганлар. Шеър қоғозга тушаётганда улар халал бермаслиги шарт эди. Ёзганларини, албатта, менга ўқиб берардилар. Мен ёнларида бўлмасам, бутун бошли шеърнинг баҳридан ўтган пайтлари ҳам бўлган, йиртиб ташлаганлар. Шунинг учун ҳар доим сергак туришим керак эди. Уларни тушуниб етганим учун ҳақиқий дўстга айлангандим. Мени шунинг учун қадрлардилар.
— Сиз нималардандир воз кечгансиз, тўғрими?
— Бу менинг ихтиёримдаги нарса эди. Муҳаммад ака мени кўп ёзишимни хоҳлардилар. Балки кўнглимни кўтариш учундир, балки ижодий жараёнга қўшилиб кетишимни истабми, «Мана бу шеърингиз анча кучли, яхши», дердилар. Менинг эса уларнинг шеърларини ўқиганимдан сўнг ёзишга бўлган хоҳишим аста камайган. «Мен айтмоқчи бўлган нарсаларни ёзиб бўлдилар», деб анча йиллар қўлимга қалам олмай қўйганман.
Шоир одам аслида анчайин инжиқ бўлади. Муҳаммад аканинг ҳам феъл-атвори ўзига хос бўлган. Агар кўчадан уйга кириб келганида таом тайёр бўлмаса, индамасдан яна кўчага чиқиб кетиши ҳам мумкин эди. Эл таниган одам билан яшаш, бир-бирини тушуниш, шеърларини севиш, мени шоира сифатида тан олишлари ҳам катта бахт эди.
— Айтганча, кенжа қизингиз Мадинахон шеър ёзади, деб эшитгандим. Бугунги кунда ҳам у шеъриятга ошноми?
— Мадинахоннинг илк шеърлар тўпламини айни кунда нашрга тайёрлаяпман. У отасини жуда соғинган дамларида қўлига қалам олади. Шеърларининг деярли барчаси отасига бағишлов. Касб борасига келсак, сиз бир нарсани ўйлайсиз, ҳаёт йўллари эса бошқа тўлқинга олиб кетиши ҳеч гап эмас экан. Катта қизим Маъсуданинг шифокор бўлишини истагандилар. У эса ўзи журналист бўлишни хоҳлади. Іозир «Ёшлар» телеканалида фаолият юритаяпти. Илк кўрсатуви эфирга кетганида Қорақалпоғистонда кўриб, раҳбарига қўнғироқ қилибдилар: «Қара, қизим, анча эплабди. Журналист чиқади, шекилли» дебдилар. Иккинчи қизим Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ўқиди, у ҳам газетада ишлаяпти. Энг кичигимизни туғма юрист бу қизим, ҳуқуқшуносликда ўқийди, дердилар. У Жаҳон тиллари университетини битириб, банкда ишлаяпти, ўз ишидан, жамоасидан жуда хурсанд.
— Фарзандларига қандай ўгитлар қиларди?
— Аввало болаларимизга қиз ёки ўғил бола деб эмас, фарзанд – Аллоҳнинг энг буюк неъмати деб қараган ва еру кўкка ишонмаган. Қизларимизни ўғил бола қандай ишни уддалаши керак бўлса, ҳаммасига аста-секин ўргатганлар. Масалан, машина ҳайдашни. «Болалар спорт билан шуғулланиши керак», деб ҳисоблаганлари боис ўзлари машқларни биргаликда қилардилар. Уйимизда тренажёр бор эди. Іалиям ўша жойда турибди. Қизларимга кўпроқ эркинлик берардилар, мен эса қаттиққўллик қилардим. Менга айтмаган сўзларини қизларига айтардилар, қизлар ҳам баъзан оталари билан сирлашишарди. Катта қизимга «Сен ўзингни қиз боламан деб ҳеч қачон ожизлик қилмагин, кўз ёшингни ҳеч қачон ҳеч кимга кўрсатма», дегандилар. Кичик қизим Мадина «Дадам ёш вафот этишларини сезгандек, бизга кучли бўлинглар, дея тарбия берганлар», дейди.
— Сўнгги суҳбат чоғида нималар тўғрисида гаплашгандингиз?
— Ўшанда қизларим бувимизникига борамиз, деб хархаша қилишган. Қайнонам раҳматли жуда меҳрибон бўлганлари учун соғиниб, уларни кўргилари келаверарди. Муҳаммад ака эса аранг кўндилар, мен болаларни олиб Андижонга кетдим. Раҳматли умр йўлдошим уйда ёлғиз қолишни жуда ёмон кўрарди. Эртасига азонда изимиздан Андижонга етиб бордилар. «Болалар йўқ, сен йўқ, сиқилиб кетдим», дедилар ўзларини оқлаб. Орадан бир кун ўтиб, Тошкентга қайтамиз, деб қолдилар. Қизлар эса яна озгина қолайлик, деб туриб олишди. Шундан кейин иккаламизга самолётга чипта олдилар. Бугунги кунда ўшанда ички сезгилари аён қилган, деб ўйлайман. Самолётнинг учиши кечиктирилгани боис, бўш вақтимиз борлиги учун мени бутун Андижонни айлантирганлар, баъзи жойлар билан таништирганлар. «Анчадан буён мени йўқлаётганди», деб машҳур боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг чойхонасига олиб бордилар. Лекин унинг ўзи йўқ экан. Ёрдамчилари чиройли кутиб олишди. Кейин қаҳвахонага олиб бордилар. Шерали Жўраев ижросидаги бир қўшиқни қайта-қайта қўйдириб эшитдилар. Шу куни ҳар хил мавзуларда роса гаплашдик. Самолётга ўтирганларида эса елкамга бош қўйганча пинакка кетдилар. Бир оздан кейин чўчиб уйғониб, менга қараб шундай дедилар: «Ноз, сенинг меҳрибончилигингга яраша жавоб қайтаролмадим, қадрлолмадим. Мендан хафа бўлмагин», дедилар. Бу сўзлардан ҳайрон бўлиб, «Бирор марта мен сиздан хафа бўлдимми?» дедим. Шу тарзда яна суҳбатимиз давом этди. Уйга қайтганимиздан кейин кўп ўтмасдан Қорақалпоғистонга жўнаб кетдилар. «Негадир, оёғим тортмаяпти, лекин одамлар кутишаяпти, бормасам бўлмайди. Бир инсонни зиёрат қилиш ниятида эдим. Шу баҳона шу ниятимни ҳам амалга ошираман», деб йўлга чиқдилар. Балки одамлар олдидаги масъулиятни ҳис этганларидан шундай дегандирлар. Охиратлари обод бўлсин.
Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
Манба: "Даракчи" газетаси. 2018 йил.