ЗОКИРОВЛАРНИНГ ҲАММАСИ ҲАМ КЎП ЯШАМАДИ, АММО...


Гавҳар ЗОКИРОВА,

Ўзбекистон халқ артисти:

ЗОКИРОВЛАРНИНГ ҲАММАСИ ҲАМ КЎП ЯШАМАДИ, АММО... 


Кичиккўнгил сулола


Оилавий йиғин бўлаётган пайти хонада чироқ ўчиб қолди. Даврадагилар “Доим шундай бўлади, чироқни ўчириб қўйишади”, деб норозилик билдиришди. Улар орасида жим ўтирган бир киши индамай хонадан чиқди ва қўлида шам кўтариб кириб келди. Биласизми, бизнинг оила ҳам худди шундай — қалбидаги чироғини ёқиб яшади!.. 

Инсон ҳаёти театрда ўйналган пьесага ўхшайди. Гап унинг қанча вақт давом этишида эмас, балки ролларнинг моҳирона ижросида. Зокировларнинг ҳаммаси ҳам кўп яшамади, аммо улар бу дунёдаги вазифасини юксак даражада   бажарди. Ўзларига берилган ролларни қойилмақом ижро этиб кетди. 


Ихлос

Касбига меҳр қўйган одамга касби ҳам меҳр беради, деганлари бор гап. Оиламизнинг боши — дадам Карим Зокиров санъатга ихлоси баланд инсон эди. Биринчи ўзбек операсининг ижрочиси, моҳир актёр бўлган. Ўн саккиз ёш кезлари устози Юнус Ражабийдан “Сувора”ни ўрганиб, танловда қатнашади. У пайтларда миллий мақомларни айнан ўргатган устознинг йўлида куйлаш қойилмақом саналарди. Бироқ қайнотам саҳнада қўшиқни ўз йўналишида ижро этган. Айрим одамлар “Сен устознинг йўлида айтмадинг, энди у киши сендан хафа бўлади” дея танқид ҳам қилишган. Лекин бегидил санъаткор Юнус Ражабий кичиккўнгил шогирдига “Сен тўғри иш қилдинг, ҳар бир ҳофизнинг ўз йўли бўлиши керак, мен буни ҳали сенга айтиб улгурмай ўзинг тушуниб етибсан” дея рағбатлантирган. 

...Бундан қирқ йил бурун Тожикистонга борганимизда ҳам бир воқеа эшитгандим.


Нотаниш ҳикоя

Илк пластинкалар чиққан пайт… Қишлоқ аҳли пул йиғиб, Карим Зокировнинг пластинкаларини олиб келгин дейишди ва мен отда Тошкан сари отландим. Икки ой йўл юриб, ўша пластинкани олиб, ортга қайтдим. Ўзимни сенлаб, пластинкани сизлаб, бағримга солиб келдим. Негаки, пластинкалар мўрт бўларди, қишлоқдошларим қувонганидан мени даст кўтаришди, сўнг улардан бири қаттиқ қучоқлади. Шу пайт кўксимда “қирс” этган товуш эшитилди. Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетган ўшанда. Сўнг сигиримни сотиб, яна тўрт ой йўл босиб, Тошканга бориб келганман...  


Куйламоқ – яшамоқ демак!

Ботир Зокиров болалигидан Алишер исмини яхши кўрар эди. Алишер Навоийнинг ғазалларини севиб ўқир, менинг исмим Алишер дер, яқинлари шу ном билан чақиришса, севинар эди. Ўзлари консерваторияда таҳсил олган. Санъатга, рассомчиликка, шеърга, қўшиққа чунонам қизиқар эдилар. Ботир аканинг бир гаплари бор эди: “Мен учун куйламоқ – яшамоқ демак”. Хаттоки, касалхонада оғир аҳволда ётган пайтлари  “Mени оркестр кутиб турибди” деб, деразадан қочган пайтлари ҳам бўлган. Бўлса, санъатнинг бир инсон ҳаётидаги аҳамияти шу даражада бўлади... 26 ёшида “Халқ артисти” бўлиши Ҳақнинг назари тушганидан далолат эмасми?!  

Дард билан оғриётган фарзанднинг ота-онаси ҳолини бир тасаввур қилиб кўринг-а...  Ботир Зокиров худди бошқа сафарлардаги каби Москвага Бгуш исмли шифокорга боради. Ўша пайтда шифокор Грецияда бўлиб, машҳур хонанда Микис Теодрарикснинг жарроҳлик операциясини ўтказаётган эди. Москвадан Бгушга телефон орқали “Ботир Зокировни йўқотяпмиз” деган хабар боради. Тажрибали жонкуяр доктор “Мен боргунча ушлаб туринглар, етиб бораман”  дейди-ю, қисқа муддатда Москвага қайтиб, санъатни ҳам, санъаткорни ҳам ҳаётини қутқариб қолади. Ўша жарроҳлик амалиёти тиббиёт энциклопедиясига ҳам киритилган. Бироқ Ботир акани дарддан қутқарган доктор: “Ботир Зокиров бошқа куйлолмайди”, деб ташхис қўйди. Ботир ака даволаниб, оёққа тургач,  Ўзбекистонга, водийнинг сўлим Шоҳимардонига кетади. У ерда ҳар куни саҳарлаб тоғга чиқади, тоза ҳаводан нафас олади, ўзида куч тўплай бошлайди... Ўша лаҳзаларда ҳам мухлислари суратга тушамиз, деб пойлаб туришарди. Кунлари шу тарз ўтиб борарди. Маълум вақт ўтиб, Аллоҳнинг карами билан Ботир Зокиров яна саҳнага қайтди, мўъжизага дуч келган шифокорлар, айниқса Бгуш бу ҳолни йиғлаб қарши олди. Чунки ҳеч ким Ботир Зокиров яна концерт беради, деб ишонмаган. Шундан кейин Ботир ака 1966 йилда Парижни забт этган. Парижлик мухбирлар “Ботир Зокиров микрофондан узоқроқ туриб куйлайди, чунки унинг овози микрофонни ҳам титратиб юборади”, деб ёзишган. Ботир ака хоҳ французча, хоҳ ўзбекча, хоҳ араб тангоси дейсизми, қўйингки, дунёнинг қайси тилида бўлмасин, қўшиқларни маромига етказиб куйларди. 

Яқинда бир ташкилотга  боргандим. Ходимлардан бири ўзини араб тилидан таржимон эканлигини,  яқинда юртимизга араблар ташриф буюришгани, уларга Ботир ака 50 йил олдин куйлаган араб тангосини қўйиб берганини айтиб қолди. Тингловчилар “Бу одам араб тилини ва Қуръонни мукаммал билган, бу даражада кўшиқни маъромига етказиб куйлаган санъаткорни кўрмаганмиз”, дейишибди. 

...Ўшанда давлат тадбири, концерт бўлиши керак, даволанаётганликларига қарамай, Ботир акани 3-4 марта касалхонадан “Халқлар дўстлиги” санъат саройига репитицияга олиб кетишди. Концерт куни Ботир акани икки қўлларидан ушлаб олиб бордик, ўзлари юролмасди. Саҳнага чиқадиган пайт келди. Ботир ака ёнида суяб турганлардан ўзини бўшатиб олди-да, шаҳд билан саҳнага чиқиб,  “Ўзбекистон” номли қўшиғини куйлай бошлади. Атроф-жавонибдаги жами ҳамкасбларию томошабинлар ўринларидан бир қалқиб тушишди. Ҳамманинг қулоғи динг, бўғзига алланима тиқилган, мабодо ютингудек бўлса, нигоҳлари ора бир тўфон турадию, қирғоқ оша денгиз шовуллайди, беихтиёр хаёллар чувалашади. Бу хониш, бу наво ўша кез гўё қалбларга Ботир Зокировнинг видолашувидай туюлиб кетди. Буюк санъаткор кетар жафосида юрт ҳақида куйлади. Ватан ҳақда наво айлаб, саҳнада... Йўқ, ундан сўнг ҳам бир муддат шифохона “меҳмон”и бўлди...  

Эзилиблар кетишди яқинлари, мушфиқ қолди, муштипар қолди кўнгилтортарлар... Ўша чоғлар гарчанд рафиқаси ёнида бўлишига қарамасдан, бир ярим ой давомида укаси Жамшид акам ҳам кечаю кундуз акасининг ёнида турди. Ботир акам дадамдан кейин  бизга ота ўрнида қолганди...

Отамиз Карим Зокиров “Сиз ўзингизни санъатда эмас, санъатни ўз ичингизда яхши кўринг” дерди ҳамиша. У кишининг ўгитлари бизнинг умр бўйи орттирган тажрибамиз, ўқиган билимимиздан авло, ўзгача, ортиқроқ эди...  


Ҳаётий пьеса

Бу оилада ҳаёт пьесаларининг моҳир ижрочилари бўлган ака-укаларнинг ҳаммаларига дадамнинг хислатлари ўтган. Уларнинг ҳеч бири умри давомида бирорта одамни дилини оғритмади, Науфал ака ҳам оз муддат театрда ишлади, кейин эстрадага ўтди. Афсуски, навқирон ёшда оламдан ўтди. У киши ҳам жуда чиройли овоз соҳиби, меҳрибон, оқкўнгил инсон эди. Бир кун ярим тунда жуда қаттиқ йиғининг овозини эшитиб ташқарига чиқдим, қулоқ солсам, овоз Науфал аканинг хонасидан келяпти. Дадам!!! Фарзандидан айрилган ота... Алам жон-жонидан ўтиб кетган, қон-қонига сингиб, сўнгак-сўнгакларигача зирқираб бораётган улуғ инсон, буюк санъаткор... Дард ғариби, юз сориғига дўнган лаҳзаларни чинор янглиғ матонат билан кўтариб, кесилган кўкайини тиклаб яшаган забардаст инсонни кўриб қолганман ўша ғамбода, аламзада тунларнинг бирида... 


Яхшилик — ерда қолмайди

Бизникига жуда кўп одамлар келарди. Гоҳ меҳмон бўлиб, гоҳ дадамиздан нимадир ёрдам кутиб... Бир куни Қўқондан узоқ қариндошимиз меҳмон бўлиб келди. Мақсади — санъаткор бўлиш экан. Вазиятдан хабардор бўлган қайнотам бизникида қоласан, шу ерда яшайсан, сени техникумга ўқишга киргизаман, ҳунарли бўласан, дедилар ва уни қўллади. Бир сафар талаба-меҳмонимиз ўқишдан ҳайдаладиган бўлиб қолибди. Воқеани билиб, Ботир акам бориб ўқишини тиклатиб берганди. Шундан сўнг у ўқишни тугатиб, Фарғонага қайтиб кетди. 

Орадан йиллар ўтди. Жамшид акам ўтганларидан сўнг, уларнинг хотирасига “Танҳо юлдузим” номли спектакль саҳналаштирилди. Ўша пайт мени сўраб бир одам келганини айтишди. Чиқсам юзи танишу, эслолмадим. Кейин ўзини таништирди: “Мен ўша Баҳодирман” деди. Дастлаб, эслолмадим. Сўнг бирга уйимизга бордик. Бобосининг қилган яхшиликлар бугун невараларига қайтди. Қарангки, халқимиз топиб айтади: Яхшилик — ерда қолмайди...  

Ҳозир эса, сулолани Фаррух ака, Равшан, мен, Наргиза, Жавоҳир, Оҳиста Зокировлар давом эттиряпмиз. 

Бугун “Китоб дунёси” газетаси баҳона шунча одамни ёдга олдик: руҳлари шод бўлсин илоҳим. Муносиб фарзандлар қаерда бўлмасин, отасининг олдида бўлишига ишонаман. Отанинг ўрнини босиб, номини улуғлаб ҳаёт кечирмоқ бахтдир. Ботир ака, Науфал ака, Жамшид акамлар бугун ана шундай бахтга мушарраф бўлган. 


Шавкат ОДИЛЖОН.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот