Бизнинг қисматимиз Сўз билан боғланган


  Сербиянинг "Fokus vesti" газетаси мухбири,  профессор, Сербия Ёзувчилар уюшмаси аьзоси, шоира - Валентина Новкович таниқли шоир, таржимон, "Китоб дунёси" газетасининг Бош муҳаррири - Хосият Рустамовадан Сербия матбуоти учун интервью олди ва мазкур суҳбат Сербиядаги "Fokus vesti" газетасида нашр этилди.

– Ижод йўлингиз қандай бошланган ва мақсад ҳамда имкониятларингизни теран англашда сизга нима ёрдам берган?
– Мен ёшлигимда врач бўлишни орзу қилганман. Ва врач бўлсам керак, деб ўйлардим. Хаста инсонларнинг шифокорларга нажот кўзлари билан термулганларини кўп кўрганим ва уларнинг дардларига шерик бўлиш учун шу касбни танлаган бўлишим аниқ. Ва йиллар ўтиб, ўта раҳмдиллигим сабаб, мендан ҳеч қачон шифокор чиқмаслигини тушуниб етганман. Ва ўша йиллари XIX аср рус адабиётини ўқий бошлаганимдан кейин, менинг тасаввурларим ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Бу менинг руҳимдаги энг катта инқилобнинг бошланиши эди... Мен ҳамма жойдан асар қаҳрамонларини қидирардим, аммо ўз руҳимда асар муаллифларига дуч келардим. Булар жуда қизиқ эди... Айниқса, одамлар менга янгилик бўлиб туюларди. Ҳар бир одам, турли шакллардаги сирлар эди мен учун. Ҳеч кимни ёмон кўрмасдим! Ҳозир ҳам шундай, ҳеч қимни ёмон кўролмайман. Ҳаммага ва ҳамма нарсаларга Аллоҳ яратган, деган қарашим бунга имкон бермаса керак...
– Кимнинг шарофати билан “Ўзингизга хос йўлни” танлагансиз?
– Менимча, биз йўлга чиқамиз фақат, йўлни эса Аллоҳ кўрсатади. Мен буни ёзиш жараёнидаги ўзни англаб-англамай қолишларда кўраман! Ҳолатлардан ҳайратланаман! Ўзимни икки қўллаб Унга топшириб қўйганимни кўриб, ёқа ушлайман. Чунки, мен ҳар доим ўзиникини маъқуллаб турадиган қайсар одамман! Аммо, Сўзларга енгилганман... Сўзлар қаршисида ёш бола кабиман! Аммо кийимларимни кир қилиб қўйишдан қўрқаман. Агар Сиз ва ёшлари улуғ Адабиётчилар айтишганидек, ўзимга хос йўлни топган бўлсам, буёғига фақат ёзиш қолади...
– Соловьёв “Ҳаётимиз ва амалга оширган эзгуликларимиз ўртасида такомиллашган алоқа ўрнатилган ҳолатдагина умримиз ахлоқий маъно ва мазмун касб этади”, деган эди. Сиз ҳаёт мазмунини нималарда кўрасиз?
– Мен ким бўлишимдан қатъи назар, биринчи ўринда Онаман! Турмуш ўртоғим учун оддий аёлман. Кўчадан чарчаб келган фарзандларим мендан шеър сўрашмайди... Ишга кетаётган эримнинг кўйлаклари дазмолланган, оёқ кийимлари артилган бўлиши, менинг табассум ва муҳаббатим ижодимдан кўра муҳим эканлигини ҳис қиламан! Ошхонада овқат пишираётибми ёки эримнинг кўйлакларини дазмоллаётибми, пайпоқларини юваётибми, ишқилиб, ичимдан тошиб келаётган муҳаббат қаршисида ҳаётимнинг мазмунини кўриб қоламан. Бу ҳеч нарса билан таққослаб ёки алмаштириб бўлмайдиган нарсаки, худдики ҳаётинг мувозанатсиз қоладиган, осмон бошингга қулаб тушадигандай...
– Ўзбек мумтоз адабиёти жаҳонга нима бера олди деб ўйлайсиз? Ўзбек мумтоз адабиёти ва умуман жаҳон адабиётидан кимлар ижодингизга кўпроқ таъсир кўрсатган?
– Мақташга ва мақтанишга арзигулик адабиётимиз бор. Биргина Навоийнинг ўзи анча-мунча классик адабиётни ақлдан оздиради. Навоий, Бобур, Машрабни ўрганиш ҳали ўзимизда давом этмоқда. Ўзбек мумтоз адабиёти бўлмаганида эди, бугунги замонавий адабиётимиз ҳам бўлмасди. Чунки мумтоз адабиётимизни аждодлар яратганини назарда тутадиган бўлсак, бугунги адабиёт уларнинг қолдирган улкан меросининг давоми холос, ҳатто қайсидир жиҳатларда биз уларнинг такроримиз. Назаримда, улар ҳамма гапни айтиб бўлишган. Навоий, Бобур, Машраб ва бошқа мумтоз адабиётимиз вакилларининг асарларини ўқисангиз, бугунги авлод нима демоқчи ўзи, деб ўйланиб қоласиз. Улар нафақат шоир – олим, жангчи, шоҳ, мутафаккирлар бўлишган. Техника ва давлатлар ўртасидаги алоқалар ҳозиргидай бўлмаса-да, жуда кўплаб тил билганлар. Улардан бизгача ғазаллардан, бадиий асарлардан ташқари кўплаб илмий асарлар қолган. Бизга тилимиз ва маданиятимиз, адабиёт назариясини ўргата оладиган мерос қолдиришган.
   Шу маънода ўзбек мумтоз адабиёти, бошқа давлатлар адабиётини заррача камситмаган ҳолда дадил айтишим мумкинки, менинг назаримда дунёда энг бой адабиёт.
   Бобораҳим Машраб руҳимга жуда яқин. Унинг асарларини бутун туркий дунё таниди, севди. Дунёни тутиб турган илоҳий муҳаббат билан йўғрилган асарлари унинг девонини қўлига ушлаган инсонни бефарқ қолдирмайди.
   Мен нимаки асар ўқиган бўлсам, ҳаммаси... Чунки, асар ўқиш жараёнида китоб ўқиётганимни буткул унутаман, мен сўзлар билан яшай бошлайман... Ўзимни унутаман! Фақат, менга нуқталар халақит беради! Воқеаларга қўшилиб кетаётган маҳалим нуқталар мени ушлаб қолади... Агар биз ёзаётган пайтимиз ўқувчилар ҳақида ўйлаганимизда эди, ҳеч нарса ёза олмасдик. Яхшиям, биздаги ёзишга бўлган эҳтиёж ўқувчи ҳақида ўйлашга имкон бермайди. Биз фақат ёзиб олиш ҳақида ўйлаймиз, биз фақат омон қолиш ва шу жараёндан тезроқ ўтиб олиш ҳақида ўйлашимиз мумкин. Тўлғоқ тутаётган, жони оғриб турган аёл туғилаётган фарзандини кимлар яхши кўриши ҳақида мутлақо ўйламагани каби, шеър ёзаётган шоирга ҳам шеърнинг ўқувчилари асло қизиқ эмас...
– Замонавий “тижорат” дунёсида, шеърларни ҳис этиш камайган ҳозирги вақтда шоирнинг мухлис қалбигача бўлган йўлни босиб ўтиши қийинми?
– Бу ўчоқда қорайган қозонни тозалашдан кўра қийинроқ иш. Қорайган қалбни оқартириб бўлмайди. Лекин шеър қорайган қалблар учун ёзилмайди. Шеър қорайган қалблар ичидан ўзингни топиш учун ёзилади. Унинг ўқувчилари камчиликни ташкил этса ҳам, бошқа Дунё одамлари каби ғайриоддийдир. Ҳозирги ҳолат ҳозир пайдо бўлган эмас... Бу неча замонлардан буён бор. Фақат у замонларда биз бўлмаганмиз!
– “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” қўлда ёзилган, Шекспир ҳам асарларини қўлда ёзган. Сиз қандай ёзасиз, қўлдами ёки компьютерда? Асосан қай вақтларда ижод қиласиз?
– Мен ҳамма нарсани компьютерда ёзишим мумкин, лекин шеърни компьютерда ёзолмайман. Компьютер одамга ўхшайди... Негадир ёзаётган вақтинг сенга тикилиб турганга, хонада Сендан бошқа яна кимдир борга ўхшайди. Ўзингни бўғин-бўғинларинггача шеърга айланаётганингни ҳис қилишингга халақит беради. Шундай вақтларда ўйлаб қоламан, нега муқаддас китоблар қоғозда қолдирилди. Аудио қилиш Аллоҳга қийинмиди? Йўқ! Аллоҳга ҳеч нарса қийин эмас. Демак, ҳаммаси вақтинча, бир куни яна коғозларга қайтамиз!
   Мен аксарият тунги иккидан кейин ишлайман. «Уруш ва тинчлик», «Анна Каренина» ва шунга ўхшаган асарлар ҳақида ўйласанг, ичингдаги шуҳратпарастликдан ҳеч нарса қолмайди... Тун иккига бўлинган вақти мени ўзимга келтиради. Мен бу дунёда борлигимни билиб қоламан. Ёзаётганимда эса, яшаётганимни ҳис қиламан. Мен албатта, ҳар куни ёзишим шарт эмас... Менда бундай мажбурият йўқ! Лекин менда ўқишга бўлган зарурият бор. Ҳамиша ўқишга очлигимни ич-ичимдан сезиб тураман. Китоблар эса мени алдайди... Ўқиганим сари янада, янада кўпроқ очликни ҳис килавераман…
– Ҳаммадан ҳам кўпроқ нималарга ишонасиз?
– Аллоҳга ишонаман! Дунё яралганда биринчи бўлиб Сўз яралган. Аллоҳга шукурки, бизнинг қисматимиз Сўз билан боғланган.
– Илк шеърингизни эслай оласизми, уни ёзишга сизни нима илҳомлантирган?
– Шафқатсизлик бўлса керак. Эсимда, илк шеърим Қуш ҳақида эди. Ҳовлимиз этагида чарчаб, ҳолдан тойган ва зўрға-зўрға нафас олаётган қушни кўриб қолганман. Уни осмон чарчатганми ёки одамларнинг шафқатсизлигими ҳалигача билмайман. Қуш ҳақиқатан ўлаётган эди. Уйдагиларга хабар бердим, улар унчаям эътибор қилишмади. Балки, чанқагандир, деб ўйладим, сув ичирмоқчи бўлдим, ичмади. Аҳволи баттар оғирлашди. Шу пайт мен ҳам у билан азоб чека бошладим. Қушнинг кўзлари ғалати қиёфага кира бошлади... Менинг ҳам бутун вужудимда оғриқ бошланди. Айниқса, унинг кўзидан бир томчи ёш оқиб тушганда, адойи тамом бўлганман. Қуш ўлди. Лекин, мен ўлмадим. Ўлгандан кўра баттарроқ бўлсам керак, уйдагилар мени кўриб, қўрқиб кетишган... Шу куни кечаси шу қушга бағишлаб шеър ёзганман. Менинг биринчи шеър ёзишим эди. Сўзлар дафтарга қушнинг кўзларидан оқиб тушган ёш каби туша бошлаган. Мен маҳлиё бўлганман сўзларга ва шу шеър мен бешинчи синфда ўқиётганимда Республиканинг энг машҳур болалар нашрларидан бири, «Гулхан» журналида босилиб чиққан...
– Генри Уорд Бичер “Онанинг беланчак тебратиб айтган қўшиғи инсонга тобутгача ҳамроҳлик қилади”, деган эди. Онангиз сизга айтган қўшиғини эслай оласизми, у қайсидир маънода ижодингизга таъсир ўтказганми?
– Негадир Онамнинг менга айтган алласини эслолмайман, аммо, аниқ биламанки, Онам мени алла айтиб катта қилган, чунки, укаларим ва сингилларимга алла айтганда, мен эриб кетаётгандек ҳис қилардим ўзимни. Онамнинг аллалари мени ухлатиш учун эмас, уйғотиш учун хизмат қилганга ўхшайди кўпроқ. Чунки алла тугагандан кейин ва ҳозир ҳам жуда чарчаган пайтларим шууримда шу алланинг акс-садо бераётганини ҳис қиламан...
– Шеъриятнинг вазифаси ва аҳамияти нималардан иборат?
– Ҳавонинг аҳамияти ҳақида жони узилаётган одамдан кўра кўпроқ нарса билмаймиз. Шеъриятнинг вазифаси ва аҳамияти ҳам худди шунга ўхшайди. Кўзга кўринмайди, санаб бериш қийин, аммо, ҳаётнинг асосий негизини ташкил қилади...
– Сиз Марина Цветаева, Евгений Евтушенко, Анна Ахматова каби кўпгина рус шоирларининг шеърларини таржима қилгансиз. Айтинг-чи, уларнинг қайси бирининг шеърияти сизга руҳан ва маънан яқин?
– Сиз айтган шоирларни мен 17 ёшимда танидим... Унгача мен фақат Пушкин билан Тургеневни билардим. Мумуни сувга чўктириб юборган Тургенев билан бола хаёлимда уришиб юрган бўлсам ҳам, лекин Пушкинни жони-дилим билан севдим. Мен уни ўқимадим, мен у билан яшадим. Унинг ҳар бир сўзи билан яшадим. Нуқта, вергуллари ҳам меники эди. Мен ҳаммага ичимдаги Пушкин билан мақтанардим. Рус адабиёти дарсларида Пушкинни ўқимаганлардан нафратланардим, ўқиганларни эса рашк қилардим. Барибир уни ҳеч ким менчалик севолмасди, Пушкин барибир меники эди... Университетга ўқишга кирганимдан кейин кўп шоирлар билан таништирилдим! Ҳаммаси ҳар турли дунёлар эди. Уларнинг ичида ўзимни йўқотиб қўйишимга оз колган... Шундай пайтларда ҳам менга Пушкин ёрдам берган, ўзининг борлигини эслатиб турган. Кейинчалик, Марина билан яқин бўлиб кетдик. У билан яқин бўлмаслик мумкин эмас эди, чунки, биз руҳан бир одамлар эдик, энг қизиғи, иккаламиз ҳам Пушкинни яхши кўрардик! Тўғри, биз Марина билан Пушкин ҳақида гаплашмасдик! Агар гаплашиб қолсак, бизнинг суҳбатимиз жанжал билан тугашини иккимиз ҳам ҳис қилардик. Ва ҳозиргача ҳам шундай! Пушкин ҳақида гаплашганда эҳтиёт бўламиз, ёзганда ҳам! Хуллас, кўриб турганингиздек, Цветаева менга туғишганларимдан ҳам яқин. У мени қаттиқ назорат қилади. Буни саккиз йил ёзмаган, қўлимга қалам ушламаган кунларим аниқ билдим, у менга қиё боқмади, мендан юз ўгирди. Ёзмай, азоб билан яшаётганим бир, Цветаевани йўқотиб қўйганим икки бўлди. Ва тақдирнинг туҳфаси билан яна қўлимга қалам олдим ҳамки, у яна пайдо бўлди...
– Адабиёт бўйича Нобель мукофотига 12 нафар аёл сазовор бўлган. Швед адибаси Сельма Лагерлеф 1909 йилда аёллардан биринчи бўлиб бу мукофотни қўлган киритган бўлса, 2020 йилда Луиз Глик тақдирланди. Сизда аёл ижодкорлар сояда қолиб кетяпти, деган тасаввур уйғонганми? Агар шундай ўйласангиз, бунга сабаб нима?
– Мен мукофотлар ҳақида ўйламайдиган одамлардан бири бўлсам керак! Тўғриси, Нобелчи аёлларнинг кўпчилигини мен Нобель олганларидан кейин таниганман. Баъзиларидан ҳайратланган жойларим бор, баьзиларини эса, «ўзимизга ўхшаган экан-ку», деб қўйганман. Мени назаримда, мукофотларнинг ҳаммаси ҳам нисбий. Уни кимлар олиши, кимлар беришидан ва қандай мукофотлигидан қатьи назар, Аллоҳ бергани – ёзиш ва яна яхши ёзиш энг яхшисидир!
– Замондошларингиздан кимни руҳий жиҳатдан ўзингизга яқин дея ҳисоблайсиз?
– Мен якиндан бери италиялик Росальба Фантастико Ди Кастрон, Ангела Де Лео ва Америкалик албан шоири Жек Маринай, вьетнамлик шоир Май Ван Фан билан руҳий боғлиқлик ҳис қиляпман. Ёзганлари ёқяпти, фикрларини маъқуллаяпман! Агар бу ҳақида жиддийрок ўйласам, яна тўрт-беш киши бор...
– Сиз шоира, таржимон, драматургсиз, кўплаб шеърий ва насрий асарлар яратгансиз, сизнинг сценарийингиз асосида “Ажал жодуси” фильми ҳам суратга олинган. Унда нима ҳақда сўз боради ва томошабинларга бу фильм орқали нималар демоқчи бўлгансиз?
– Бу фильм менинг «Гилам» номли ҳикоям асосида яратилган. Унда қора халқнинг қора тақдири ҳақида ҳикоя қилинган. Яьни четга пул топиш учун борган ота ва унинг икки ўғли ҳақида ҳикоя қилинади... Қизиғи, чет элда жони узилган ота майитини ўз юртига олиб келиш учун сарсону саргардон икки ўғил бир «ёрдамчи»нинг маслаҳати билан майитни гиламга ўраб, поездга олиб чиқади. Уч кунлик йўлнинг иккинчи куни хабар олишга перронга борган ўғиллар гиламнинг жойида йўқлигини кўришади... Хуллас, жуда аянчли тақдирлар ҳикоя қилинади... Хуллас, айтилмоқчи бўлган гап Ватан ҳақида! Унинг қандай кўринишда бўлишидан қатьи назар, уни севиш, ота-онамиз каби ардоқлашимиз кераклиги ҳақида. Биз сиёсат ва жараён билан Ватанни алмаштириб қўямиз. Аслида Ватан бошқа нарса. Ватаннинг тили йўқ, аммо, унинг номидан гапирадиганлар бор. Биз ҳар биримиз ватанмиз! Бизсиз Ватан йўқ, ҳаёт ҳам! Бу бадиий фильм шу ҳақида эди!
– Сиз кўплаб мукофотлар соҳибасисиз. Мазкур мукофотлар сиз учун қай даражада аҳамиятли?
   Ижод мен учун жудаям шахсий иш! Шу қадар шахсийки, сенинг бу дунёдаги бор-йўқ сиринг шунинг ичида. Уни ҳали ҳеч кимга айтмагансан қоғоздан бошқа! Сенинг кўз ёшларинг ҳам унга тўкилган... Сенинг кўз ёшларинг учун мукофотлар беришади. Аслида кўз ёшлар олиб келади мукофотларни. Мукофот олган дақиқамда озгина мотивация беради ва яна ўз аҳамиятини йўқотади, чунки, у билан ҳеч нарса ўзгармайди. Энг қизиғи, баъзан мен билан қизиқиб қолган чет эллик дўстларим менинг мукофотларим билан қизиқишади, менинг олган мукофотларимга қараб мен билан муомала қилишади. Шундай вақтларда тушунаман, мана мукофот нима учун керак!
– Сиз айни вақтда “Китоб дунёси” газетасининг бош муҳарририсиз. Дунёнинг кўплаб шоир ва ёзувчилари билан ҳамкорлик қиляпсиз. Сизнингча, замонавий адабиёт олдида қандай вазифа ва муаммолар бор?
– Бизнинг муаммоларимиз вазифаларимизни унутиб қўйганимиз учун содир бўлмоқда. Бутун дунё шоир-ёзувчилари бирлашолмаганимиз учун юзага келмоқда. Биз гўёки илма-тешик кемаларнинг капитанларига ўхшаймиз. Соҳилга тезроқ етиб олиш ҳақида жон куйдирмоқдамиз. Аммо кемасиз ҳалокат ёқасида.
   Бутун Дунё шоир-ёзувчилари бирлашиши керак! Худди бир оиланинг фарзандлари каби! Яхши фикрлар, яхши асарларни қўллаб-қувватлашимиз, аксинча, бўш асарлар билан курашишимиз ва уларни адабиёт остонасига яқин йўлатмаслик керак. Биз яқин беш-олти ой ичида кўп нарсаларни тушуниб етдик. Ҳаёт сувнинг устида чайқалиб турибди. Уни эсон-омон соҳилга олиб бориш ҳам, ярим йўлда чўктириб юбориш ҳам ўз қўлимизда!
– Ёзма сўзнинг ва босма нашрларнинг замонавий жамиятдаги тақдири қандай, қоғоз шаклда нашрлар ва китоблар яшаб қоладими?
– Бошқача бўлиши мумкин эмас! Нима учун муқаддас китоблар ёзма шаклда қоғозга тушди? Аллоҳга қийинмиди электрон шаклда қолдириш? Аллоҳга ҳеч нарса қийин бўлмаганидек, ёзма сўз ва босма нашрларнинг яшаб қолишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Интернет бизга машина вазифасини бажариши мумкин, узоғимизни яқин қилади, аммо, у ҳам бир куни чарчайди ва эскиради. Ва ўшанда бизнинг китобларга бўлган талабларимиз янгидан туғилади...
   Истаган вақтда ҳаёт тўлқинлари техникани маҳв этиши мумкин... Ҳаётни кузатавериб адабиётнинг сочлари оқариб кетганига кўп бўлган. Мен турли мамлакатлардаги шоир дўстларим билан суҳбатлар замирида шуни кўряпманки, бу дунёда миллат йўққа ўхшайди, мамлакат ҳам. Фақат инсон бор, фақат инсоният мавжуд! Мени қийнаётган нарса уларни ҳам безовта қилаётгани, мен ачинаётган нарсага уларнинг ҳам куз ёшлари томаётганини кўрганимда, мен энди ижод қилишни бошладим, шекилли, деган хулосага бораман. Ҳолбуки, шеърларим йигирмадан зиёд тилга таржима қилиниб, тўққиз мамлакатда китобим чоп этилди. Демак, ижод фақат ёзишни талаб қилади ижодкордан.
– Замонавий технологиялар ривожи инсонларни бир-бирига яқинлаштирди, бироқ ҳамон бугунги кун инсони ёлғизликка дуч келмоқда, буни қандай изоҳлайсиз?
– Инсоннинг ёлғизлигига сабаб, унинг ёнида кўнглига яқин инсонларнинг йўқлиги эмас, мутлақо, унинг ёлғиз яратилганлигидир. Атрофимизда қанчадан-қанча яхши инсонлар бўлишига қарамай, биз ўзимизни ҳамиша ёлғиз ҳис қиламиз. Бунинг сабаби битта: биз бир умр атрофимиздан ўзимизни қидирамиз. Ўзимизни қидириш натижасида қаерларга бормаймиз ва кимлар билан учрашмаймиз! Баъзан топганга ўхшаймиз... Бошимиздан не кунларни кечирмаймиз... Биз ўзимизни топиш йўлидамиз. Аммо, билмаймизки, ўзимиз бошқа одамда ёки бошқа мамлакатда эмасмиз! Биз ўзимиздамиз! Бироз ўзимиздан ичкарироқдамиз! Дунёнинг ҳамма жойларига бориб келамиз, машаққат билан бўлса ҳам энг зўр деган одамларимиз билан учрашамиз... Аммо, ўзимизнинг ичимизга кириш учун қийинчиликка дош беролмаймиз. Чунки, бу ерда ҳақиқат бор, чунки, бу ерда Худо бор...
– Сизнинг наздингизда замонавий китобхон ва шеърият харидори қандай кўринишда?
– Ҳар ҳолда кийимсиз бўлмаса керак (кулади). Лекин ҳар қанча ҳаракат қилмай, кўзимнинг олдига ҳеч нарса келтиролмаяпман.
– Сиз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосисиз. Мамлакатингизда маданият соҳаси қанчалик ва қай тариқа қўллаб-қувватланади. Мустақил рассомлар, умуман мустақил ижодкорларнинг бугунги аҳволи қандай?
– Ўзбекистондаги бугунги аҳвол айниқса, пандамиядан кейин, кескин тушиб кетди. Бу милтиллаб ёнаётган чироқнинг қаттиқ шамол натижасида таги билан ўпирилиб кетганини эслатади...
   Ижод ахли эса қаерда яшамасин, ҳамиша ёрдамга муҳтож! Чунки, ижод ёлғизликни талаб қилади. Бир жойга қамалиб ижод қилай деса, унинг ҳам оиласи, фарзандлари бор. Қаердадир ишлашга мажбур. Ҳам иш, ҳам ижод қилиш ҳамма ижодкор учун ҳам ҳамиша осон ва омадли кечмайди. Бу эса жуда кам ижодкорларга насиб қилган...
– Андрей Тарковский “Дин, фалфаса ва санъат – дунёни ушлаб турувчи уч устун, инсон уни чексизлик ғоясини моддийлаштириш учун кашф этган”, деган эди. Сизнинг-ча, дунёни нима ушлаб туради? 
– Дунёни Аллоҳ бошқаради ва муҳаббат ушлаб туради. Бу дунёга келиб-кетишингга арзийдиган муҳаббатдан бошқа ҳеч нарса йўқ. У бор пайтда ўлим эсдан чиқади, абадий яшайдигандай туйиласан! У бор пайтда ҳар лаҳзангда асрлар узунлигини ҳис қиласан. Усиз асрлар узунлигича яшасанг ҳам лаҳзача маъно йўқ! Ва бу ҳаётнинг энг чиройли либоси шу! Лекин ўлим ҳақида кўпроқ ўйлаш, кўпроқ мулоҳаза қилиш сени бу дунёда яхши ишларни кўпроқ қилишингга ёрдам беради. Жалолиддин Румийда бир гап бор, ҳар куни энг сўнги куним, деб яша! Тўғри, баъзан ўлим ҳақида ўйласанг, қўлинг ишга бормай қолади... Бир жойда туриб қоласан. Лекин, унинг моҳиятини ичкаридан кўрсанг ва бутунлигича ўлимни ичкарига олиб киролсанг, сен бутунлай бошқа одамга айланасан... Ҳар кунинг учун сен бошқа ва янги одам бўлиб туғиласан!

Суҳбатдош - Валентина Новкович.
2020 йил.










Изоҳлар 1
  1. Ajoyib suhbat bo'lgan ekan. Miriqib o'qidim. Tashakkur...

    Ажойиб сухбат учун ташаккур! Айниқса шоирнинг шижоати учун!!!

    I love this poet so much! Thank your for this interview!

    Bu ajoyib suhbat uchun tashskkur. Ayniqsa, shijoatli gaplar uchun.
Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот