КЎНГИЛНИ ЁРИТГАН МЕҲР ГИЁҲИ



   Зулфия Мўминова эфир орқали ҳаёт, оила ҳақидаги ҳар бир чиқишлари билан каттаю кичикка бирдек манзур бўладиган ижодкор. Зулфия опанинг ёзганлари – ҳаёт манзаралари, ҳаёт ҳақиқатлари. Сабаби, бу ижодкор доимо халқ орасида. Бадиий асардан ўзини топа олган ҳар бир ўқувчи шубҳасиз муаллифнинг мухлисига айланади. Бугун ана шундай мухлислари бисёр севимли ижодкоримизнинг болалик хотиралари билан танишамиз.

КЎНГИЛНИ ЁРИТГАН МЕҲР ГИЁҲИ

  Таниқли ўзбек шоираси, болалар ижодкори, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳибаси, “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳибаси Зулфия МЎМИНОВАни катта-ю кичик жуда яхши танийди. Шоиранинг “Болага китоб беринг” номли шеърини эса бугун республикамизда ёд олмаган бола бўлмаса керак.
  Зулфия опанинг “Ватан ташлаб кетмайди”, “Бешикларни асрагин дунё”, “Ёнаётган аёл”, “Қудратли юртимга”, “Самога сочилган юлдузлар”, “Истиқлол – олтин гулим”, “Аёлга бахт беринг, саодат беринг”, “Азизим, бахтиёрим”, “Сиз шеърга сиғмайсиз”, “Сурхоннинг муҳтарама аёллари”, “Аёлга гул беринг” каби бир қатор шеърлар ва публицистик мақолалардан иборат бўлган тўпламлари адабиёт ихлосмандларининг севимли асарлари қаторидан ўрин олган. Шоиранинг яқинда АҚШнинг “Амазон” номли нашриётида “Аёлни енгиб бўлмайди” номли тўплами, Канадада болалар учун “Тадбиркор типратиканча” номли шеърий тўпламлари чоп этилди.
   Бугун сизни севимли ижодкоримизнинг болалик хотираларига ошно этамиз.

БИР ҚАТИМ НУР

 Мен 1959 йил 15-июлда Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилганман. Она қишлоғимнинг номи “Янги сарой” бўлиб, бир ёнидан Нарпай канали, бир ёнидан Қозоқ, қоқ ўртасидан Дамариқ сувлари оқиб ўтади. Қишлоқ одамлари Дамариқдан сув ичарди.
  Оилада етти фарзанд – тўрт ўғил ва 3 қиз эдик. Онамнинг исми Муқимтош эди. Бобом билан момомнинг фарзандлари кетма-кет нобуд бўлавергач, тошдек муқим турсин, дея шундай исм қўйишган экан. Онам оғир, вазмин, жуда меҳнатсевар аёл бўлган. Отамнинг исми Мардон бўлиб, қурувчилик қиларди. Шунинг учун ҳам эртадан кечгача уйда бўлмасди. 20 дан ортиқ сигиру бузоқ, юзлаб паррандаларга қараш, тандирда нон ёпиш, хуллас, рўзғорнинг барча юмушлари онамнинг зиммасида эди. Биз фарзандлар ҳам қўлимиздан келганича онамга ёрдамлашардик, аммо катта рўзғорнинг юки ҳам катта эди. Гоҳида ҳаддан ортиқ шўхлик қилганимизда ҳам онам бизни койимас, қаттиқ гапирмасди.
  Ҳалигача кўз олдимдан кетмайди. Онам саккизинчи фарзандига ҳомиладор бўлиб, ой-куни яқинлашган сари мадори кетиб, зўрға юрар, рўзғор ишларини қилишга ҳоли йўқ эди.
  Бир куни эрта тонгдан отамни ишга, акам билан опамни мактабга жўнатган онам уйнинг бир бурчагига ўтирганича ўрнидан туролмай қолди. Мен тушдан кейин ўқиганим сабаб уйда эдим. Онам тез югуриб бориб, момом билан Омоной аммани чақириб келишимни айтди. Мен шошганимча бувимникига югурдим... Улар онамнинг ёнида узоқ қолиб кетишди. Ичкарида онам бир ҳушидан кетиб, бир ўзига келиб қийналарди. Мен ташқарида турганча қўрқувдан титраб, илтижо қилиб йиғлаганларим ҳали ҳам эсимда.
  Охирги ҳушини йўқотишдан кейин онам ўзига келмади. Кейин катта юк машинасига ортганча туман марказидаги шифохонага олиб кетишди. Кечга томон чақалоқнинг ўлик туғилгани ҳақидаги шумхабар етиб келди. Бир ҳафта ўтгач эса онамнинг жонсиз танасини уйга олиб келишди. Ўшанда мен 11 ёшда эдим. Кутилмаган бу мусибатдан оиламиз, яқинларимизнинг қай аҳволга тушганини тушунтириб беролмайман. Гўёки уйимизда бир қатим ҳам нур қолмагандек эди...

ЖАСОРАТ

 Болалигимда бобом билан бувим (онамнинг ота-онаси)мени тез-тез уйларига олиб кетишарди. Санобар бувимга биз набиралар “Катта эна” деб мурожаат қилардик. Мен бувим буюрган енгил юмушларга яраб қолганимдан роса хурсанд бўлардим. Масалан: қишлоқ чеккасида ёлғиз яшайдиган Тожинор момога ҳар эрта тонгда сут олиб бориб бериш, товуқларнинг тухумини пақирга териб чиқиш, чойнак, пиёлаларни ювиш, бобом даладан келсалар махсисини ечиб, қўлларига сув қуйиб туриш... Менга айниқса, бобомнинг оёқларини уқалаш ва ерга қараб ётганларида устиларига чиқиб белларидан елкаларигача у ёқдан бу ёққа юриш ёқар эди. Иккинчи жаҳон урушини кўрган бобомнинг танасида катта-кичик чандиқлар бўлиб, бу жангоҳда теккан ўқларнинг излари эди. Битта ўқ ўнг елкасига тегиб, олдидан тешиб ўтган. Яна бири қўлининг у ёғидан тегиб, бу ёғидан чиққан, бири белидан ўтган. Айниқса, иккала оёғида беўхшов чандиқлар кўп эди. Кейинчалик билсам, бу чандиқлар немис итлари тишларининг ўрни экан.
  Бобомнинг ҳикоя қилишича, бир жангда бобом ва унинг баталонини немислар асир олибди. Бир неча ой тутқинликдан сўнг бобом ва унинг дўстлари қочишга муваффақ бўлишибди. Буни сезиб қолган фашистлар ортларидан қувибди. Режа бўйича асирлар ўзларини дарёга ташлаб қочишлари керак бўлган. Аммо, аскарлардан олдин етиб келган душман итларини чалғитиш, имкон қадар кўпроқ асирларни қочишига улгуриши учун бобом ва яна иккита ўртоғи бу йиртқич итлар билан олишиб, уларни қайтариб туришган экан. Аскар дўстларининг узоқроққа кетишганини кўргачгина, ўзларини дарёга ташлаганида етиб келган фашистлар уларга ёмғирдек ўқ ёғдиришган. Ўқ тешган яралардан тўхтовсиз қон сизиб турса-да, совуқ сувни кечиб ўтишган экан...
  Аёзли қиш тунларида бобомнинг оёқлари оғрир, инграб чиқардилар. Мен ўшанда бобом билан фахрланиб, ер юзида тинчлик бўлиши учун жасорат кўрсатган барча яхши одамларга атаб шеърлар ёзган эдим.

МЕҲР ГИЁҲИ

  Бобом ва бувим намоз ўқишар, рўза тутишарди. Наздимда улар саждага бош қўйиб, бутун дунёни ёмонликдан қутқараётгандек туюларди.
 Бобомнинг овозлари шундай ширали эдики, сеҳрланиб ўтирардим. Улар намозни тугатиб, “Ассалому алайкум” дейишар, мен ҳам уларга салом берар эдим. Бу орада ширчой тайёр бўларди. Саҳарлик дастурхонидаги хурмо, майиз, ёнғоқдан еб мен ҳам уларга қўшилиб ўзимча рўза тутардим.
 Эрталабдан бобом чорва молларига қараш билан, момом уй юмушлари билан банд бўлар эди. Улар темир иродали одамлар эди. У пайтлар ҳали қишлоқда чироқ йўқ, табиий газ ҳали одамларнинг тушига ҳам кирмаган замонлар эди. Ошхонамизнинг ёнида каттагина омборхона бўлиб, хонанинг ярмида қопларда гуруч, нўхат, мош ва яна бир қанча менга номаълум дон-дунлар турарди. Ярмига тўшалган сомонларнинг устида эса тарвузлар, тепада осилган қовунлар, уч-тўрт қатор симларга осилган узум, анорлар сақланар эди. Қишда уларни қандай сақлашганини эслолмайман-у, аммо то илик узилдигача олма, беҳи, ёнғоқ, майиз, туршакнинг кети узилмасди. Аёзли кунлар бошланганда бобом икки, учта қўчқорини сўйдириб, катта қозонда ўзининг ёғига қовуриб, сопол хумларга солдириб қўяр эди. Бу хумлар ошхона тўрида сақланар, қиш чилласида, айниқса, рўза чоғида момом бу гўштлардан турли таомлар тайёрлар, косаларга соларди-да, менинг қўлимга бериб: “Ифторликда дуо қилиб ейди”, дея қишлоғимиз кексаларининг уйларига жўнатарди. Гўштларни тарқатар эканман, қўшниларимиз ҳам менга топганларини илинишар, йўл-йўлакай улар берган хурмо ва майизлардан татиб кўрар эканман, гўёки меҳр гиёҳи ичимга тушиб, кўнглимни ёритаётгандек туюларди...

БИР ПОЙ ЭТИК

  Амакимнинг қизи Холбуви билан иккимиз бир синфда ўқирдик. У менинг яқин дугонам бўлиб, мактабга бирга бориб, бирга қайтардик. У жуда меҳрибон ва камгап қиз эди.
  Қиш кунларининг бирида дарслар тугаб, мактаб ҳовлисига чиқсак, роса қор ёғибди. Менинг оёғимда янги этик. Холбувига эса уйдагилари ҳали этик олиб беришга улгуришмагани учун пайпоқ билан калишда эди. Қишлоғимиз мактабдан узоқда жойлашган. Оралиқ бир ярим соатлик йўл. Мактабдан чиқиб сал йўл юриб қарасам, Холбувининг оёғидан совуқ ўтиб, юзлари қизариб кетаяпти. Шунда мен, “Холбувижон, мени оёғим қизиб кетаяпти. Кел, менга калишингни бериб, мени этигимни кия қол”, дедим. У эса, “Йўқ, ахир сени тез-тез томоғинг оғрийди. Этигингни менга берсанг, шамоллаб қоласан”, деди. Мен унинг совуқдан қизарган юзларига қараб, раҳмим келиб, нима қилишни билолмай қолдим. Кейин: “Тезроқ уйга бора қолайлик. Сенга ҳам янги этик олиб келишгандир”, дедим умид билан.
 Дарёга яқинлашганимизда изғирин кучайди. Мен тоқат қилолмадим. Унга: “Тўхта, менга калишингни бир пойини бер, мен эса сенга этигимни бир пойини бераман”, дедим. У ахийри бунга рози бўлди. Биз икки дўст бир оёғимизда калиш, бир оёғимизда этик билан қишлоққа дирдирабгина кириб бордик. Уйга борсак, Холбувига ҳам янги этик олиб келишган экан...
  Ўша куни кечаси билан томоғим оғриб, эртасига мактабга боролмадим. Холбуви эрталаб аҳволимни кўриб, хафа бўлди: “Зулпияжон, сен мени деб касал бўлдинг-да! Энди бутунлай соғайиб олгунингча дарсларни тайёрлашингда ўзим ёрдам бераман. Дарсларни ўқитувчи айтгандек тушунтириб бераман”, деди.
  Мактабдан бир ўзи қайтиб келган Холбуви дарҳол ёнимга кирди-да: “Мен сени йўл бўйи соғиндим. Мактабда ҳам соғиндим, энди ҳечам касал бўлмагин”, дея йиғлаб юборди. Ўша куни икки дугонанинг бир оёғида калиш, бир оёғида этик билан кўрган маҳалладошлар бизни “Ҳақиқий, чин дўстлар мана шундай бўлишади”, деб роса мақташган экан. Ҳозир ҳам дўстлик, садоқат ҳақида ўйласам, ўша завқли кунларим ёдимга тушаверади.

ГУЛҚОҒОЗДАГИ ЁЗУВЛАР

  Юқори синфда ўқиётганимизда Холбуви “Жисмоний тарбия” дарсидан узунликка сакраш бўйича имтиҳон топшира олмади. Ўқитувчимиз Сайдулла домла синфимиздан яна саккизта, Холбуви билан тўққизта ўқувчининг баҳосини қўйиб бермади. Мен синф бошлиғи эдим. Ўқув чораги якунига етиб борар, аммо тўққиз синфдошим баҳосини ололмай қийналишарди. Бир куни танаффус пайтида Холбуви менга: “Сен синф бошисан, ўйлаб йўлини топ! Мен шу “ЖТ”дан баҳойимни олайин”, деди. Мен унга: “Мана Янги йил келаяпти. Ўқитувчимизга бирор совға берсак порахўрлар деган, ном олиб, балога қоламиз. Аммо, муаллимнинг болалари кўп. Сен уйдагиларга айтиб, битта арча олдир. Иккимиз арчани муаллимнинг уйига олиб бориб берамиз. Болалари арча атрофида айланиб, ўйинга тушсалар устозни кўнгли юмшаб, сенга баҳо қўйиб беради”, дедим. Иш шунча осон кечишидан хурсанд бўлган Холбуви орадан уч кун ўтиб, амакимга айтиб қишлоғимиздан унча узоқ бўлмаган ўрмон хўжалигидан ям-яшил арча олдириб келди. У “Кел, арчага битта қоғозга гуллар чизиб, ушбу совға Зулфия ва Холбувидан деб, ёзиб қўямиз. Чунки сен баҳоинги олгансан. Шундай деб ёзмасак, менинг бу хатти-ҳаракатим баҳо учунлиги билиниб қолади”, деди. Исмимни қўшиб ёзиш фикри ўзимга унча ёқмаса-да, синф бошлиғи сифатида рози бўлдим.
  Эртаси куни икки дугона арчани кўтариб, ўқитувчиникига йўл олдик. Ўқитувчимизнинг уйи қишлоғимиздан анча олисда, темир йўл тарафда экан. Сўраб-суриштириб топиб бордик. Дарвозани муаллимнинг хотини очди. Аёлнинг жилмайиб турган юзига қараб биз бараварига: “Ассалому алайкум! Янги йилингиз муборак бўлсин”, дедик. Аёл эса бепарвогина: “Ҳа, яна арчами?!” деди ва дарвозани ланг очди. Давозадан ичкарига кириб кўрсак, девор ёқалаб қатор қилиб қўйилган саккизта арча турибди. Арчаларнинг ҳар бирига “Зулфия ва Рисолатдан”, “Зулфия ва Отамуроддан”, “Зулфия ва Тожинордан”... деган гулқоғозлар илинганди. Ёзувлардан тушундимки, баҳоларини ололмаган саккиз синфдошим ҳам муаллимнинг уйига арча олиб келишибди. Биз қатор турган арчалар ёнига ўзимизникини қўйдигу тезда ортга қайтдик. Эртасига билдимки, ўша куни – мен Холбувига гапираётганимда, баҳосини ололмаётган бошқа синфдошларим ҳам эшитган экан... Эртаси куни мени ва тўққизта баҳо ололмаган синфдошларимни мактабимиз директори Раззоқ Худоёровичнинг хонасига чақиришди. Не кўз билан кўрайликки, директорнинг хонасида бизнинг арчалар қатор қилиб териб қўйилибди. Думалоқ стол атрофида “Жисмоний тарбия” ўқитувчимиз, синф раҳбаримиз ва директор ўринбосарлари ўтиришар эди. Хонадаги сукунатдан съездикки, менинг синфдошларимга берган маслаҳатим жиноий жавобгарлик даражасидаги салбий оқибатга олиб келибди. Бу ҳолатга алоқам йўқ, дея олмасдим. Чунки яшил арчалардаги гулқоғозларнинг барчасида менинг исмим турарди. Директор ўшанда узундан-узоқ тарбиявий соат ўтгани ва ҳамманинг арчасини қўлига бериб: “Уйларингга олиб кетасизлар ва ҳар бирингиз “Жисмоний тарбия”дан узунликка сакраш бўйича қайтадан имтиҳон топширасизлар!” дегани ҳамон ёдимда.
  Директорнинг хонасидан чиқдиму арча кўтариб олган синфдошларимга қараб йиғлаб юбордим. Улар эса: “Бизни кечир Зулпи, сендан сўрамай исмингни гулқоғозларга ёздик. Бундай бўлишини билмагандик...” дейишди.
  Бошимизни эгиб, синфга кириб борганимизда, синфдошларимиз бизни масхара қилиб роса кулишди ва:
“Арча, арча, арчажон,
Япроқларинг нинажон.
“ЖТ”дан топширолмай,
Биз юрибмиз чалажон”, деб қўшиқ айтишди. Аввалига улардан хафа бўлдик. Сўнгра орадан вақт ўтиб, ўзимиз ҳам уларга қўшилиб ушбу воқеани кулиб эслайдиган бўлдик.
   Мана, орадан қирқ йилдан ортиқ вақт ўтди. Ҳамон синфдошларим янги йил арафасида менга ижтимоий тармоқлар орқали тўққиз дона яшил арча юборишади. Табрик ёнига гуллар суратини чизиб: “Сени яхши кўрамиз! Салом билан “ЖТ”чилар” деб ёзиб қўйишади. Шунда кўнглимни болалигимнинг энг завқли онлари эгаллаб олади. Юрагим тўла соғинч билан: “Мен ҳам сизларни жудаям яхши кўраман, менинг беғуборларим”, деб ёзиб юбораман...

ОРЗУ

  Дунёга келганимда ота-онам мени халқимизнинг севимли шоираси Зулфияхонимдек бўлишимни орзу қилиб, исмимни Зулфия қўйишган экан. Отам қандай шароит бўлишидан қатъий назар бизга китоб олиб келишни канда қилмасди. Шунинг учун ҳам китобга болалигимдан ўзгача меҳр қўйиб ўсдим. 5-синфда ўқиётганимда мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб чиққан эдим. Кутубхоначидан ҳар куни, “Бирорта янги китоб келмадими?” деб сўрайверардим. Бир куни янги китоблар келганидан хабар топиб, кутубхонага югуриб бордим. Кутубхоначи янги китобларни уйга бермаслигини, шу ерда ўқиб топширишим лозимлигини айтди. Ҳаво совуқ, кутубхона анча зах эди. Мен кутубхона печкасига елкамни суяб ўтирганимча янги келган китобни ўқиб, узоқ қолиб кетибман. Мутолаага шунчалик берилиб кетганимдан ҳатто, кутубхоначи опанинг устимдан қулфлаб, уйига кетиб қолганини ҳам сезмабман. Шунда кутубхона деразасидан мактаб қоровулини ёрдамга чақириб, зўрға у ердан чиқиб олганман.
  9-синфни тамомлаганимдан сўнг Каттақўрғон шаҳридаги педагогика билим юртида ўқидим. Сўнг ЎзМУнинг филология факулътети талабаси бўлиш бахти насиб этди. Ишладим, ижод қилдим, доимо халқимнинг хизматида бўлдим. Ҳозиргача ота-онамнинг юрагидаги орзуларини машъал қилиб кўтарганча, руҳларини шод қилиш умиди ила яшаяпман...

Суҳбатдош - Нилуфар ЖАББОРОВА.

***
KO‘NGILNI YORITGAN MEHR GIYOHI

   Taniqli o‘zbek shoirasi, bolalar ijodkori, “Do‘stlik”, “Mehnat shuhrati” ordenlari sohibasi, “Oltin qalam” Milliy mukofoti sohibasi Zulfiya MO‘MINOVAni katta-yu kichik juda yaxshi taniydi. Shoiraning “Bolaga kitob bering” nomli she’rini esa bugun respublikamizda yod olmagan bola bo‘lmasa kerak.
   Zulfiya opaning “Vatan tashlab ketmaydi”, “Beshiklarni asragin dunyo”, “Yonayotgan ayol”, “Qudratli yurtimga”, “Samoga sochilgan yulduzlar”, “Istiqlol – oltin gulim”, “Ayolga baxt bering, saodat bering”, “Azizim, baxtiyorim”, “Siz she’rga sig‘maysiz”, “Surxonning muhtarama ayollari”, “Ayolga gul bering” kabi bir qator she’rlar va publitsistik maqolalardan iborat bo‘lgan to‘plamlari adabiyot ixlosmandlarining sevimli asarlari qatoridan o‘rin olgan. Shoiraning yaqinda AQSHning “Amazon” nomli nashriyotida “Ayolni yengib bo‘lmaydi” nomli to‘plami, Kanadada bolalar uchun “Tadbirkor tipratikancha” nomli she’riy to‘plamlari chop etildi.
   Bugun sizni sevimli ijodkorimizning bolalik xotiralariga oshno etamiz.

BIR QATIM NUR

   Men 1959-yil 15-iyulda Samarqand viloyati Narpay tumanida tug‘ilganman. Ona qishlog‘imning nomi “Yangi saroy” bo‘lib, bir yonidan Narpay kanali, bir yonidan Qozoq, qoq o‘rtasidan Damariq suvlari oqib o‘tadi. Qishloq odamlari Damariqdan suv ichardi.
   Oilada yetti farzand – to‘rt o‘g‘il va 3 qiz edik. Onamning ismi Muqimtosh edi. Bobom bilan momomning farzandlari ketma-ket nobud bo‘lavergach, toshdek muqim tursin, deya shunday ism qo‘yishgan ekan. Onam og‘ir, vazmin, juda mehnatsevar ayol bo‘lgan. Otamning ismi Mardon bo‘lib, quruvchilik qilardi. Shuning uchun ham ertadan kechgacha uyda bo‘lmasdi. 20 dan ortiq sigir-u buzoq, yuzlab parrandalarga qarash, tandirda non yopish, xullas, ro‘zg‘orning barcha yumushlari onamning zimmasida edi. Biz farzandlar ham qo‘limizdan kelganicha onamga yordamlashardik, ammo katta ro‘zg‘orning yuki ham katta edi. Gohida haddan ortiq sho‘xlik qilganimizda ham onam bizni koyimas, qattiq gapirmasdi.
   Haligacha ko‘z oldimdan ketmaydi. Onam sakkizinchi farzandiga homilador bo‘lib, oy-kuni yaqinlashgan sari madori ketib, zo‘rg‘a yurar, ro‘zg‘or ishlarini qilishga holi yo‘q edi.
   Bir kuni erta tongdan otamni ishga, akam bilan opamni maktabga jo‘natgan onam uyning bir burchagiga o‘tirganicha o‘rnidan turolmay qoldi. Men tushdan keyin o‘qiganim sabab uyda edim. Onam tez yugurib borib, momom bilan Omonoy ammani chaqirib kelishimni aytdi. Men shoshganimcha buvimnikiga yugurdim... Ular onamning yonida uzoq qolib ketishdi. Ichkarida onam bir hushidan ketib, bir o‘ziga kelib qiynalardi. Men tashqarida turgancha qo‘rquvdan titrab, iltijo qilib yig‘laganlarim hali ham esimda.
   Oxirgi hushini yo‘qotishdan keyin onam o‘ziga kelmadi. Keyin katta yuk mashinasiga ortgancha tuman markazidagi shifoxonaga olib ketishdi. Kechga tomon chaqaloqning o‘lik tug‘ilgani haqidagi shumxabar yetib keldi. Bir hafta o‘tgach esa onamning jonsiz tanasini uyga olib kelishdi. O‘shanda men 11 yoshda edim. Kutilmagan bu musibatdan oilamiz, yaqinlarimizning qay ahvolga tushganini tushuntirib berolmayman. Go‘yoki uyimizda bir qatim ham nur qolmagandek edi...

JASORAT

   Bolaligimda bobom bilan buvim (onamning ota-onasi)meni tez-tez uylariga olib ketishardi. Sanobar buvimga biz nabiralar “Katta ena” deb murojaat qilardik. Men buvim buyurgan yengil yumushlarga yarab qolganimdan rosa xursand bo‘lardim. Masalan: qishloq chekkasida yolg‘iz yashaydigan Tojinor momoga har erta tongda sut olib borib berish, tovuqlarning tuxumini paqirga terib chiqish, choynak, piyolalarni yuvish, bobom daladan kelsalar maxsisini yechib, qo‘llariga suv quyib turish... Menga ayniqsa, bobomning oyoqlarini uqalash va yerga qarab yotganlarida ustilariga chiqib bellaridan yelkalarigacha u yoqdan bu yoqqa yurish yoqar edi. Ikkinchi jahon urushini ko‘rgan bobomning tanasida katta-kichik chandiqlar bo‘lib, bu jangohda tekkan o‘qlarning izlari edi. Bitta o‘q o‘ng yelkasiga tegib, oldidan teshib o‘tgan. Yana biri qo‘lining u yog‘idan tegib, bu yog‘idan chiqqan, biri belidan o‘tgan. Ayniqsa, ikkala oyog‘ida beo‘xshov chandiqlar ko‘p edi. Keyinchalik bilsam, bu chandiqlar nemis itlari tishlarining o‘rni ekan.
   Bobomning hikoya qilishicha, bir jangda bobom va uning batalonini nemislar asir olibdi. Bir necha oy tutqinlikdan so‘ng bobom va uning do‘stlari qochishga muvaffaq bo‘lishibdi. Buni sezib qolgan fashistlar ortlaridan quvibdi. Reja bo‘yicha asirlar o‘zlarini daryoga tashlab qochishlari kerak bo‘lgan. Ammo, askarlardan oldin yetib kelgan dushman itlarini chalg‘itish, imkon qadar ko‘proq asirlarni qochishiga ulgurishi uchun bobom va yana ikkita o‘rtog‘i bu yirtqich itlar bilan olishib, ularni qaytarib turishgan ekan. Askar do‘stlarining uzoqroqqa ketishganini ko‘rgachgina, o‘zlarini daryoga tashlaganida yetib kelgan fashistlar ularga yomg‘irdek o‘q yog‘dirishgan. O‘q teshgan yaralardan to‘xtovsiz qon sizib tursa-da, sovuq suvni kechib o‘tishgan ekan...
   Ayozli qish tunlarida bobomning oyoqlari og‘rir, ingrab chiqardilar. Men o‘shanda bobom bilan faxrlanib, yer yuzida tinchlik bo‘lishi uchun jasorat ko‘rsatgan barcha yaxshi odamlarga atab she’rlar yozgan edim.

MEHR GIYOHI

   Bobom va buvim namoz o‘qishar, ro‘za tutishardi. Nazdimda ular sajdaga bosh qo‘yib, butun dunyoni yomonlikdan qutqarayotgandek tuyulardi.
   Bobomning ovozlari shunday shirali ediki, sehrlanib o‘tirardim. Ular namozni tugatib, “Assalomu alaykum” deyishar, men ham ularga salom berar edim. Bu orada shirchoy tayyor bo‘lardi. Saharlik dasturxonidagi xurmo, mayiz, yong‘oqdan yeb men ham ularga qo‘shilib o‘zimcha ro‘za tutardim.
   Ertalabdan bobom chorva mollariga qarash bilan, momom uy yumushlari bilan band bo‘lar edi. Ular temir irodali odamlar edi. U paytlar hali qishloqda chiroq yo‘q, tabiiy gaz hali odamlarning tushiga ham kirmagan zamonlar edi. Oshxonamizning yonida kattagina omborxona bo‘lib, xonaning yarmida qoplarda guruch, no‘xat, mosh va yana bir qancha menga noma’lum don-dunlar turardi. Yarmiga to‘shalgan somonlarning ustida esa tarvuzlar, tepada osilgan qovunlar, uch-to‘rt qator simlarga osilgan uzum, anorlar saqlanar edi. Qishda ularni qanday saqlashganini eslolmayman-u, ammo to ilik uzildigacha olma, behi, yong‘oq, mayiz, turshakning keti uzilmasdi. Ayozli kunlar boshlanganda bobom ikki, uchta qo‘chqorini so‘ydirib, katta qozonda o‘zining yog‘iga qovurib, sopol xumlarga soldirib qo‘yar edi. Bu xumlar oshxona to‘rida saqlanar, qish chillasida, ayniqsa, ro‘za chog‘ida momom bu go‘shtlardan turli taomlar tayyorlar, kosalarga solardi-da, mening qo‘limga berib: “Iftorlikda duo qilib yeydi”, deya qishlog‘imiz keksalarining uylariga jo‘natardi. Go‘shtlarni tarqatar ekanman, qo‘shnilarimiz ham menga topganlarini ilinishar, yo‘l-yo‘lakay ular bergan xurmo va mayizlardan tatib ko‘rar ekanman, go‘yoki mehr giyohi ichimga tushib, ko‘nglimni yoritayotgandek tuyulardi...

BIR POY ETIK

   Amakimning qizi Xolbuvi bilan ikkimiz bir sinfda o‘qirdik. U mening yaqin dugonam bo‘lib, maktabga birga borib, birga qaytardik. U juda mehribon va kamgap qiz edi.
   Qish kunlarining birida darslar tugab, maktab hovlisiga chiqsak, rosa qor yog‘ibdi. Mening oyog‘imda yangi etik. Xolbuviga esa uydagilari hali etik olib berishga ulgurishmagani uchun paypoq bilan kalishda edi. Qishlog‘imiz maktabdan uzoqda joylashgan. Oraliq bir yarim soatlik yo‘l. Maktabdan chiqib sal yo‘l yurib qarasam, Xolbuvining oyog‘idan sovuq o‘tib, yuzlari qizarib ketayapti. Shunda men, “Xolbuvijon, meni oyog‘im qizib ketayapti. Kel, menga kalishingni berib, meni etigimni kiya qol”, dedim. U esa, “Yo‘q, axir seni tez-tez tomog‘ing og‘riydi. Etigingni menga bersang, shamollab qolasan”, dedi. Men uning sovuqdan qizargan yuzlariga qarab, rahmim kelib, nima qilishni bilolmay qoldim. Keyin: “Tezroq uyga bora qolaylik. Senga ham yangi etik olib kelishgandir”, dedim umid bilan.
   Daryoga yaqinlashganimizda izg‘irin kuchaydi. Men toqat qilolmadim. Unga: “To‘xta, menga kalishingni bir poyini ber, men esa senga etigimni bir poyini beraman”, dedim. U axiyri bunga rozi bo‘ldi. Biz ikki do‘st bir oyog‘imizda kalish, bir oyog‘imizda etik bilan qishloqqa dirdirabgina kirib bordik. Uyga borsak, Xolbuviga ham yangi etik olib kelishgan ekan...
   O‘sha kuni kechasi bilan tomog‘im og‘rib, ertasiga maktabga borolmadim. Xolbuvi ertalab ahvolimni ko‘rib, xafa bo‘ldi: “Zulpiyajon, sen meni deb kasal bo‘lding-da! Endi butunlay sog‘ayib olguningcha darslarni tayyorlashingda o‘zim yordam beraman. Darslarni o‘qituvchi aytgandek tushuntirib beraman”, dedi.
   Maktabdan bir o‘zi qaytib kelgan Xolbuvi darhol yonimga kirdi-da: “Men seni yo‘l bo‘yi sog‘indim. Maktabda ham sog‘indim, endi hecham kasal bo‘lmagin”, deya yig‘lab yubordi. O‘sha kuni ikki dugonaning bir oyog‘ida kalish, bir oyog‘ida etik bilan ko‘rgan mahalladoshlar bizni “Haqiqiy, chin do‘stlar mana shunday bo‘lishadi”, deb rosa maqtashgan ekan. Hozir ham do‘stlik, sadoqat haqida o‘ylasam, o‘sha zavqli kunlarim yodimga tushaveradi.

GULQOG‘OZDAGI YOZUVLAR

   Yuqori sinfda o‘qiyotganimizda Xolbuvi “Jismoniy tarbiya” darsidan uzunlikka sakrash bo‘yicha imtihon topshira olmadi. O‘qituvchimiz Saydulla domla sinfimizdan yana sakkizta, Xolbuvi bilan to‘qqizta o‘quvchining bahosini qo‘yib bermadi. Men sinf boshlig‘i edim. O‘quv choragi yakuniga yetib borar, ammo to‘qqiz sinfdoshim bahosini ololmay qiynalishardi. Bir kuni tanaffus paytida Xolbuvi menga: “Sen sinf boshisan, o‘ylab yo‘lini top! Men shu “JT”dan bahoyimni olayin”, dedi. Men unga: “Mana Yangi yil kelayapti. O‘qituvchimizga biror sovg‘a bersak poraxo‘rlar degan, nom olib, baloga qolamiz. Ammo, muallimning bolalari ko‘p. Sen uydagilarga aytib, bitta archa oldir. Ikkimiz archani muallimning uyiga olib borib beramiz. Bolalari archa atrofida aylanib, o‘yinga tushsalar ustozni ko‘ngli yumshab, senga baho qo‘yib beradi”, dedim. Ish shuncha oson kechishidan xursand bo‘lgan Xolbuvi oradan uch kun o‘tib, amakimga aytib qishlog‘imizdan uncha uzoq bo‘lmagan o‘rmon xo‘jaligidan yam-yashil archa oldirib keldi. U “Kel, archaga bitta qog‘ozga gullar chizib, ushbu sovg‘a Zulfiya va Xolbuvidan deb, yozib qo‘yamiz. Chunki sen bahoingi olgansan. Shunday deb yozmasak, mening bu xatti-harakatim baho uchunligi bilinib qoladi”, dedi. Ismimni qo‘shib yozish fikri o‘zimga uncha yoqmasa-da, sinf boshlig‘i sifatida rozi bo‘ldim.
   Ertasi kuni ikki dugona archani ko‘tarib, o‘qituvchinikiga yo‘l oldik. O‘qituvchimizning uyi qishlog‘imizdan ancha olisda, temir yo‘l tarafda ekan. So‘rab-surishtirib topib bordik. Darvozani muallimning xotini ochdi. Ayolning jilmayib turgan yuziga qarab biz baravariga: “Assalomu alaykum! Yangi yilingiz muborak bo‘lsin”, dedik. Ayol esa beparvogina: “Ha, yana archami?!” dedi va darvozani lang ochdi. Davozadan ichkariga kirib ko‘rsak, devor yoqalab qator qilib qo‘yilgan sakkizta archa turibdi. Archalarning har biriga “Zulfiya va Risolatdan”, “Zulfiya va Otamuroddan”, “Zulfiya va Tojinordan”... degan gulqog‘ozlar ilingandi. Yozuvlardan tushundimki, baholarini ololmagan sakkiz sinfdoshim ham muallimning uyiga archa olib kelishibdi. Biz qator turgan archalar yoniga o‘zimiznikini qo‘ydig-u tezda ortga qaytdik. Ertasiga bildimki, o‘sha kuni – men Xolbuviga gapirayotganimda, bahosini ololmayotgan boshqa sinfdoshlarim ham eshitgan ekan... Ertasi kuni meni va to‘qqizta baho ololmagan sinfdoshlarimni maktabimiz direktori Razzoq Xudoyorovichning xonasiga chaqirishdi. Ne ko‘z bilan ko‘raylikki, direktorning xonasida bizning archalar qator qilib terib qo‘yilibdi. Dumaloq stol atrofida “Jismoniy tarbiya” o‘qituvchimiz, sinf rahbarimiz va direktor o‘rinbosarlari o‘tirishar edi. Xonadagi sukunatdan sezdikki, mening sinfdoshlarimga bergan maslahatim jinoiy javobgarlik darajasidagi salbiy oqibatga olib kelibdi. Bu holatga aloqam yo‘q, deya olmasdim. Chunki yashil archalardagi gulqog‘ozlarning barchasida mening ismim turardi. Direktor o‘shanda uzundan-uzoq tarbiyaviy soat o‘tgani va hammaning archasini qo‘liga berib: “Uylaringga olib ketasizlar va har biringiz “Jismoniy tarbiya”dan uzunlikka sakrash bo‘yicha qaytadan imtihon topshirasizlar!” degani hamon yodimda.
   Direktorning xonasidan chiqdim-u archa ko‘tarib olgan sinfdoshlarimga qarab yig‘lab yubordim. Ular esa: “Bizni kechir Zulpi, sendan so‘ramay ismingni gulqog‘ozlarga yozdik. Bunday bo‘lishini bilmagandik...” deyishdi.
   Boshimizni egib, sinfga kirib borganimizda, sinfdoshlarimiz bizni masxara qilib rosa kulishdi va:
“Archa, archa, archajon,
Yaproqlaring ninajon.
“JT”dan topshirolmay,
Biz yuribmiz chalajon”, deb qo‘shiq aytishdi. Avvaliga ulardan xafa bo‘ldik. So‘ngra oradan vaqt o‘tib, o‘zimiz ham ularga qo‘shilib ushbu voqeani kulib eslaydigan bo‘ldik.
   Mana, oradan qirq yildan ortiq vaqt o‘tdi. Hamon sinfdoshlarim yangi yil arafasida menga ijtimoiy tarmoqlar orqali to‘qqiz dona yashil archa yuborishadi. Tabrik yoniga gullar suratini chizib: “Seni yaxshi ko‘ramiz! Salom bilan “JT”chilar” deb yozib qo‘yishadi. Shunda ko‘nglimni bolaligimning eng zavqli onlari egallab oladi. Yuragim to‘la sog‘inch bilan: “Men ham sizlarni judayam yaxshi ko‘raman, mening beg‘uborlarim”, deb yozib yuboraman...

ORZU

   Dunyoga kelganimda ota-onam meni xalqimizning sevimli shoirasi Zulfiyaxonimdek bo‘lishimni orzu qilib, ismimni Zulfiya qo‘yishgan ekan. Otam qanday sharoit bo‘lishidan qat’iy nazar bizga kitob olib kelishni kanda qilmasdi. Shuning uchun ham kitobga bolaligimdan o‘zgacha mehr qo‘yib o‘sdim. 5-sinfda o‘qiyotganimda maktab kutubxonasidagi barcha kitoblarni o‘qib chiqqan edim. Kutubxonachidan har kuni, “Birorta yangi kitob kelmadimi?” deb so‘rayverardim. Bir kuni yangi kitoblar kelganidan xabar topib, kutubxonaga yugurib bordim. Kutubxonachi yangi kitoblarni uyga bermasligini, shu yerda o‘qib topshirishim lozimligini aytdi. Havo sovuq, kutubxona ancha zax edi. Men kutubxona pechkasiga yelkamni suyab o‘tirganimcha yangi kelgan kitobni o‘qib, uzoq qolib ketibman. Mutolaaga shunchalik berilib ketganimdan hatto, kutubxonachi opaning ustimdan qulflab, uyiga ketib qolganini ham sezmabman. Shunda kutubxona derazasidan maktab qorovulini yordamga chaqirib, zo‘rg‘a u yerdan chiqib olganman.
   9-sinfni tamomlaganimdan so‘ng Kattaqo‘rg‘on shahridagi pedagogika bilim yurtida o‘qidim. So‘ng O‘zMUning filologiya fakul’teti talabasi bo‘lish baxti nasib etdi. Ishladim, ijod qildim, doimo xalqimning xizmatida bo‘ldim. Hozirgacha ota-onamning yuragidagi orzularini mash’al qilib ko‘targancha, ruhlarini shod qilish umidi ila yashayapman...

Suhbatdosh - Nilufar JABBOROVA.











Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот