СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
«Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида тушунча беринг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 июндаги 312-сон Қарори билан тасдиқланган «Ёшлар дафтари»ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам мазкур Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ ҳар бир индивидуал ҳолатда ариза берувчининг ҳаётий вазияти мураккаблигини, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлигини инобатга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 4 бараваригача миқдорда тўлаб берилади.
Ариза берувчи бир марталик моддий ёрдам ажратишни сўраб маҳалладаги ёшлар етакчисига ариза беради.
Маҳалладаги ёшлар етакчиси уч иш куни ичида ариза берувчининг ижтимоий тоифаси ва ҳолатини ўрганади ҳамда моддий ёрдам ажратиш ҳақидаги тавсиянома ёки рад этиш тўғрисида хабарномани Васийлик кенгашига юборади.
Маҳалладаги ёшлар етакчисининг моддий ёрдам ажратиш ҳақидаги ижобий тавсияси асосида Васийлик кенгаши қарори қабул қилиниб, етти иш куни ичида туман (шаҳар)лар ҳокимликларига юборилади.
Васийлик кенгаши қарори асосида туман (шаҳар)лар ҳокимликлари «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан зарур маблағларни уч иш куни ичида Халқ банкининг тегишли бўлими (филиали)га ўтказади.
Халқ банкининг тегишли бўлими (филиали) томонидан бир марталик моддий ёрдам тўловларини уч иш куни ичида ариза берувчига нақд ёки нақд пулсиз шаклда тўлаб беради.
Ойнинг охирги иш кунида қайдномалар ёпилади, тайинланган, бироқ ўз вақтида талаб қилиб олинмаган моддий ёрдам, уни олувчининг номидаги махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказилади ва олувчининг биринчи талабига кўра тўланади.
Шунингдек, ойнинг 27-кунига қадар тўланмаган моддий ёрдамга йўналтирилган маблағлар ҳар ойнинг охирида тегишли ҳисоб рақамларга қайтарилади. Қайдноманинг бир нусхаси Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилади.
Ариза берувчи томонидан талаб қилиб олинмаган моддий ёрдам маблағларини қонунчиликда белгиланган тартибда «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисоб рақамига қайтариш чоралари кўрилади.
«Ёшлар дафтари» жамғармасининг ишчи органи муҳтож ёшларга тўланган бир марталик моддий ёрдам тўғрисидаги маълумотлар қайднома нусхаси тақдим этилган кундан бошлаб уч кун муддатда электрон платформадаги ёшларнинг индивидуал сўровномасига киритилишини таъминлайди.
Бунда Халқ банкининг тегишли ахборот тизимидаги маълумотлар бўйича электрон платформа билан ўзаро ахборот алмашинуви тизими жорий этилгандан сўнг электрон қайднома нусхасини тақдим этиш ҳамда ёшларнинг индивидуал сўровномасига киритиш талаб этилмайди.
Шахсга бир марталик моддий ёрдам берилиши уни «Ёшлар дафтари»дан чиқаришга асос бўлмайди.
Моддий ёрдам шахсга бир календарь йил давомида бир маротаба берилади.
Р. Р. Мирзаев -
Андижон вилоят, Шаҳрихон туман
Адлия бўлими юридик хизмат
кўрсатиш маркази бошлиғи.