“Болаларга мос” Адлия тизими тушунчаси
“Болаларга мос” Адлия тизими тушунчаси нима ва унинг амалиётда қўллаш самарадорлиги
Маълумки, навқирон авлод ҳар бир давлатнинг эртанги куни, жамиятда ўзгаришларга сабаб бўладиган, бунёдкорлик ғояларини ҳаётга татбиқ этувчи муҳим куч, салоҳият ресурси ҳисобланади.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг судьялари болалар ҳуқуқлари ва манфаатларига таъсир этиши мумкин бўлган турли хилдаги ишларни яъни, ота-оналар алоҳида яшаган ҳолатларда улар ўртасидаги боланинг ким билан яшаши, боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиши, болага боғлиқ алиментлар, алимент ундириш билан боғлиқ ишлар, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, чеклаш ва ота-оналик ҳуқуқини тиклаш, муаммоли низолардан фарзандликка олиш тўғрисидаги низоларни кўриб чиқадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-208-сон Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.
Чунки, кейинги йилларда оилавий низолар билан боғлиқ даъво аризаларининг ҳам сонини ошишига сабаб бўлмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди томонидан 2023 йилда оилавий муносабатларга доир низоларни ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Айниқса, бу жараёнда бола ҳуқуқлари таъминланиши кафолатланиши, уларнинг энг яхши манфаатлари таъминланишида фуқаролик суди судьялари муҳим роль ўйнайдилар.
Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларда ривожланган давлатларда масалан, Хитой халқ республикаси суд тизимида сунъий интеллект, робот судья, робот адвокатдан фойдаланилаётганлиги ҳақида хабарлар бериляпти. Барча омма ҳам бу жараёнларни яъни, бу технологиядан фойдаланиш самарасини кузатиб бормоқда.
Ўзбекистон қонунчилиги оилавий низоларни суд мажлисида кўриб чиқиш масъулияти биз судьяларнинг зиммамизга юкланган. Яширмайман. Бир оила барбод бўлган деб топилиб, эр ва хотин никоҳдан ажратилса, болалар етим қолса, ёхуд норасида болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини бегоналар томонидан эмас балким уларнинг ўз туғишган ота-оналари томонидан бузилиши каби муносабатларни кўриб, ҳиссиётларни жиловлаб болалар манфаатига доир қарор қабул қилиш ҳар бир судьядан машаққатли масъулиятни талаб қилади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, болалар судда қатнашиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва уларни ҳимоя қила олиш юзасидан бугунги кунда айрим муаммоларга дуч келишмоқда. Бу борадаги муаммолар катталарникига ўхшаши, яъни ҳуқуқларни билмаслик, юридик хизматдан фойдаланиш учун маблағ талаб қилиниши билан бирга, улар вояга етмаганлиги сабабли қўшимча равишда ҳуқуқий ва ижтимоий тўсиқларга дуч келадилар. Вояга етмаган шахс сифатида ўз ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи ўз-ўзидан уларнинг ота-онаси ёки қонуний вакилига боғлиқ бўлиб қолади. Болаларнинг кўпчилигида ўз ҳуқуқ ва эҳтиёжларини талаб қилиш юзасидан ҳуқуқий билим, таълим, ривожланганлик ва давлат идорасидаги шахслар билан муомала қилиш тажрибаси етишмайди.
БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси (БҲК) кенг қамровда болаларнинг фуқаролик, маданий, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларини белгилаб беради. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг ратификация қилинган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги даврда болани ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш мамлакатлар ҳукуматларининг мажбуриятларига айланди. “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция ва болалар ҳуқуқларига доир халқаро стандартлар ва меъёрий ҳужжатлар бунга тўлиқ асос бўла олади.
Глобал миқёсда олиб қараганда, юридик жараёнларнинг “болаларга мос” бўлишини таъминлашга бўлган эҳтиёжнинг ошаётганлиги тан олиниб, бунинг натижасида болалар ҳуқуқ ва манфаатлари янада кучли ҳимояланиши кўзда тутилган.
“Болаларга мос” адлия тизими (Болаларга мос адлия бўйича Европа Кенгаши Қўлланмаси) орқали Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқ эгалари сифатида, ўз ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиниши ва бу ҳуқуқлар бузилганда тегишли ҳимоя воситаларига эга бўлишларини таъминлаш лозим.
Фуқаролик судлари болалар учун очиқ, тушунарли ва ишончли бўлиши, суд тартиби ва жараёнларини болаларнинг ёши, ривожланганлиги ва махсус эҳтиёжларни инобатга олиб мослаштирган ҳолда болаларнинг мазмунли иштирокини яратиш, яъни ҳар фуқаролик судларида махсус жиҳозланган она ва бола хоналарини ташкил қилиш, психолог ва маълум билимларга эга мутахассислардан фойдаланишлари, болаларни эшитишлари, уларнинг қарашларини жиддий қабул қилишлари ҳамда ўз фикрини ифода эта олмайдиган ёшдаги болаларнинг ҳам манфаатлари ҳимояланишини таъминлашлари лозим.
Энг муҳими, болалар билан боғлиқ низоларни қисқа муддатларда ва кечиктиришларсиз кўриб чиқилишини таъминлаш орқали суд тажрибасини болаларга мослаштириш жоиздир.
Гулнафис ХУДАЙБEРДИЕВА,
Навоий вилоят суди судьяси.
Манба: Adolat.uz