Аёл — жамият кўзгуси


Хотин-қизларнинг қонуний манфаатлари ва эркинликларини таъминлаш — устувор вазифа

     Ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди — деб бежиз айтилмаган. Сўнги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
     Бугун юртимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
     Мамлакатимизда сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлашнинг қонунчилик доирасида мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
     Ўз ўрнида, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳам жамиятнинг ижтимоий–сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилиб, сайловолди дастурида муҳим ташаббуслар илгари суриб келинмоқда.
     Қайд этиш жоизки, мазкур соҳада фаолиятимизнинг самарали даражада амалга оширилаётганлигини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан сайланган депутатларнинг (фракция аъзоларимизнинг) 50 фоиздан ошиғи, ҳудудий Кенгашлардаги депутатларимизнинг 35 фоизи аёллардан иборатлиги яна бир бор тасдиқлайди. Шунингдек, партиямиздан сайланган депутатлар ташаббуси билан гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги аёл депутатлар улушини 30 фоиздан 40 фоизга ошириш борасидаги таклифлари қонунчиликда ўз аксини топди.
     Қолаверса, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясига аъзо бўлган фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган, савияси, сиёсий онги юқори бўлган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида анъанавий маҳаллалараро “Адолатли қайнона” Республика кўрик-танлови ўтказиб келинади.
     Мазкур кўрик-танлов аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш орқали муаммоли оилаларни яраштириш, ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
     Бугунги кунга қадар ушбу кўрик танловда 10 мингга яқин қайноналар адолатли қайнона бўлиш учун беллашишди.
     Бундан ташқари, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида партия фаоллари, депутатлар томонидан чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар билан бевосита мулоқот ўрнатилди, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларга нисбатан жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартиришга қадам қўйилди. Сиёсий партиялар томонидан сайлов жараёнларига хотин-қизлар ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, хотин-қизларни тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тавсия қилишига имкон яратилди.
     2023 йилнинг ўзида “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Аёлларни зўравонликлардан ҳимоялаймиз”, “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш — тенглик тамойилининг муҳим омили”, “Хотин-қизлар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати”, “Оила-муқаддас қўрғон”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби”, “Фуқаролар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш – оилалар мустаҳкамлиги ва жамият саломатлиги гарови”, “Илмли, маърифатли хотин-қизлар – мамлакат келажагининг мустаҳкам пойдевори”, “Давлат ва жамият ривожида хотин-қизларнинг илмли ва маърифатли бўлишининг тарихий тажрибаси”, “Сиёсий партияларда гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини қўллаб-қувватлаш”, “Хотин-қизлар камситилишига барҳам берайлик!», “Янги Ўзбекистонда хотин-қизларга яратилган имкониятлар” каби мавзуларида жами 1 580 марта учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, 108 616 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар олиб борилиб, 10 515 нафарига ҳуқуқий, 2 987 нафарига моддий ёрдам, 954 нафар хотин-қизларга кредит олишларига амалий ёрдам кўрсатилди.
     Суҳбатлар давомида тадбирларга жалб қилинган 250 минг нафардан ортиқ хотин-қизларга “Ҳимоя ордери”ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 198 нафар зўравонликка учраган аёлларга Ҳимоя ордери олиб беришга эришилди. Касб-ҳунар ўрганишни хоҳлаган 3 000 нафар хотин-қизларни касбга йўналтириш ишлари олиб борилди.
     Партиянинг депутатлик гуруҳлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига хотин-қизларнинг муаммолар юзасидан жами 65 та масала киритишга ва ечими бўйича тегишли қарорлар қабул қилишга эришди. Халқ вакиллари – депутатлар аралашуви билан “Аёллар дафтари”га киритилган 1301 нафар хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, уларни қийнаётган 929 та муаммо ҳал этилишига эришилди.
     “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамаларида ҳам партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши аъзолари иштирокида “Конституциявий ислоҳотларда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида давра 250 дан ортиқ давра суҳбатлари ташкил этилди ва партиянинг фаол аъзолари томонидан 800 га яқин таклифлар берилди.
     “Соғлом аёл — буюк келажак” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга жалб қилиш борасида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида хотин-қизлар ўртасида 986 маротаба спорт мусобақалари ва марафонлар ўтказилди.
     Шунингдек, жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда ва долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда хотин-қизларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида аҳоли орасида малакали мутахассислар иштирокида турли семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилди.
     Бу бежиз эмас. Боиси сўнги йилларда хотин-қизлар муаммоларининг энг асосий сабабларидан бири оилавий ажримлар натижасида боқувчисиз қолган аёлларнинг ижтимоий инқирозга тушиб қолаётганидир.
     Ҳар қандай жамият ва цивилизациялар оилавий муносабатлар атрофида шаклланган ва ривож топган. Давлат ва жамият равнақи ҳамда инқирози ҳам бевосита оилавий муносабатларнинг ҳолатига боғлиқ. Оила ва оилавий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш ҳар қандай давлатнинг стратегик манфаати сифатида миллий хавфсизликнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади.
     Мамлакатимизда жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган оилани, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш бўйича мунтазам чора-тадбирлар амалга оширилишига қарамасдан ажримлар сонининг ошиб бораётганлиги кузатилмоқда.
     Бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан мамлакатимизда ўтказилган муҳим сиёсий жараёнларда судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган эди.
     Ўз ўрнида, мамлакатимиз тарихида муҳим сиёсий жараёнларга бой бўлган 2023 йилнинг 21 декабрь куни давлатимиз раҳбари томонидан “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилингани ва унда 2024 йилнинг 1 февралидан тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд ва Наманган шаҳарлари туманлараро судларининг 2 нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда, “Оила судьялари” ташкил этилаётганлиги юқоридаги сўзларимизнинг тасдиғидир.
     “Оила судьялари”ни ташкил этиш каби долзарб партия ташаббусларининг амалиётга жорий этилиши оилавий ажримларнинг олдини олиш, ушбу йўналишдаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш каби жамиятдаги ижтимоий муаммоларнинг ечимига хизмат қилади.
     Бундан ташқари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир қонунларнинг, давлат дастурининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган жами 1 420 та ўрганишлар (шундан “Аёллар дафтари” бўйича 683 та ва “Темир дафтар” бўйича 737 та) ўтказилиб 70 696 нафарга яқин иштирокчи қамраб олинди.
     Шунингдек, партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудий Кенгашлари фаоллари ва депутатлари кўмагида 1475 нафар ишсиз хотин-қизларнинг ишга жойлаштиришишга кўмаклашилди.
     Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги имкониятлардан уларнинг тўғри фойдалана олишида, берилган имтиёзларни жамият ва давлат равнақи йўлида тўғри қўллай олишида нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти ташкилотларининг ва халқ вакилларининг устувор вазифаларидандир.
     Мухтасар қилиб айтганда, аёлларни ардоқлаш, оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан катта аҳамият берилмоқда. Зотан, опа-сингилларимизга муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратилишида фаол бўлиш, уларни илм олишга, жамиятда фаол бўлишга ундаш нафақат партияларнинг, балки барчамизнинг ҳам вазифамиз ҳам муқаддас инсоний бурчимиздир. Зеро, аёл — жамият кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати келажагимиз эгаларининг жонажон Ватанимиз равнақи ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги йўлида садоқат билан хизмат қилишида муҳим омил ҳисобланади.

Гулнисо Саидова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш
бошқармаси бошлиғи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот