...Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур...


   Юнон мутафаккири Назианзин: "Ҳар қандай гуноҳ қалбнинг ўлимидир", - деган эди.
   Орамизда қанча~қанча қалби ўлганлар борлигидан афсусдамиз... 
   "... Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур...”
   Нима учун яшаяпмиз?
   КЎПЧИЛИКНИ ларзага солган мудҳиш хабар: “Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 31 январь куни 12 ёшли қиз бедарак йўқолган. 1 февралга ўтар кечаси соат тахминан 2:30 ларда унинг мурдаси ўз уйи яқинидан топилган. Ҳолат юзасидан 29 ёшли эркак ушланган, унга нисбатан Жиноят кодексининг  тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, “гумонланувчи шахс 2022 йилнинг ёзида марҳуманинг хонадонида ёлланма ишчи сифатида таъмирлаш ишларини амалга оширган”.  
   Бу воқеа барчанинг руҳини синдирди, миллат шаънини оёқости қилди. Ота-оналар хавотиру таҳликада. Тафсилотларини тилга олиш қанчалар оғир бўлмасин, бу фожиа юзасидан ижтимоий тармоқларда сенаторлар, депутатлар, олимлар, журналистлар, блогерлар, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари, оддий одамлар ўз фикрларини ғазаб, алам, чексиз нафрат билан билдиряпти. Ўз юртида, ўз маҳалласида, ўз кўчасида ёшгина қизнинг куппа-кундуз куни шундай ёвузлик қурбони бўлиши мудҳиш воқеа, албатта. Кўпчилик қонунларимизга қатъийроқ нормаларни киритиш шартлигини билдирмоқда. Ҳатто бундай оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайтариш кераклиги ҳақидаги ҳақли талаблар ҳам бор. Чунки бундай хавотирга ўрин бор, қатъий ҳимояга эҳтиёж бор. Бундан аввал ҳам юртимизнинг айрим ҳудудларида пичоқланган, бўғиб ўлдирилган, ёқиб юборилган, сувга чўктирилган аёллар, уриб ўлдирилган ўсмирлар, эътиборсизлик ва масъулиятсизлик қурбони бўлган гўдаклар фожиасини барчамиз яхши биламиз. Уларнинг изи ҳали совигани йўқ, алами ҳали унутилгани йўқ. Ҳеч қачон унутилмайди ҳам.
   Одамзод шаклида юрган бундай тубан ва разил кимсалар ўзбек қавмидан эмас, бизга бегонадир, дегинг келади. Биз зўравонликка қаршимиз деймиз-у кўз ўнгимизда рўй бераётган даҳшатли тажовузларни бир икки кун ўзимизча муҳокама қилиб, кейин ўтказиб юборамиз, ҳаммасини жуда тез унутамиз. Эски фожиалар янги фожиалар остида қолиб кетаверади, кўпаяверади... Расмийлар ҳам бу ишлар худдики бўлмагандек, ўз йўлида давом этаверадими? Нега шундай?! Қандай жамиятда яшаяпмиз ўзи деган саволга жавоб топа олмайсан гоҳида. Ахир кейинги 3-4 ойда қанча фожиалар содир бўлди, қанча ғаму андуҳлардан одамларнинг қадди букилди, қанча гуллар хазон бўлди? Нега гапириши, чора кўриши, бу кўргуликларни бартараф қилишга бош бўлиши керак бўлганлар жим?! Инсон ҳаёти, миллат шаъни, қадр-қиммати, ори, ғурури Сиз учун бир пулми?! Жамият бундай ваҳший кимсалардан тозаланмас экан, бундай қора кунлар яна кимнингдир бошига тушмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 
   Зўравонликка, бундай тажовузларга ҳар бир киши жабрдийдаларнинг ўрнига ўзини қўйиб қарши курашмас экан, бирор натижа чиқиши қийин. Миллатимиз фарзандларини, жондан азиз қоракўзларимизни асрашга, наҳотки, қурбимиз етмайди?! Наҳотки, шунчалар ожизмиз, нотавонмиз?! Жамиятдаги бу разолатга, бу фалокатга қарши тура олмасак, тоат-ибодатларимиз, орзу-ниятларимиз, амалга ошираётган барча ишларимиз сариқ чақага арзимаслиги аниқ! Ким учун, нима учун яшаяпмиз ўзи?!
   Қонун бор-ку дейсизми?! Тўғри, қонун бор... 
   Афсуски, қонунларимиз кучли бўлганида эди, бундай мудҳиш воқеалар содир бўлмасди, бот-бот такрорланмасди... Минг афсус! Бугун бу фожиа қонунларимизни ҳам титратиши, ўзгартириши керак аслида. 
Чет элда бундай жиноят учун жазо қатъий...
   Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра ХОДЖАЕВА саҳифасидан олинган, чет давлатларда айнан шундай зўравонлик учун белгиланган жазолар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ:
   “1996 йилдан буён АҚШда педофилларга нисбатан кимёвий кастрация қўлланилади. Калифорния штатида 13 ёшгача бўлган шахсга нисбатан такроран жинсий зўравонлик қилган шахслар, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан бўшагандан сўнг, мажбурий тартибда кимёвий кастрация қилиниши талаб этилади.
   Германияда болаларга нисбатан жинсий ҳуқуқбузарликлар 6 ойдан 10 йилгача қамоқ билан жазоланади. Ўлимга олиб келадиган зўрлаш учун ўлим жазоси қўлланилади. Буюк Британияда кимёвий кастрация 2008 йилдан бери қонунийдир.
   Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони, Хитой, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари, Покистон, Жанубий Корея ва Кубада педофиллар қатл этилади. Кўпинча бунинг учун усуллар жуда шафқатсиз танланади. Нигерия ва Жануби-шарқий Африкада тубан шахслар омма олдида тириклайин ёқиб юборилади. Яманда жиноятчилар омма олдида отиб ташланади ва қатл телевидение орқали намойиш этилади. Бу бошқа тубан шахслар учун ўзига хос визуал профилактика бўлиб хизмат қилади. Эронда зўрловчилар ва педофиллар омма олдида осилади. Индонезияда уларни махсус қамчи билан уришади. Кўпгина мамлакатларда “Болаларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этганликда айбланган шахсларнинг ягона реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинмоқда. Унга вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилганлар киради. Қонун чиқарувчиларнинг фикрига кўра, реестр болалар муассасасига (мактаб, болалар боғчаси, болалар лагери ва бошқалар) кимнидир ишга олишдан олдин, иш берувчи бу шахснинг жинсий жиноятларда айбланганлигини текшириши учун зарур. Бундай маълумотларни уйга энага олишни ният қилган ота-оналар олиши мумкин. 
   Қозоғистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб педофилия учун жазо Қозоғистонда кучайтирилди, энди вояга етмаган боланинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилганлар йигирма йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади”. 
   Қонунларимизда номусга тегиш  билан боғлиқ ҳолда қасддан одам ўлдириш жинояти 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунга қарамасдан бундай турдаги жиноятлар камаймаётганлиги кишини ташвишга солади. Бу эса бундай турдаги жиноятлар учун янада кескинроқ санкцияларни қўллаш кераклигини тақозо қилади.
   Разолат ботқоғига қачон ботдик?
   Кулфат ташқаридан келмайди, у бизнинг ўзимизда, ич-ичимиздадир. Нималарни бой берганимизни, нималарни йўқотаётганимизни, наҳотки, тафтиш қилишдан йироқмиз? Биринчи сабабни қонунларимизнинг қатъий эмаслигидан, жазони кучайтириш лозимлигидан ахтардик, ишсизликни баҳона қилдик, тарбиясизлик, маънавий қашшоқлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадик. Бирор кўнгилсизлик бўлса, ота-оналарни болаларига бепарво, эътиборсиз, масъулиятсизга чиқардик, ҳушёр бўлсин, улардан хабардор бўлсин, деган иддаолар билан барча юкни ота-оналар елкасига ортиб, елкамиздаги юкдан халос бўлдик. 
   Гумонланувчи муқаддам судланган, деган аргументнинг ўзиёқ ижтимоий хавфнинг юқорилигидан далолат бермайдими? Унинг саёқ юриши билан кимнинг иши бор, албатта, ҳеч кимнинг... Сўққабош эмасдир, ота-онаси, опа-синглиси бордир. Маҳаллада оқсоқол, посбон, профилактика инспектори йўқми? “Хавфсиз ҳудуд”, “хавфсиз шаҳар” деган эртакларни энди кимга айтиш эртакчиларнинг виждонига ҳавола. 
   Жамиятдаги бундай тубанлик қачон пайдо бўлди? Бу ҳақда бир оиланинг бошига мана шундай мусибат тушган чоғдагина ўйлаб қоламиз. Кейин яна қорлар эриб, излар йўқолгандек, ҳаммаси унутилади. Қачонгача бундай принципсизлик, масъулиятсизлик давом этади? 
   Маънавиятли инсонни тарбиялаяпмиз, маънавият тарғиботини кучайтираяпмиз, деб ўзимизча жар соламиз, турли-туман тадбирлар, форумлар ўтказамиз. Маънавият карвонидамиз, деб ижодий сафарлар қиламиз. Ҳайқириб шеър айтамиз, қўшиқ айтамиз, узундан-узун маърузалар қилишни маънавият тарғиботи деб ўйлашга ўрганганмиз. Агар маънавият ҳақидаги бундай амалларимиз нишонга текканида, самара берганида эди, бугун бировнинг ҳаққини ейдиган каззоблар, бировнинг бурнини қонатадиган, ўз синглисидек бўлган норасида қўшнисига тажовуз қиладиган  ваҳший ва тубан ёшлар пайдо бўлмасди! Жамиятда бундай воқеалар содир бўлаётганлиги учун ҳар биримиз ўзимизни айбдор деб ҳисоблашимиз керак! Бундай тубанликларнинг такрорланишига йўл қўйиб бўлмайди! 

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот