КОРРУПЦИЯ ПОЛИКЛИНИКАДАН БОШЛАНАДИМИ?


 

     Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ҳақиқатдан ҳам коррупция қаердан бошланади? Шу савол юзасидан жияним Сарвинознинг фикрини билишга қарор қилдим.

“Ҳомиладорлик давридан, — деди дабдурустдан Сарвиноз”.

Нега ундай деяпсан?” — дея яна сўроққа тутдим уни.

“Чунки ҳомиладорлик пайтингизда поликлиникага рўйхатга туриш учун албатта чиқишингиз шарт. Шунда гинеколог сизга дафтар, ручка, перчатка ва қўлини ювиш учун совун олиб келишингизни ёки пулини беришингизни айтади. Сиз у айтган нарсаларнинг ҳаммасини тўсатдан мўҳайё қилолмайсиз. Шунинг учун пулини бериб қўя қоласиз. Туғруқхонага боришдан аввал яна гинекологдан “Абменкарта” олишингиз шарт. Бўлмаса туғруқхонага қабул қилишмайди. Бу картани осонликча қўлга киритолмайсиз. Гинекологни “рози қилиш”ингиз керак. Улар очиқдан-очиқ пул беришингизни талаб қилишади. Яна шуларга ишим тушади, дея тишингиз кавагида асраб юрган пулингизни қандай чиқариб берганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз! Энди навбат туғруқхонага! У ерда танишингиз бўлса хўп-хўп, бўлмаса “қассоблар”ни қўлига тушишингиз тайин. Қўлингизга узундан узун рўйхатни тутқизишади. Уни ичида перчатка, болалар комплекти, пленка... Хуллас олиб келолмасангиз пулини беришингиз шарт бўлиб қолади. Нариги томонда эса турмуш ўртоғимни қон топширишга мажбурлашади. Қон топширмаса пулини бериши лозим. Туғруқхонадан чиқиш у ерда ишлайдиганлар учун ҳақиқий байрам. Шифокор, доя, ҳамшира, санитаркадан тортиб қоровулгача сизнинг ортингиздан келганлардан умидвор! Ҳаммасининг чўнтагига нимадир тиқишингиз керак! Бўлмаса лаб-лунжи осилиб қолади. Кейинги сафар ҳам келишингизни ўйлашингиз, эшикни қаттиқ ёпмаслигингиз зарур. Уйга қайтгач, албатта, болангизни тиббий кўрикка олиб чиқасиз. У ердаги шифокору ҳамширанинг ҳам чўнтагига бир нима солмасангиз яхши қарашмайди. Хуллас, мени тилимни қичитиб, асабимни таранг қилманг. Гапираман десам гап кўп. Бошқаларнинг ҳам фикрини билинг!” деди у.

Хуллас Сарвиноз поликлиника ва туғруқхонасидаги кузатувларини гапирди.

Танишим Моҳирага ҳам юқоридаги саволни бердим.

 “Яқинда қариндошим Тошкент шаҳридаги туғруқхоналарнинг бирида фарзандлик бўлди. Уни кесерча операция билан боласини олишди. Шифокорга қариндошимнинг аҳволини билиш учун учрагандим, унинг аҳволи яхшилигини, назорати остида эканлигини айтиб, 200.000 сўм пул сўради. Духтирлар яхши қарашсин, майли айтган пулини берақолай деб сумкачамдан чиқариб бердим. Яхшиямки ёнимда кўпроқ пул бор эди. Шифокор менга “Катта ҳамширага, анистезологга 100 минг сўмдан, 2 та санитаркаларга 50.000 сўмдан беришни унутманг!” дея тайинлади. Шифокорга “Майли” дея биринчи қаватга тушдим. Ортимдан бир ҳамшира пул ундириш умидида ортимдан эргашди. Аксига олиб йўлкирага етадиган пулим қолганди. Нима қилишимни билмасдан ўша атрофда ўриндиқда ўтирган қариндошимнинг турмуш ўртоғига ҳамширани кўрсатиб пул беришини айтдим. Куёв ҳам ҳамма чўнтакларини кавлаб, амаллаб, борини ҳамширанинг қўлига тутқазди. Шу ҳам инсофданми? Бу куппа кундуз куни товламачилик қилиш билан баробар эмасми?” — дея улардан ранжиди Моҳира.

Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилган. Бундан ташқари поликлиникалар ва шифохоналарда (хусусий, пуллигидан ташқари) “Тиббий хизмат бепул” деб ёзиб қўйилган. Аммо бунга ўша ердаги ходимларнинг кўпчилиги амал қилмаяпти. Хизмат вазифасини бажаришда манфаатдорликка йўл қўяпти. Яъни товламачилик қиляпти. Дўхтир ва ҳамширанинг ҳаракатида жиноят аломатлари, яъни қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиши (ЖК 214-моддаси) мавжуд. Мазкур модданинг қисқача мазмунини ифодалайдиган бўлсак товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш бу — давлат органининг, мулк шаклидан қатъий назар корхона, муассаса ёки ташкилотнинг мансабдор шахс бўлмаган хизматчисининг хизмат вазифаси доирасига кирадиган муайян ишни бажариши ёки хизмат кўрсатиши эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб моддий манфаатдор бўлишликдир. Бундай жиноятни содир қилган шахсларга, талаб қилинган ҳақнинг миқдори ва такрор қилинганлиги ёки илгари судланганлигига қараб жарима, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

( Жиноят кодексининг 214-моддаси. Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши

Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Афсуски бундай ҳолат ҳамон атрофимизда учраб туриши ачинарлидир. Бундай ҳолатдан қутулиш учун авваламбор биз ўзимиз ҳақ-ҳуқуқимизни билишимиз ва талаб қилишимиз зарур. Шундагина коррупциянинг илдизига болта урамиз.

 

Хонбиби МАХАМОВА, журналист