Вольфганг Амадей Моцарт


   Вольфганг Амадей Моцарт (Wolfgang Amadeus Mozart - 27 январь, 1756 й., Залсбург — 5 декабрь, 1791 й., Вена)  австриялик машҳур бастакор. Унинг 600 дан ортиқ композициялари орасида симфония, концерто, камер, пианино, опера ва хор учун ёзилган асарлар бор. Моцартнинг ишларидан бошқа кўпгина бастакорлар илҳомланишган ва унинг асарлари ҳамон оркестрларнинг стандарт репертуарларидан жой олган.
  Моцарт — мумтоз мусиқа мактабининг йирик намояндаси. Созанда, ўқитувчи ва бастакор. Леополд Моцартнинг ўғли ва шогирди. Ёшлигидан-оқ ноёб мусиқий истеъдод ва хотира эгаси, виртуоз созанда (пианиночи, скрипкачи), моҳир дирижёр ва бастакор сифатида танилган: 5 ёшидан илк мусиқа асарларини ижод этган, 6 ёшдан бутун Европа бўйлаб гастролда бўлган. 1770 йилдан Болоня Филармония академияси аъзоси.
  Маърифатчилик даври ғоялари таъсири остида камол топган Моцартнинг ижоди 18-асрнинг бадиий чўққиларидан бири. Моцарт услубида мумтоз тизимга хос рационализм мезонлари билан бирга сентиментализм хусусиятлари ўзаро туташган. Кенг қамровли мусиқий-бадиий образлар дунёсида жўшқинлик ва чуқур эҳтирос, ирода ва матонат, айни пайтда нафислик ва майинлик хусусиятлари кенг ўрин олган. Унинг шодлик, хушчақчақ туйғуларга бой, ҳаётбахш ижодида фожиа мавзулари, дард-алам кайфиятлари ҳам чуқур ифода топган.
  Энг йирик мусиқа усталари ўртасида Моцарт ўз ижодининг серқатламлиги ва кенглиги билан ажралиб туради. Моцарт деярли барча мусиқа жанрларига мурожаат этиб, 600 га яқин асар яратган, мусиқа тарихида гўзаллик ва мукаммал уйғунлик тимсоли сифатида ўз номини қолдирган. Моцарт операнинг янги турларини яратган. „Фигаронинг уйланиши“ опера-комедияси (1786), „Дон Жуан“ опера-драмаси (1787), „Сеҳоли флейта“ миллий опера-эртаги (1791) (жами 17 та) жаҳон мусиқали театри хазинасининг дурдоналарига айланган. Булардан „Заида“ (1780), „Ҳарамдан олиб қочиш“ (1782), „Қоҳира ғози“ (1783) каби операларида Шарқ мавзуларига мурожаат қилган. Моцарт ижодида симфония (50 га яқин), чолғу концерт (40 га яқин), торли квартет (23 та), фортепиано сонатаси (21 та) ривож топган. Моцарт, шунингдек, турли чолғу асарлар, кантата, месса, камер ансамбллар, қўшиқлар муаллифи. Унинг сўнгги асари — „Реквием“ (1791, шогирди Ф. Зюсмаер тугаллаган) мазкур жанрнинг мумтоз намунасига айланган. Залсбургда халқаро „Мозартеум“ (таркибида илмий, ўқув, концерт бўлимлари мавжуд) муассасаси фаолият кўрсатмоқда (1880-йилдан).

Манба: Википедия.

  Вольфганг Амадей Моцарт 1756 йилнинг 27 декабрида Леопольд ва Анна Мария Моцарт оиласида таваллуд топган. Леопольд ва Аннанинг етти фарзандидан фақат иккитаси – Наннерль исмли қизи ва ўғли Вольфганг яшаб кетган.
  Вольфганг туғилганда, онаси сал бўлмаса ҳаёт билан видолашай деган. Черков қайдномасида гўдакнинг исми Johannes Chrysostomus Wolfgangus Theophilus (Gottlieb) Mozart деб битилган. Бу узун исм-шарифдаги дастлабки икки сўз – авлиё Иоанн Златоустнинг номи бўлиб, кундалик муомалада деярли ишлатилмаган, тўртинчи сўз эса Моцарт ҳаётлик чоғида лотинча Amadeus шаклига ўтган. Amadeo итальян тилида “Худонинг суюклиси” деган маънони билдиради. Моцартнинг ўзи эса уни Вольфганг деб чақиришларини маъқул кўрган.
  Иккала фарзанднинг ҳам мусиқий қобилияти жуда эрта ниш кўрсатди. Наннерль етти ёшида отасидан клавесин чалиш бўйича дарс ола бошлади. Бу сабоқлар уч ёшли мурғак Вольфгангга ниҳоятда кучли таъсир ўтказар, у мусиқа асбоби олдига ўтирволиб, ўзича оҳанглар дунёсига шўнғир эди. Бундан ташқари, у мусиқий асарларнинг баъзи жойларини ёдида сақлаб қолар ва кейин клавесинда ижро қилар эди. Бу ҳол унинг отасини ҳайратга солади, албатта. Тўрт ёшидан бошлаб у клавесинда кичик пьеса ва минуэтларни машқ қила бошлайди. Жуда қисқа муддат ичида Вольфганг уларни тўлиқ ўзлаштириб олади. Тез орада у мустақил равишда ижод қилишга ўзида рағбат сезади: беш ёшида Вольфганг илк кичик машқларини яратади ва отаси уларни оққа кўчиради. Вольфгангнинг илк асарлари клавир учун мўлжалланган Анданте До мажор ва Аллегро До мажор бўлиб, улар 1761 йилнинг январь ойи охири ва апрель ойида, яъни Вольфганг беш ёшлик пайти яратилгани ҳақида Леопольд Моцарт ёзиб қўйган.
  Вольфгангнинг мусиқий қобилияти ҳайратланарли даражада эди: олти ёшида у клавесиндан ташқари, мустақил равишда скрипка чалишни ўрганиб олади.
  Сарой созандаси, Моцартлар оиласининг дўсти Андреас Шахтнернинг бир мактубидаги маълумотга қараб, Вольфгангнинг оҳангларни илғаш қобилияти нақадар нозик, инжа эканига амин бўламиз. Унинг ёзишича, Моцарт ўн ёшигача труба созидан роса қўрқар, айниқса, бошқа созлар иштирокисиз фақат трубанинг ўзида чалинган оҳанглар уни ваҳимага солар экан. Бу соз унга гўё тўппончани эслатарди, дейди у. “Отам, – деб ёзади Шахтнер, – уни бу қўрқувдан халос қилишни хоҳлар, шу боис Вольфгангнинг истагига қарши ўлароқ, унинг юзига қараб труба чалишимни буюрарди; Э, Худойим! Яхшиси, отамнинг айтганини қилмаганим маъқул эди. Вольфганг бўғиқ овозни эшитар-эшитмас, ранги оқариб, ерга ётиб олар, агарда чалишда давом этсам, тутқаноқ тутгандай ҳолатга тушарди”.
  Вольфганг ўз отасини жуда яхши кўрарди. Оқшомлари ётиш олдидан отаси уни креслога турғазиб қўйиб, биргаликда Вольфганг ўйлаб топган, сўзлари ҳеч қандай маъно англатмайдиган “Oragnia figa tafa” қўшиғини биргаликда куйлар эдилар. Кейин ўғил отасининг бурни учидан ўпиб қўяр ва қариган чоғида уни ойнали ғилофда сақлаб, эъзозлашини айтар эди. Шундан сўнг у қониқиш ҳосил қилганича ухлашга ётар эди. Отаси намунали мураббий ва устоз эди – фарзандларига жуда яхши таълим берган эди, ҳолбуки улар мактабга қатнамас эдилар.
  Ҳар қандай машҳур, истеъдодли шахслар каби Моцартнинг болалиги, ёшлиги ҳақида ҳам кўп ҳикоятлар тарқалган. Уларни ўқирканмиз, Вольфганг Моцартнинг ўзига хос табиати, истеъдоди ҳақидаги тасаввурларимиз кенгаяди.
  Моцартнинг фавқулодда истеъдодга эга бўлганлиги маълум. У тўрт ёшида клавишли чолғу асбоблари учун концерт – мураккаб мусиқа асари ёзади. Бундай асарни маҳоратли ва тажрибали санъаткорларгина ижро этиши мумкин эди. Моцартнинг меҳрибон отаси ҳали ёзиб тугатилмаган ноталарга қараб ҳайратга тушади:
– Ахир, бу куйларинг жуда мураккаб-ку, уни ҳеч ким чала олмайди!
– Қизиқмисиз, дада, – эътироз билдиради Вольфганг, – Уни ҳатто ёш болалар ҳам чала олади-ку. Масалан, мен…
  Моцартнинг бутун болалиги турли тадбирлардаги чиқишлар ва мусиқа машғулотлари билан ўтган. Ёш истеъдод соҳиби Европанинг турли бурчакларида ташкил этилган концертларда оқсуякларни ҳайратга солиб юради: отаси Моцартнинг кўзини рўмолча билан ёпиб қўяр, у ана шу ҳолатда ҳам куй ижро этарди. Ҳатто чолғу асбобининг клавиатура-тугмаларини ҳам рўмолча билан ёпиб қўйишар, шунда ҳам болакай ўз ишини уддалай оларди.
  Концертларнинг бирида саҳнага тўсатдан мушук чиқиб келади. Ёш Моцарт куй чалишни тўхтатиб, мушук томон югуриб кетади. Ҳамма нарсани унутиб, мушук билан овора бўлади. Отасининг асабий бақириғига жавобан эса шундай дейди:
– Чолғу асбобим ҳеч қаёққа кетмайди, лекин мушук кетиб қолса нима қиламан?!
  Ёш Моцарт император саройида чиқиш қилгач, малика Мария-Антуанетта унга ўзининг ҳашаматли саройини кўрсатмоқчи бўлади. Залларнинг бирида паркет полда юролмаган Моцарт сирпаниб йиқилиб тушади. Малика унинг туришига ёрдамлашади.
– Менга илтифот кўрсатдингиз… – дейди ёш мусиқачи, – сизга уйланишимга рухсат беринг.
  Мария-Антуанетта бу ҳақда онасига айтади.
  Қиролича ҳали ёшгина мусиқачидан сўрайди:
– Малика ҳазрати олияларига нима сабабдан уйланмоқчисан?
– Миннатдорчилик юзасидан, – жавоб беради Моцарт.
  Етти ёшли Моцарт Франкфурт-на-Майнеда концерт беради. Томоша тугагач, унинг олдига ўн тўрт ёшли бир бола келади:
– Жуда ажойиб чалар экансан, менга ҳеч қачон бунақасини ўргатишмаган.
– Наҳотки! – ажаблананади ёш Вольфганг, – бунинг ҳеч қанақа қийин жойи йўқ. Нота ёзиб кўрганмисан?… Каллангга келадиган куйларни қоғозга туширганмисан?…
– Билмадим… Менинг калламга фақат шеър келади, холос.
– Йўғ-е! – баттар ҳайратланади Моцарт. – Шеър ёзиш жуда қийин дейишади, шу тўғрими?
– Бекор гап, жуда осон-ку. Бир уриниб кўргин…
  Моцартнинг суҳбатдоши ёш Гёте эди.
  Вольфганг етти ёшида биринчи симфониясини, ўн икки ёшида эса биринчи операси “Бастьен ва Бастьена”ни ёзади. Болон академиясида йигирма олти ёшга тўлмаган киши академикликка қабул қилинмас эди. Лекин Моцартдай фавқулодда иқтидор эгаси учун истиснога йўл қўйилади. У ўн тўрт ёшида Болон академияси академиги бўлиб сайланади.
  Отаси уни қутлаган пайт дейди:
– Дада, мана академик ҳам бўлдим, энди ярим соат ўйнаб келишимга рухсат берасизми?

Ҳикоятларни Орифжон Мадвалиев тайёрлади.
«Ёшлик» журнали, 2015 йил, 7-сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот