Тушириб юбор... "Ҳаётимнинг бир куни" танловига


Нозик меҳмон

     Ўша куни тоғамнинг туғилган куни эди. Табриклашга улгурмай туриб, ўзлари тонг саҳарда қўнғироқ қилиб қолдилар:
– Жиян, бугун шаҳардан қайтишингда битта каттакон торт олиб келгин. Нозикроқ меҳмонларим бор. Фақат кечикиб-нетиб юрмагин.
      Жавобимни эшитмасдан гўшакни қўйиб қўйдилар. Ҳайрон бўлдим. Ким бўлиши мумкин у нозик меҳмонлар? Ҳа майли, шу торт мендан совға бўла қолсин.
     Киракаш бўлганим учун кун давомида шаҳарга бир неча маротаба тушиб чиқишимга тўғри келади. Бугун сўнгги рейсим кеч тугаганига қарамай тоғамнинг илтимосини бажариш учун шаҳарнинг четидаги машҳур ширинликлар дўконига йўл олдим. Пули ҳам ўзига ўхшаб чиройлигина бўлган тортни сотиб олдим-да, уни авайлаб, машинанинг олдинги ўриндиғига қўйиб қўйдим. 
     Айланиб жойимга ўтирмоқчи бўлгандим, кимдир енгимдан тортиб тўхтатди. Синфдошим экан. Бироз туриб қолдик. Хайрлашим нари кетгач, мен ҳам машинам томонга юрдим.
     Биласизми, машинамнинг битта айби бор. Ҳайдовчи ўриндиғи томондаги эшик осонликча ёпила қолмайди. Шунинг учун ўтириб олгач, бор кучим билан тортишим керак. Бу сафар ҳам шундай қилдим. Фақат...
     Фақат... бир қўлим билан ён ўриндиққа суяниб, иккинчи қўлим билан эшикни ўзим томонга тортибман. Ўнг қўлимга теккан юмшоқ нарса нима эканлиги аввал ҳаёлимга келмади. Эслагач эса, оёғимгача музлаб кетдим. 
     Тортни олдинги ўриндиққа қўйганим буткул ёдимдан чиқиб кетган экан. Билмасдан қўлимни тўғри тортнинг устига ташлаган эканман.
     Яхшиям бу ҳол дўкондан узоқлашмай туриб содир бўлди. Акс ҳолда, тоғам нозик меҳмонлари олдида роса изза бўларди-да ўзиям. Совғам эса, анча қимматга тушди. 

Элдор, Қашқадарё вилояти.
 
"Сенга қарайми, йўлгами”?

     Қишлоғимизда бир кекса ҳайдовчи бўларди. Ўзи ҳам ғалатигина эди. жаҳли тез, жиззаки, кўпам гапга аралашавермагани учун ҳамма ундан ҳайиқиб турарди. 
     Бир куни йўлга чиқсам, ўша таниш амаки келиб тўхтади. Чиқдим. Салон ҳам тўлагина экан. Шаҳаргача йигирма дақиқалик йўл. Лекин ҳеч ким бир-бири билан гаплашмайди. Зерикиб ойнадан ташқарини томоша қилиб кетаётгандим, йўл посбонларининг ҳуштаги чалиниб қолди. Машина бир силкиниб тўхтади. Милиционер аввал ҳайдовчининг ўсиб кетган соч-соқолига, кейин эса, салондаги йўловчиларга кўз ташлаб чиқди-да, ҳайдовчига қараб:
– Амаки, қаерга шошяпсиз? Қизил чироқда ўтиб кетдингиз. Қолаверса, йўл четида назоратчилар турган бўлса, кўзингизга қараб юрмайсизми?  - деди. 
     Бизнинг амаки ҳам эшитиб турди-да, жавоб қайтарди:
– Менга қара болам, сенга қараб юрсам, йўлга ким қарайди? Бошимни қотирмагин. Сенга қарайманми, йўлгами?
Гап-гапга уланиб, можаро анча чўзилиб кетди. Биз эса, ўқишга кечикмаслик учун бошқа такси ушлашга мажбур бўлдик. Аммо ўша амакининг "Сенга қарайманми, йўлгами?” ибораси ҳайдовчилар ўртасида анчагача кулгига мавзу бўлиб юрди.

Элнур ОҚҚЎЗИЕВ, 
Қарши тумани.
 
"Керак бўлса тушириб юбор...”

     Йўлда юрган одам кўп нарсаларга гувоҳ бўлади-да. Эшитиб баъзиларига ишонгингиз келмайди, баъзиларига қотиб-қотиб куласиз.
     Бир ҳайдовчи дўстим бор. Ҳар гал йиғилиб қолгудек бўлсак, ажойиб воқеаларни гапириб беради. Шулардан бири менга жуда ҳам ёқиб қолган. 
     Айтишича, маҳаллаларида бир такси ҳайдовчи бор экан. Қўшниси ҳар куни эрталаб йўлга чиқишини пойлаб тураркан. Ноилож, уни машинага чиқаришга мажбур бўларкан. Аммо зиқнагина қўшни ҳар гал фақат "раҳмат” айтиб тушиб кетаркан.
     Ҳайдовчининг ҳам жаҳли чиқар, аммо "ён қўшни, жон қўшни” деганларидек, юз-хотир қилиб бирон гап айта олмас экан. Ўрнига ортиқча одам олар, шунда ҳисоб тўғри бўларкан.
     Бир куни ёнида ўша қўшниси, орқада битта ортиқча одам билан кетаётганда, йўл назоратчилари тўхтатиб қолишибди. Қараса, ортиқча йўловчи бор эмиш.
– Узр, ака, хизматчилик. Сизга жарима ёзамиз. Салонда ортиқча йўловчи билан кетаётган экансиз, - дебди назоратчи. 
Буни эшитган ҳайдовчининг сабр косаси тўлиб, назоратчига қараб:
– Қанақасига ортиқча одам бўлсин? Мана бу барибир пул бермайди. Ўрнига бошқа йўловчи оламан-да. Агар ортиқча бўлса, шунинг ўзини тушириб қола қолинг, - дермиш.
 
Зокир БОЙНАЗАРОВ,
Сирдарё вилояти.
 
ОЛМОС ёзиб олди.