Таълимга иштиёқ оилада шаклланади


     Шакархон Хасанова - 1958 йилнинг 11 Сентябрь куни зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1980 йилда Тошкент Педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган ва шу йилдан мактабда иш фаолиятини бошлаган. 2002 йилдан 2022 йилгача 20 йилдан бери 186 мактабда ишлаб келаяпти. 

- Шакархон опа, серфарзанд оилада туғилган экансиз. Болажон оилада ўсганингиз болаларга бўлган меҳрингизга сабабчи десак бўладими?
- Отам болалар уйида вояга етган. Шу сабабли фарзандлари кўп бўлишини истаган. Оиламизда саккиз фарзанд - бешта ўғил, учта қиз бўлганмиз ва ҳаммамиз олий маълумот олганмиз.
- Ўқувчиларга меҳр билан муносабатда бўласиз. Ҳар доим оғир-босиқ эканлигингизга ҳавас қиламиз.
- Мактабда ўзимни болалик давримга қайтгандек бўламан. Болалардаги фаоллик, ғайрат менга куч-қувват бағишлайди. 
- Ўқувчиларнинг савол бериши дарсга бўлган қизиқиши ва фаоллигини билдиради. Аммо тасаввур қилинг, қайсидир ўқувчи қўл кўтариб: "дарс қачон тугайди?"- деб савол берди. Синфда "гурр" этиб кулги кўтарилди. Сиз бундай ҳолатда қандай йўл тутасиз?
- Башарти шунақа савол билан мени мулзам қилишга уринса, мен тутақиб, қизишиб, бақириб, асабимни бузиб ўтирмайман. "Марҳамат, сиз учун дарс тугади деб ҳисоблашингиз ва бемалол чиқиб кетишингиз мумкин", - деб жавоб бераман.
- Ўқитувчи қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? 
- Энг аввало, ўқитувчи ўқувчиларга ҳар томонлама ўрнак бўла олиши зарур. Кийинишда ҳам, муомалада ҳам, илм борасида ҳам ва ҳоказо. "Домланинг айтганини қилгину қилганини қилма", деган гап бор. Таассуфки, ўзи ўргатганларига амал қилмайдиган кишиларга нисбатан айтилган бўлса-да бу сўз, ўқитувчилар шаънига эриш туюлади. Шунинг учун ўқитувчи ўқувчиларга нисбатан самимий бўлиши, ҳурмат билан муносабатда бўлиши керак. Ўқитувчи қачонки ростгўй, ҳалол ва ўргатган ўгитларига ўзи ҳам риоя этсагина, ўқувчилар наздида ҳурмати ортади.  
- Мактабда ҳар хил вазиятлар бўлади. Айрим ота-оналарнинг жанжал қилишлари ёки шаллақилик қилганча бақир-чақирларига жавобан вазминликни йўқотмаганингизга гувоҳ бўлганман. Вазминликни сақлай олишга, асабларингизни тоблашга қандай эришгансиз?
- Таассуфки, онда-сонда бўлса ҳам, бундай низоли ҳолатлар учраб туради. Ўқитувчи, айниқса раҳбар ҳар қандай баҳсли ҳолатларда оғир-босиқ бўлиши ва ўзида шу хислатларни шакллантириши керак. Ўқитувчи қизишмаса, ота ё она хатосини эртами-кечми барибир англайди. Руҳий барқарорликка эришиш учун инсон иродасини ва асабини чиниқтириши, руҳиятга оид китоблар мутолаа қилиш баробарида, ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлиши талаб этилади.
- Болаларни муайян машғулотга қизиқтиришнинг самарали усули борми?
- Болалар қизиқиши учун, дастлаб, ўша мавзу сиз учун ҳам қизиқарли бўлиши керак. Бугунги кун ёшлари интернет орқали дунёдаги жамики янгиликлардан хабардор бўлаётган, тезкор ахборот даврида яшаяпмиз. Шахсан мен мавзуга алоқадор қизиқарли маълумот тўплашга ва уларни қизиқтиришга уринаман. Қолаверса, ўқитувчи руҳиятшунос ва нотиқ ҳам бўлиши даркор. Шундагина синфдагилар зерикмайди ва ўқувчилар диққат марказида бўла оласиз. Тушунтирганларингиз ҳам ёдида қолиши осон кечади.

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
Манба: "Илм булоғи" журналининг 2022 йилги 6-сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот