ЙЎЛИМИЗ АНИҚ, МАНЗИЛ ЯҚИН


ЙЎЛИМИЗ АНИҚ,  МАНЗИЛ  ЯҚИН

  Истеъфодаги подполковник, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдураззоқ  ОБРЎЕВ билан  гурунг.

– Бугунги кунда фельетон ва пародия жанрлари камайиб бораётгандек. Сиз аввал ишлаган "Муштум" журнали ҳам ўша даврлардагидек эмас. Бунга сабаб нимада деб биласиз?

– Саволингизга жавоб беришдан олдин Фельетон нима? Пародия нима? деган саволга ойдинлик киритиб олайлик. Фельетон – бу танқид. Қинғир иш қилаётган одам фельетон бўлишдан итдан қўрққандай қўрққан, илгари. Фельетон қилинган одамни юқори ташкилотлар муҳокама қилишган, чорасини кўришган, керак бўлса жазолашган. Баъзилари судланган ҳам. Пародия – бу асарларга муносабат, ҳаммасига эмас, пародиячининг назарича, бўш чиққан асарларга. Бугун фельетонга эҳтиёж борми?! Гарчи фельетон бўлишга лойиқ ишлар, одамлар тўлиб ётган бўлса-да, бироқ, фельетончининг гапини эшитадиганлар кам. Ҳозир “шоир”ман деганлар кўп, уларнинг “шеърлари” вагон-вагон. Бирортасининг шеърига пародия ёзинг, сизни чаласаводга, шеърни тушунмайдиган ахмоққа чиқаришади. Пародиянгиз қолиб, ўзингизга дағдаға қилишади.
     Шундай  экан, қайси журналист фельетон ёзади?! Бугун “Муштум” ҳам фақат  мақол, ҳикматли сўзлар чиқариш билан овора. Пародия ёзиб, бошида  ёнғоқ чақилгандан кўра, ғолиб  спортчиларни мақтаб,  шеър эълон қилиб юрган маъқул-ку!
     Шу  ерда, гап келди, айтиб қўяй. Пародия жанри  ўзбек адабиётида бугун  пайдо бўлиб қолгани йўқ. Ҳазрат Алишер НАВОИЙ асарларида ҳам пародия бор. Абдулла ҚОДИРИЙ пародия ёзган. Мақсуд ШАЙХЗОДА, Юсуф ШОМАНСУР, Эркин ВОҲИДОВ, Абдулла ОРИПОВ ҳам пародия ёзишган.
     Ўткир САИД, Турсунбой АДАШБОЕВлар профессионал тарзда пародия жанрида ижод қилишган.
     Бугунги кунда Карим БАҲРИЕВ, Ориф ТЎХТАШ, Фармон ТОШЕВ, Мурод КАЛОНХОНлар  пародия ёзишмоқда.

– Сиз кўплаб таниқли ва ҳаваскор шоирларни аямасдан ҳажв остига олиб, тумтароқ шеърларини пародия қиласиз. Буни ҳар ким турлича қабул қилиши табиий. Шу борада сиз билан жанжаллашиб қолганларни ҳам эшитганмиз. Шундай вазиятларда қандай йўл тутасиз?

– Турсун Али деганларининг шеърига  пародия ёзган эдим. Телефон қилиб: “Судга бераман, холангни Учқўрғондан кўрсатаман”, –деди. Ҳозиргача ё холамни топган йўқ, ё Учқўрғонни. Тўлқин Эшбек деганлари жуда ғалати экан. Қандайдир жўрасини олиб келиб, мени урдирмоқчи бўлди. Яна сўкди. Ёмон сўкди. “Пастдарғомлик  пасткаш,” деди. Холмуҳаммад Ҳасан деганлари “классик шоир” экан, мен билмай шеърига пародия ёзиб қўйибман. Мени кўрса, чаённи кўргандай сесканади. Дилором Эргашева деганлари дағдаға қилди. “Шеърни ҳис қилмайсан, аҳмоқсан”, –деди. Сизлаб турган одам даб-дурустдан сенсирашга ўтиб кетди. Пародияни тушунадиганлари ҳам бор. Масалан, шоир Дилшод Ражаб: “Яна ёзинг”, – деди. Шоир Зикрилла Неъмат: ”Мевали дарахтга тош отишади,” – деди. 
    Шоир Усмон Азимга  Ўзбекистон халқ  шоири  фахрий унвони берилганида қучоқлаб табриклаганман. Шунда мени кўтариб, қулоғимга:“Мендан кейин менинг шеъримга пародия ёзма”, –деган. 
     Раҳматли Аъзам Ўктам бир китобига: “Оғам Абдураззоқ Обрўйга пародия ёзмаслик шарти билан”, деб дастхат ёзиб берган. Муҳаммад Юсуф билан ҳарбий қисмга учрашувга бирга борганмиз. Менга “Шеъримга пародия ёзибсан”, деган эмас.
    Менинг ҳеч қайсининг шахсияти билан ишим йўқ. Шеърларини ўқиганимда кўнглим тўлмаса, пародия ёзаман. Айтиб қўяй, атайлаб пародия ёзаман деб шеър ўқимайман.
    Ёзаяпман, ёзаяпман, ёзаман.
   Хуллас, шунақа гаплар.

– "Муштум" журналидан кейин "Ватанпарвар" газетасида ҳам ишладингиз. Ҳажвий ва ҳарбий нашрларнинг мавзулари орасида ер билан осмонча фарқ бор. Шулар ҳақида ўз фикрингизни баён этсангиз.

– “Муштум” ҳажв ва танқид талаб қиладиган журнал. Журналда ҳажвга лаёқати бўлмаган, танқид қилишга қурби етмаган журналист ишлай олмайди.
     “Муштум”нинг мен ишлаган пайтдаги бош муҳаррири Неъмат Аминов: “Мен юзта  фельтон ёзганман. Нега сизлар ёзмаяпсизлар?” – дер эди. Қўлдан келганча, ҳажв ёзишга, танқид қилишга ҳаракат қилганман. Олти йил ишладим. Кейин ҳарбий хизматга чақирилганман. “Ватанпарвар” газетасида хизмат қилдим. Газетанинг талаби,  Ватан ҳимоячиларини фаолиятини ёритиш,  уларнинг руҳини кўтариш эди. Шу талабга мослашганман. Фақат мақтаб ёзганман. Осмондан олиб эмас, мақташга  арзийдиганларини топиб, ўрганиб, кейин ёзганман.

– Бугунги давримизда сизни хурсанд қиладиган ва ташвишга соладиган ҳолатлар нима?

  – Бир туманга ҳоким ташаббуси сабаб бўлиб афғон уруши иштирокчилари билан учрашувга таклиф этилдим. Учрашув «Бир пиёла чой» устида экан. Менга ҳам ҳокимиятдан қўнғироқ қилишди.
–Жаноб подполковник, формангизни кийиб келсангиз!
– Хўп бўлади!
     Фахрийларни кўриб, роса қувондим. Қучоқлашиб кўришдик. Учрашувни ҳокимият вакили очди ва шаҳар «Афғон уруши ветеранлари» кенгаши раиси, истеъфодаги полковникка сўз берди. Полковник мажлисга келдим деб ўйлади, шекилли,  нақд бир соат нутқ сўзлади. Кейин ўша кенгашнинг медалларини топширишни бошлади. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаётгани учун ҳокимга, ўринбосарига, бўлим бошлиғига, маҳалла раисига медалларини топширди. Уруш иштирокчилари – ветеранлар қарсак чалиб туришди. Бир пиёла чой аллақачон совуб бўлган.
     Менга ҳам сўз тегди.
– Жаноб полковник! – деб сўз бошладим ветеранлар кенгаши раисига қараб. – Бир озгина хатога йўл қўйдингиз. Медалларингиздан ҳокимиятни фарроши билан қоровулига ҳам бериш керак эди. Уларнинг хизмати ҳам таҳсинга лойиқ.
     Учрашув тугагач, чиқиб кетаётган эдим. Ҳокимият вакили:
– Ўзи сизни ким учрашувга таклиф қилди? – деди. – Уруш иштирокчиси эмас экансиз-ку!
      Кайфиятим тирриқ бўлди.
     Сайёра опа “Шарофнома” деган эссе ёзди. 5-6 ижодкордан Шароф Рашидов ҳақидаги фикрларни мисол тариқасида кўчирган. Бу эссе  ёзишдаги янги жанр.
     Аҳмаджон Мелибоев “Эркин ВОҲИДОВнинг имзоси” деган китоб чиқарди. Иккинчи нашр. Китобда келтирилган иқтибослар олиб ташланса, бор-йўғи ўн-ўн беш бет қолади. Ана сизга китоб. Бу  публицистикада янги жанр. 
     Али Оқмуродов деганлари ҳаммасидан ошиб тушибди. “Анқабой Худойбахтов ким эди?” деган китоб чиқарибди. Ўқиб кўрсангиз, ҳаммасини Анқабой Худойбахтов ёзган. Бироқ  китоб муаллифи: Али Оқмуродов. Бунақаси бўлмаган. Ана сизга китоб ёзиш.
    Абдулҳай Абдураҳмонов “Саодатга элтувчи билим” деган семиз китоб чиқарган. Китобда дин, фалсафа, ҳаёт, маънавият ва маърифат сабоқлари бор. Қуръон, ҳадислардан кўчирилган. Бироқ акамлар муаллифман деб, китобнинг тепасига исми шарифини қўйиб олганлар.  Тўпловчи деб қўйсалар, олам гулистон эди. 
     Шундан тепа сочим тикка.
      Турли кўринишларда, блогер деймизми, депутат деймизми, ижтимоий тармоқларда рост гаплар  айтаётганлар  пайдо бўлаётгани мени жуда қувонтирмоқда.

– Афсуски, юртимизда ажримлар сони камайиш ўрнига йилдан йилга ортиб бормоқда. Бундай нохуш ҳолатларга барҳам беришни чораси нимада деб  ҳисоблайсиз? Бу борада ёш келин-қуёвларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

– Бозор иқтисодиёти сиёсати одамларга хизмат қилиши керак эди. Бизда аксинча, бўляпти. Одамлар бозор сиёсатига хизмат қилишяпти. 
  Куёв сепи бор келин ахтармоқда. Келин мошини, ҳовлиси бор куёв ахтармоқда. Адашиб тўй қилаётганлар тезда ажрашаяпти. Натижада оила муқаддаслигини  йўқотмоқда. Бойлик муқаддас бўлиб боряпти.
  Телевизорда “Ёр-ёр” деган кўрсатув бор. Менимча, бунга ҳам бозор аралашган. Ўзбекчиликка   тўғри келмайди. Шу мавзуда бир шеър ёзганман. Эшитиб кўринг-а!
  
“ЁР-ЁР “ КЎРСАТУВИ ИЖОДКОРЛАРИГА

Бу гапларга сизлар нима дейсизлар,
Телевизорни босди эрсизлар.
Синиб кетар бир урса хивич чўп,
Билмам, нега хотинсизлар кўп?!
Бирлари дейди:–Гўзал боғданман!
Бирлари дейди:–Баланд тоғданман!
Қирққа киргани қиз бола эмиш,
Олтмиш ёшлиси бўз бола эмиш.
Ҳозир йўқолди ер сўраганлар,
Ҳозир кўпайди эр сўраганлар.
Кўрса ҳар хотин отин сўраган,
Бунча кўп экан-ай хотинсираган.
Бизга бу иллат  қаёқдан келди,
Муҳаббат дегани кўрсатув қилди.
Тўхтамурод чол ва эзма кампир,
Улар қўшмоққа излайди тадбир.
Бошим қотирма буни “Ёр-ёр” деб,
Бир кун қоласан шапалоқдан еб.
Фойдали иш деб нима деяпсиз,
Шундай иш қилар хорижда уятсиз.
Бизга керакмас бундай зорманда,
Телевизорни қилма шарманда.

   Оила  муқаддас эканлиги ҳар бир ёш оила қураётганларнинг юракларига жо бўлса бўлди. Кейин хорижча тақлид қилмаслик керак. Эр эркин, хотин эркин, бу нима дегани?! Аслида эр подшо, хотин вазир. Шундай бўлган, шундай бўлиб қолиши керак.

– Ҳажв орқали ҳажвчи иллатларимиз устидан кулиш баробарида оғриқли нуқталаримиздан аслида куюниб ёзади. Шу билан мазкур камчиликлар барҳам топса деб умид боғлайди. Сиз ҳажвнинг ўткир қуролидан моҳирона фойдаланасиз. Аммо ўзингиз кутган натижага эришаяпсизми?

– Ҳамиша  ҳажвга  эҳтиёж  бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Ҳаётда  рост ҳукмронлик қилса, қанийди.  
Кулгу билан дардни даволашга ёрдам бериш мумкин. Кулгу билан муаммони ҳам ҳал қилишга ёрдам берса бўлади.
   Яқинда “Оғзингизга палов” деган бир комедия ёздим.  Ўшанда   шундай эпизод бор.
“МУХБИР: Ҳурматли  Қўзибой Болтаевич! Сизга бир  савол билан мурожаат этмоқчи эдим. Сўрашимга рухсат берасизми?
  ҚЎЗИБОЙ БОЛТАЕВИЧ: Рухсат бермай ўлибманми?! Рухсат, сўранг!
  МУХБИР: Қўзибой Болтаевич!  Уч қаватли  уйингиз, тўртта иномарка  ва “Малибу” машинангиз, иккита турмуш ўртоғингиз бор. Буларнинг ҳаммасини пешона терим  эвазига   топдим деб ўйлайсизми?!
  ҚЎЗИБОЙ БОЛТАЕВИЧ: Ўйламайман, ўйлашим шартмас. Бу бор гап. Пешона терим эвазига олмаган бўлсам, унда ниманинг ҳисобига олганман.
  МУХБИР: Балки, кечирасиз-у, халқнинг ҳисобига олгандирсиз?!
  ҚЎЗИБОЙ БОЛТАЕВИЧ: Мен ундай деб ўйламайман. Яхшиси, ўзингиз, дўппини бошдан олиб, бир чуқур  ўйлаб кўринг! Халқда шунча пул борми?!.”

     Юқорида фельетон ҳақида фикр юритдик. Ҳозир фельетон ёзсангиз, газеталар босишмайди. Айни пайтда  фельетоннинг бошқача кўринишлари блогерлар, ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган.  
  Биргина ҳажв билан муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Муаммони халқ ҳал қилади. Халқни  ваъдалар билан чалғитмаслик керак.
    Президентимиз тўғри йўлдан бошлаяпти. Албатта, манзилимизга етишимизга ишонаман!

        Музаффар  МУҲАММАДНАЗАР гурунглашди.

Манба: "Ижод чашмаси" журнали, №13 (24), Ноябрь, 2023 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот