КОМИЛЛИК НИМА?
КОМИЛЛИК нима, Дўстларим?
Илмий даражами? Мартабами? Унвонми? Қаҳрамонликми?
Унга қандай эришилади? Пул, таниш-билиш биланми?
Адабиётга кирибми? Чиқибми? Тарихда қолибми? Қолмайми?
Бегали Қосимов, Нажмиддин Комиловлар комиллик ҳақида кўп гапирарди. Уларнинг комиллиги ўз билан кетди. Биз на китобхон бўлолдик! На шоир бўлолдик! На ёзувчи бўлолдик! На олим бўлолдик! На арбоб бўлолдик! На комил...
Бизни ҳатто ренессанс ҳам қайта туғолмади!.. Кетайлик десак туғилиб қўйганмиз.
Тан оламиз, тўғри, онасини куйдирган Чолиқуши бўлдик, дунё ҳам уддалолмай нима қилишини билмаган бало бўлдик, баттар бўлдик, аммо комил бўлолмадик!.. Рост.
Биз ҳақимизда комил, деб ёзсалар ҳам кўйлагимиз ичида номукаммал кимдир бор. Уялади. Уялмаса эти ўлган. Лекин у ҳам кўниккан: Кўриниши авлиё, ичига кирсанг қочасан...
Эҳтимол, комил бўлганда, бир-биримизнинг устимиздан камроқ кулармидик, озроқ йиғлармидик, билиб-билмай гуноҳ қилмасмидик, тавбаларимиз ҳам камаярмиди! .Бахтсиз эмас, бахтли бўлардик! Албатта, ишонинг!..
Яхшиям, комиллик мотивация сўзи каби чайилмаган оғизларда увадаси чиқиб кетмаган. Комиллик ҳақида оғзингни чайиб гапир, аввал ҳаётингни ўнгла, ўзингни тузат, кейин авлиёлар китобининг таржимаси-ю, тарғиботига киришасан, олим бўласан, шоир бўласан ғаддор, дейдиганлар битта бўлса ҳам топилади. Топилмаса қиёмат қўпгани шу!..
Биз ҳаддан зиёд ақлимиз, фақат ақлимиз космосга етган чин, ҳаддан ортиқ дономиз, нодон деб кўрсинлар-чи, юз далил топиб донолигимизни исботлаймиз. Аммо комилликка келганда ўша гап:
Бир кам дунё! Ер юзида мукаммал одам йўқ. Беайб Парвардигор!..
Румий давридан то шу кунгача комилликдан бошқа ҳамма нарсани ишғол этдик. Ҳамма нарса ўзгарди. Ҳаммаси!.. Бир комилликдан бошқа... Ё нотўғрими?.. Ўзи ўзгаришга эҳтиёж бормиди?.. Нима қилайлик, комиллик шу қадар улкан чўққики, айланиб учиб ўтишнинг иложи бўлмаса, кўтариб чиқариб қўядиганларимиз ҳам бор кучи билан шу чўққи атрофида тирмашиб ётибди, аммо чўққи чўққилигича турибди.
ТАНҚИД
Ҳеч кимга ёқмай қолибди. Биз тоза хушомадлар, лаганбардорлик, иккиюзламачилик ва ёлғонлар «қули»га айланиб улгурибмиз. Бир кунда истаган одам (ҳатто рақибни ) икки соат тинмай мақтасанг, туғишгандан ҳам яқин бўлади, деган доно маслаҳатларга қулоқ солиш керакка ўхшайди. Бирор пост ёки асарга самимий муносабат билдирсанг, дарров душманга айланади ёки тўдалашиб ташланади. Тағинам қисматимиз -- ҳалол сўз айтиш, касбимиз -- ҳақиқат жарчиси!..
Ҳақиқат -- нонимиз, дея бот-бот такрорлаймиз. Шу ҳақиқатлардан Сизнинг ҳам кўнглингиз беҳузур бўла бошладими?.. Ўзимиз айтиб амал қилмайдиган чиройли гаплардан оч қолиб кетганимиз яхшимиди?! Оч қоринда одам Худога ҳам яқин. Энди бундан буёғига ИНСОН ва ШАХС деган тушунчани ўзимиз ҳам тушунмаган шоирона, олимона илмий атамалар ёки жаҳоний асарлардан парча келтириб ҳамманинг бошини қотирмасдан халқ тушунадиган тилда хом сут эмган бандамиз, деб қўяверайлик.
Одам одамнинг ортидан шунақа хунук ишларни қилади-ки, юзма-юз кўришганда ҳеч нарса кўрмагандек...
Қолганига Сизнинг ҳам этингиз жимирлаб, юзингиз қизариб баданингиздан совуқ тер чиқиб кетса керак!..
Улар қандай шу юрак билан ухлайди?.. Қандай уйғонади? Қандай одамларга боради? Севади? Яшайди? Ўлади?..
Яссавий кирган ғор -- ҳалиям ўша ЁЛҒИЗИСТОН, Дўстлар!..
Пилладек ўз ичингга ўралиб капалакдек яшамасанг турланувчи дунё ясамаликлари бор-будингни бурдалаб ташлайди. Уларга эргашсанг Сен тўғри келган одамни бурдалаб ташлайсан.
Афсус!..
Адиба УМИРОВА