Муҳаммад Али таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таржимон ва олим Муҳаммад Алини таваллуд топган куни билан табриклаймиз.
Муҳаммад Али 1942 йилнинг 1 мартида Андижон вилоятининг Бўз туманидаги Бешкал қишлоғида туғилган. У Горкий номидаги Адабиёт институтида таҳсил олган (1960–1966).
Унинг илк шеъри 15 ёшида – 1957 йил 17 февралда ҳозирги «Ўзбекистон овози» газетасида босилган. Адибнинг 40 дан ортиқ китоби чоп этилган. Булар орасида «Фазодаги ҳислар» (1967), «Шафақ» (1968), «Оталар юрти» (1970), «Оқ нур» (1977), «Илҳом париси» (1980), «Севсам, севилсам» (1983), « Вечный мир» (шеърий роман, 1984), «Саз» (рус тилида, 1984), «Сен бир гулсан» (1989), «Она дуоси» (1994), «Сайланма» (1997) «Мен ўзим, ўзим» (2011) сингари шеърий китоблари бор.
Адиб ижодида «Машраб» (1966), «Гумбаздаги нур» (1967), «Бешгул» (1969), «Ошиқлар эртаги» (1975) достонлари, «Боқий дунё» (1979) шеърий романи салмоқли ўрин эгаллайди. «Сарбадорлар» (1989) роман-дилогияси, «Улуғ салтанат» эпопеяси ‒ «Жаҳонгир Мирзо» (2003), «Умаршайх Мирзо» (2006), «Мироншоҳ Мирзо» (2010), «Шоҳруҳ Мирзо» (2013), «Абадий соғинчлар» (2005), «Улуғбек Мирзонинг сўнгги куни» (2001), «Маспошшо ва Ойпарча» (2002), «Ҳиндиёна афсона» (2006), «Навоий ва Бойқаро» (2015, 2021) пьесалари адиб ижодининг чўққиси саналади.
Муҳаммад Али болалар учун ҳам ижод қилади. Унинг «Ниначи ҳақида эртак» (1976), «Уч олтин ғишт» (2015) китоблари нашр этилган.
Адибнинг «Ўз-ўзингни англаб ет» (1988), «Ҳақиқатдан чекинма, тарих!» (1990), «Қафасдаги булбуллар» (1996), «Амир Темур чамани» (2003), «Амир Темур ва Йилдирим Боязид» (2007), «Тарих сабоқларидан хулосалар чиқариб яшайлик» (2014) номли эсселари. «Ошиқ бўлмай, Ҳақ дийдорин кўрса бўлмас» (1992), «Мен кўрган Америка» (2000), «Амир Темур чамани» (2006), «Замондошим портретига чизгилар» (2012,) «Оқ лайлак» (2015) каби публицистик руҳдаги китоблари ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинди.
Ёзувчи «Танланган асарлар»ининг ҳозиргача 2 жилди босилиб чиқди (2011–2012).
Бадиий таржимада ҳам адиб фаоллардан ҳисобланади. Ҳинд эпоси «Рамаяна» (1978), қорақалпоқ эпослари «Шаҳриёр» (1977), «Маспошшо» (1985), шунингдек, Ҳоқоний, Гёте, Бёрнс, Шиллер, Байрон, Пушкин, Лермонтов, Махтумқули, Бердақ, Абай, Тагор, Ҳамзатов асарларидан намуналар ҳам Муҳаммад Али томонидан ўзбек тилига ўгирилган. У «Шаҳриёр» эпоси таржимаси учун Бердақ номидаги мукофотга лойиқ кўрилган (1984).
Адиб – филология фанлари номзоди (1992). Унинг асарлари жаҳоннинг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. Унинг «Абадий соғинчлар» роман-хроникаси инглиз тилида (2006), «Жаҳонгир Мирзо» ва «Умаршайх Мирзо», «Мироншоҳ Мирзо» романлари рус тилида (2015–2019), «Жаҳонгир Мирзо» романи эса турк тилида нашр этилган (Истанбул, 2008).
Муҳаммад Алининг педагогик фаолияти ҳам диққатга сазовор. У ўн уч йил давомида (1992–2005) АҚШнинг Вашингтон университети талабаларига ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али «Меҳнат шуҳрати» (1999), «Эл-юрт ҳурмати» (2014) орденлари билан мукофотланган. «Улуғ салтанат» тарихий роман-дилогияси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлган (2007). «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» (1992), «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» (2021) фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА