Гўзалликда барча фазилатлар мужассам


    Умид АЛИ

     Гўзаллик дунёни қутқаради дейишади. Аслида дунёни қутқариб келётган бу аёлнинг гўзаллиги. Бу гўзалликда фақатгина ҳусн эмас, улкан бардош, вафо-садоқат, диёнат, меҳру муҳаббат, бир сўз билан айтганда, барча инсоний хислатлар, фазилатлар мужассам. Мен байрам арафасида барча онажонларимизни, опа-сингилларимиз чин дилдан қутлаб, анча аввал ёзилган ушбу шеърларимни тақдим этмоқчиман...

Менинг қалб офтобим, моҳ пайкарларим -
Опа-сингилларим (гулу жамбиллар).
Сиз Барчин, гулрухсор Қалдирғочларим.
Ялпиз таратажак эли Чамбиллар.

Менга қошу кўзсиз, инжа мужгонлар
(Мисли Бойчиборнинг кўркам ёллари),
Умидбахш, орзубахш, ширин забонлар,
Новвот тил, райҳон ис эл аёллари.

Баҳордай чеварсиз, баҳордай эрка,
Гулсиз бу чаманда: пушти, қизил, оқ.
Сиз ҳаммадан мунис, ҳаммадан кўркам,
Опам, сингилларим (кўнглимдаги боғ)

Сизга лутф билдирсам, берсам хўп таъриф,
Ёғдирсам бир дунё нури эҳтиром.
Арзимас, чунки сиз шарифдан-шариф,
Опамсиз, синглимсиз - илоҳий инъом!
***
Қирқ жонидан мангу таратар бўй гул,
Қалби бир баҳорки (яшарган ҳислар).
Наволари – сабо (бахт отлиғ ялла),
Севгиси ёядир жаннатий ислар.

Аёл...
Гуллар қирқта жоннинг илдизида ишқ,
Кўзларида порлар бахт жилолари.
Кўксидаги оташ, тошётган дилда
Товланар туйғулар - қалб тиллолари.

Аёл...
Меҳридан адоқ йўқ, севгидан адоқ,
Шеърми у, ғазалми, достон - дилафгор.
Бир кафтин узатса, олам ҳур, жаннат,
Бир кафтин узатса, юрак навбаҳор.

Аёл...
Қасидага сезмас ҳеч ҳам эҳтиёж,
Беҳишт пойларини тавоф этган-да?!
Юракка нақш этиб муҳаббатини
Дардидан оламни бунёд этган-да?!

Аёл...
Қирқ жоннинг тўзимин беради худо,
Дардлар гирдобидан чиқар бус-бутун.
Ўлим уни жондан қилмагай жудо,
Эркак эртага ҳам яшаши учун.
Дунё эртага ҳам яшнаши учун.
Аёл...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот