Ягонамсан!
Бир майизни бўлишган эл, Ойдай озиб, тўлишган эл.
Дунё феълин билишган эл,
Бағрикенгу, мардонамсан,
Бу оламда ягонамсан.
Дунёга тик боқиб кетган,
Олов бўлиб оқиб кетган.
Этагини қоқиб кетган,
Шоҳ Машраби девонамсан,
Бу оламда ягонамсан.
Балки бойман, балки фақир,
Розидирман - шудир тақдир.
Бору, йўғим сенсан, ахир,
Кулбам ўзинг, кошонамсан,
Бу оламда ягонамсан.
Кўзга суртиб тупроғингни,
Қўлингдаги қадоғингни.
Айлай дейман ардоғингни,
Мушфиқ отам, ҳам онамсан,
Бу оламда ягонамсан.
Юрагимни бериб ётсам,
Дардларингни териб ётсам.
Меҳринг билан эриб ётсам,
Бошим узра парвонамсан,
Бу оламда ягонамсан!
Бугун ана шундай гўзал мисралар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, севимли шоиримиз Бобур Бобомурод таваллуд топган кун. Шу муносабат билан эл ардоғидаги истеъдодли ижодкоримизни самимий муборакбод этаман.
Бобур ака! Умрингиз узоқ, ижодий парвозингиз бардавом бўлсин! Шеърларингиз ҳамиша ҳаёт йўлларингизни мунаввар этсин!
Жамол Носиров,
Бухоро шаҳар ҳокими.