Тираннозаврлар ўз даврининг нозик ақл-идрокли жонзотлари бўлганлиги аниқланди
Тираннозаврларнинг илгари учрамаган ақл-идрокли аждодларининг суяклари Ўзбекистон ҳудудида топилди. Қазиб олинган қолдиқлар юзасидан ўтказилган илмий текширувлар ақлли калтакесакларнинг қандай қилиб улкан бўлиб кетганликларини тушунишларига ёрдам берди. Бу борада мухбирлар кашфиёт муаллифлари билан боғланиб, янги тадқиқотнинг қизиқарли тафсилотларига ойдинлик киритишди.
Ер юзида пайдо бўлган энг улкан йиртқичлар тарихига назар солсак, тироназаврларнинг бирданига йиртқич бўлмаганлигига гувоҳ бўламиз. Тираннозаврид (Tyrannosauridae), яъни қирон келтирувчи маъносини англатувчи бу жонзотлар оиласининг тарихи кичик судралиб юрувчилардан келиб чиққан ва улар ақл-идрокли, эшитиш қобилияти ўта сезгирлиги билан фарқ қилган. Мезозой давридаги даврий эврилишлар, ўша даврлардаги муҳит таъсирида улар динозаврлар оламининг шафқатсиз ва золим махлуқларига айланишган.
Улкан тираннозаврлар, тарбозаврлар ва альбертозаврлар қадимги даврдан-оқ эл орасида афсоналарга сабабчи бўлган, тарихий жонзотлар ҳақидаги китоб ва фильмларнинг мавзусига айланган, улар ҳақида эртаклар тўқилиб, ўзимизда аждаҳо, аждар номлари билан машҳур бўлган. 80-66 миллион йиллар муқаддам калтакесакларнинг улкан тури ривожланган ақли, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг ўта сезгирли туфайли бошқа жонзотларга нисбатан бирмунча устунликларка эришган.
Аждаҳоларнинг Timurlengia euotica деб аталувчи тури икки оёқли йиртқич динозаврлар туркумига мансуб бўлган. Уларнинг бўй-басти тахминан ҳозирги замонавий отларнинг катталигида бўлиб, оғирлиги 200 кг ни ташкил этган. Уларга бундай ном берилишига сабаб - бошқа мамлакатларда Темурланг, яъни оқсоқ Темур номи билан машҳур ном қозонган буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг шарафига шундай дея аталган.
Темурленгия суякларининг асосий ва катта қисми Ўзбекистонда 1997-2007 йилларда-ёқ Қизилқум саҳроларидан топилган. Экспедицияда Россия ва Америка палеонтологлари ҳам иштирок этишиб, динозаврларнинг янги тури топилгани борасида қайд қилишган ва бу тафсилотларга алоҳида тўхталиб ўтишган.
Timurlengia ўткир ханжарсимон тишли йиртқич бўлиб, тишлари гўштларни қиймалашга жуда яхши мослашган.
Эдинбург университети олимиилмий тадқиқотнинг етакчи муаллифи, доктор Стивен Брюссат (Stephen L. Brusatte)нинг фикрича, эшитиш қобилиятининг ривожлангани динозаврнинг ов қилишида катта ёрдам берган.
Унинг ақл-идрокли бўлгани эса, бош чаноғи ва миясининг катталиги ўлчаниб, текширув ўтказилгандан кейин аниқланди. Ўз даврида бу жонзотлар от, дельфин ва итлардек ақлли мавжудотлар бўлганлигини доктор Брюссат илмий тадқиқот натиджаларига кўра исботлаб бера олган.
Аммо унинг бу исботига қарши фикрлар ҳам билдирилган. Жумладан, россиялик Александр Аверьянов шундай дейди: "Мен тираннозаврнинг ақл-идрокини итга эмас, курка ё товуққа тенглаштирган бўлардим. Миясининг ўлчами катта бўлгани - бу ақллиликдан далолат бермайди. Масалан, наҳангларни (акула ёки кит) олиб қарайлик".
Палеонтологларнинг янги изланишлари ва бу борадаги илмий тадқиқотлари тираннозаврларнинг улкан бўлмасликларидан ҳам илгари ақлли мавжудот бўлганликларинитўла-тўкис илмий тарзда исботлаб бера олишди ва россиялик мухолифнинг назарияси нотўғри эканлигини исботлашга муваффақ бўлишди.
Брюссатнинг назариясига кўра, Timurlengia Осиёда шаклланган ва асосан, Ўрта Осиёда пайдо бўлган. "Шундан кейингина улар Шимолий Америкага бориб қолишган. Тарбозаврларнинг ҳам Ватани Осиё бўлганлигини энг қадимий суяклари шу масканда топилганининг ўзи исботлаб турибди", дея ҳисоблайди Стивен Брюссат.
67 миллион йил муқаддам Осиё ва Америка ерлари орасида уммонлар тўсиқ бўлмай, қуруқликлардан иборат ерлар мавжуд бўлган ва кўприк вазифасини ўтаган. Тираннозаврлар шу тарзда Осиёдан Америкага боришган, дея сўзига якун ясайди Брюссат.
Музаффар Муҳаммадназар тайёрлади.
2016 йил. Манба: "Сабо" газетаси.