Мақтовларга бунчалар ўчмиз


Маънавият сабоқлари

Мақтовларга бунчалар ўчмиз

    Яқинда матбуот нашрларидан бирида бир аёл хонанданинг суҳбатини ўқиб қолдим. У шу қадар берилиб ўзи ва ижоди ҳақида мақтанардики бундан у сира уялмасди. Яхши ҳамки мен бу хонанданинг санъатга кириб келишидан бошлаб биламан. Ўртамиёна қўшиқлари билан зўрма-зўраки ижод қилиб, асосан тўйларнинг орқасидан кун кўриб, продюссори ва созандаларини мунтазам алмаштириб, улар билан яхши муносабат ўрнатолмай юрарди. Санъатнинг нонини ҳалол еб юрган бошқа аёл хонандаларнинг ҳам шаънини ерга ураётганини уни таниганлар яхши билардилар. Аммо унинг оғиз тўлдириб мақтаниши худди кўрга кўзгу тутгандай ғоят кулгили эди.
   Аслида мақтов ҳам мисоли зардек ноёб бўлсагина қадрли бўлади. Қолаверса, ўзимизни ўзимиз эмас бошқалар мақтасалар адолатли эмасми? Сендан ҳеч қандай яхшилик кўрмаган кишининг мақтови энг адолатли мақтов бўлиб, агар одам ўзига аталган мақтовга ўзини нолойиқ деб топса билгинки, бу хушомаддан бошқаси эмасдир.
    Болалигимизда бобом рахматли биз набираларни кўп алқардилар. Кичкинагина юмушни бажарсак ҳам бизларни кўкларга кўтариб мақтар ва шу орқали кундалик юмушларни рисоладагидек адо қилишга ўргатар эдилар. Лекин дадам мақтовга қизғанчиқлик қилар, бобомга ҳам – сиз буларни мақтаб эркалатиб юборяпсиз – дер эдилар.  Бизлар дадамдан кўра кўпроқ бобомнинг бағрида яйрардик. Доимо уларга талпинардик, улардан руҳий қувват, куч олардик. Бобом рахматли дадамга – ўғлим, хадеб танбеҳ беравериб болани майиб қилгандан кўра уни мақтаб ўзига бўлган ишончни ошириш керак – дердилар. Бизлар улғайгач мақтовни ҳам хушомадни ҳам бир-биридан ажрата оладиган, ҳақиқий мақтов оқиллик, меъёрсиз мақтов жоҳиллик экани-ю, ортиқча мақтов оғу бўлиб кишини адо қилиши ҳақида ҳам билиб олдик.    
    Ҳамкасбим Азиза опанинг кенжа қизи бўйи етиб қолди. Опа кунда кун ора совчи кузатиш билан овора бўлади. Дам олиш куни дарвозасини чертган совчиларни уйига таклиф қилиб уларни нақ беш соат меҳмон қилибди. Ҳаммасидан қизиғи аёллар бири қўйиб бири куёв бўлмишни ва оиласини мақташдан нарига ўтмабди. Яна янги ховлини қанча пулга сотиб олгани-ю, келинга атаб қандай тилла тақинчоқ атагани, қандай овқатлар истеъмол қилиши-ю, ҳар фаслга аталган либослари ҳақида тинмай мақтанармиш. Уларнинг ҳеч бири йигитни қайси олий ўқув юртини тамомлагани-ю, қўлида ҳунари бор-йўқлиги, оиладаги маънавий муҳит, ёшларнинг фикри-ю, йигитнинг инсоф-диёнати ҳақида гапирмасмиш. Охири хуноби ошган Азиза опа “кечирасизлар, бизлар қизимизни яқин қариндошимизга ваъда қилиб қўйганмиз” – деб жавоб айтиб, бу мақтанчоқ қудалардан аранг қутулибди.
    Тан олайлик, мақтов ўзимизга ҳам ёқади. Аҳмоққа ақллисан, алдоқчига ростгўйсан, хиёнаткорга садоқатлисан деб кўринг-да у дарҳол сизга қучоқ очади. Мақтовларга бунчалар ўчмиз. Агар кимдир бизни мақтаса ундан яхши одам йўқдай назаримизда. Мақтаниш ҳам мақтанчоқлар ҳам шу қадар оддий холга айланиб қолдики, бизлар буни табиийдек қабул қилмоқдамиз. Қизлар янги либосини, йигитлар оддий қўл телефонини, аёллар кийимидан тортиб, тақинчоғигача, эркаклар машинасидан тортиб, жамғарма пулигача мақтанишни ўзлари учун шараф деб билмоқдалар.
    Назира хола келин туширди. Янги келиннинг тўйдан уч кун олдин сарполари-ю, мебелларини келтириб уйни ясатиб кетдилар. Негадир ётоқ мебелининг курсиси йўқ эди. Унутиб қолдиришгандир, тўйдан кейин келтириб беришар – дея хонага бошқа курси олиб киришга истиҳола қилади қайнона. Лекин негадир тўйгача ҳам, тўйдан кейин ҳам биров курси ҳақида гапирмайди. Бир куни, келин ётоқхона мебелининг курсисини унутиб қолдиришган кўринади, уйингиздагиларга айтсангиз келтириб берармиди? – деган қайнонага келинчак ҳозиржавоблик билан – ойижон, бу мебелларни шошилишда олдик, менга аслида хорижга мебель буюртма бергандик, тўйга улгуриб келмади. Худо хоҳласа янги мебелим келади – дея гапни қисқа қилади.
    Орадан бир неча ой ўтиб, қудалар мехмонга келадилар. Назира хола хонаси келганда – қуда нима қилардингиз яна мебель олиб, шунинг ўзиям бўларди-ку? Қизингиз хорижга буюртма берганмиз, деб айтдилар – дея сўз юритади. Қуда шўрлик бошини ҳам қилганча, - қудажон, қизим мақтанишни яхши кўради. Аслида хорижники тугул ўзимизнинг “Эътиқод” мебелга ҳам кучимиз етмай оддий ҳунармандларга буюртма берганмиз, ўша икки дона курсига пулимиз етмагани боис ололмагандик. Чунки, мақтанчоқ қизим – мен дугоналаримга мақтаниб қўйганман деб тақинчоғидан тортиб, никоҳ либосигача қимматини олиб бизларни қийин аҳволга солиб қўйди. Ўзи ҳали тўйнинг қарзларидан қутулганимиз йўғ-у, яна хориж мебели эмиш.  Қизим тушмагур аммаларига тортганда мақтанчоқлиги қонида бор. Сизни билганим ва ишонганим учун берганман, ўзингиз тарбиялаб йўриғингизга солиб оласиз-да энди – дейди минг бир хижолат билан. Назира холанинг қошлари чимирилди, - қараб турсин, шундай тарбиялайки мақтанчоқлигидан асар ҳам қолмасин – дейди, қатъийлик билан.
    Дугонам аёллар шифокори, турмуш ўртоғи ҳам хусусий шифохонада анча йиллардан буён фаолият юритади. Бир куни ўша дугонам мавзуга доир воқеани қуйидагича ҳикоя қилиб берди. 
... Бир куни турмуш ўртоғим, - биласизми, сиз билан бизнинг камчилигимиз нимада? – деб савол бердилар. Мен - камчиликларим ҳақида ўйлаб кўриш керак, аммо фазилатларим ҳақида сўрасангиз бемалол айтишим мумкин – дея ўз фикримни хазиломуз билдирдим. Улар - бизнинг камчилигимиз хушомадни билмаганимизда – дедилар. Ўйланиб қолдим, тўғри агар хушомадни билганимизда эди, бизлар аллақачон бугунгидан-да улканроқ мувоффақиятларга эришган бўлармидик. Йўқ, бизлар ҳақиқатгўймиз, мақтанишни, хушомадни билмаймиз ва билмаганимиздан уялмаймиз, деди. Ҳа рост, агар хушомадни билганида эди доим савоб излаб, рахмат олиб юрган турмуш ўртоғим аллақачон бир жойнинг хўжайини ва ёки сўнгги русумдаги автомашина, кўп қаватли биқиқ уйдан кўра кенг ҳовлининг эгаси бўлармиди? Ёки мен эгилмаслигим, тилёғламалик қилолмаслигим, хушомадни билмаслигим сабабли доим мақтовлардан, мукофотлардан, эътибордан четда қолиб юраман. 
    Умр йўлдошимнинг собиқ курсдоши иш  жойида пора билан қўлга тушиб ишдан четлатилади. Уйда қолган дўстини эркак киши оила боқувчи уйда қолмасин, деб ёнига ишга таклиф қилади. Ўзини “даҳо” деб биладиган бу кимса бош шифокорнинг пинжига кириш учун энг аввало котибага ширинлик ташишдан иш бошлайди. Сўнг раҳбарга тушлик, уйига совға-салом кабилар билан унинг ишончини қозонади ва яқинига айланади. Тўғри-да мақтов кимга ёқмайди. Ахир аҳмоқ ҳам бизни мақташи билан дарров кўзимизга баъмани бўлиб кўринади. Бизлар ҳалол мақтовларни эътиборсиз ҳолда қабул қиламизда, қилмаган ишларимизни мақтаганларида эса буни ўзимиз билиб турсак ҳам миннатдор бўлиб тинглайверамиз. Айрим холларда эса ғирт ёлғонлиги маълум мақтовлар ҳам бизларга ёқаверади.
     Хуллас, ўша курсдош янги жойда жуда тез ўрнини топади. Аввал бўлим бошлиғи, кейин бош шифокор ўринбосари бўлади. Чунки у ўзини қош-кўзини жойига келтириб мақташни яхши биларди. Шу воқеаларга ҳам бир йилдан зиёд вақт бўлди. – Биласизми, менга нима алам қилади – дейди турмуш ўртоғим афсус билан. – Ҳозир улар қуда бўлишмоқчи, мен раҳбаримнинг қизини яхши биламан, у менинг қўлимда амалиёт ўтади. Тарбияли, одобли, билимли, интилувчан қиз. Дўсимнинг ўғли эса ҳали бир ишнинг этагини тутмаган, ўқишни чала ташлаб, бизнес билан шуғуллана бошлаган. У соҳада ҳам омади юришмай бутун бир уйнинг пулини ҳавога совурган. Ҳозир ўзи каби такасалтанг дўстлари билан гўёки савдогар бўлиб янги иш бошлаган эмиш. 
    Биргина мақтов одамнинг кўзини шунчалар кўр қилиб қўйишини сира ўйламаган эканман. Сени мақтасалар танангга яхшилаб ўйлаб кўр, ўзинг шунга лойиқмисан, лойиқ бўлмасанг билгинки сени калака қиляпти ёки сендан фойдаланишмоқчи, деб қийналаман. Мен ҳозир жудаям ноқулай аҳволдаман, рости раҳбарим мақтовлардан сармаст бўлиб нима қилаётганини ҳам билмаяпти. Унга бор ҳақиқатни айтсам очиғи тан олмайди. Жим туриш ҳам адолатсизлик. Билмадим қандай йўл тутиш керак. 
    Мақташни, хушомадни билмайдиган виждонли одамларга яшаш ҳамиша қийин. Чунки, улар ўзгаларнинг ташвишини ҳам ўзиники деб билади. Доимо бошқаларга енгиллик яратиш умидида бўлади. Мақтанчоқлар эса эртами-кечми барибир панд ейди. Чунки, мақтанчоқлик қумдан қурилган қасрга ўхшайди. Биргина довул унинг кулини кўкка совуради. Ўзгаларнинг самимий мақтови сени юксакликка интилишинг, зафар қучишинг, ўз ўрнингни топа билишингда йўлбошчи бўлади.
    Келинг, сизнинг яхшилигингизга одамлар ишонишини истайсизми, унда ўша яхшилигингизни мақтаманг. Сизни ўзгалар мақтасин ва ўша мақтов хушомад эмас ҳақиқатга тош боссин.
 
Феруза ОРИПОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот