Ҳамкасбимга тилакларим

Бугун яқин дўстим, укам, ҳамкасбим, кўнгли тоза, самимий инсон, фейсбук (файзибоғ)дан топган қадрдоним, бухороча айтганда «дилбардор»им (кўнгилларни кўтаргувчи маъносида) – Музаффар Муҳаммадназар таваллуд топган кун.
Музаффар Муҳаммадназар... Жонкуяр, ижодкор дўстим ўзининг Muzaffar.uz сайти ва «Ижод чашмаси» журналида турли мавзулардаги бири-биридан қизиқарли ва долзарб мақолалар, ҳикоялар, шеърлар қўйиб борадиган, ижодкор халқига чексиз эътибори билан диққатимни тортган. Яна ҳаммамизнинг севимли журналимиз «Саодат»нинг фотомухбири ва сайтини юритади. Мен Muzaffar.uz сайтида эълон қилинган материалларга муносабат билдириб юрардим.Чунки бу сайтда фақат фойдали, инсонларга зиё тарқатадиган материаллар, янги ҳикоя ва шеърлар эълон қилиб борилади.
Музаффарнинг инсонийлик фазилатларини ҳурмат қиламан.Унинг ҳамма билан бирдай самимий ва меҳрли муомаласига доимо ҳавас қиламан.
Музаффарнинг вафот этиб кетган Ота-Онасига бўлган меҳри ва чексиз эҳтироми рамзи сифатида уларнинг расмларини қўйиб, кўнгил тубидаги армонларини, хотираларини ёзиб бориши ҳам унинг яхши инсоний фазилатларидан бири, деб биламан. Чунки, ўтганларни унутмай, улар ҳаққига элдан дуо олган инсон кўкаради.
Энди бу инсоннинг ижоди ҳақида гапирсам. Музаффарнинг ҳикояларини ўқиганимда шунга амин бўлдимки, мен бу инсонни шахсан танимасимдан аввал унинг ижоди билан яқиндан танишган эканман. Матбуотда эълон қилинган таъсирли мавзудаги ҳикояларининг ҳаммаси кўнгилга яқин ва ҳаётий.
"Ёнаётган тирик ҳайкаллар" китоби – Музаффар Муҳаммадназарнинг ўттиз йиллик ижодини –ҳикоялари, шеърлари, таниқли шахслар, санъаткорлар билан суҳбатини ўз ичига олади. Мен бу китобни маза қилиб ўқидим ва ўзим учун Музаффарбекни яхши ёзувчи, серқирра ижодкор ва ҳозиржавоб журналист сифатида яна бир бор кашф этдим.
Музаффардаги адабиёт ва санъатга меҳр, ижод ва санъат аҳлига ҳурмат ва эътиборига, давримиз воқеаларига ҳозиржавоб муносабатига ва ҳеч қачон бекор ўтирмаслигига ҳавасим келади.
Музаффарбек дўстимиз 53 ёшни қоралаб қўйибди. Тўғриси, ташқи кўринишидан ярим асрдан ошиқ ёшга кирганга ўхшамайди. Бунинг сабаби, унинг спорт билан мунтазам шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишида бўлса керак.
Ҳеч эсимдан чиқмайди,Тошкентга иш билан бир кун муддатга шошилинч бориб келганимда, анча масофа босиб, Тошкентнинг Шимолий вокзалига келгани, ёнимдаги дугонам Юлдузхон билан ҳам мен билан ҳам дўстона муносабатда бўлганларида ундаги самимиятдан ҳайрон қолганман. Ҳозирги тезкор, меҳр-оқибат кам замонада бу каби инсонларнинг борлиги қалбимни ёритган.
Мен Музаффарбекка энг аввало мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва туганмас илҳом тилайман. Эллик уч ёш – бу инсон умрининг айни камолотга эришган, ҳаётда маълум бир муваффақиятдан завқ-шавқ олиб, фарзандлар ютуқларидан хурсанд бўлиб яшайдиган ёши. Мана, Худога шукур катта ўғилллари Маъруфбек ёнларига кириб, санъат соҳасида дадил қадамлар ташлаяпти.Унга ҳам омад тилайман. Менинг новеллаларим асосидаги "Иқрор" телекўрсатувларида роллар ижро этган.
Музаффарбек дўстимиз эса бахтли ота, меҳрибон оила бошлиғи сифатида фарзандлари камолидан хурсанд бўлиб яшашларини, умр йўллари узун бўлишини, эл-юртнинг зиёли ўғлони бўлиб, кўнгилларимизни яна кўп йиллар нурафшон этиб юришларига тилакдошман.Омон бўлинг, Музаффарбек. Доимо шундай навқирон, кўркам йигит бўлиб юринг. Нозимахон келинимиз билан умрбод бахтли ҳаёт кечиринг. Ўғлонларингиз орқасидан солиҳа, илмли келинлар келиб, хонадонингизни тўлдирсин. Юз ёшга кирганингизда ҳам Сизни табриклаш бизга насиб бўлсин.
Ҳурмат билан – Моҳигул Ўктам қизи Назарова – Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудираси, ёзувчи, шоира.