– Жуда камтарин, оғир-вазмин хислатингизни ва дилбар қўшиқларингизни, овозингизни халқ соғинган. Мухлисларингизни янги қўшиқлар билан қачон қувонтирасиз?
– Буни ижодий учрашувларга борганимда ўзим ҳам ҳис қилганман. Ҳозир баъзи бир сабабларга кўра ижодга жиддий киришмадим. Лекин бу билан қўшиқ айтмай қўйдим, демоқчи эмасман. Аслида қўшиқларим жуда кўп. Тўғри, уларнинг ёзилганига 10 йилдан ошган бўлиши мумкин, лекин халқ орасида у қадар оммалашмади. Бордию ҳозир улардан бирини қайта куйлаб чиқсам ҳамма янги деб ўйлаши турган гап. Шу вақтгача, “Қайтар дунё”, “Умидингни сўндирма” каби сериаллар учун қўшиқлар куйладим. Балки тез орада яна қатор фильмларга саундтрек ижро этиб, мухлисларимни хурсанд қиларман.
– Ўша машҳур “Унутма мени” қўшиғининг маҳзун оҳанглари ҳанузгача тингловчилар қулоғи остида жаранглаб турган бўлса, ажаб эмас. Айни кундаги ёш авлод бу композиция кимгадир аталган, дея тахмин ҳам қилади. Негадир шу тарона бошқа қўшиқларингизга нисбатан ўзгачароқ чиққан-а?
– Бу қўшиқ 1983-1984 йилларда суратга олинган “Водиллик келин” бадиий фильми учун яратилган. Таронанинг рус тилидаги вариантини Наргиз Зокирова куйлаган. Демакки, қўшиқнинг айтиш йўли ва нотаси ҳам унинг овоз имкониятларига мослаштирилган. Ўзбек тилига Обид Ёдгоров таржима қилганидан сўнг уни куйлашга тушдим, лекин дастлаб қийналдим. Чунки ўзбек тилига ўгирилганда мисралар бироз узун, қўшиқ гармониясига туширишда қийинчиликларга дуч келганмиз. Шунда Обид акага қўнғироқ қилиб, мазмунини сақлаб қолган ҳолда, баъзи сўзларни олиб ташлашни сўраганман. “Бемалол, ўзингизга қулайлаштириб олинг”, деганларидан сўнг ихчамлаштириб овозни ёзишга ҳозирлик кўрдик. Энди студияда шу даражада қийналяпманки, охири йиғлаб юбордим. Овоз режиссёри эса “Йиғладингми?.. Демак, мана энди зўр чиқади!” дея руҳий далда берганлар. Ўзимга ҳам ёқади бу қўшиқ. Аммо ҳозир эшитсам, “Во-о-ай, шунақаям қўшиқ айтманми?! Намунча чийиллаб куйлаганман-а?” дея ўз-ўзимни койиб ҳам қўяман. Чунки мен Наргизнинг овоз тонида айтганман-да. Шунинг учун бўлса керак, жуда баланд чиққан. Кейинчалик, тадбирларга борганимда шу қўшиқни сўрашса, сал пастроқ пардада куйлаб, ўз овозимга мослаштирганман.
– Сиз бир пайтлар бугунги кунда дунё эстрадасида номи чиққан ва айни пайтда ўзбек матбуотида муҳокамаси давом этаётган машҳур Наргиз Зокирова билан деярли бир вақтда ижодни бошлагансиз. Унинг бугунги фаолияти билан танишмисиз? У ҳақида болалаб кетган шоу-шувлар ҳақида қандай фикрдасиз?
– У ижодга кириб келган кезларда мен санъатнинг нонини еб юрган хонанда эдим. “Садо” ансамблида уч нафар қиз бирга ижод қилардик. Наргиз билан эса ўша “Водиллик келин” фильмида учрашиб қолганмиз. Тўғри, Наргиз олдин Тошкентда фаолиятини бошлаган. Лекин волидасининг саломатлиги ёмонлашганидан сўнг Америкага кўчиб кетишди. Келиб чиқиши, туғилган юрти Ўзбекистон бўлгани билан у узоқ вақт чет элда яшади. Ҳаёт тақозоси билан Америкадаги қаҳвахона ва ресторанларда тирикчилик учун қўшиқ айтиб юрганлигидан ҳам хабарим бор. Албатта, ўзга юртда бўлганидан кейин ўша ерга мослашишига тўғри келади. Энди у ҳақидаги гап-сўзларига келадиган бўлсак, одамларнинг ўзи ҳар хил фикрда-ку. Ҳозирги замон эстрадасининг аҳволи ва ўзгаришларини барчамиз бирдек кўриб, англаб турибмиз. Балки, сочсиз яланғоч боши, танасидаги турли хил татуировкалар билан санъатда портлаш қилгани баъзиларга маъқул келмас. Бу менталитетимизга хос бўлмаган ҳолатдир. Лекин ўша ердаги мухлисларига манзур келяпти-ку?.. Юртимизда ҳам унинг мухлислари озмунча эмас.
Балки шундай имиж ва услубда чиққани учун ўзини яхши ҳис қилар. Назаримда бу ўзига ҳам ярашади, билмадим мен учун жуда қўпол кўринмайди. Чунки Наргиз энди 16-17 ёшли қизча эмас-ку. Ҳар ҳолда она, буви бўлган аёл. Хатти-ҳаракатларида ўзининг диди борлиги яққол кўриниб туради. Энди рок йўналишидаги хонандаларнинг характери ва кийиниш услуби шундай-да. Лекин у ҳақида ким қандай фикрлашидан қатъи назар Наргиз овози, дарди бор хонанда деб биламан. Мен уни шахсий мулоҳазаларим билан яхши ёки ёмонга чиқаролмайман.
Аммо менга бир томони ёқмади. У Россия шоусида портлаш қилиб чиққанидан сўнг қисқа вақт ичида машҳур бўлди. Кейин юртдошларимиз билан интернет орқали кўнгилсиз суҳбатларни қилишга ҳам улгурибди. Ўша пайтда уни қоралаб, ёмонлаган ва имижини “ахлоқсизлик” дея таъкидлаганлар билан гап тортишиши шарт эмас эди. Ўзбекистон номини ёки халқни қўшишнинг умуман зарурати ҳам йўқ эди. Жимгина ўшаларга дангал гапириб, мавзуга нуқта қўймайдими, деди-дедиларни кўпайтирмасдан. Очиғини айтаман, мен учун у барибир иқтидорли қўшиқчи.
– Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, собиқ “Сетора” гуруҳининг аъзоси Феруза Латипова ташқи кўриниш жиҳатдан сизга бироз ўхшаб кетади. Шунга ҳеч эътибор берганмисиз?
– Ўша машҳур гуруҳ қизлари илк маротаба чиққанида бир кулгили воқеа бўлган. Агар хотирам панд бермаса, “Ёшлар” телеканалидан интервью олишга келишганди. Ижодий гуруҳ студияда тайёргарлик кўриб турганида мен ҳам келиб интервьюга ҳозирлик кўра бошладим. Шунда микрофон кўтариб олган бир журналист, “Феруза Латипова сизнинг қизингизми? Бугун шуни аниқлаштириш учун атай сизни суҳбатга чақирганмиз...”, деса бўладими. “Бошқа савол йўқми?” деб сўрасам бошларини сарак-сарак қилишди. Ўшанда шунақанги жаҳлим чиқиб кетганки, “Шу арзимаган шов-шувни деб мен билан ка-а-атта суҳбат қилмоқчимидингиз?!” дея аччиқ сўзларни шартта-шартта айтиб юборганман (кулади). Мен ижодим борасида қизғин суҳбат бўлади, дея жиддий тараддуд кўриб турган эдим-да. Дабдурустдан келиб, қаердаги миш-мишга аниқлик киритиш учун мени ҳам, қолаверса, ўзларини ҳам овора қилишларини қаердан билибман. Кейинчалик эътибор бериб қарасам, ростдан ҳам унинг юз-кўзлари қайсидир жиҳати билан менга тортиб кетган экан (мириқиб кулади).
– Хабаримиз бор, сиз бир неча йил муқаддам автоҳалокатни бошдан ўтказган эдингиз. Ҳозир соғлиғингиз қандай?
– 2013 йил автоҳалокат юз берганида белим синиб, анча пайт қийналиб юрдим. Ўшанда биз билан тўқнашган автомобилдагилар маст ҳолатда машинани бошқаришган. Одатда мен қачон йўлда бўлсак ҳайдовчига доим “...секинроқ-секинроқ, ҳовлиқманг!” дея огоҳлантириб тураман. Энди фалокат экан-да. Ҳозир анча яхшиман. Бу кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ўзимни тиклагунча анча азият чекдим. Аммо тирик қолганимга шукр қиламан. Ҳали керакли инсон эканман!
– Турмуш ўртоғингиз билан ҳам ажрашибсиз. Айрилиқ сабаблари нимада?
– Вақт ўтгач ажрим кўпчиликнинг бошида бор нарса. Бошқаларнинг ҳам оиласида юз берадиган ҳолат бу. Бахтли турмушимизнинг бузилишига хиёнат сабаб бўлган. Биласизми, инсон ҳаётда кимгадир суяниб, ишониб яшайди. Мен ҳам турмуш ўртоғимга ишонган эдим. Атрофимдагилар гапирганида ҳам, “Ахир уни 20 йилдан буён биламан. У менга хиёнат қилиши мумкин эмас!” дея қаттиқ ишонганман. Бироқ 20 йил ўтгандан сўнг кундошим борлигини билдим. Турмуш ўртоғимдан буни кутмагандим. Инсоннинг қандайлигини билиш жуда қийин экан. Неча йилдан буён бирга яшасангиз ҳам ҳеч қачон “У инсонни яхши биламан!” дейиш нотўғри экан. Ҳаёт инсонни кўп нарсаларга кўз юмишга, сабр қилиб борига кўникишингизга мажбур қилади. Тақдиримга шукр қилиб яшашда давом этяпман, тирикман, тўхтаб қолганим йўқ.
Кўпчилик олдин қўшиқларингизда ўзингизнинг ҳаётингиз акс этгандек, дея таажжубланишарди. Ҳозир ўзим эшитиб кўрсам, босиб ўтган йўлим ва умрим ижро этган тароналаримда уфуриб турганини ҳис қиламан. Балки қўшиқларимда куйлай-куйлай ўзимнинг ҳаётимга бу фожеаларни тортиб олгандирман. Билмадим, эндиликда ўша пайтда савол берганлар ўрнида ўзим таассуфланиб, кў-ў-ўп бора таажжубда қоламан.
– Сиқилганингизда кўнглингизни юпатадиган, уларнинг камолидан дилингиз равшан топиб, бағрингизни меҳрга тўлдирадиган фарзандларингиз бордир?
– Мен учун бу муқаддас қўрғон – оила мавзуси оғриқли (кўзлари намланади). Фақат жиянларим бор. Уларнинг жигарбанди — менинг ҳам фарзандим, набираларим. Айтишади-ку, Худо бир жойдан берса, бир жойдан тортиб олади, деб. Бир кам дунё. Кимгадир мол-давлат, шон-шуҳрат армон бўлса, кимлардир тирноққа зор. Ҳозирги ёш хонандаларни кўрсам кўзларим қувнайди. Ҳам оиласини, ҳам ижодини бараварига олиб боряпти. Ҳомиладор ҳолатда ҳам саҳнага чиқиб қўшиқ айтаётган ёш хофизаларни учратганимда хурсанд бўламан. Буларнинг бари бугунги куннинг шарт-шароити, имконияти нақадар кенглигидан далолат. Илгари биз 8 ойлаб гастроль сафарларида юрганмиз. Санъатга қадам қўйиб келганимизда умуман бошқача тарбия беришган экан: “Ҳозир имкониятинг бор. Омадинг келяпти, келажагингни қуриб ол! Кейин бунинг иложи топилмайди!” дея уқтиришган.
Ёши 30 дан ошиб қолган бир-иккита санъаткорлар маслаҳат солганда, аччиқ-аччиқ гапларимни аямай, очиқ-ойдин тушунтирганман: “Машҳур юлдуз бўласанми, бойвачча хонимми, аёл учун оила муҳим. Эришган ва эришмоқчи бўлаётган шон-шуҳратинг, ҳар куни радио-телевидение ва матбуот сен ҳақингда бонг уриши, халқ учун таниқлилигинг — ўз йўлига. Аммо фарзандсиз юришинг... кейинчалик истасанг ҳам бу бахтга эриша олмайсан. Синглим, хатоларимни қайтарма! Ҳатто санъат ҳам оиладан муҳим бўла олмайди!” Қилган насиҳатимга қулоқ тутиб, фарзандини қучоғига олган хонандалар бугун мендан миннатдор. Мен эса катта авлод вакиллари қилган хатолардан ёшлар сабоқ чиқариб уни такрорламасликка ҳаракат қилаётганларидан мамнунман.
– Бир пайтлар бутун вужуди билан ижодга берилган, жойи фақат саҳнада бўлган хонанда дафъатан кўриниш бермай қолса, бу мухлисга таажжубли, санъаткор учун эса оғир. Савол дилингизни чўктирса-да сўраш жоиз. Айни дамда Кумуш Раззоқованинг кўнглига нима таскинлик беряпти?
– Ўзи аслида, табиатни жуда яхши кўраман. Мана шу қўлимдаги телефон орқали қаерда чиройли манзарага дуч келсам уни суратга олиб юраман. Яқинларим соғ бўлса, тинч юрса, мана шундан таскинлик оламан. Мен барибир ҳаётга ишонаман. Ҳар бир ўтаётган кунимиздан шукронада бўлиб, доим кунни кулиб қарши олишимиз даркор. Ҳеч қачон нолиш керак эмас, ҳатто касал бўлсангиз ҳам. Инсонлар билан жонли мулоқот қилиб, мухлислар билан бўладиган учрашувлардан ҳам таскинлик топаман. Кўпгина ижоддан йироқлашган санъаткорлардан “Саҳнасиз яшолмайман...” деган сўзларни эшитиб қоламан. Ҳозир саҳнада кўпроқ ёшлар фаол, уларга талаб юқори. Кекса ва ўрта авлод вакиллари эса саҳнага чиқаётган ёшларни кўра олмай, турли хил гап-сўзларни қилишади. Аммо мени тадбирларга чақиришмаса, бунинг учун йиғлаб, оҳ-воҳ қилиб ўтирмайман. Чақиришса, хурсанд бўлиб бораман.
– Илгари ҳам санъаткорлар бири-бирининг қўшиқларини айтиб юришган. Ҳозир эса хонандаларимиз кўчирмакашликда бутун ер юзини “оёқ яланг” айланишга улгуришди назаримда (хонада кулги кўтарилди). Сиз ҳам кимнингдир қўшиғини ҳавас қилиб бўлса-да, айтганмисиз?
– Баъзи ҳамкасбларимнинг бутун ҳаёти санъатда ўтган, лекин бир умр бировларнинг қўшиқларини айтиб юрган. Мен ўзгаларнинг қўшиғини умуман айтмаганман, айтмайман ҳам. Чунки қўшиқ шу санъаткорнинг мулки, унга тегишли ижод намунаси. Уни қандай ўзингизники қилиб олишингиз мумкин?.. Аммо Дилором Омонуллаева бастакорлигида тайёрланган “Ёмғир ёғди” номли қўшиғимни аслида, бир йил аввал Муҳаббат Ғофурова айтган эканлар. Лекин у кўпчиликка манзур келмагани учунми, негадир оммалашиб кетмаган. Мен бундан хабарсиз бўлганман, агар айтишганида куйламаслигимни жуда яхши билишган. Шунинг учун ҳам исини чиқармаганлар. Лекин нима бўлганда ҳам қўшиқ яхши чиққан.
Ҳозирги ёш хонандаларга ҳайрон қоламан-да, фало-о-он пул сарфлашадию, кимнингдир мусиқасини ўғрилабми ёки тақлид қилибми, қўшиқ айтишади. Ёки устоз санъаткорларнинг ашулаларини куйлайди. Ҳа, барака топкур имкониятинг бор экан, овозинг, иқтидоринг етарли экан, нима қиласан ўғрилик қилиб. Ўзингнинг янги оргинал қўшиғингни ярат! Хўп, майли, устоз санъаткорларнинг ижодига меҳринг, ҳурматинг баландлигидан қўшиқларини айтмоқчисан. Ё зўр қилиб ундан баландроқ айт, ё яқинига бориб куйла. Агар иккаласи ҳам бўлмаса, қўшиқни ҳам, халқнинг асабларини ҳам тинч қўй.
– Ҳозирги ўзбек эстрада хонандаларидан кўпроқ кимнинг қўшиқлари сизга маъқул келади?
– Одатда оғир кунлар бошидан ўтган, кўп қийинчиликларни енгиб, ҳаётнинг баланд-пастликларини кўрган хонандаларнинг ижодини яхши кўраман. Чунки ундайларда дард бўлади. Эстрада юлдузларидан Гулсанам Мамазоитова ҳамда Малика Эгамбердиеванинг ижоди менга жуда маъқул келади. Сарвара ва Умида Мирҳамидованинг ҳам бир-иккита қўшиқларини ёқтираман. Эндигина қадам ташлаб келаётган ёшлардан Шаҳло Аҳмедованинг яқинда куйлаган “Керакмас” қўшиғи ҳам жуда ёқиб қолди. Тарона тоза эстрада йўналишида айтилган. Ҳатто қўл телефонимга сақлаб қўйганман уни. Ҳар куни бир марта эшитаман. Қолаверса, шўх-шадод Муниса ҳам менга манзур. Чунки сўнгги пайтларда бу қиз дидли ижод қиляпти. Бундан ташқари, овоз имконияти ҳам кенгроқ бошқа ёшларга қараганда. Улуғбек Раҳматуллаев ҳам эстрада йўналишида яхши тароналар яратяпти-ку-я, лекин у кўп кўчирмакашлик қилган-да. Аслида, этно поп, фольклор қўшилмаган ҳолатда тоза эстрада қўшиқлар яратиш керак. Аммо кўпгина хонандалар нуқул миллийликка ёпишиб олиб, “ейди” деб ёппасига бир хил тарона яратишга тушиб кетган.
– Суҳбатдан аввал “Куз гуллари” қўшиғингизда ижро этилганидек, қайғуларингизни ошкор этавермайсиз, деб ўйлаган эдим. Лекин бугун шахсан мен учун янги Кумуш Раззоқова дунёга келгандай бўлди...
– Раҳмат! Тўғри, илгари оилам, шахсий ҳаётим ҳақида гапиришни истамасдим. Балки булар ҳақида айтишнинг фурсати келгандир. Менинг ҳаётим уларга ўрнак бўлиб, қилган хатоларимни ҳозирги ёшлар такрорламаслиги учун ҳам борини рўйи-рост айтдим. Кейин суҳбатдош гап олишни ҳам билиши керак-да. Яқинда бир машҳур, номдор газетанинг мухбири мен билан суҳбатлашиш учун келди. Ўзи унамайгина, зўрға кўнгандим. Чунки шу газетада нуқул ёлғон-яшиқ хабарлар ва санъаткорлар ҳаётини бўрттириб ёзишади. Хуллас, интервью олишни бошлаган журналист қиз диктофонини ёқдию, “Эсингизни таниган пайтдан то ҳозирги кунингизгача бўлган воқеаларнинг барчасини гапириб беринг!”, - деди. Жаҳлим чиқиб кетгани учун ўзимни ушлаб туролмадим. “Нима, сиз ўтириб чойхўрлик қилиб турасиз-у, мен сизга ярим асрдан кўп ҳаёт йўлимни лекция ўқигандек, айтиб беришим керакми?”, - деб суҳбатлашишдан воз кечдим. Биринчи саволидан асабим бузилиб, бошқа мени безовта қилманг, дея ҳайдаб солдим. Шунча халққа хизмат қилсангиз-у, кечагина қалам тебратишни бошлаган қиз-ча келиб савиясиз саволлари билан сизни хуноб қилса, инсонга оғир ботади. Кечирасиз-у, журналист ҳар ҳолда саволларини олдиндан тузиши, суҳбатдошини озгина бўлса ҳам ўрганиши ва интервьюга тараддуд кўриши даркор-ку? Шахсан ўзим катта ҳаёт тажрибасига эга бўлишимга қарамай суҳбат олди доим тайёргарлик кўраман. Бугунги суҳбат учун эса сизга ва таҳририятга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Яхшигина дардлашиб, мароқли суҳбатлашдик (жилмаяди).
– Мазмунли ва самимий суҳбат учун сизга ҳам ташаккур! Орадан кўп йиллар ўтса-да, эл ардоғидаги, мухлислар ёдидан чиқмайдиган севимли хонанда бўлиб қолаверинг!
Ҳидоят САДРИДДИНОВ суҳбатлашди.
Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.