ТАРАҚҚИЁТНИНГ ТАБАРРУК ТИМСОЛИ


     Оғзаки ва ёзма нутқимизда энг кўп  қўлланадиган сўзлардан бири, шак-шубҳасиз, «ХАЛҚ» деган атама бўлса ҳам ажаб эмас. Ушбу биргина муқаддас истилоҳ мингларни ва миллионларни, яъни бутун бир яхлитлик тушунчасини бемалол ифодалаб бера олади. Шундай бўлишига қарамай, баъзан анча-мунча ўйланишимизга тўғри келиб қолади: у ҳолда бутунлик,  яхлитликнинг ўзини қандай қилиб ва қай бир соҳир сўзлар воситасида барча кишиларга бирдек тушунарли равишда ифодалай олишимиз мумкин? 
     Дафъатан, қулоқларимизнинг остида бетакроримиз ва ягона Ота Мамлакатимиз – камида 3,5 минг йиллик буюк тарихга эга бўлган Ўзбекистон давлатининг мадҳияси жаранглагандек бўлади:

   «... Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
           Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, 
           Оламни маҳлиё айлаган диёр!»

    Беихтиёр кўзимизнинг ўнгида ҳалиги яхлитлик, яъни бутун бошли бир буюк халқ бор бўй-басти билан гавдалана бошлайди. 
    «Аждодлар мардона руҳи» ҳамиша бизга ёр, ҳамдам бўлиб келган улуғ Ўзбек халқининг адолат, озодлик, ободлик, эркинлик, ҳурлик сари тинимсиз интилишлари музаффар, муқаддас миллий истиқлол туфайлигина чинакамига рўёбга чиқди. Миллий ўзлик, инсоний ғурур ва қудратли тарихий илдизларга таянишдек ғоятда муқаддас маънавий қадриятлар, туйғулар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унга асосланган юзлаб қонунларимиз ҳамда уларнинг ижросида ўзининг юридик, ҳуқуқий тасдиғини топди. 
Аксарият ватандошларимиз «давлат рамзлари» деганда, фақат Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳиясини тушунадилар. Шунинг учун ҳам ушбу муҳим тимсоллар қаторига – давлат номи,  пойтахти, миллий валютаси, мукофот, унвонлари, Конституцияси ва Президенти ҳам киришини қайд этиш мақсадга мувофиқ. 

                      ШОН-ШАВКАТНИНГ КАЛИТИ

     Музаффар ҳамда муқаддас Истиқлолимизнинг 33 йиллик тантаналари билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбир, мулоқотлар ҳамда давра суҳбатларига жиддий тайёргарлик жараёнида, буюк ватандошимиз Абдурауф Фитратнинг 1914 йилда ёзилган «Нажот йўли» номли бугунги кунлар учун ҳам ўта ибратли китобини такроран мутолаа қилиш чоғида, аввалги ўқиш пайтида назардан салгина чеккароқда қолдириб кетилган бир кичик лавҳа қўққисдан чақмоқ янглиғ чақнаб, ярқ этиб, момақалдироқдек гумбурлаб бутун диққат-эътиборимни ўзига оҳанрабо (магнит) каби тортиб олганди. 
    Яхшиси, китобдан ўрин олган шу парчани ўзингиз ҳам диққат билан, жиддий тарзда ўқиб чиқсангиз: «Миллатининг манфаатини кўзламаган одам бу дунёнинг саодатига ҳам эришмайди... Бу дунё саодати бир хонанинг ичида ўтирган ҳолда истироҳат қилиш эмас. Саодатга дунё гўшасида нафақат шахси, балки номи эътиборли ва шарафли бўлган киши муяссардир. 
   Бизнинг савдогарларимиз бундай саодатга қачон эришадилар? Бизнинг миллатимиз жаҳон халқлари орасида ҳурмату эътиборга сазовор бўлсагина бахтга эришишлари ҳам мумкин. Бундан олти ой муқаддам Истамбулга Но Камо номли бир япон сайёҳи келган эди. У шайтонараваси (велосипед – Б. И.)да уч йил давомида оламни кезиб, Чин, Ҳинд, Эрон, Арабистонларни айланиб чиқиб ва бундан кейин айнан шу икки чархли аравасида Фарангистонга ҳам сафар қилиш фикри борлигини эшитдим. Шу йигит билан учрашишни хоҳладим. Бир жуда яқин дўстим орқали хонасига бориб, у билан мулоқотда бўлдим. 26 ёшлардаги бир йигит курсида ўтирволиб хат ёзарди. Унинг йўлдоши эса, яъни Япон давлатининг кафолати бўлган байроқча илинган шайтонараваси шундоқ рўпарасида турарди (Таъкид бизники – Б. И.). Бизни эҳтиром билан кутиб олди, ўтирдик, у уч йил муддатда турли исломий мамлакатларда кўрган ажойиботларини бизларга ҳам сўзлаб берди. Суҳбат асносида эса дилим танг бўлиб ундан сўрадим: 
–  Биродар, бепул, ёлғиз, беаслаҳа ушбу икки чархли араванг билан Арабистоннинг (ҳар қандай) жонни куйдирувчи чўлларидан қандай ўтдинг? Фараз қилдикки, ўзингга бирор таомни топиб еб, ётар жойни топдинг, лекин ҳаттоки чумчуқни ҳам соғ қўймайдиган саҳройи арабнинг чангалидан қандай халос топдинг?
    Япон йигити менга қараб кулди-да, қўлини баланд кўтариб Япон давлатининг байроғини кўрсатиб деди:
–  Шу байроқ мени сиз айтаётган барча хавф-хатарлардан, мушкулотлардан муҳофаза қилди!
   Бу кучли жавобдан титраб кетдим, бир лаҳза сукут сақладим, лекин бу қатъий мағлубият ўта оғир ботди, қалбимда бир интиқом туйиб йигитни гапнинг зўри билан мағлуб қилиш мақсадида дедим:
– Биродар, аҳли ислом табъан меҳмондўст ва мусофирпарвар, шунинг учун сени ҳам ҳурмат қилганлар, лекин сен Фарангистонга саёҳат қилмоқчисан, у ерда сенинг ҳолинг мушкул бўлади, зеро, оврупаликлар ҳеч бир мусофирнинг ҳолига  қарашмайди.
    Лекин, Но Камо хотиржамлигини бузмай деди: 
– Бизнинг миллатимиз ўзининг буюклиги ва шарафини бутун заминга таратгандир, унинг бирор-бир вакили эса дунёнинг ҳеч бир нуқтасида мушкулотга дучор бўлмайди. Мен шундай қавм орасида ҳам бўлдимки, улар япон миллатидан бошқа нарсанинг номини ҳам билмайдилар. Кейин мен борган баъзи бир мамлакатларда одамлар бизни жудаям ифтихор билан тилга олиб, мактабларда ўзларининг болаларига дарс ҳам берадилар. Албатта, улар эса мени араблардан ҳам кўпроқ даражада эҳтиром қиладилар. 
    Мана шуни дунёнинг шарафу саодати деса бўлади!..»
   Дарҳақиқат, ўта таъсирли, таъбир жоиз бўлса, ғоятда ибратли воқеа. Фитрат домла эътироф этганларидек, бундай шараф ҳамда бундай саодат чин маънода таҳсинга лойиқдир. Боз устига эса, ана шу қадар саботли япон халқининг бугунги кунлардаги бетиним саъй-ҳаракатлари, саодатманд ҳаёти ҳам шундан яққол далолатдир. 

                                БИРИНЧИ ҚАДАМ

     Ўзбекистон ҳали мустақилликка эришмаган, у ҳамон советлар таркибида бўлган давридаёқ Ота юрт истиқлолига доир янги давлат рамзларини тайёрлаш, қабул қилиш жараёниям бошлаб юборилган эди. 1991 йил 15 февралида Ўзбекистон ССРнинг Олий Кенгаши томонидан «Ўзбекистон Давлат рамзлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинганди. Қарорда, жумладан, шундай дейилади: «Мустақиллик тўғрисидаги Декларацияга қатъий тарзда амал қилиб, Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши қарор қилади:
1. Ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгаш II  сессиясида тузилган Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)нинг янги лойиҳасини тайёрловчи комиссиясига Ўзбекистон ССРнинг Янги Давлат байроғи, Герби ва Мадҳиясига доир таклифлар ҳамда улар тўғрисида Низомлар тайёрлаш топширилсин.
2. Бу борадаги таклифлар матбуотда эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамаси уюштирилсин»...
Албатта, кейинчалик, яъни Она Ватанимиз, Ота маконимиз – Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жумлаи жаҳон аҳлига эълон қилинган бизлар учун сираям унутилмас куннинг ўзидаёқ мустақил давлатнинг айрим атрибутларини жорий қилиш юзасидан ниҳоятда муҳим амалий чора-тадбирлар кўришга киришилганди. 
Ўша пайтларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида, Республика гербининг нусхаси ва Давлат мадҳиясининг мусиқий баёни ҳақида махсус бир қарор қабул қилинган эди. Унда Конституциямизнинг лойиҳаси устида ҳам фаолият олиб бораётган комиссия эксперт гуруҳига Давлатимиз байроғининг турли-туман вариантлари устида ишлашни давом эттириш ва Олий Кенгашнинг тегишли қўмиталарига эса Конституция комиссиясининг ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда Давлат байроғи ва мадҳияси ҳақидаги қонунларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиб, уни навбатдаги сессияга тақдим этиш вазифаси топширилганди. 
    Зотан, эндигина давлати мустақиллигини дунёга эълон қилган Ўзбекистон, энг аввало, айтишимиз жоизки, жудаям зудлик билан халқаро талаблар ва меъёрлар доирасида ўзининг асл қиёфасини кўрсатмоғи, бунинг учун бўлса бутун имкониятларини, ўзига хос жиҳатларини ҳам ифодаловчи давлатнинг рамзларига эга бўлмоғи даркор эди. Юқорида номи келтирилган қарор эса худди ана шу асосларни келтириб чиқариш учун қўйилган дадил қадамларнинг энг биринчиси, дастлабкиси бўлганди.
    Бу қарорнинг ижроси юзасидан рассомлар, тарихчи олимлар, депутатлар ва кенг жамоатчиликнинг таклифлари махсус комиссия томонидан жиддий равишда ўрганиб чиқилган эди. 
Икки юздан зиёд эскиз – намуналарнинг орасидан биз бугун севиб-ардоқлайдиган,  қадрлайдиган, бошимиз узра жудаям баланд кўтарадиган, график рассом Анвар Мамажонов ва Петр Анненков томонидан ишланган Давлат байроғи тасвири қабул қилинган эди.
    Бугунги кунларимизда бутун дунёнинг манаман деган халқаро ташкилотлари бинолари олдида мағрур ҳилпираб, ўзини кўз-кўзлаб турган Ватанимизнинг худди ўзи каби азиз ва муқаддас Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида 1991 йилнинг 18 ноябрида тасдиқланганлигини ўзингиз ҳам биласиз. 
   «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунининг 2-моддасидаёқ ҳуқуқий, юридик жиҳатдан  қатъий тарзда белгилаб ҳам қўйилганидек, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир». 
    Ўзингизга ҳам яхши маълумки, ушбу Қонуннинг  3- моддасига биноан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади».

                                      ҚАТЪИЯТ

    Ўзбекистон истиқлолининг дастлабки кунларидаёқ, аниқроғи, 1991 йилнинг 6 сентябрида Биринчи Президентнинг фармонига асосан бунга қадар тузилган ҳамда фаолиятини кўрсатаётган Мудофаа ишлари қўмитасининг негизида Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган эди. Ўша даврларда айнан руҳий кайфият жиҳатидан Мудофаа ишлари вазирлиги (полковник, кейин эса генерал-полковник Рустам Аҳмедов)  қайси бинода жойлашгани ҳам давлат ва халқимиз учун ғоятда муҳим аҳамият касб этарди. 
Дастлаб Вазирлик учун Президент Девонининг биносидан бир хона ҳам ажратиб берилган эди. 1991 йилнинг октябрида вазирлик Мустақиллик майдонидаги Фуқаролар мудофааси штаби биносига кўчирилган ва унда 13 офицер ҳамда бор-йўғи 3 ходим иш бошлаб юборганди. Мустақил давлатнинг мудофаасини ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси учун янги вазирликнинг асосий вазифаси сифатида белгилаб берилганди. 
    Орадан уч ой ҳам ўтар-ўтмасдан, Президент Мудофаа ишлари вазирига қўнғироқ қилиб: «Сен қаерда ўтирибсан?» – деб сўрайди. Вазирнинг жавобини эшитиб бўлгач: «Нима сабабдан Туркистон ҳарбий округининг биносига ўтмадинг? Дарҳол ўша ерга кўчгин!» – деб топшириқ берган эди. Айни пайтда бўлса, Туркистон ҳарбий округи қўмондони генерал-полковник Георгий Кондратьевга ўша бинодан ЎзР Мудофаа вазирлиги учун жой ажратишни топширади. 
    Орадан чамаси 2 – 3 ҳафта ўтгач, Президент тағин айни ўша савол билан қайтадан мурожаат қилади. Мудофаа вазиримиз бўлса: «Топшириғингиз бажарилди, Вазирлик Туркистон ҳарбий округи биносига кўчирилди», – деб рапорт беради. Шунда Президентимиз: «Мудофаа вазирлигининг ўша ерда жойлашганини ким билади? Мен ҳар куни икки мартадан ўша ердан ўтаман, аммо «Туркистон ҳарбий округи қўмондонлиги» деган ёзувни кўряпман, холос. Энди фуқароларимиз Ўзбекистоннинг ўз Мудофаа вазирлиги борлигини, давлат ҳамда фуқароларимизнинг ҳимоячиси борлигиниям билиши керак», – дейди. 
    Эртаси куни эрталаб генерал Кондратьев хизматга келганида, бино узра Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳилпираб турганини ва эски ёзув ўрнида «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги» деган пештахтани кўриб қолиб, ғоятда қаттиқ ғазабга келади. Мудофаа вазирининг ҳузурига важоҳат билан кириб келиб, ғазабини ҳам яшириб ўтирмасдан: «Туркистон ҳарбий округи 1867 йилдан бери бу ерда турган, бундан буёғига ҳам доимий қолади», – дея СССРнинг Мудофаа вазирлигига қарашли Туркистон ҳарбий округи биносидан Ўзбекистоннинг байроғини ва  янги пештахтани зудлик билан олиб ташлашни қатъий равишда талаб қилади.
    Ушбу талаби бажарилмаган тақдирда эса Москвага мурожаат этишини айтиб, роса дўқ-пўписа қилади ва ушбу масалани ҳал этиб олиш учун Республика Президенти Ислом Каримов билан дарҳол учрашиши ниҳоятда зарурлигини ҳам айтади. 
    Шу кунларгача Туркистон ҳарбий округининг қўмондонлари учун Республика барча раҳбарларнинг эшиклари доимо очиқ-сочиқ эди. Ўша куни биринчи бор Туркистон ҳарбий округи қўмондони Ўзбекистон Президентнинг ҳузурига кира олмаганди. Жудаям ўсал бўлган генералга Президент Республика мудофааси билан боғлиқ барча масалаларни Мудофаа вазири орқали ҳал қилажагини ҳамда барча саволлар билан Мудофаа вазири ёхуд муаммо ҳал бўлмаган тақдирда бўлса мудофаа масалалари билан бевосита шуғулланувчи Президент маслаҳатчисига мурожаат этиши мумкин эканлигини билдиришади. Шу пайтларга қадар айтгани-айтган, дегани-деган бўлишига росаям ўрганиб қолган генерал Кондратьевнинг Давлат маслаҳатчисининг кабинетига кириб, ўзининг норозилигини изҳор этишдан бўлак иложи ҳам қолмаганди. 
    Шу воқеадан кейин эса Биринчи Президент Мудофаа вазири ҳамда Давлат маслаҳатчисини ўз ҳузурига чақирган, вазирдан эса кулимсираб: «Нима тўполонларни бошлаб юрибсан?» – деб сўраган эди. Топшириқ айнан Президент томонидан берилганини унчалик англамаган маслаҳатчи бўлса вазирга унинг бу хатти-ҳаракатлари Конституциямизга зид эканлигини, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ҳукумат ва Президент қароргоҳи биноларидагина осилиши мумкинлигини айтиб, жуда жиддий равишда танбеҳ бера бошлайди. Бунга қарата Президентимиз хотиржамлик билан: «Биз энди мустақил бўлдик, халқимиз, оддий фуқароларимиз ўзининг Давлат байроғи ҳамда Қуролли Кучларига ишониши, улар билан ғурурланиши ҳам керак. 
   Байроқ ҳам, ёзув ҳам шахсан менинг топшириғимга биноан ўрнатилган. Давлат Байроғимиз мустақиллигимизнинг улуғ рамзи, тимсоли сифатида мангу ҳилпираб тураверсин», – деб айтган эди (Мустақиллик: курашлар, изтироблар, қувончлар. – Т.: «Шарқ», 2001. – 44 – 47- бетлар).

                        «ДУНЁ ТОМИ»ГА ҚАДАЛГАН ШАРАФ

    1998 йил кўклами адоғида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги юлдузлар сонига мутаносиб равишда саралаб олинган ўзбекистонлик 12 альпинист «дунё томи» ҳисобланмиш Эверест (Жомолунгма, Сагарматха) осмонўпар чўққисини забт эта олган саноқли қаҳрамонлар сафига қўшилган эдилар. 
    22 майда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номига келган радиограммада қуйидаги сўзлар ҳам бор эди: «Ўзбекистон  альпинистлари дунёнинг энг юқори чўққиси – Эверестни забт этишди ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини қадаб қўйишди... Ватанимизнинг шон-шуҳрати учун эса янги жаҳоншумул ютуқларни қўлга киритишга тайёрмиз...» 
   Ўша пайтларда Эверестда жуда инжиқ палла ҳукмронлик қилиб турганига қарамасдан, Ўзбекистон Республикасининг ўша ўн икки альпинисти бу «дунёнинг томи»га ўзининг қутлуғ, муборак ўзбекона қадамини аста босган эди. 
   Шу кундан бошлаб денгиз сатҳидан 8848 метр баландликдаги Курраи заминнинг энг юксак чўққисидаям ўша альпинистларга ҳам ҳамиша «йўлдош, меҳрибон» бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи мағрур ҳилпирай бошлади. Экспедициянинг аъзоси Рустам Ражабов бўлса байроғимизнинг дастасини шундай даражада қаттиқ, мустаҳкам қилиб ўрнатиб қўйгандики, айнан шу куни дунё Ўзбекистонни тағин бир карра таниган, яна бир марта тан олганди.  Байроқни қадаётган кезларида эса Рустамнинг хаёлидан  «Жонажон Ўзбекистоним, қай томондасан?» – деган ўй ўтган бўлса, не ажаб!
    Масаланинг тағин диққат-эътиборни ўзига тортадиган жиҳати  айнан шунда эдики, «Оламни маҳлиё айлаган диёр» экспедицияси билан бир вақтда ўша энг юксак чўққини забт этишдек мақсадни кўзлаётган 12та мамлакат (Хитой, Словакия, Чехия...) вакиллари эса осмону фалакка гўёки найза сингари санчилган ҳаддан ташқари тик қоялар, ғоятда совуқ шиддатли шамол, кучли қор бўронларига  бардош беролмай, ишни кейинга қолдиришга мажбур бўлгандилар. 
    Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг кўзланган  юксак чўққини эгаллаган альпинистларга йўллаган табригидан: «Самога туташ чўққи узра қадалган байроғимиз озодлик ва ободлигимизнинг тимсоли сифатида абадий ҳилпираб тураверсин!»
    2021 йилнинг 1 июнида 59 кунлик қаттиқ машаққатлардан сўнг  Эверестнинг 8848 метрли Жомолунгма чўққисига кўтарилган Сергей Денисенко шундай деганди:  «Байроқни кўтариб, шу билан  давлатимиз мустақилликнинг 30 йиллигини, ҳамма Ўзбекистонни билиши ва у билан фахрланиши мумкин, деб айтган чоғимда жуда ғурурландим. Чўққидаги сенсацияни, ростини айтадиган бўлсам, таърифлаб бўлмайди. Тепага чиққанингизда, баъзи бир лаҳзаларни ҳис қилиш учун у ерда 10 – 15 дақиқа бўламан деб ўйлайсиз. Аммо, жуда қийин об-ҳаво шароити ва кучли шамол туфайли сиз у ерда том маънода 2 – 3 дақиқагина турасиз ва музлашингизам мумкин. Келажакда биз янги-янги чўққиларни забт этишга ва Ўзбекистон Республикаси байроғини баланд кўтаришга ҳаракат қиламиз»

                     ҲИЛПИРАЁТГАН ҚАЛҚОН

    Спорт. Бу сўзни ким қандай тушунади?
    Менга қолса, бу сўзни ор-номус кураши, юрт шаъни кураши, қадр-қиммат кураши, дея талқин этган бўлардим. Рост-да, мамлакат номини спорт сингари дунё аҳлига энг кўп, энг тезроқ танитадиган тағин нима бор? Юрт байроғини шарафлаб, баланд кўтарадиган-чи?
    Бокс бўйича Жаҳон кубоги, жаҳон чемпионати, икки карра Олимпиада ғолиби Баҳодир Жалолов ғурур ифтихор ила дейди: «Болалигимдан спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келаман. Ушбу спорт тури бўйича ўтказилган кўплаб мусобақаларда қатнашганман ва ғолиб бўлганман. Ватаним шарафини ҳимоя қилиш учун ўзга юртларда бўлганимда ҳилпираб турган чиройли байроғимиз доим бизларга Она Ўзбекистонимизни эслатиб туради. Бизларни бўлса ғалаба сари тинимсиз равишда чорлаётгандек туюлади. 
    Ҳар сафар рингга чиқишимдан олдин байроғимизни, албатта, кўзларимга суртаман. Ота Юртимда мени ниҳоятда катта умидлар билан кутаётган яқинларим, устозларимнинг олдига ёруғ юз билан боришни ният қиламан. Ва кўнглим ҳам жуда хотиржам тортади. Билакларимга бўлса ниҳоятда қудратли куч ингандек бўлади.»...       
Олимпия ва Паралипия ўйинларида жамулжам бўлганлар неча маротабалар Ўзбекистон Республикасининг мадҳиясини тинглади ва юртимизнинг байроғи сарбаланд бўлганини ҳам кўрди.
    Спортчиларимиз билан бутун халқимиз биргаликда завқланди, ҳаяжонланди, майдонга кирди. Неча-неча кўзларда ва кўнгилларда шукроналик ҳамда шодлик, кексаларимиз эса «Ҳалолинг бўлсин!» дея чемпионларимизни дуо қилдилар. Фарзанди тақдирига бефарқ бўлмаган ота-оналар дилбандларини етаклаганча спорт тўгараклари томон ошиқаётганлари ҳам чин. Қишлоғу овулларимизда, шаҳару кентларимизда, мактабу маҳаллаларимизда ўсаётган болалар «Мен ҳам спортчи бўламан, Ватанимнинг байроғини ака-опаларим каби янада баланд кўтараман!» дея аҳд қилганларини уларнинг порлаб-чарақлаб турган юз-кўзларидан ҳам бемалол англашимиз мумкин. 
    Спортчиларимиз ваъдаларининг устидан чиқиб, ёрқин ғалаба қозониб, зафар қучиб, чемпион бўлдилар. Уларнинг бари «Отангга раҳмат!», «Онангга раҳмат!» деган олқишларни бутун халқимиздан эшитаётир. Бир сўз билан ифодалайдиган бўлсак, «Оламни маҳлиё айлаган диёр» фарзандлари ўзи туғилиб ўсган юртнинг берган нону тузини чиндан ҳам ҳалоллаб Ота маконга бош кўтариб қайтдилар.
    2021 йилнинг 13 – 23 апрель кунлари Польшанинг Кельце шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионати Нигина Ўктамова ҳаётида янги саҳифа очди. Бир неча марта Ўзбекистон чемпионатида зафар қозонган, Осиё чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби ҳиндистонлик, таиландлик, россиялик, украиналик боксчилар билан  жанг қилиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритган эди. Яхшиси Нигинанинг ўзидан  тинглаймиз, аниқроғи айтганларини ўқиймиз (“Янги Ўзбекистон” 2021 йил 27 апрель): “Жаҳон чемпиони, деб эълон қилинган пайтдаги ҳаяжонимни бир кўрсангиз эди! Ватан байроғи баланд кўтарилганида кўнглимдан ўтган кечинмаларни ҳозир ифодалаб беролмайман, Ўзбекистоннинг фарзанди эканимдан чексиз ғурур туйдим. Яхши биласиз, ўзбек бокс мактаби бу оламда ўз ўрнига эга. Юртимиз ўғлонларининг  жаҳон рингларидаги зафарли юришларига дунё аҳли аллақачон тан бериб бўлган. Уларнинг юртимизга келтираётган шон-шуҳратига ҳамиша чексиз ҳавас билан қараб келганман. Ўғлонлар Алпомиш, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд авлоди эканини дунёга кўрсатиб қўйди. Ўзим ҳам ўзбек бокси тарихида биринчи жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлдим. Буниси бежиз эмас, албатта. Ҳар бир ўзбек қизи томирида Тўмарису Барчинойлар қони оқиб турибди. У доим гупириб, ғалабага ундайди...»

                                    МОЗИЙДА ВА ДУНЁДА

    Байроқ бу – ғалаба, муайян бир халқнинг куч-қудрати, эркин ва фаровон ҳаёти, адолатлилик, бирдамлик асосига қурилган яшаш тарзини банибашар кўз ўнгида баралла намойиш этувчи ўзига хос бир буюк тимсол ҳисобланади.
Рамзлар ва тимсоллар фақатгина маълум бир ранглар, белги, тасвирлардангина иборат эмас, уларда ўзига хос ғоя ва мафкуралар илгари сурилади, мақсад-муддаолар ҳам ифодаланади. Ҳар қандай давлат, жамият ўзи кўзлаган орзу-умидлари, мақсад-муддаоларни байроғи, герби, мадҳияси ҳамда ўзга тимсолларида теран ифодалаб, улар воситасида кишиларни турли хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга, амалий фаолиятда ҳамиша ижтимоий ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка бетиним равишда чорлаб туради, даъват этади.            
   Байроқ – ғалаба, кўзланган маррани ишғол қилиш, ўта қатъий куч, шунингдек, ўзаро бирлашувнинг кўзларимизга яққол ташланиб турадиган, ўзга кишиларгаям баралла, ошкора намойиш этиладиган тимсоли. Энг дастлабки шакллариям тотемик эмблемалардан келиб чиққан ҳарбий байроқларнинг дасталари ёки туғли ва ёхуд кўпинча маъбудларнинг тасвири туширилган бўлган. Аксарият ҳолларда эса бирор-бир қудратли жонзот, масалан арслон, йўлбарс, бўри, бургут, умуман олганда, ёвқурликни акс эттирувчи ҳолатлар тасвирланган.
      Улар ўша қабила ҳудуди бошланиши ва тугаши чегараларига осиб қўйилган. Байроқда ушбу жамоа нима билан шуғулланишиям акс этганди. Бегоналар ўзлари келган ҳудуд кишилари нима билан шуғулланишини байроқдаги белги ёки расм орқали билиб олганлар. Масалан, овчилик билан шуғулланадиган қабила ўқ-ёй, чорвачилик билан банд бўлса, бирон-бир уй ҳайвони, деҳқончилик қилса, омоч сингари белгилар акс этган. Байроқлар, албатта, теридан ишланган. Тери бўлмаса, ҳатто тошдан ҳам белги сифатида фойдаланилган.
    Ҳинд – эрон, герман қабилалари, римликлар, кельтлар ҳамда бошқа турли халқлар томонидан қадим замонларда фойдаланилган бундай тасвирлар бўлса амалда ўша элатлар томонидан топинилган маъбуднинг жон-жаҳди билан жанг қилаётган қўшин орасида айни дамда ҳозир бўлиши ва ғаним устидан зафар қозонилишида унинг ўзига хос раҳнамолигини таъминлаш учун мўлжалланган эди.    
    Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган қудратли давлатлар мероси билан тарихан боғлиқликни, ворисийликни англатади ва буюк аждодларимизнинг миллий, маданий анъаналарини ҳам ўзида мужассамлаштиради. 
    Байроғимиз ғоятда муҳим давлат рамзи сифатида ҳатто Давлат гербида, Давлатимизнинг олий мукофотлари – орден-медалларида  ҳам тасвирланганлигини эса ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.
    Қадим-қадим замонлардан турли этносларнинг дунёқарашида  турли-туман ранглар айнан ўша халқлар учун маълум бир, ўзига хос маъно-мазмунни англатган. Уч ярим минг йилдан зиёдроқ буюк тарихга эга бўлган Ўзбек давлатчилигининг илк даврида ўзига хос мафкура вазифасини ғолибона ўтаган бобокалон китоб «Авесто»да қора ранг қоронғулик ва зулмат, оқ ранг бўлса поклик, озодлик ва ободликнинг белгиси сифатида таъриф ва тасниф этилганди.
   Худди шунингдек, энг қадим аждодларимиз – туркий халқлар дунёқарашида дунё қутблари ҳозирги даврдагидан фарқли тарзда, фақат сўзлар билан эмас, ранглар билан ҳам ифодаланган, масалан, қизил – жанубни, қора ранг – шимолни, яшил – шарқни, оқ ранг – ғарбни, сариқ ранг эса, рамзий равишда, марказни англатган эди. 
    Шарқда қадим-қадимдан қизил рангга алоҳида ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлинган. Шу жумладан, япон, корейс ва хитой халқлари мифологиясида қизил ранг доимо Она заминнинг бағрига ўзининг заррин нурларини аямасдан сочиб, унга асл ҳаётни бахш этувчи Бобо қуёш рамзи билан боғланган ҳолда талқин этилган. 
      Ҳозирги даврда эса халқаро эмблематика – тимсолшунослик илмида олтин ранг –  ҳокимият, кумуш – донолик, қизил – мардлик, мовий – садоқат, яшил ранг бўлса озодлик мазмунини ифодалайди.
     Энг камида уч ярим минг йиллик тарихга эга Ота юртимиз – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидаги мовий ранг тирикликнинг мазмуни яққол акс этган мангу осмоннинг ва обиҳаётнинг рамзи эканлигини ўзингиз ҳам ниҳоятда яхши биласиз. Тимсоллар тилида бўлса бу – яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ҳамда садоқатни билдиради. Бинобарин, буюк салтанатнинг асосчиси – бобокалонимиз сарбаланд Соҳибқирон Амир Темур давлатининг байроғиям айнан мовий рангда бўлганлигидан ўзингиз бохабарсиз.    

                             ТИМСОЛДАГИ ТИМСОЛЛАР

    Албатта, Байроғимиздаги оқ ранг – халқимиз учун муқаддас тинчлик ва омонлик, хотиржамлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан бевосита уйғунлашиб кетади. 
    Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу-умидлар, ният ва хаёлларнинг тозалиги, мусаффолиги, ички ҳамда ташқи гўзаллик сари тинимсиз тарздаги интилишнинг ўзига хос бир тимсолидир.
    Алоҳида таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуннинг 4- моддасига киритилган  қўшимчага кўра оқ рангга тегишли тавсифлар янада кучайтирилган. Хусусан, қонунга биноан «янги ой» сўзи энди «оқ рангли янги ой» шаклида ифодаланган. Шунингдек, «беш қиррали юлдуз» сўзларига унинг мазмун-моҳиятини янада ойдинлаштирадиган «оқ рангли» деган янги сифат ҳам қўшилган. 
     Яшил ранг бўлса қадим-қадимдан Она табиатнинг янгиланиш рамзи бўлиб келган...Бу ранг бугун ҳам бутун Курраи заминдаги кўпгина халқларнинг дунёқарашида навқиронлик, орзу-умид ҳамда шодлик-шодмонликнинг ўзига хос бир рамзи ҳисобланади.
     Албатта, қизил чизиқлар эса – вужудимизда ҳаддан ташқари жўшиб оқаётган ҳаётий куч-қудрат ирмоқларини англатади.
    Бутун бир дунёга ҳалолликнинг рамзи сифатида чиқиб келган ўзбекча курашда паҳлавонлар нима учун кўк ва яшил яктакларига қизил белбоғларини боғлаб олганларини ҳам энди теран равишда, бемалол англай оласиз.
Навқирон ярим ой (ҳилол) тасвири бўлса, бизларнинг минглаб йиллик тарихий анъаналаримиз билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, аслида мангуликнинг асл тимсолидир. Айни чоғда, ҳилол асрлар мобайнида тинимсиз тарздаги озодлик учун курашлар натижасида ҳақли, асосли равишда қўлга киритилган музаффар ҳамда энг азиз, энг муқаддас миллий истиқлолимизнинг рамзи ҳам ҳисобланади.
     Юлдузлар қадимдан барча халқлар учун ўзига хос бир илоҳий тимсол саналади. Юлдуз тасвири инсоният тарихидаги энг кўҳна,  қадимий белгилардан бири ҳисобланади. 
     Юлдузлар қадим-қадимдан мангулик ва мукаммаллик рамзи сифатида ифодалаб келинган. Халқаро миқёсида эса у XVIII асрдан бошлаб буюк марралар сари тинимсиз тарздаги интилиш, идеаллар, орзу-умидларнинг ҳақиқий, чинакам тимсолига айланиб кетган. 
    Беш қиррали юлдуз – пентаграмма – азал-азалдан эл-юртни ғанимнинг хуружидан мудофаа қилиш, Ватан равнақи, хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини таъминлаш орзу-нияти, мақсадида, маконни турли-туман таҳдидлар, бало-қазолар, ёмон кўзлар, инсу жинслар ҳамда ёвуз девларнинг ҳар турфа қилмишлари, кирдикорларидан асраб-авайлаш, муҳофазалашнинг рамзи ҳам ҳисобланган. 
Халқаро эмблематика фанида оқ ва кумуш ранглар, одатда, бир хилдаги маъно-мазмунни билдиради, юлдуз тасвирининг ранги бўлса бизнинг диққат-эътиборимизга ҳавола этилаётган бирон-бир тимсолнинг миллий ёки унинг сиёсий йўналишини ифодалайди.  
    Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвириям миллий-тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Боз устига бўлса, 12 рақами аждодларимизнинг тасаввурида чинакам мукаммалликни ҳам англатган.
    Шу билан бирга,бизларнинг айнан ўша 12 юлдузга нисбатан бўлган диққат-эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадларидаги қадимги давлатлар алломаларининг илмий тафаккурида нужум илми ғоятда тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.
   Давлат байроғимиздаги 12 юлдузнинг тасвирини бугун ўзбек халқининг буюк анъаналари, беҳад юксак маънавияти ва маданияти қадимийлиги, унинг доимий равишда комилликка, ўз Ота маконига садоқатга, мукаммалликка бетиним интилиши, истибдодни буткул инкор этувчи, эл-юртни бахт-саодатга элтувчи буюк истиқболнинг йўлини танлаганлиги рамзи сифатида ҳам англамоғимиз даркор.

                               БУЮК ЖАСОРАТ

    Юртимиз тарихининг қайси бир даври, саҳифасига жиддийроқ назарни ташламайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоллари сифатида ҳамиша ҳам азиз ва муқаддас саналганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳамма замонларда ҳам улар шунчаки давлатнинг юритаётган сиёсатини, эл-юртнинг орзу-умид, мақсадларини амалга ошириш воситасигина бўлиб қолмаган. Аксинча, тарихий тараққиётнинг ўта машаққатли йўлларида ғоятда улкан ижтимоий-маънавий, ғоявий-мафкуравий аҳамият ҳам касб этиб келган.
    Рамз – бу оддий образ эмас, бу фикрлар – ғоялар кўплигининг худди ўзгинасидир. Символ (тимсол) деганимиз – умумийликнинг индивидуалликда ўзига хос равишда намоён бўлиши ҳисобланади. 
    Рамзнинг бадиий вазифаси тимсолга нисбатан анча кенгроқ. У бир ёки бир неча тимсол воситасида ўта кенг қамровли, ранг-баранг ғоялар, мақсадлар, мулоҳазаларни ифодалаш имконини беради.
   Адабиётшунослик ҳамда фольклоршуносликка тегишли айрим бир тадқиқотларда «рамз» ва  «тимсол» ўзаро маънодош атамалар сифатида қўлланиб келмоқда. Аслида бўлса, улар ўзининг мустақил ўрнига эга. Қолаверса, атамаларда синоним бўлмаслиги керак. Рамз ва тимсол атама сифатида бир-биридан у қадар узоқ тушунчалар бўлмаса-да, айнан бир хилдаги мазмунни ифодаламайди. 
    Ҳар бирининг ўз қўлланилиш ўрни ва қамров доираси мавжуд. Масалан, ҳаммамиз биладиган, қўллайдиган «рамазон» сўзи «рамз» деган истилоҳдан олинган бўлиб, «қизимоқ», «қизиб чўғ бўлмоқ» ва «куйдирмоқ» маъноларини англатади. Яъни, мазкур ойда рўза тутган одамнинг гуноҳлари куйиб кул бўлади, деб ҳисобланади.
    Имуқуқлик (ассоциация уйғотиш) рамз ҳамда тимсол учун муштарак хусусият ҳисобланади. Аммо, «рамз» атамасини бирорта сўз ва бирикманинг муайян матнда ўз луғавий маъносидан ташқари турғун мазмун англатишига, «тимсол» терминини бўлса образнинг матндан сиртда (тор маънода) ва бутун матн асосида кенг маънода уйғотувчи ассоциатив маънони ифодалашига нисбатан ишлатиш мақсадга мувофиқ. Бу ўринда матндаги турли сўзлар, образларнинг рамзий маънолари умуминсоний мазмуннинг юзага чиқишига ҳам хизмат қилади.
    Тимсол тор маънода образнинг матн ҳамда матндан ташқари ифодаловчи поэтик мазмунни англатса, кенг маънода бўлса рамзий вазият, ҳолат ҳамда воқелик тизими асосида ҳосил бўлувчи бадиий мазмунга нисбатан қўлланади.
    Ҳар қандай тимсол рамзийликни касб этади, лекин ҳамма рамз ҳам тимсолнинг қамровини ололмаслиги мумкин. Аслида чалкаш англаш ва қўллаш худди шу нуқтадан бошланади...
   Элимизнинг буюк давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ғояси, ўз салоҳияти ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, энг аввало, унинг давлат рамзлари, тимсолларида ўзининг чинакам ифодасини топган. Шу боисдан ҳам аждодларимиз ҳаётида рамзлар ва тимсоллар беҳад эъзозланган. Одамлар ўз давлати тимсолларини асраб қолиш учун, керак бўлса, ўз жонларини ҳам сира аямаганлар. Жангу жадаллар жараёнида ҳам байроқнинг қулаши ёхуд душман, яъни ёғий, ғаним қўлига ўтиб кетиши амалда тағин хорлик, хўрлик, қуллик, қақшатқич мағлубият билан баробар ҳисобланган.
    Бунга мозийдан керагича мисоллар ва далилларни келтириш ҳам мумкин. Масалан, Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг «Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти» номли ажойиб китобида ҳам Ота юртимиз байроғининг давлат ҳаёти ҳамда жанг-жадалларда тутган юксак ўрни, роли масаласига доир саҳифалар бениҳоя бисёр. 
    Воқеаларнинг бирида 1228 йил 25 августида Исфахон яқинида мўғуллар лашкари томонидан ўраб олинган Жалолиддин ва сафдошларига Ота юрти байроғи қандай кўмак бергани хусусида ҳикоя қилинган: «Султон марказдан ўрин эгаллади. Аммо бу ерда ҳам тартиб бирмунча бузилиб кетганди, туғ ҳимоячилардан анча узоқлашган (Таъкид бизники – Б. И.), душман уларни ҳам ҳар томондан ўраб олганди. Қамал доираси тобора қисқариб, игнанинг тешиги мисол кичрайиб борарди. 
    Султон эса шу пайт ортига орқасига қараб ўз яловбардорининг қочиб кетаётганини ҳам кўриб қолди. Султон унинг орқасидан етиб олиб, найза санчиб ўлдирди. Байроқни ўз қўлига олди (Таъкид бизники – Б. И.). Кейин тоторларнинг сафига ҳужум қилиб, ўзи ва сафдошлари учун йўл очди. У қамални ёриб чиқиб кетди»...  (Т.: «Ўзбекистон» – «Ёзувчи», 1999, 249- бет). 
     Жалолиддин сираям илож қолмаганидан кейин бир қўлида от жиловини маҳкам тутган, иккинчи қўлида бўлса Ота маконининг байроғини баланд кўтарганча бир томчи қони қолгунига қадар ёғий билан курашавериш мақсадида азим дарёдан ўтиб кетганди. «Олий нишонли султоннинг ушбу ҳоли Соҳибқирон (Чингизхон)га манзур бўлди. Унга офарин айтди-ю, деди: «Отадан дунёда ҳали бундай ўғил туғилмаган. У саҳродаги шер каби ғолиб жангчи, дарёда эса наҳанг (акула) каби ботир. Қандай қилсинки, ҳали ҳеч ким тақдир билан, ҳеч бир можарода тенг кела олмаган. Лекин у мардликнинг додини берди. Қазойи қадар қаршисида қудрат қўлини (мардона) очди. (183- бет) Мардлик билан ундан (қазо) қутулиб бўлмайди. Нима қилсин – қилмасин бу улуғ худо ишидир». Султоннинг барча феълу ҳаракатлари Чингизхонга манзур бўлиб, таҳсин оғзини очиб, ўғилларига юзланди ва деди: «Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб – олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олди!»
    Бу воқеа юнд йилига мувофиқ 618 йил ражаб ойида юз берган эди. (Улуғбек, Мирзо. Тўрт улус тарихи. Т.: Чўлпон, 1993, 184- бет)
    Ота Маконимиз ҳудудига мўр-малахдек ва тошқин сел янглиғ ниҳоятда катта шовқин солиб, ҳайбат билан  бостириб келган мўғул босқинчилари 6 ойлик қамалдан сўнг 1221 йилнинг кузида Хоразм пойтахти Гурганжга ёпирилиб кирганида Шайх Нажмиддин Кубро  ғанимнинг аллома ўзи хоҳлаган кишилари ва қариндош-уруғлари билан муҳосара (қамал)даги бошкентни ҳеч қандай талофатларсиз тарк этиши ҳамда ўзининг жонини бемалол сақлаб қолиши мумкин эканлиги борасидаги марҳаматига асло рози бўлмай: «Бу мурувват йўлидан ниҳоятда йироқ, кўп йиллардан бери бу вилоятнинг аҳли ҳимоясида хотиржамлик билан умримизни ўтказган бўлсагу, энди... бу халқдан ажралишни ихтиёр қилсак. Аёнки, ёғийнинг сўзун қабул айлаб, ватанимиздин чиқиб кетар бўлсак, жонимиз омон қолгай ва бегона элларда бўлса-да ўзумизга яраша мартаба ҳам топгай эдик. Аммо, ватансиз мартаба мартаба, юртсиз ҳаётдин ҳаёт бўлгайми?! Магарам ўз элимизда қолур эсак, ёғийга хизмат елкамизга тушмай қолмагай. Бизим елкамиз тоғни кўтарур, аммо бу иснодни кўтара билмас. Ўзингнинг юртингда ўзгага тобе бўлиб яшагандин ўлган яхшидир!» дея ўз эл-юрти мудофааси ва муҳофазасининг фидойи раҳнамоларидан бирига айланган эди. 
Кубро ҳазратлари бир қўлларида қилич билан душманга ҳамла қилар, бир қўлларида бўлса, ҳеч мағлубиятнинг аламини тортмаган, кўҳна ва буюк Хоразмшоҳларнинг музаффарият байроғини баланд-баланд силкитганича бор овози ила хитоб қилар, ҳайқирардилар: 
– Эр йигит ўлмай туриб, Ватан бермоқ ўлумдир! Ё Ватан, ё шарофатли ўлум!
    Ёғий кўрдики, оқ ридоли ва оқ саллали бир зот, оппоқ соқоли кўксига тушган бўлса-да, арслон янглиғ наъра тортар, унинг ҳар бир ҳайқириғидан эса мўғул аскарининг илки титраб-қалтирар эди. Шу тобда қийиқ кўзли пакана, обдан писиб пойлади, сандондан олиб ўқни, камонига ўрнатди-ю, жаннатмакон Ҳазратнинг кенггина яғринига бир нечасини жойлади. Камон ўқининг захми, қиличнинг зарбидан охири шайх қулади, қулаётиб Шайх Нажмиддин Кубро туғ тутволган мўғул сарбозига ташланиб, унинг қўлидаги байроғига чанг солди, унинг бир парчасини йиртиб – узиб олди ва уни жон-жаҳди билан маҳкам тутган ҳолда ҳалок бўлди. Мўғул шаҳзодалар эса Нажмиддин Кубронинг жасади устида пайдо бўлдилар.
    Мовий осмон кўмирдек қорайиб кетди. «Дод» солиб йиғлади Хоразм. Фарёд қилди фалак ҳам. Шундаям Нажмиддин Кубро, бир қайрилиб ўзининг ортига Ватанининг бошигамас, душмани устига йиқилди. Қарангки, бунақанги шарафли ўлим ҳайбатидан ёғийнинг жони нақ ўзининг халқумига тиқилди. Чошгоҳнинг яқин пайти, ёв тинди шаҳватидан. Қуёш ҳам гезариб ботди, ушбу кун даҳшатидан. Чунки... чунки... мангу уйқуга кетган Шайхнинг қўлин кесдилар! Байроқни маҳкам тутган бармоқларини ҳам қирқдилар!!! Шу йўл бирлагина Кубродан, олдилар ўз яловини. Шайхнинг бармоқларини кесгачгина узуқ-юлуқ нимталарни йиғиштириб ололдилар, холос. Бу энди байроқ эмас, бир парчагина бурдаланган оддий латта эди. 
     Душманлар ғолибликнинг топдилар қаловини. Аммо... 
   Қарангки, улуғ Шайх Нажмиддин Кубронинг эл-юрт озодлиги йўлидаги энг буюк маънавий жасорати – мана, саккиз юз йилдан буён баниоламга, баниодамга ва банибашарга буюк ибрат, юксак ватанпарварликнинг ва фидойиликнинг юксак намунаси сифатида беминнат  хизмат қилиб келмоқда. 
    Ўзбекнинг ўғлонлари ва қизлари азал-азалдан ватанпарвар бўлиб келган. Бугунги ўзбеклар-чи? У эртага ёки индинга қандай бўлади? Ватанпарварликнинг ўзи нима? У қандай бўлиши керак? деган бири-биридан ўта мураккаб саволлар шундоққина олдимизга кўндаланг туриб олган. Ўзимиз ҳам худди бобо ва бувиларимиз сингари бўлишимиз керакми ё инсон фикри, қарашлари, туйғулари бетиним ўзгариб, янгиланиб бораётган ушбу Очунда одамлардаги ватанпарварлик туйғулари сусаяётгандек туюладими ёки аксинча, янада кучайиб бормоқдами? Ўзимиз қўйган саволларга бировдан эмас, ўзимиздан жавоб излаб кўрамиз. Лекин, қуйида Сизларнинг эътиборингизга ҳавола этилажак субъектив фикр-мулоҳазаларни ақлингиз, қалбингиз тарозисида ченаб, ғалвири ё элагидан ўтказиб, қабул қилиш ёхуд инкор этиш ҳуқуқи айнан ўзингизда қолаверади.
    Бу ёруғ оламда бетиним ўзгаришлар, эврилишлардан бўлак ўзгармас нарсанинг ўзи ҳам бўлмаса керак. Аслини олганимизда, ўзгаришлар – бетиним ўзгариб турган шароитларда энг ўзгармас воқеликдир. Ҳаммаси эскича ҳолатда қолиши учун ҳам ҳамма нарса ўзгариши даркор бўлади. Бутун борлиқдаги, фикрдаги, машаққатли ва беҳад шиддатли ҳаётда содир бўлаётган ўзгаришлар ҳар бир инсоннинг маънавияти, руҳиятига, бутун бир жамиятнинг ахлоқий қиёфасига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолиб кетмайди, онгимиз ё онг ости – шууримизда майда-чуйда, сезилар-сезилмас бўлса-да, изларини қолдириб ўтиб кетаверади. Бутун дунёни баҳайбат саккизоёқ панжалари сингари қамраб олган ҳайбатли, шиддатли глобаллашув деб аталмиш куч-қудрат босқонининг босими остида Ер юзи ҳам кичрайиб, «Тўйтепа бир қадам»дек бўлиб қолганини ўзингиз кўриб, билиб турибсиз, ўша одам деганларининг ўз киндик қони тўкилган замин, ўзи дунёга келган ўша масканга боғлиқлиги камайиб боряпти. Бугун банибашарнинг 500 миллиондан зиёдроқ вакили ўзи туғилган юртда яшамаяпти, ўзга бир мамлакатларга кўчиб кетиш, ўша ёқда умргузаронлик қилмоқчи бўлганлари эса ундан ҳам мўлроқлигидан бохабарсиз. Авваллари одам фақатгина ўзи таваллуд топган юрт вакили бўлса, ҳозирги замонда бутунлай Ер юзи одамига айланиб бормоқда. Шўро даврида бизнинг ўзимиз ҳам уларни роса қаттиқ қоралаб, космополит (беватан) деб атардик, «Ўзга юртда султон бўлгунча, ўз юртингда ултон (пойабзалнинг тагчарми) бўл», «Узоқнинг сомонидан яқиннинг похоли яхшироқ», дегандек аждодлардан мерос мақолларни айтиб, ўзимизча сал-пал тинчлангандек, хорижий давлатларда истиқомат қилиб, самарали равишда фаолият кўрсатаётган ватандошларимизни «Ватангадо», «Сотқин» деган унвонлар ила ўйлаб-нетиб ўтирмай бемалол сийлаб юбораверар эдик. 
    Ҳозирги замон шароитида, тан олишимиз даркор, одамнинг ўз отамаконига бевосита боғлиқ ҳис-туйғуларида ҳам маълум бир даражада ўзгаришлар содир бўлаётганини табиий деб ҳисоблашга мажбурмиз. Глобаллашган даврнинг одамидаги ватаний ахлоқда ҳам анча-мунчагина сусайиш юз бераётганлигини ўзингиз сезаётган бўлсангиз керак. Бу фақатгина моддий жиҳатдан етишмовчилик туфайли эмас, балки бугунги замон одами руҳиятидаги ўзига хос эврилишлар сабабли унинг онгиданмас, онгости – шууридан юзага чиқиб қолган янги бир ҳолат. Инсоният вакиллари энди бутун Ер юзини менинг ҳақиқий ватаним, деб қарай бошлаяптилар. 
    Банибашар орасида аввалиги даврлардагидан фарқли равишда ижтимоийлашув, бир-бирларидаги кўзга яққол ташланиб турган ўзгачалик, турфа хил фарқларга ҳам бағрикенглик ва кенгфеъллик билан қарай бошлаш фазилати аста-секин шаклланиб бормоқда. 
    Лекин, тағин бир бор тан олишимиз даркор, бугунги замон одами фақатгина идеал орзу-ниятларнинг оғушида ўз кунини кечираверадиган, тирикчилигини қилаверадиган романтик индивид эмас. Ҳозирги давр кишиси ғирт прагматик ва амалиётчи шахс сифатида эртанги ҳамда келажак кунларнинг улкан ваъдаларидан, йўл хариталаридан кўра ҳозирги,  яъни, бугунги нақдини афзалроқ кўради. Шундай эканки, бугунги ўзбекларнинг ватаний ҳис-туйғуларининг ҳам маълум бир даражада эврилишга йўлиқиб қолгани сира ҳам ажабланарли эмас-да. Агар керак бўлса, Ўзбекнинг шаънини жаҳон спорт ареналарида ҳимоя қилдиришга  чет эллардан легионерларни маълум бир улкан маблағ эвазига чақиртириб келтириш унчалик ҳам мушкул юмуш бўлмай қолганлиги ҳеч кимни ажаблантирмай қўйганди. 
    Ватан деганлари фақатгина географик-сиёсий эмас, шу билан бирга маънавий-руҳоний тушунча ҳамдир. Ватансуяр инсон учун отаюрт ўзидан ташқарида мас, ётадиган тупроқ эмас, аксинча унинг юрагидан муқим ўрин олган руҳий ҳодиса ҳисобланади. Шундай одамдагина ватанга чин меҳр-муҳаббат бўлади. Ундай инсонлар АҚШ, Россия, Германия, Жанубий Кореяда... истиқомат қилиб, фаолият кўрсатаётган бўлса ҳам, чинакам ўзбек бўлиб қолаверади. Ватан – оддий шиор, чақириқ эмас, балки ниҳоят даражада нозик, беҳад муқаддас ва муаззам маънавий тушунчадир.

                           ЯЛОВ ВА ЯЛОВБАРДОР

    Қадимий афсоналарнинг бирида бўри туркий қабилалардан бир бўлагининг қадимий аждоди сифатида ниҳоятда улуғланган. Бўри худди фарзанднинг ҳақиқий ота-онаси сингари халоскор ва энг тўғри йўлни кўрсатувчи, Ватан қаҳрамонларига эса ҳамиша кўмак берувчи, шавкатли, ниҳоятда жасоратли жонзот ҳисобланган. Шу боисдан ҳам қадимги туркий халқлар она бўрига ҳурмат-эҳтиром юзасидан ўзларининг туғ, яловларини олтин бошли бўри тасвири билан безаганлар. Бундай тасвирий белги эса туркийлар ўз аждодларини ўзга олам – осмону фалак билан боғлаганликларининг ўзига хос рамзи ҳам ҳисобланади. Туркий қавмларда бўри билан боғлиқ илоҳий, ижтимоий, этник тушунчалар кенгая борган. Бўри — туркий қавмларнинг этник жиҳатдан маънавий ҳаётига раҳнамо ҳисобланган. Ва шунингдек, қатор йиртқич ҳайвонларга, қушларга нисбатан шомонийлик руҳидаги қараш ҳам кенгайган. Бунга кўра, ҳайвон, қушларга нисбатан этник, шахс номларини қўллаш ҳанузга қадар давом этмоқда. Исломдан илгари қадимги турк даврида Буюк турк хоқонлиги давлати ўз рамзий ифодасини акс эттириш ниятида маълум рамзий белгилар қабул қилган. Бу белгилар қадимги турк давлати байроғида ўз ифодасини топган. Бу яшил байроқ ўртасига бўри боши тасвири туширилган, байроқ эни бўйига нисбатан сал узунроқ бўлган. Кейинчалик бўлса бўрининг тасвири туркийлардан мўғуллар ва ўзга халқлар байроқларига ҳам аста-секин кўчиб ўтган.
    Туркий халқларнинг рамзий белгилари Хитой, Рим, Византия, Тибет, араб, ҳинд, форс, туркий манбаларда ёритилган, шунингдек, бу рамзий белгилар халқ оғзаки адабиётида, удумларда, этнографик хусусиятларда ҳам ўз аксини топган. Хун империяси даврида сариқ ранг бошқа рангларга нисбатан ажратиб олинган, ижтимоий ҳаёт маъносида сариқ ранг давлат рамзи сифатида хунлар байроғида акс этган. Шунингдек, байроқ ўртасида тимсоҳ (нак)га ўхшаш ҳайвон тасвири ифодаланган, байроқ бўйи эса энига нисбатан узун бўлган.
    Ғарбий Хун империясининг байроғи ҳам сариқ рангда бўлиб, байроқ ичида бирорта белги кўрсатилмаган. Бу эса улар байроғида тамға белгисини кўрсатмаслик, шарқий Хун империясига нисбатан мустақил субъект эканини исботлайди. Милодий IV асрда Баламир томонидан тузилган Европадаги Хунлар давлати байроғи оқ рангли бўлиб, энига нисбатан бўйи узунроқ бўлган. Байроқнинг ўртасига қаноти ёзилган бургут тасвири туширилган, бургут қуйруғи билан қўндирилган, унинг боши устида туркий бўрк бўлиб, у бўрк бургут бошига кийдирилмаган, аксинча, муаллақ ҳолда тасвирланган эди. Буюк турк хоқонлигининг Ҳазар хонлигида ҳам мустақил давлат байроғи бўлган, бўйи узунроқ, эни қисқароқ ўлчовга эга, ранги тўқ яшил, ўша байроқнинг биринчи ярмида беш қиррали бешта юлдуз, юлдузларнинг олд томонида эса ясси қалпоқ тишлаган қуш тасвири туширилганди.
    Ўз замонида оламга машҳур, қудратли Оқ хунлар ё Кушонлар (милоддан аввал III аср. милоднинг V асри) давлати Рим империяси билан рақобатда бўлган. Кушон империясининг байроғи оқ рангли бўлиб, унинг олд томонида беш қиррали оч сариқ тусдаги юлдуз тасвирланган эди, бўйи узун ва эни қисқа бўлган. Эфталийлар (V – VI асрлар) Кушонлар империясининг давоми сифатида оқ хунлар давлати деб юритилган. Улар байроғи ҳам оқ рангли бўлиб, байроқ олд қисмига беш қиррали оч сариқ юлдуз тасвири туширилган.
    Тўққуз ўғуз ёки Қадимги Уйғур давлати VIII аср ўрталарида буюк турк хоқонлиги емирилгач, меросхўр сифатида ташкил топган эди. Тўққуз ўғузлар байроғи тўқ сариқ рангда бўлган, байроқ ичида икки киши боши тасвирланиб, бирининг бошига тумоққа ўхшаган бўрк кийдирилганди, иккинчиси бўлса тегаракли қалпоқ кийволган, бу қалпоқ попукли эди. Идиқутлар ёки Уйғур давлати Турфонда IX аср ярмида ташкил топган эди. Бу давлат тўққуз ўғузлар империяси давоми бўлгани учун байроқ тасвири ҳам ўзгармай, мерос сифатида давом этган.
Олтой, Монголия ва Жанубий Сибирда 545 йилда Буюк турк хоқонлиги тузилгач, туркий қавмларнинг иттифоқига кирган (абар) аварларда турк қаған (хоқон)лигига нисбатан ёвлик пайдо бўлиб қолгач, аварлар Шарқий Европа, сўнг Болқонга, Марказий Европага сурилиб, 565 – 803 йиллар давомида Европада авар хоқонлигини тузган. Яшил рангли байроққа эга бўлган, байроқнинг ўртасида орқасига қараб ўқ-ёй отаётган жангчи отда чопиб кетаётган ҳолатда тасвирланган эди. Улуғ туркий олим Маҳмуд Кошғарий бу ҳолатни Искандар Зулқарнайн Туронни босиб олаётган давридаги туркий қавмларга нисбат берган.
   Туркий халқлар Ислом динини қабул қилганидан кейин давлат байроқларида айрим ўзгаришлар юз берган. Қорахоний, салжуқий ва хоразмшоҳлар давлатлари байроқларига маълум бир ўзгаришлар киритилган. Қорахонийлар давлати 860 йилларида ёғмо, қарлуқ ва чигил туркий қабилалари иттифоқи асосида Баласағунда (Балиғ сағунда) Сатуқ Буғрохон томонидан ташкил этилган. Бу давлатнинг рамзий ифодаси – байроғи қизғиш-қўнғир рангли бўлган, байроқда туғ шаклидаги ўқ тасвирланиб, қуйидан юқорига қараб лотинча «М» ҳарфи сингари учта шакл кетма-кет акс этган, қуйида биринчи «М» шакли йирик бўлиб, юқорига қараб икки «М» шакли кичрайиб борган. Чингизхоннинг набираси Ботухон томонидан 1236 йилда ташкил қилинган Олтин Ўрда давлати 1502 йилгача ҳукм сурганди. Олтин Ўрда давлати байроғига (Чингизхон меросхўри сифатида) оқ ранг танланган, байроқ ўртасида ярим ой белгиси, ярим ой остида лотинча «М» тасвирланган.
    Араб халифалиги емирилиши натижасида 963 йилдан 1183 йилга қадар Ғазнавийлар давлати ҳукм сурганлигидан ўзингиз ҳам бохабар бўлсангиз керак. Ғазнавийлар давлатининг байроғи, яъни рамзий белгиси тўқ яшил рангда бўлиб, унинг юқори қисмида оч кулранг ярим ой белгиси мавжуд бўлган, бўйи узунроқ, эни қисқа байроқдаги ярим ой остида икки товус рамзлари бир-бирига ўзаро юзланиб турган ҳолатида тасвирланганди. 
    Туркийларнинг йирик давлатлари – ўғуз қабилаларининг буюк турк хоқонлиги ва тўққуз ўғузлар давлати билан бир қаторда Инжу ўкуз (Сирдарё) қуйи оқимида жойлашган Янгикент шаҳрида VIII асрда Ўғузлар давлати тузилганди. Инжу ўкузда тузилган турк-ўғуз давлатига Салжуқбек асос солган, бу давлатнинг байроғи тўқ яшил рангли бўлган, байроқ ўртасига қанотини икки томонга ёйган икки бошли бургутнинг тасвири туширилган. Бургут олдида ўқланган ёй тасвири ҳам берилганди. Салжуқийлар давлати 1040 йилда ташкил топган салтанат, 1157 йилга келиб йўқликка юз тутганди.
    Хоразмшоҳларнинг байроғи қора рангли бўлиб, байроқ ичида бошқа тасвир мавжуд эмас.  Туркиянинг тарихий байроғи бўйи икки метр, эни бир метр бўлиб, қизил рангли байроқ ўртасида ярим ой ва саккиз қиррали юлдуз тасвирланган эди. 1922 йилда Туркия давлати байроғи тўқ қизил рангда тасвирланиб, ярим ой ва беш қиррали юлдузга алмаштирилган.
    Хива хонлиги XVI асрнинг биринчи ярмидан бошлаб ўзбек элатинииг қўнғирот уруғи томонидан тузилган. Қадимий анъана тарзида Хива хонлиги байроғи учун жигарранг тус қабул қилинган, байроқ бўйи икки метр, эни бир метр, ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган, байроқнинг ҳошияси юпқа яшил йўл билан ифодаланган. Бухоро хонлиги ўн саккизинчи асрнинг ярмида Ҳакимбий ва унинг ўғли Раҳимбий томонидан ташкил қилинган.
    Бухоро хонлиги пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) байроғи шаклини қабул қилган, шунга биноан, яшил рангли бўлиб, ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган. Қўқон хонлиги XVII аср ибтидосида Шоҳруҳбий томонидан тузилган эди, давлат байроғига анъанавий сариқ-малла ранг қабул қилинган, байроқ ўртасида ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвири берилган. Туркистон ўлкаларида ислом дини қабул қилингандан кейин ташкил топган туркий давлатлар ўз миллий давлат байроқларидан ташқари пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг ярим ой ва юлдуз тамғали яшил туғини ҳам кўтарганлар.
    1917 йили Қўқон шаҳрида Туркистон Мухторияти ҳукумати тузилгач, жамоатчилик томонидан миллий байроқ масаласи кўриб чиқилганди. Кадимги туркий халқларда мамлакатнинг шарқ томони – яшил, жануби – қизил, ғарби – оқ, шимоли эса қора ранг орқали ифодаланишига кўра, бу ранглар миллий байроқда акс этиши керак, деб ҳисобланганди. Худди шунингдек, Туркистон ўлкалари ислом мамлакати сифатида миллий байроқда ислом белгиси бўлиши шарт деб белгиланган. Тағин, бир қатор Туркистон ўлкаларида ташкил топган давлатлар миллий байроқларида акс этган рамзий белгилар ҳам учраши инобатга олиниши зарур бўлганди. Шу мулоҳазаларга кўра, Туркистон мухторияти ҳукумати қуйидаги байроқни миллий рамз сифатида қабул қилганди. Миллий байроқ ҳажми: бўйи икки метр, эни эса бир метр. Байроқ тўрт хил ранг билан, тўрт чети энсиз яшил мовий рангда ифодаланган эди, унинг уч томонидан учта йўл бирлаштирилиб, ана шу уч йўл навбатма-навбат жигар ранг билан берилганди; яна учта йўл туташтирилган ҳолда навбатма-навбат оқ рангда ифодаланган эди. Байроқнинг сопи билан бирлаштирилган тарафидан яшил рангли йўлдан кейин ярмига қадар қизил рангда тасвирланган, худди шу қизил рангли бўлагида ярим ой ёки ҳилол тасвирланиб, ўша ҳилолнинг бағрида беш қиррали юлдуз оқ рангда ифодаланган. Байроқнинг қизил рангли қисмидан кейинги бўлаги ҳам беш йўлдан иборат бўлиб, бу беш йўл: жигарранг – оқ ранг – жигарранг – оқ ранг – жигаррангда берилган эди. Юқорида ҳам қайд этилганидек, Ислом дини қабул қилингунигача Туркистонда ташкил топган давлатлар байроқлари ўртасида ёки байроқ сопида бўрибоши тасвири бўлган. 
    Шунга биноан, Туркистон мухторияти байроғининг сопи устига бўри (курт) боши тасвири ўрнатилган эди. Бундан ташқари, Туркистон байроғи билан бир қаторда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ислом рамзи ҳисобланган байроғи ҳам ёнма-ён кўтариб юрилган. Шунга кўра, Туркистон фидойилари яшил байроқ кўтариб кураш олиб борганлар.
    Байроқларнинг шакли-шамойили, рангиям қадим-қадимдан турли-туман бўлган. Уларни яратиш ғояси бўлса, шубҳасиз, бундан ўн минг йиллар муқаддам қадимги дунёнинг ибтидоий овчилари ва жангчиларининг онгу тафаккурида туғилган эди. Улар эса ўзларини дўстлари ҳам, ғанимлари ҳам олис-йироқлардан таниб олишларини истаганлар: айни пайтда улар томонига кимлар келаётганига қараб, ўзларича мутаносиб тарздаги тайёргарликни бошлаб юборганлар. Агар ўзларининг дўст-биродарлари келгудек бўлсалар қучоқ очиб, хурсандчилик билан кутиб олсалар, ғанимларни бўлса, турган гап-ки, ўзларида мавжуд қурол-яроғ билан муҳорабаларга тайёрланган ҳолда қаршилаш тадоригини кўрганлар.
    Албатта, у пайтларда ҳозиргидек анвойи матоларнинг ўзи ҳам  қаёқларда эди, дейсиз. Одамзод томонидан ҳали термачиликдан ишлаб чиқариш хўжалигига ўтилмаганлиги ва турли-туман матолар тўқиш даври бошланмаганлигисабабидан илк байроқлар ҳайвонлар терисидан ёки қушларнинг ранг-баранг патларидан ясалган. 
Энг қадимги Миср фиръавнларига ўз жонини ҳам бағишлаган аскарлар жангу жадалларга узун хода кўтарган ҳолда киргандилар. Ходанинг уч қисмига эса муайян бир ҳайвон ёки қуш, ёхуд бирорта предмет тасвири туширилганди. Турли-туман матодан тайёрланган дастлабки байроқлар эса тўқимачиликка жиддий киришган қадимги хитойликлар ва ҳиндларда пайдо бўлганди. 
    Хитойликларда бундан 3000 йил муқаддам ҳам матолардан тайёрланган байроқлар мавжуд бўлган эди. Ханлар худди шундай байроқларини кўтарволган ҳолда қадимги Буюк Фарғона (Дайюан) давлатига бундан 2100 йил аввал «самовий отлар»нинг илинжида юриш қилиб келиб, адабларини роса еган ҳолда ўз яловларини ҳам ташлаб, ортларига қайтганларидан ҳам бохабар бўлсангиз керак. 
    Буюк Турон заминида истиқомат қилган элатлар, ҳукм сурган давлатларнинг байроқлари ҳақидаги маълумотлар қадимги адабий ёдгорликлар ва тасвирий санъат асарларида ҳам сақланиб қолган. 
    Ўрта асрларда бир томони узун дастага мустаҳкамланадиган, баъзан турли рамзий белгилар туширилган бир ёки кўп рангли мато туғ деб аталган эди, у узун таёқ ёки найзанинг учидаги олтин шарга боғланган отнинг думидан иборат бўлганди. Аждодларимиз қадим-қадим замонлардан барча жониворлар мужассами – қирол шернинг жасорати, бургутнинг ўткиркўзлиги, кийикнинг учқур, чопқирлиги ўзига хос равишда фақатгина инсоннинг энг яқин дўсти – от, яъни тулпордагина намоён бўлади деб ҳисоблаганлар. Бундай шаклдаги байроқлар XVI – XVIII асрларда Дон ва Ёйиқ (Урал) казакларида ҳам бўлиб, ҳарбий юришларда байроқ кўтариб юрувчи ва доимий тарзда қўриқловчи ҳарбий қисм командири хорунжий деб аталган. 
    Сарбаланд Соҳибқирон Амир Темур даврида давлат байроғи беқиёс улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, мафкуравий аҳамият касб этганди. Шу жумладан, ҳарб майдонида Соҳибқирон лашкаридан ягона аскар омон қолса ҳам, у ўз мамлакати байроғини баланд тутсин, деган фармон берилган эди. Байроқнинг эгилиши эса мағлубият белгиси сифатида қабул қилинган. Шу сабабдан ҳам жангу жадаллар чоғидаям давлат байроғини сарбаланд Соҳибқирон Амир Темурнинг энг ишонган баҳодир сипоҳлари  кўз қорачиғидек, ўз азиз жонларини асраб-авайлагандек қўриқлаганлар.  
     Соҳибқирон қўшинининг илғор (авангард), марказ, ўнг ва сўл қанот қисмлари, асосий зарбдор куч ортидаги қисм (аръергард)нинг ҳам ўзига хос махсус ҳарбий байроқлари ҳам бўлганди. Бу муайян рангдаги байроқларга қуёш, ой, юлдуз рамзлари, ва албатта, айнан ўша қўшин тури (пиёдалар, чавандозлар, камончилар...)нинг махсус белгиси туширилган. 
    Амир Темурнинг қудратли қўшинида турли-туман, ҳеч фурсат кутиб турмайдиган давлат аҳамиятига молик бўлган бениҳоя муҳим маълумотларни керакли манзилга зудлик билан етказишда шартли равишдаги рангларнинг тилиданам унумли равишда фойдаланилган эди. Масалан, ўша замонда ҳарб (жанг) майдонида оқ байроқнинг кўтарилиши эса ғаним устидан ғалабага эришилганлигидан далолат берган. Забт этилган шаҳар ва қалъалар деворлари ва миноралари устига ғолиб амир ва султонларнинг байроқлари жудаям тантанали равишда, карнай-сурнай ва ноғораларнинг қулоқни росаям қоматга келтирадиган, ёв, душманларни бўлса ниҳоятда ваҳимага соладиган садоларининг остида ўрнатиб қўйилган. Қонли муҳорабада мағлуб этилган ғанимнинг байроқлари дастаси синдирилиб, ғолибларнинг оёқлари остига тантанали тарзда улоқтирилган. 
    Соҳибқирон давлатининг байроғи мовий рангда бўлиб, унга учта зарҳал доира, ҳалқа тасвири туширилганди. Ўша даврда Амир Темур саройида бўлган Кастилия ва Леон (Испания) элчиси Рюи Гонзалес де Клавихо тимсоллар тилини жуда яхши биларди. Унинг «Самарқандга – Амир Темурнинг саройига саёҳат кундалиги (1403 – 1406 йиллар)» номли бутун дунёга жудаям машҳур китобида қайд этилишича, «Темурбек тамғасида учта ҳалқа тасвирланган бўлиб, бу тамға, Темурбек – дунёнинг уч қисми подшоси, деган маънони англатади. Подшоҳ фармойиши билан бу тамға тангаларга ва бошқа салтанат буюмларига зарб этилганди. 
    «О» шаклидаги учта доирадан иборат салтанатнинг муҳрида акс этган тамғани подшоҳ ўзига бож тўлаб турадиган мамлакатлар пулларига ҳам зарб этишни буюрган».
    Шу ўринда буюк элчининг мовий тамға остида умргузаронлик қилган улуғ аждодларимиз хусусидаги баҳосиданам бохабар бўлиб қўйсак, ҳеч кимга ҳеч зарар қилмаса керак: «Бу халқ билан подшоҳ (Темурбек) кўпдан-кўп буюк жасоратларга эришган ва кўпдан-кўп ғалабаларни қўлга киритган. У халқ меҳнатсевар, моҳир чавандоз, камон отувчи мерган. Умуман, ўта сабот-матонатли халқ. У борига қаноат қилиб... тирикчилигини қилишга ўрганган халқ. Иссиққа ва совуққа, очликка, ташналикка жаҳондаги бошқа эллардан саботли  ва чидамлироқ халқ...».
    Буюк темурий Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг байроқлари ўзгаларникидан анчагина кенглиги, энлироқ матодан қилинганлиги, ҳажм жиҳатидан каттароқлиги, дастаси бўлса нисбатан қисқа ҳамда йўғонлиги билан алоҳида ажралиб турган. 
    Жангу жадалларнинг бошланишидан олдинроқ ҳамда байрам кунларида  байроқлар ҳилпиратиб ёйиб олинган ва бошқа юришлар пайтида бўлса (овга ё бир жойдан иккинчи жойга боришда) махсус тайёрланган қизил ғилофга авайлаб солиб олинган. 
    Бобур байроғида чор атрофи қизил чизиқлар билан ўралган зангори шойи матога олтин рангли шернинг ўнг оёғи билан юриб кетаётган ҳолати ҳамда унинг ортидан астагина заррин нурларини бутун борлиққа аямай, қизғанмай сочиб, бошини кўтариб келаётган олтин тусли қуёш тасвири чизилган эди. 
    Бу байроқ кейинчалик Акбаршоҳ ва Шоҳ Жаҳонгир даврида ҳам сақланиб қолганди ҳамда жангоҳларда энг олдқаторда кўтариб юрилган. Жаҳонгир подшоҳлиги даврида Ҳиндистоннинг шарқий қисмига келган сайёҳлар – Эдвард Терри ва Томас Роу (1655 йил) Бобурийларнинг байроғига қуйидаги таърифни берганлар: шоҳнинг байроғи шойидан бўлиб, савлат тўкиб ётган улкан бир шер ортидан кўтарилаётган қуёш тасвирланган эди. Шоҳ Жаҳон даврида ёзилган «Подшоҳнома» асарида Паяг исмли мусаввир ҳам зангори рангли байроқда ўнг оёғи билан астагина қадам босаётган шер ҳамда унинг ортидан кўтарилаётган қуёшни тасвирласа, шу асарнинг бошқа бир жойида ўзга рассом шерни ётган ҳолида чизгани ва катта қуёш гўё айнан ўша шернинг ортидан кўтарилаётгандек қилиб тасвирлагани ҳақида маълумот берилади.  
   Юқоридаги тарихий маълумотлардан келиб чиқиб, шернинг айни ўша байроқда тасвирланган икки хилдаги ҳолатини изоҳлаш зарурияти ҳам туғилади. Бобур давридаги байроқда арслон ўнг оёғи билан астагина юриб кетаётган бўлса, Акбар, Жаҳонгир ҳамда Шоҳ Жаҳоннинг ҳукмдорлиги замонида эса, айнан ўша арслон ястаниб ётган ҳолатида тасвирланган. Бобур мирзо жангу жадаллар билан, қудратли давлат барпо этиш мақсадида бетиним ҳаракатда бўлгани сабабиданам унинг байроғидаги қудратли шер ҳам бетиним тарзда ҳаракатланаётган ҳолида тасвирланганди. Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон замонига келиб, кўзланган қудратли давлат барпо этилгани, салтанат ҳам анча барқарорлашгани, ҳарбий юришларга эса унчаям катта ҳожат бўлмагани сабабидан ўша шер ястаниб, фақат олдинга назар ташлаб, гердайиб ётган ҳолида тасвирланган эди.
    Соҳибқирон – Амир Темур байроқлари дастасининг учига ҳам отнинг думи боғланиб, ўзига хос жанговарлик руҳи акс эттирилган. Тарихий манбаларни ўрганиш чоғида,ўша ва ундан олдинги дунё ва даврдаги давлатларининг байроқларида жонзотларнинг шоҳи – шер, арслоннинг тасвири нисбатан кўпроқ қўлланганига ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шер эса, айни бир пайтнинг ўзида, қуёшнинг рамзи, куч-қудрат, ҳукмронликнинг тимсоли ҳам ҳисобланган. 
    «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душманнинг устидан шижоат ҳамда катта мардликни кўрсатиб, зафар қучган амирлар ва сипоҳлар давлатнинг тимсоллари бўлмиш – туғ, байроқ ва ноғора билан тантанали тарзда мукофотланганлар.
    Ушбу гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учунам, кичикроқ бир иқтибосни келтирсак: «... амр қилдимки, жангда ўзини кўрсатиб, ўз қаршисидаги ғанимнинг лашкарини синдирган ҳар бир амирнинг мартабасини оширсинлар. Чунончи, Тобон баҳодир Тўхтамишхон билан урушда, ғаним байроқдорига етиб олди ва душман байроғини ерга туширди, ўзи эса бир неча жойидан яраланди. Ҳасадчилар ва шу қаҳрамонликка даъвогар бўлганлар, унинг бу хизматини мендан яширмоқчи бўлдилар. Лекин мен уни [инъомдан] холи қолдириш инсофдан эмас, деб билиб Тобон баҳодирга амирлик даражасини бердим. Сўнгра унга иззат-икром кўрсатиб байроқ тақдим этдим».
    Бу – Соҳибқироннинг салтанатида давлат рамзлари нечоғлик юксак даражада турганлигидан яққол далолат беради. Шак-шубҳа йўқки, азал-азалдан матонатли, жасоратли, шижоатли элимизнинг оқсоч, яъни кўҳна, боқий қадриятлари улуғдир, ниятлари ниҳоятда улуғдир. Мудом сарбаланд бўлган рамзлари улуғдир, байроқлари улуғдир!..

                                    БУЮК ТАНТАНА

    Келажаги буюк, қудратли давлатни барпо этиш ғояси миллий истиқлолнинг дастлабки кунларидаёқ қабул қилинган давлатимиз рамзларида ҳам ўзининг  ифодасини топган.
    Миллий Истиқлолнинг тонгидан қирқ саккиз кун ўтгач, 1991 йил 18 ноябрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғида ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, ақл-салоҳияти асрлар мобайнидаги мустамлакачилар томонидан топталган ғурури, кайфияти, келажак мақсад-муддаолари ўзининг аксини топган.
    Давлатимиз байроғидаги янги, бош кўтариб чиқиб келаётган ярим ой (ҳилол), юлдузлар, мовий, оқ, яшил ранглар ҳамда қизил чизиқлар халқимиз ғурури ва буюк келажакка бўлган ишончининг мужассам ифодаси ҳисобланади. Байроғимиз аллақачон халқимиз ғурури ҳамда ифтихорининг тимсолига айланиб бўлганлигини эса ўзингиз ҳам жуда яхши кўриб-билиб турибсиз. Керагича ва ҳатто керагидан ҳам ортиқча мисол, далилларни бемалол  келтира оласиз.
    Қонуннинг 5- моддаси 12- бандида белгилаб қўйилган ғоятда муҳим аҳамиятга молик бўлган бир ҳуқуқий норма – «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин»лиги ҳуқуқидан ҳам келиб чиққан ҳамда ушбу нормага асосланиб «Серқуёш ҳур ўлкам»имиз миқёсида ўтказилаётган бениҳоя катта аҳамиятга молик ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбирлар Давлатимизнинг байроғини байрамона суратда баланд кўтариш, Давлат Мадҳиямизни куйлаш тантаналари билан очиладиган бўлди. 
    1992 йил 2 мартидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тенг ҳуқуқли аъзо мамлакатлари сафида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғининг ҳам ҳилпирай бошлаши миллий ғуруримизга янада юксакроқ ғурур-ифтихор қўшди. Зеро, бу ўзбек халқининг, демакки, мустақил Ўзбекистон Республикаси давлатининг бутун дунёдаги тенглар орасида тенг бўлганлигининг ёрқин ифодасидир, десак ҳам асло муболаға бўлмайди.

                                ҚОНУН ТАМОЙИЛИ

    Давлат байроғимизнинг муҳим ҳуқуқий асослари «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўрисида»ги Қонунида қатъий тарзда мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қонунда байроғимизнинг шакл-шамойили, ундан фойдаланишнинг аксарият йўл-йўриқлари аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. Ўша пайтдан бошлаб болалар боғчалари, яъни – мактабгача таълим муассалари, умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар ҳамда касб-ҳунар коллежларида душанба кунги сабоқлар Давлат байроғимизнинг тантанали суратда кўтарилиши, болаларимизнинг ўнг қўлини чап кўксига қўйиб, Ота юртимизнинг  бош қўшиғи бўлмиш Давлат мадҳиясини куйлашидан бошланиши фарзандларимиз қалбида Ватанга, Давлатимиз рамзларига нисбатан янада илиқ муносабатнинг пайдо бўлишига олиб келади. 
    Ота маконимизнинг бизлар ўтиб бўлган навбатдаги босқичи – 33 йиллик мустақил тараққиёт йўли барча жабҳаларда тикланиш, юксалиш даври бўлганлигини ўзингиз ҳам ниҳоятда яхши биласиз. Миллий Истиқлол йилларида ҳаётимизга янги-янги тушунчалар ва тамойиллар ёпирилиб шиддат билан кириб келди, дунёқарашимиз, онгу тафаккуримиз ҳам кескин ўзгарди. Шу билан бирга, бугунга келиб давлат рамзларига оид қонунчиликнинг базасини янада ҳам такомиллаштиришни тобора тезлашаётган, жаддаллашаётган «Улуғ халқ қудрати жўш урган замон»нинг ўзи тақозо этаётганди. 
   Давлат рамзларидан фойдаланиш тартиб-қоидаларини янада ҳам такомиллаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун 2010 йилнинг 25 декабрида расмий тарзда эълон қилингани ва кучга кирганлиги ҳам ўзингизнинг ёдингиздан кўтарилмаган бўлса ҳам керак. 
   Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги бир неча тамойилга асосланади.
1. Ифодаларни ихчамлаш. Қонуннинг олдинги ҳолатидаги
«халқаро майдонда: Ўзбекистон Республикаси расмий делегация-ларининг хорижий мамлакатларга сафари чоғида, халқаро ташки-лотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусоба-қаларида» сўзлари ўрнига эса ихчамгина «халқаро муносабатларда»  деган истилоҳ киритилган ва шу билан 3- модда қуйидагича янги таҳририда баён этилганди: «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади». Бу ўзгартириш бўлса байроғимиздан Ўзбекистон Республикасининг тимсоли сифатида фойдаланиш ҳолатларини яна  ҳам кенгроқ даражада олишимизга беминнат хизмат қилади.
2. Ифодаларни таҳрир орқали аниқлаштириш. Бунда эса 4-
моддадаги «Байроқнинг» сўзи «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғининг», «Янги ой ва юлдузларнинг» сўзлари эса «Оқ рангли янги Ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузнинг», «Янги Ой» сўзлари «Оқ рангли янги Ой», «юлдузлар» сўзи бўлса «ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдуз» деган сўзлари билан асосли тарзда алмаштирилган.
    Амалиётда Давлат байроғидаги юлдузларнинг сариқ ва бошқа рангларда акс эттириш ҳолатлари ҳам аҳён-аҳёнда бўлса-да, учраб турган эди. Қонундаги бу ўзгартиш эса шундай ҳолатларга буткул чек қўйишни қатъий равишда талаб этади.
    Қонуннинг 13- моддаси олдинги ҳолатида бўлса «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини беҳурмат қилганлик Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жазоланиши» ҳам кўзда тутилган эди. «Беҳурмат қилганлик» деган ушбу иборанинг қўлланиш соҳаси аниқ белгилаб қўйилмаганлиги туфайли янги таҳририда бу ҳолат энди  қуйидагича аниқ ифодасини ҳам топган:
    «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади».
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуннинг  4- моддаси эндиликда янги таҳрирда баён этилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини давлат органлари биноларида, хизмат хоналари, майдонлар, бошқа жамоат жойлари,  объектларда кўтариш ҳолатлари анча кенгайтирилган ҳамда янада аниқлаштирилган.
3. Давлат байроғининг яна қаерларда кўтарилиши билан боғлиқ масалаларга аниқлик, қўшимчалар киритиш. Бу борада, шу жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг биносида» сўзлари бўлса «Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳларининг... биноларида» сўзлари билан алмаштирилди. Чунки, ўша ўзгартиш киритилган пайтда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг «Оқсарой» ва «Кўксарой» қароргоҳлари мавжуд эди. Ёхуд 2005 йилдан Олий Мажлисимиз икки палатали парламент сифатида ўз фаолиятини юритаётганлиги сабабли ҳам бу қонуннинг энг олдинги ҳолатидаги «Ўзбекистон Республкаси Олий Мажлисининг биносида» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарининг...» тарзида ўзгартирилганди.
    Шунингдек, ўзгартиш ҳамда қўшимчалар мазмун-моҳиятида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг доимий равишда қандай биноларда ва қандай идораларнинг мажлислар залларида, қандай мансабдор шахсларнинг хизмат хоналарида, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган байрамларда, сайловлар ва референдум кунларида қаерларда, қандай маросимлар пайтида кўтарилиши аниқ ва батафсил қилиб белгилаб берилган. Шунингдек, ушбу қонунда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи унга нисбатан лозим даражада ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар тантанали тадбирлар вақтида кўтарилиши мумкин»лиги ҳам қайд этиб, қонунлаштириб қўйилди.
    Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туши-рилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, (бу таъкид бизники – Б. И.) шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши (ҳам) мумкин».
   Қонуннинг 52- моддасига биноан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. 
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. 
   Нодавлат нотижорат ташкилотлари рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас».  
   Қонунчиликдаги бундай ўзгариш мустақил давлатимиз рамзи элементларидан фақатгина хусусий манфаат ва моддий жиҳатдан наф, фойда олиб қолиш йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Энг асосийси, тарихий  маънавий қадриятларимиз асосида яратилган, улуғ халқимизнинг буюк ўтмиши ҳамда тобора юксалаётган ёрқин бугуни ва порлоқ келажагининг тимсоли бўлган буюк давлатимизнинг байроғига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиромни ҳуқуқ, қонун жиҳатидан янада мустаҳкамлайди.   
   Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган 2031- модда бўйича «Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, 
– фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 
    Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлла-нилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, 
– фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш барава-ригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн барава-ригача жарима солишга сабаб бўлади»...     
    Давлатимиз рамзларига бўлган муносабатимизни, барчамиз авваламбор, ушбу масалага дахлдор қонунларни жиддий равишда ўрганишдан бошламоғимиз даркор. Хўш, бугун Давлат рамзлари тўғрисидаги билимларимизнинг ўзи қандай аҳволда, қай даражада? Мавжуд билимларни қониқарли деб ҳисоблашимиз мумкинми?
    Мактабгача тарбия муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларидаги ҳол-аҳволни, маълум бир даражада, кўнгилдагидек десагам бўлади.
    Аммо, баъзан ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот ҳамда муассасаларда Давлатимизнинг рамзларини ўрнатиш ва жиҳозлаш масалаларида кичик бўлса-да, эътиборсизликка йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлиб қолишимиз ҳам мумкин. Айрим корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари хизмат хоналарида Давлат байроғини дастасига ўраб-чирмаб, бир бурчакка суяб қўйишларини тушуниш анчагина мушкул.
    Ёки корхона, ташкилот ва муассасалар мажлислар залларида Давлат рамзлари тўғри, қонунга мувофиқ равишда ўрнатилганми? Шунингдек, айрим бир ташкилот, корхона,  муассасалар ҳудудлари деворларидаги байроқнинг тасвири чала-чулпа равишда, наридан-бери чизилаётганлиги шу ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар мутасаддиларнинг Давлатимиз рамзлари тўғрисидаги билими жуда саёз эканлигидан далолат бермайдими?
    Бундай амалдорлар «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва унинг тасвири, катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳамма вақт ушбу қонунга илова қилинаётган рангли ва схематик тасвирга аниқ мос бўлиши керак»лигини (10-модда) лоақал бирор-бир мартабўлса ҳам ўқиб кўрганмикинлар? 
   Ўз давлат тимсолларини ўта ҳурмат қиладиган қатор юртларда ҳаттоки ўз мамлакатининг байроғини, мавжуд ижтимоий-сиёсий тартибларга ўзига хос норозиликнинг намойиши сифатида, рамзий маънода ёқиб юбориш ҳаракатида қатнашганлик учун ҳам қамоққа олинади. Зеро, бу сингари ноўрин, номақбул хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликлар ўша давлатдаги мавжуд Конституциявий тузумга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик ва уни мутлақо инкор, рад этиш сифатида ҳам баҳоланади. 
    Давлатнинг Президенти-ю, Бош вазирдан тортиб,  вазирлар-у оддий фуқароларгача ўз байроқларининг тасвири туширилган нишонни ғурур-ифтихор билан костюмлари чап кўкрагига тақиб юрадилар. Одатда бундай табаррук нишонларни ўз кўксига қадаб юриш, ўша шахс, инсонни унинг ўзи бевосита мансуб бўлган эл-юрт, ўзининг атрофидагиларга ҳурмат-эҳтиром ва интизом руҳида эзгу фаолият кўрсатишга ундайди, одоб-ахлоққа зид бўлган турли-туман палид ишлар, ҳуқуқбузарликлардан, маълум бир даражада, тийиб туриш вазифасини ҳам бемалол адо эта олади.
    Шунингдек, барчамиз Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида кўтариш чоғида ушбу қонунда баён этилган талабларга риоя қилиниши учун масъулият уларнинг раҳбарлари зиммасига, байроғимиз турар жой биноларида кўтарилган вақтда уларнинг эгалари ёки улардан фойдаланишни ташкил этиш вазифаси топширилган мансабдор шахслар зиммасига  юклатилганлигини жудаям яхши билмоғимиз даркор.
    Қонуннинг 11- моддасига биноан эса, «Ушбу қонун ижросини таъминлаш тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар(нинг) раҳбарлари зиммасига юклатилади».
    Баъзан, кўча ва майдонларда ўзга давлатлар байроғини, гўёки уларнинг кўзига чиройлироқ кўрингани учун, ўзларининг бошига  рўмол сифатида ҳам ўраб олиб, ўйноқлаб юрган ёшгина қизалоқлар ва кап-каттагина қизлар, ўзга юртларнинг давлат рамзи туширилган либосларни ғурур ила кийиб, гердайиб юрган ўсмирларга беихтиёр  кўзимиз тушиб қолганида кўнгиллар ҳам беҳад хира  бўлади-да. 
   Ёш бола ўзининг азиз бошида қайсидир давлатнинг байроғини баланд кўтариб  юрганидан,  эҳтимол,  бехабар бўлиши мумкиндир. Аммо, уларнинг ота-оналари-чи?! Наҳотки, эс-ҳуши жойида, кап-катта кишилар ҳам ўзимизники ва ўзга давлатлар рамзларини бир-биридан мутлақо фарқлай олишмаса?! Ўша қизалоқ «рўмолимга  нималарнинг сурати  солинган?», деб тўсатдан, қўққисдан улардан сўраб қолгудек бўлса, «Ҳа, бу энди  Америка Қўшма Штатлари  ёки Буюк Британиянинг байроғи!» дея ҳиссизгина жавобни  қайтарган айни ўша ота-она ўзининг чинданам Ўзбекистон Республикасининг ҳақиқий ҳужжатли  фуқароси  эканлигини сал-пал  англармикан?    
   Қолаверса, болалар ҳамиша кўпроқ нарсаларнинг моҳиятини тезроқ билишга, ҳар қандай гап ҳамда хатти-ҳаракатлар мазмунини  тушуниб олишга, табиий равишда, тинимсиз интилавердилар. Ва, бундай зукколикни ўша қизалоқда ҳам учратишимиз табиий ҳол.    
– Унда нега бу байроқни менинг бошимга илиб қўйдингиз? – дейди у албатта, ҳайратини яширолмасдан. – Ахир мен мустақил Ўзбекистоннинг баркамол авлоди, соғлом боласиман-ку!
   Азиз ва муҳтарам юртдош, ватандошлар! Ўзингизам жуда кўп бора ўз автомашиналарига ўзига хос чиройли безак  сифатида ўзга  давлатларнинг байроғини ўзиларча ғурур-ифтихор билан ўрнатиб  олган айрим шоввозларга дуч келгансиз? Бундай ниҳоятда нохуш ҳолатларнинг салбий таъсири бўлса, аслида, ҳозирги даврда, ҳаддан ташқари глобаллашаётган мураккаб, таҳликали замонда «Отнинг ўлими итнинг байрами» қабилида ниҳоятда қутураётган «оммавий  маданият», «оломоннинг  маданияти», «аксилмаданият», «бозор маданияти» ва «бемаза маданият» сингари бузғунчиликлар  билан  боғлиқ турли-туман вайронкор мафкуравий таҳдидларникидан  ҳам асло, сираям кам эмас.

                                ОРИЯТ ҒАЛАБАСИ

   Шу ўринда Марказий Осиёда ягона 6- ДАН қора белбоғнинг соҳиби, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси собиқ президенти Нурхон Нафасов табаррук байроғимиз қабул қилинганидан 3 йил ўтгач дуч келган, жудаям ибратли бир ҳолатга эътиборни қаратсак: «... Менинг эсимдан асло чиқмайди. 1994 йили Малайзияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўл олгандик. Дунёнинг юздан ортиқ мамлакатлари вакиллари иштирок этаётган чемпионат жуда юқори савияда ташкил қилинган ва манаман деган спортчилар, жамоалар ўзларининг истеъдодларини намоён этишга шай турар эдилар.
   Мусобақа ўтказиладиган зални диққат билан кузатар эканмиз, юзлаб байроқларнинг орасидан ўз байроғимизни тополмай ҳайрон бўлиб қолдик. Ташкилотчилар ўзларида Ўзбекистоннинг байроғи йўқлигини рўкач қилиб, елка қисишди. Айниқса, улардан бирининг муомаласидаги мулойимликнинг ниқобига ўралган менсимаслик ва кибр бизларга жудаям оғир ботганди:
– ... Қўйинг энди, бу сафар бўлмаса, кейингисида илинар ўша байроғингиз...
    Мияга қон урди. «Кейинги сафар?.. Йўқ», дедим ўзимга ўзим, «Кўкрагига эндигина офтоб тегиб, ўзлигини англай бошлаган, қадр-қимматини жуда нозик ҳис этадиган миллатнинг байроғи, жаҳон чемпионати ўтказиладиган залнинг энг тўридан жой олиши шарт!»
   Ниҳоятда зудлик билан интернет тизими орқали юртимизнинг Давлат байроғи тасвирини топиб, Куала-Лумпур шаҳри дўконидан керакли матоларни олдик ва маҳаллий тикувчилик корхоналардан бирида байроғимизни тиктирдик. Ниятимиз холис экан, жуда гўзал чиқди. Чемпионатнинг ташкилотчилардан залнинг энг кўринарли жойига қадаб қўйишларини қатъий талаб қилдик. 
    Талабимиз бажарилди. Шундагина кўнглим жойига тушганди. Негаки, биз ғурур ва ориятимиз учун курашган эдик».
    Дарҳақиқат, ўша дафъада ўзбекнинг ор-номуси, шаън-шарафи чинакамига ғалаба қилган эди, зафар қучган эди.                             
                                        ТАСКИН

    1991 йил... Собиқ иттифоқ даврида таҳқирланган, тақиқланган урф-одатларимиз, қадриятларимиз тиклана бошлаганди. Уларнинг орасида кураш ҳам бор эди. Уни спорт турига айлантириш учун илк қадамлар ташланган, жаҳон майдонларига олиб чиқиш ғояси ҳам илгари сурилган эди. Курашчилар сулоласининг вакили, курашнинг бир неча турлари бўйича халқаро миқёсдаги спорт устаси Комил Юсупов ўзбекча курашнинг халқаро андозаларга ҳам мосланган ҳақиқий қоидаларини ишлаб чиққан эди. 1992 йилнинг 14 апрелида Комил Юсупов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти – Ислом Каримовнинг ҳузурида бўлганида давлатимиз раҳбарининг: «Нима учун ўзбек курашини бошқа халқлар миллий спорт турлари қаторида жаҳон майдонларига олиб чиқиш мумкин эмас?» деган саволи ҳам курашнинг нуфузини ошириш иштиёқида куйиб-ёниб юрган ўша полвоннинг юрагидаги ўчиб қолай деб турган, кулнинг остида кўмилиб қолган чўғни росаям алангалатиб юборганди... 
   Шу ўринда, курашчиларимизнинг кийими ва унинг рангига ҳам алоҳида тўхталиш ҳам жуда ўринли, чамамда. Мустақилликка қадар тўйларда, сайилларда полвонлар ўз устларига нима топсалар – кўйлак билан ҳам, яктак билан ҳам, желак ёки чопон билан ҳам майдонга тушиб олишаверганлар. Миллий истиқлолнинг дастлабки йилларида бўлса тартибли тарзда яратилган кураш кийими халқаро майдонга дадил қадамлар ташлаб чиқиб бориши керак бўлган спорт тури учун у қадар ҳам мос эмасди. 
   Бугунги даврда кураш гиламига чиққан полвонлар кийимига эътибор қилсангиз, улар яктаги кўк ва яшил, шалвари оқ, белбоғи  қизил эканини кўрасиз. Гиламга биринчи чиқарилган иштирокчи кўк яктакни кияди, иккинчиси бўлса яшилини. Бу формани ташкил этган инсон беҳад узоқни ўйлаганини кийимларини кийиб гиламга тушган полвонлар кураша бошлаганидагина билволасиз. 
   Биринчи полвоннинг устидаги кўк, иккинчисининг эгнидаги яшил, ҳар иккисининг белидаги қизил белбоғлар ҳамда ҳакамнинг оппоқ кийимидан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рамзи ҳам келиб чиқади. 
   1996 йил Комил полвон Юсупов томонидан яратилган рамзий маънодаги бу форма ҳозирги даврда патентлаб қўйилган. 
   Бугунги кунда жаҳонда ташкил этилган ва қилинаётган барча Федерацияларда гиламга тушиб келган полвонларга бўлса айнан буюк ўзбекнинг байроғи тимсолидаги кураш кийими кийгизилади.
   Психологларнинг таъкидлашича, айнан кўк, яшил, оқ ранглар инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатаркан. Мазкур рангларнинг кўнгилга хотижамликни бахш этиши – илмий жиҳатдан исботлаб қўйилган ҳақиқатдир. Байроғимизнинг яратилиши жараёнида ушбу муҳим омиллар ҳам ҳисобга олингани шак-шубҳасиздир. Айнан шу боисдан ҳам байроғимизнинг ранглари дунёдаги энг ҳалол ўзбек курашининг либосига ҳам кўчиб ўтган.
   «Биз келгуси асрга ўзимиз билан нималарни олиб ўтишимиз мумкин ва зарур? Бу саволга жавоб тариқасида эса фахр-ифтихор билан шундай дегим келади. Биз XXI асрга беҳад катта бойлигимиз  – Мустақиллик тиклаган Миллий Қадриятлармиз ва Курашимиз билан биргаликда ўтамиз». Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг янги аср остонасида туриб айтган гаплари жуда ўринли эди. 
   Биз курашни XXI асргаям эсон-омон олиб ўтдик. Бугун жаҳон саҳнасида Ўзбекистон Респубикаси байроғининг оқ рангини эгнига илволган ажнабий ҳакам «танишинг», «таъзим», «яктак», «ўртага», «кураш», «тўхта», «чала», «ёнбош», «тенг», «ғирром», «танбеҳ», «дакки», «бекор», «вақт», «ҳалол» дея ўзбекчасига ҳайқиряпти. Байроғимизнинг ранглари – кўк ва яшил яктакни кийиб, белига эса қизил белбоғни боғлаб олган полвонлар ўзбекчасига олишяпти...
   Ўнлаб хорижий давлатларда муваффақиятли ўтказилган қатор халқаро танловлар мутлақ ғолиби карикатурачи-рассом Маҳмуд Эшонқулов байроғимиз билан боғлиқ бир воқеани шундай эслайди: Францияга борганимизда кўргазма залини ёлғиз айланиб юргандим. Бегона жой ҳамда нотаниш одамлар. Дилим сираям ёришмай юрди. Ўзбекистонимизни эслатадиган бирор-бир таниш нигоҳ ёки буюмга жуда муҳтож эдим. Бирданига бутун вужудим титраб кетди. Залда Ўзбекистонимизнинг байроғини кўриб қолдим. Кўзимга ёш келди. Шошиб суратчини чақирдим ва байроқнинг ёнида расмга тушдим. Кейинчалик билсам, барча иштирокчиларнинг давлат байроқлари  залга қўйилган экан («Ўзбекистон овози», 2014 йил 29 апрель).
 
                                                   ЭЪТИРОФ

   Давлатимиз рамзлари худди она Ватаннинг ўзи сингари азиз ва муқаддас. Байроқ, Герб, Мадҳия… Бу уч буюк сўзни ДАВЛАТ тушунчасидан айро ҳолда сираям тасаввур қилиб бўлмайди.
   Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан жудаям ҳақли равишда таъкидланганидек, «Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири – жуда катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир». 
   Рамзлар ва тимсоллар барча макон ва замонларда ҳам миллий ифтихор, юксак даражада фидойилик ва ҳақиқий ватанпарварликни шакллантиришдаги муҳим воситалардан бири ҳисобланиб келган. 
   Рамзлар ва тимсоллар халқимизнинг шонли тарихи, руҳияти, анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Демакки, буюк аждодларимиз руҳи доимо шод бўлишини, у бизни эзгу ўйимиз, эзгу сўзимиз, эзгу фаолиятимизда ҳамиша қўллаб-қувватлаб, руҳлантириб туришини истасак, барчамиз Давлатимиз рамзларига ниҳоятда катта ҳурмат ва иззат-эҳтиром муносабатида бўлмоғимиз даркор.        
   Юртимизнинг шонли тарихи ва гуллаб-яшнаётган бугунининг билимдони Леонид Левитин бир қатор хорижий тилларга таржима қилинган «Ўзбекистон тарихий бурилиш палласида» номли жуда машҳур китобида бизнинг байроғимиз хусусида шундай бир эзгу ғояни илгари сурганди: «Дунёдаги айрим байроқлар – фақат шонли ўтмишнинг рамзи, холос. Ўзбекистоннинг байроғи – буюк келажак рамзи ҳамдир. У фақатгина ота-боболарнинг байроғи эмас, балки тағин ҳам кўпроқ даражада – болаларнинг байроғидир. Болалар байроғи бўлгандаям ҳамма болаларнинг – ҳали туғилмаган келгуси наслнинг ҳам байроғидир. У келажакдаги беҳад яхши кунларнинг умидбахш даракчисидир. 
   Орадан йиллар ўтади, шунда ўзбекларнинг янги авлодлари Мустақиллик кунида Ўзбекистоннинг ҳилпираб турган байроғига ғурурланиб, фахрланиб боқар экан, баъзан кўзларига қалқиб чиққан севинч, қувонч ёшларини ҳам яширмайди»...
                            
   Бахтиёр ИСОҚОВ, Наманган давлат университети Ижтимоий фанлар   факултети Тарих кафедраси кафедра доценти, тарих фанлари номзоди «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот