Кўнгил оғриқлари...
Адиба УМИРОВА Кўнгил оғриқлари...
Кўп нарсадан кўнглим қолди. Давраларга киргим йўқ. Буюк зерикиш, буюк безиш... Боладек ҳамма нарсадан хафаман, ҳаммадан...
Шу кайфиятда супер маркетдан чиқишим билан бўйи баланд, елкалари кенг бир йигит: Опажон, йўлкирамга пул беринг, ишлаган жойим пулимни бермай ҳайдаб юборди, деб қўлини чўзади. Ичимдан оғринаман: Шунчалик соддами? Ё одамлар ишлатиб-ишлатиб пул бермайдиган даражада ноинсоф бўлиб кетганми?
Шу йигитга қараб йиғлайман: Қани, бой бўлсам, уйинггача йўлкирангни берардим. Менда ҳам бори шу:. метро ё таксигача амалла...
Кейин атрофга қарайман: маоши кўп, чет элга чиқиш имконияти бор, имтиёзли жойларда негадир ўзбеклар кам. Фалсафа ё бирор ўртача фандан илм қилиб, профессор, номзод бўлиб олганларнинг кўпи арманлар ва ҳоказо. Нега ўзимизникилар ўқимайди? Нимага пешонасида турган халқаро доира -- миқёсга эга билим даргоҳлари, ташкилот, корхоналарда ўқишга, ишлашга ўзини муносиб кўрмайди? Нимадан қўрқади? Тортинади? Ахир, ақл-фаросат жойда бўлса, одам қилган ҳар қандай ишни одам (тушунади) қила олади-ку! Ҳар куни ўзимизда очилган нуфузли халқаро университетлар, ташкилотлар олдидан «Мардикор бозори»га ўтиб кетаётган ака-укалар, сингиллар лоақал бир марта кириб кўришга ҳам қизиқмайди -- Нега?..
Тил билмаслик -- бу катта фожиа эмас -- мен умуман ўзбек тилини билмайдиган, шу юртда яшагани учун ўрганиб, илми, ижодини ўзбек тилида ҳимоя қилиб яхши маош, яхши мансабда ишлаётганларни биламан. Улар доим бир-бирини қўллайди, ҳимоя қилади. Ўзиники билан тортишмайди, ўзиникини кўрганда ўзини танимаганга, кўрмаганга олмайди, оёғидан тортмайди, ижодини бир пул қилмайди, уни жойига кўз тикмайди.
Э-э-э, бор-е, деб қишлоққа кетиб юбораман. Бир ҳафта ўтмай, яна ўша буюк зерикиш: газ йўқ, чироқ йўқ, сув йўқ. Ҳаммада таппи ғами. Уларга қараб йиғлайман: Буларнинг айби нима? Қишлоқда яшаганими?!
Опаларим оғриниб қўяди: Телевизордан чиқиб фақат шеър ўқийсан, қишлоқда қанча муаммо, гап орасида бирортасини илдириб кетсанг бўлади-ку!
Мана, телевизорга ҳам чиқмай қўйдим. Доим ғамли шеър ёзадиган шоир кимга керак?!