ХУЛОСАГА ШОШИЛМАЙЛИК
Маънавият сабоқлари
ХУЛОСАГА ШОШИЛМАЙЛИК
Дам олиш кунларининг бирида Дилфуза опа билан одам гавжум бекатда учрашиб қолдик. Анчадан буён кўришмаганлигимиз сабабли обдон суҳбатлашдик. Сира ажралгимиз келмай турган бир пайтда 18-20 ёшлар атрофидаги сўнгги модада кийинган бир қиз келиб ёнимизга, ўриндиқ четига жойлашди ва бошини деворга суяганча кўзларини юмиб олди. Бу ҳолга кимдир эътибор берди, кимдир эса йўқ. Кимнидир қизга раҳми келди, кимдир унга хавотирли нигоҳини қадади. Кимдир эса чиройли кийиниб ўзига яхшигина оро берган қизни енгилтакликда айблаб ўзини четга олди. Яна аллакимлардир ҳолатни асталик билан мобиль телефонига тасвирга ола бошлади. Бундан ҳамрохимнинг жаҳли чиқди ва: – нега бундай фикрга борасиз, эҳтимол бу қиз ҳомиладордир ёки талабага ўхшайди, эрталаб нонушта қилмаган бўлса боши айланаётгандир – деди, кейин – синглим, аҳволингиз яхшими, ёрдам керак эмасми? – дея сўради. Қиз эса беҳол кўзини очиб аввалига бироз йиғлаб олди, сўнг: – опажон, шифокор ҳузуридан касал тишимни олдириб келяпман. Оғриқни зўридан бошим айланяпти. Таксига пулим кам эди шу сабабли бекатга келдим, – деди.
Дилфуза опа эса эҳ, одамлар бунчалар хулоса чиқаришга шошилмасак. Рисоладаги бир қизни тарбиясизга чиқариб қўйишимизга оз қолди-я, деди афсус билан ва қизни таксига ўтказиб кира ҳақини ҳам ўзи тўлаб юборди. Ўша дамда мени таажжубга солгани воқеани кузатаётганларнинг кўпи қиз ҳақида ижобий фикрда эмас эдилар.
Биз инсонларнинг фалокатимиз шундаки, доим хулоса чиқаришда шошма-шошарликка йўл қўямиз. Агар воқеалардан тўғри хулоса чиқариб вазиятни ўрганишга вақт топганимизда эди ҳаётимизда азиятлар, кўнгил оғритишлар, ишончсизликлар ва йўқотишлар камроқ бўлармиди? Оқибатда лоқайдлигимиз сабабли қанчалар ҳазрати инсонларни орамиздан эрта кетишига сабаб бўлиб қолмасмидик? Келинг, сиз ҳам ҳеч бўлмаганда бир маротаба бўлса ҳам гувоҳи бўлган манзарани кўз олдингизга келтириб кўринг. Бир инсонни юраги безовта бўлиб катта йўл бўйига шундоққина ёнбошлади, унга ҳеч бир инсофли одам ёрдам қўлини чўзмайди, аксинча камроқ ичиш керак эди деб бепарво ўтиб кетади. Автоҳалокат юз берди, ҳамма томошабин, лекин ҳеч бир кимса ҳалокат туфайли азоб чекаётганларга яқинлашгиси келмайди. Чунки, кунда кун ора махкамага бориб терговда гувоҳлик бериш ортиқча ишга ўхшайди. Автобусда катталарга жой бермаётганлиги учун ёшларни айблаб танбеҳ берамиз. Аммо ҳамма ёшлар ҳақида бир хил фикр билдириш адолатданми? Чунки ўша жой беришга шошилмаган ёшларнинг бири ҳомиладор, яна бири ўзида жарроҳлик амалиётини ўтказган ёки бошқа бири айни дамда ёмон бир хабарни эшитиб оғир аҳволда қолиб паришон ўтирган бўлиши ҳам мумкин-ку. Биз бўлса уларни айблаймиз. Агар шошилмасак вазият ойдинлашармиди?
Бир куни метронинг навбатдаги бекатида вагонга ёш ота уч нафар ўғиллари билан чиқди. Болалар шунақанги тўполончи эдики ҳамма уларни кузатарди. Ота эса шовқин солиб, бир-бирлари билан урушаётган болаларига танбеҳ бермас, аксинча чуқур ўйга толиб ўтирарди. Атрофдагиларни бундан жаҳли чиқар, ота ҳам шунчалик беэътибор бўладими деган қиёфада қарарди. Ота буни сезди чоғи ёнидаги одамга қараб – биз касалхонадан келяпмиз, икки соат олдин аёлим оламдан ўтди, аммо болаларим ҳали буни англаб етмади, – деди. Буни эшитган одамлар юзидаги ғазаб ўрнини энди ачиниш эгаллади.
Ушбу воқеани узоқдан кузатсак, тўполончи ва шум болаларнинг отасини кўрамиз. Агар яқинроқ қарасак катта мусибатни – суюкли аёлидан ажралган эркакни ва онасиз қолган, лекин ҳали буни ўзлари англаб етмаган болаларни кўрамиз. Бу холат менда ҳар қандай шароитда ҳам хулоса чиқаришга шошилмаслик керак – деган ғояни илгари сурди ва мен буни таомни тановул қилиб кўрмасдан туриб унга туз сепишга ўхшатдим. Таомни аввал татиб кўриш керак, тузи етарлими? Агар кам бўлса шундагина туз сепиш лозим. Таваккал қилиш ва таомнинг мазасини бузишнинг нима хожати бор?
Атрофга назар солайлик, лоқайд бўлмайлик. Иш фаолиятимизда, дўстлар борасида, янги ишга келган ходим масаласида, билган-билмаган, таниган-танимаган одамлар ҳақида хулоса чиқаришга шошилмайлик. Балки бу биз учун муваффақият калити бўлиши мумкин.
Шундай хикматли гап бор, “инсонни қиёфасига қараб кутиб оладилар, фикрлашига қараб кузатадилар”. Бизлар эса ўйлаб, фикрлаб кўришдан кўра хулоса чиқаришга шошамиз. Аксарият ҳолларда вазиятни салбий баҳолашга уринамиз. Шу сабабли баъзан шошма-шошарлик билан айтилган бир оғиз сўз туфайли қанчалар кўнгиллар дарз кетади, бир қориндан талашиб тушган бир ҳовлидаги ака-укалар ўртага девор тиклайди, қиёматли дўстлар душманга, яхшигина ҳамкасблар худбинга айланадилар. Демак, хулоса бобида жиддийроқ ўйлаш керакка ўхшайди. Вазиятни ўрганиш, омилларни таққослаш, фаолиятни адолат тарозисига қўйиш виждонли одамлар иши. Бундай одамлар “етти ўлчаб бир кесадилар”, сўнгги сўзни айтишга доим вақт топадилар, хулосага шошилмайдилар. Улар шу фазилатлари билан одамларнинг ишончи ва эътиборини қозонибгина қолмай инсонийлик мувозанатини йўқолмаслигини ҳам таъминлайдилар. Келинг, биз ҳам шунга эришайлик. Хулосага вақт топамиз олдин яқинларимизни асрайлик, меҳрли бўлайлик, оқибатни унутмайлик. Ҳаёт деб аталмиш ширин неъматни ўзгаларга ҳам илиниб яшайлик.
Феруза ОРИПОВА, журналист