“ЧИМИЛДИҚ”НИ дунё саҳнасига олиб чиққан тадбиркор


“ЧИМИЛДИҚ”НИ дунё саҳнасига олиб чиққан тадбиркор

     “Машҳурларнинг аёллари” рукни остида мақолалар эълон қила бошлаганимиздан буён орадан тўрт-беш ой ўтди. Бу орада янги рукнимиз ҳақида турли фикрлар эшитдик. Кимдир бошлаган ишимизни “савобли”, дея маъқуллади, яна кимдир “бировнинг рўзғорига нега аралашасизлар”, дея иддао қилдилар. Майли, биз танқидларни оғринмай, мақтовларни суюнмай эшитишга одатланганмиз. Айрим юртдошларимиз эса кутилмаган бир таклиф билан чиқишди. “Нима, фақат санъаткор, шоир, бир сўз билан айтганда, ижодкорлар машҳур бўладими? Эл орасида оддий касб эгалари, дейлик, новвой, пазанда, тадбиркор каби ўнлаб касб эгалари ҳам бор. Нега улар ҳақида ёзмайсизлар?” Ўйлаб қарасак, иддао тўғри. Нега энди эл эъзозлаган, маҳалладошлари ҳурматини қозонган оддий инсонлар ҳақида ёзмаслигимиз керак экан? Гапимизнинг индаллосидан тушунган бўлсангиз керак. Биз бугун ўз вақтида тумани, вилояти, қолаверса, мамлакат миқёсида танилган олтиариқлик тадбиркор Абдухалил Маматовнинг аёли, Раҳимахон ҳожи она Маматова билан суҳбатлашамиз.       
– Раҳимахон опа, сизни кўришимиз билан негадир “Фарғонанинг гўзал ва шўх-шодон аёли”, деган фикр хаёлимдан ўтди. Сизга баҳо беришда адашмадимми?
– Менимча, адашмадингиз, синглим. Отам ёшлигимда оламдан ўтганлари, онамнинг ёлғиз қизи бўлганим учунми, ўғилбола сифат, шўх бўлиб улғайган бўлсам керак-да. Шу боис ёшлигимда ўғил болалар ёнимга яқин келишга чўчишарди.
– Унда Абдухалил ака йигитлар орасида энг довюраги бўлган экан-да?!
– Шундай деса ҳам бўлади. Агар ўқитувчим бўлиб, ўзини ўқувчисига ғамхўрлик қилгандек кўрсатиб, кўнглимни олмаганидами... Мен Олтиариқда мактабнинг кечки бўлимида ўқиш билан бирга Қўқон тиббиёт билим юртининг кундузги бўлимида ўқиётганимда Абдухалил акам институтни тамомлаб келиб, ҳам институтда, ҳам мактабда бизга инглиз тилидан дарс берганлар. Бир куни мендан “институтда ўқимоқчимисиз?” деб сўраб қолдилар. “Ҳа, шифокор бўлмоқчиман, тиббиёт инс­титутига кирмоқчиман”, дедим. Ҳужжатларимни тайёрлагач, жияни билан мени Тошкентга олиб кетдилар. Қарасам, иккаламизнинг ҳам ҳужжатларимизни Тошкент давлат чет тиллар институтига топширибдилар. Шундай қилиб ўзим киришни истамаган институт имтиҳонларидан ўтдим. У кишининг жияни билан иккаламиз ижарада туриб ўқидик. Ҳар ойда хабар олиб турардилар. Бу орада бир-биримизга меҳримиз тушди. Биринчи курсни тугатгач, ўқишимни сиртқи бўлимга ўтказиб бердилар. Олтиариқда касалхонада ҳамшира бўлиб ишлай бошлаганимда ишхонамга ҳар куни келадиган бўлдилар. 2-курсни тугатганимдан кейин тақдиримиз боғланди. 
– Онангиз “шошма, қизим, институтни тугатиб ол, турмуш қуриш қочиб кетмайди”, демадиларми? 
– Ёлғиз қиз бўлганим учун онам ҳамиша кўнглимга қараганлар, бу борада ҳам қароримни ҳурмат қилдилар. Аммо... Ўша узоқ йилларда уларнинг оиласидагилар турмуш қуришимизга қаршилик қилишган. Юзини қизилга бўяркан, сочига улама соч тақиб юраркан, дейишган. Аслида булар табиий чирой эканини билишмаган-да. Тўйимиздан кейин ҳам менга рўйхушлик беришмаган. Бир чиройли ширмой нонлар ёпиб, дастурхонга иссиққина қилиб ўраб қўйсам, ейиш тугул очиб ҳам қарашмасди, шундайлигича қолиб кетарди. Бутун меҳримни бериб тайёрлаган ширин таомларимга лабларини ҳам теккизишмас эди.
– Сабрли экансиз...
– Илож қанча! Ўзбек қизи турмушнинг муштларига тайёр бўлиб боради ўзга хонадонга. Аммо сабр­нинг ҳам чек-чегараси бўлади, кейин сабр косаси ҳам тошади. Ниҳоят бир куни қайнонамдан сабабини сўрашга журъат қилдим. Билсам, ўриссифат, бисмиллони ҳам билмайди, динимиздан бехабар қиз, деб ўйлашар экан. ”Ойижон, мен сизга араб тилини ўргатайми”, дедим ва ўргатиш ҳаракатини бошладим. Чунки мен отинойининг невараси эдим. Ана шундан кейингина менга муносабатлари буткул ўзгарди: менинг нонларим ҳам, таомларим ҳам “ширин”га айланди, мени яхши кўриб қолишди. Ҳатто умрларининг охиригача менинг қўлимдан таом едилар, овқатнинг биринчи косасини қайнонамга сузардим. Мазалари қочса, укол қилардим, зарурат бўлса, шифохонага олиб борардим. 
– Сабр қилиш учун ҳам инсонга куч, умид, ишонч, далда берадиган нимадир бўлиши керак назаримда?
– Албатта! Менга умид, ишонч ва далда берган нарса Абдухалил акамнинг осмон қадар юксак муҳаббати эди! Тўғрироғи, иккаламизнинг севгимиз эди! 
– Бўладиган бола бошидан маълум, дейишади. Абдухалил аканинг болалиги ҳақида нималарни биласиз?
– Улар оилада саккиз фарзанд бўлиб, қайнона бувимнинг айтишича, болалари орасида энг шўх ва энг ҳаракатчани эканлар. 
     Ҳовлимиз жуда катта бўлиб, унга асосан бод­ринг экишар, уни чопиш, ўтоқ қилиш ишларида қайнотам уч ўғли билан тўрт эгатнинг ишини бажаришса, Абдухалил аканинг бир ўзлари тўрт эгатнинг ишини қиларкан. Қайнотам “биз бунинг орқасидан етишга улгуролмаяпмиз-ку аяси, ҳойнаҳой, бунинг кўзга кўринмас ёрдамчилари бор ёнида”, деб ҳайратланар эканлар. Ўқишда ҳам ўзлари 3-курсда ўқиб туриб, аспирантларни инглиз тилидан имтиҳонга тайёрлаганлар. Бундан ташқари қурилишда ҳам ишлаганлар. Ўқиш жараёнида бирон марта уйдан пул олмай, аксинча, ота-онаси ва жиянларига совға-саломлар олиб келар, бир сўз билан айтганда, талабаликдан пул топиш йўлларини излаган ва топганлар. 
– Демак, талабаликдаёқ тадбирли бўлиб, тадбиркорликка йўл очган экан-да?
– Ёшлигида бу киши ишлаб чарчамас, бунинг устига бирваракайига икки-уч жойда ишлар эдилар. Кундуз ишлагани ишлаган, кечки пайт ҳам уйда оёқ узатиб ўтирганларини эслолмайман. 
– Турмуш ўртоғингизнинг ўзига хос бўлган, ҳеч кимга ўхшамаган хислатлари ҳақида тўхталсангиз. У киши сизнинг назарингизда қандай инсон?
– Таниган-билганларим орасида Абдухалил акам даражасида саховатли инсонни кўрмадим. Ўта қўли очиқ, биров сўраса оғзидаги насибасини ҳам беради. Муҳтож одам пул сўраб келса, хоҳ таниш, хоҳ бегона бўлсин, ўзида бўлмаса, кимдандир топиб берадилар. Бунинг устига ҳеч қачон ўша пулни опкетган одам қайтаришини кутмайдилар ҳам, сўрамайдилар ҳам, унутиб юборадилар. Тўй қилсак, тўйи­миздаги совға-саломлар, қўй-қўзию новвос­ларгача, тўёна пулларгача тўйнинг эртасигаёқ таниш-билишлару жигарларига, яқинларига бўлиб бериб юборадилар. 
– Бу хислатлари фарзандларингизга ҳам ўтганми?
– Албатта, беш фарзандимизнинг ҳаммаси қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ бўлиб камолга етишди. Тадбиркорлик ҳам отасининг қонидан ўтган уларга. Катта қизим Умидахон иқтисод­­чи, тадбиркор, 2 та хусусий мактаби, 3 та хусусий боғчаси бор. Дилдорахоннинг боғлари, узумзорлари, паррандалари бор, у ҳам эпчил оила бекаси. Кейинги қизим Ферузахон ҳуқуқшунос. Азизахон қизим ҳисобчи бўлиш билан бирга тадбиркор. Ўғлим Шерали 55 гектарлик “Маматхўжа Агрофайз” фермер хўжалигини бош­қариш билан бирга 150 гектарлик Ўрмон хўжалигига қарашли ерда бўлим бош­лиғи бўлиб фаолият юритади. Худога минг қатла шукур, ўн тўрт нафар неваранинг бобоси-ю бувисимиз. 
– Барчамиз севиб томоша қиладиган, ҳар куни кўрсак ҳам яна кўргимиз келаверадиган машҳур “Чимилдиқ” спектаклининг саҳналаштирилишида ва хориж саҳналарига олиб чиқилишида ҳам Абдухалил ака ҳомийлик қилган экан. 
– 1997 йиллар. Мустақилликнинг биринчи ўн йиллиги, мамлакатда ўтиш даври, иқтисодий жиҳатдан оғир паллалар эди. Бошқа ўнлаб корхона-ю ишхоналар каби собиқ Ҳамза теат­ри ҳам инқирозга юз тутган, актёр ва актрисаларнинг ўз касбидан нон топиб ейиши даргумон бўлиб қолган, ҳаттоки баъзи таниқли актёрлар таксичилик қилиб бола-чақа боқаётган пайтлар эди. Абдухалил ака Олтиариқ туман мева ва сабзавотларни қайта ишлаш корхонасида фаолият юритар, хориж давлатлари билан олди-берди қилиб, тадбиркорликни йўлга қўяётган эдилар. Ўзи Туркияда ишлаётган ва Америкада яшаётган бир наманганлик тадбиркор у киши билан қўшма корхона очиш ниятида Олтиариққа келди. Меҳмон зарур ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида театр­га тушиш нияти борлигини айтиб қолибди. Ҳожи ака меҳмонни Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрига олиб борсалар, томошахонада ўттиз-қирқ чоғли томошабин ва уч-тўрт нафар актёрдан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Ёнларидаги меҳмондан роса хижолат бўлибдилар. Кейин ўша пайтдаги театр раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов билан суҳбатлашиб қолишибди. Нега театрда томошабин йўқлигини сўрабдилар... 
     Ёқуб ака билан суҳбатдан сўнг саҳнада ўтиб-қайтиб юрган йигит билан гурунглашибдилар. Ўша йигит театр­нинг “ўтириб” қолганини, актёрлар 3 ойдан бери маош олмаётганларини гапириб берибди ва ўзи бир асар ёзиб қўйганини ҳам айтибди. Ҳожи ака ундан асар қўлёзмасини олиб, бир неча соат ичида ўқиб чиқиб, асар маъқул бўлгач, ҳаракат бошлаганлар... 
     Ўша чироқчи йигит бугунги энг томошабинбоп саҳна асарлари, яъни “Чимилдиқ” ва “Машраб” спектаклларининг муаллифи, машҳур драматург Эркин Хушвақтов бўлган экан. Абдухалил ака адабиётга, шеъриятга қизиқувчи, санъат шинавандаси эмасми, унда театрни кўтаришга ёрдамлашиш ния­ти пайдо бўлибди: театр директори билан маслаҳатлашибди, актёрларни йиғишибди, ҳар бирига бир қопдан ун бериб: “Мен сизларга тўланмаган 3 ойлик маош­ларингизни ҳам тўлаб бераман, бу ёғига ҳам ёрдамлашаман, аммо мана шу асарни саҳналаштирамиз” десалар, актёрлар хурсанд бўлиб, ишга киришиб кетишибди. Айни ўша пайтда театр биноси таъмирлаш учун ёпилганлиги сабабли бошқа бинони ижарага олиб, уч ой давомида ўша жойда спектакл­­ни саҳналаштиришган. Чироқчи йигитнинг “Чимилдиқ” спектакли илк марта шу тарзда саҳна юзини кўрган. Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова эътироф этганидек, “Бу спектакль театрни инқироздан сақлаб қолди, томошабинларни яна театрга қайтаришга хизмат қилди, театр қаддини тиклаб олди, актёрлар роҳатланиб роль ижро этишди ва бу спектакль узоқ йиллар театрни боқди”... 
     Ҳар куни кетма-кет “Чимилдиқ” қўйилаётган, билетлар қўлма-қўл бўлиб, театр яна олдинги шукуҳли кунларига қайтган кунларнинг бирида Абдухалил акага Ўзбекистон халқ артис­ти Турғун Азизов Миср Араб Республикасининг пойтахти – Қоҳира шаҳрида Бутун дунё театрлари фестивали бўлишини айтиб қолади. Абдухалил ака шу кундан бошлаб “Чимилдиқ” спектаклини халқаро фестивалга олиб бориш ҳаракатига тушади. Энди бу кишида “Чимилдиқ”ни жаҳон саҳнасига олиб чиқиш, хориж саҳнасида қўйиш нияти пайдо бўлса денг! Шу ниятларини амалга ошириш мақсадида таклиф билан Маданият вазирлиги дейсизми, бошқа масъул ташкилотлар дейсизми, ҳаммасига борадилар. Улар “майли, рухсат-ку берармиз, аммо маблағни қаердан оламиз?” дейишса, “маблағни мен топаман”, дейдилар. Ишқилиб, 1998 йилда собиқ Ҳамза театрининг ўша пайт­даги жамоаси – Ўзбекис­тон халқ артис­ти Турғун Назаров, режиссёр Мунаввара Абдуллаева, “Чимилдиқ” спектакли муаллифи Эркин Хушвақтов, актёрлар Дилбар Икромова, Саи­да Раметова, Абдурайим Абдуваҳобов, Мадина Мухторова, Гулчеҳра Иброҳимбекова, Раъно Ярашева, хуллас, спектаклда роль ўйнаган барча актёрлар билан Миср­­га бордик ва Қоҳира шаҳрида 13 кун туриб, спектаклни 10 марта намойиш этишди. Спектакл­­ни дунё халқлари санъат аҳли жуда катта қизиқиш билан томоша қилишди ва уларда ўзбек халқининг расм-русумлари, урф-одатларига ҳурмат уйғотди. Ҳар гал “Чимилдиқ” ўйналгандан кейин қучоқларимиз, саҳна гулларга тўлиб кетарди десам, муболаға бўлмайди. 
– Сир бўлмаса, Мисрга бориб келишга қанча маблағ сарфланди?
– Аниқ эслайман: бу ижодий сафар Абдухалил акамга 21 минг АҚШ долларига тушган. Агар шу суммани бугунги пул билан солиштириб кўрмоқчи бўлсангиз, ўша йилларда 1000 АҚШ долларига пойтахтдан бир хоналик уй берарди. Турмуш ўртоғимнинг санъатга муҳаб­бати нечоғлик юқори эканлиги шундан ҳам кўринадики, ўзига 21 та уй олиб қўйиши мумкин бўлган маблағни бир асарнинг хориж саҳнасида намойиш этилишига сарфладилар... 
– Аёллар барибир эркакларга нисбатан тежамкор бўлишади. Турмуш ўртоғингизнинг маб­лағларини тежаш маъносида бундай саховатпешаликларига қаршилик кўрсатмасмидингиз?
– Йўқ, мен ҳам саёҳатларга боришга, хўжайинимнинг кутилмаган саргузаштларига қизиқар эдим. Чунки ҳеч нарсага муҳтожлигим йўқ эди. Абдухалил ака Олтиариқ туман мева-сабзавот тайёрлов идорасида экспедитор, раҳбар, Фарғона вилоят мева-сабзавот тайёрлов идорасида раҳбарлигида ҳам шунақанги кўп меҳнат қилардиларки, у давлатдан келиб, бу давлатга кетардилар. Тожикистонга турп, бод­ринг олиб бориб, хурмо олиб келардилар, Қозоғистондан 500 вагонлаб ун, буғдой олиб келишарди, Қирғизистондан картошка, Эрондан ёғ келтиришарди. Бир йиғилишда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов: “Олтиариқда бир тадбиркор бор: турпни қўй ёғи қилиб келаяпти”, деган. Бу ҳақда “Халқ сўзи” газетасида мақола ҳам берилган эди. Турп, бодрингни аҳолидан сотиб олиб, Қозоғистонга, Ленинград, Самарага олиб бориб, у ердан шакар, ун, қўй ёғи, картошка, пиёз, олиб келар эдилар. Шу билан бирга, яна Қозоғистондан, Илинскдан темир қувурлар олиб келиб, туманимизнинг 12 та қишлоғини, 1-сонли ўрта умумтаълим мактабини ўз ҳисобидан газлаштириб берганлар. Бу айтишга осон гап. Битта хўжаликни газлаштиришнинг ўзи қанча маблағ талаб этади. Қозоғистондан тунука олиб келиб, масжидларнинг томини ёпиб берардилар. Маҳалла раислари келарди “50 та хонадон унга муҳтож”, деб. Абдухалил акам эса “100 қоп олинг, пулини топ­ганда беришади”, деб бериб юбораверар эдилар. Чунки ўша пайтлар одамлар иқтисодий жиҳатдан жуда қийналган пайтлар эди...
     Кейин... Кейин кутилмаганда бошимизга қора кунлар тушди. Эл дарди, эл манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган Абдухалил акани туҳмат билан қамаб қўйишди.
– Ие, одамларга шунча яхшилик қилган ҳожи ота қамалиб ҳам чиққанмилар? Сир бўлмаса айтинг-чи, қамоқ жазосига ҳукм қилинишларига нима сабаб бўлган?
– Кимлардир устидан ёзишган. Ҳозир бу масалани чуқур муҳокама қилиб ўтиришни, умуман ўша қора кунларни эслашни истамайман. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: ўшанда эндигина мартабалари ошиб, вазирликка ишга тайинланадиган пайтлари эди...   
     Тергов пайти ҳақиқат излаб бормаган эшигим қолмади. Ишонасизми, маҳалладошлар, ўша пайтдаги собиқ колхоз раислари, мактаб директорлари, туман аҳолиси, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Холиқул ва Тўхтасин боболар, Тошкентдан Турғун Азизов бошчилигидаги актёрлар гуруҳи, ҳатто чет давлатлардаги ҳамкорлари ҳам “камомади бўлса айтинг­лар, биз тўлаймиз”, деб келишган. Ҳаттоки, сизга ёлғон, менга чин – бир пайтлар Абдухалил акам ёрдам берган ўн уч киши ўзи яшаб ўтирган уйларининг кадастр ҳужжатларини кўтариб келиб, “камомади бўлса, бизнинг уйимизни олишсин, фақат жиноий жавобгарликка тортишмасин”, деб келишган. Аммо барибир уларнинг додини ҳеч ким тингламаган. 12 йил қамоқ жазоси тайинлашган. Ўша пайтлар мен дунёларга сиғмадим, яшамадим, уч йил умрим қамоқхона эшигида ўтди... 
     Ҳатто фарзанд­ларимнинг ҳам қисматини ўзгартирмоқчи бўлишди. Аммо Яратганга минг шукрки, уч йилда ҳақиқат қарор топиб, турмуш ўртоғим яна қайноқ ҳаёт ва оиламиз бағрига қайтдилар. 
– Бу машъум ҳодиса сизга нималарни ўргатди?
– Сабрни, сени севадиганларга азоб бермасликни, инсонни ёнингдалигида қадрлашни... Умринг­нинг ҳар сониясида айрилиқ, ҳижрон бахтингга соя солиши мумкинлигини, йўқотгач, пушаймону армон билан яшашга маҳкум эканлигингни... “Ўтмаган кун йўқ, бу кун ҳам ўтади”, деганларидек, ҳаётда ҳеч ким ва ҳеч нарса абадий эмас. Яхши кун ҳам, ёмон кун ҳам, албатта, ўтади. Аммо энг ёмони, инсон юрагида битмас яралар ва чандиқлар қолади. Бу дарду айрилиқлар қайнонам­ни тўшакка михлади. Аҳволлари кундан-кун оғирлашиб бораверди. Кўзлари йўлда бўлиб қолди. Охири армон билан кетмасинлар деб, минг бир азоб билан рухсат олиб, кўрпага солиб кўтариб, ўғиллари билан кўришиш учун қамоқхонага олиб борганмиз. Ҳожи ака оналарини охирги бор кўраётганларини ҳис қилдиларми, елкаларига опичиб, қамоқхона эшигигача олиб келдилар. Шундай сўнг қайнонам уч ой давомида фақат бир сўзни такрорладилар ва бандаликни бажо келтирдилар. Бу сўз “Халил, Халил, Халил...” бўлди. Қорлар ёғди, излар кўмилди, аммо бу кишининг “волидамнинг охирги нафасида ёнида бўлолмадим, ўз қўлим билан қаб­рига қўёлмадим”, деган армони ўрнини нима билан тўлдириш мумкин?!
– Ҳаёт гоҳида асал, гоҳида заҳар тутади... Заҳарни ютмай асалга етмоқ йўқ. Мавзуни сал ўзгартирамиз: барчага ёрдам қўлини чўзадиган сахий тадбиркор оиласининг ҳам иқтисодий жиҳатдан қийналган пайтлари бўлганми?
– Ҳа, у киши Москвада аспирантурада ўқиётганлигида ва қамоқдан чиққандан кейин анча қийналиб қолган паллаларимиз бўлган. Учинчи болам ҳали чақалоқ эди ўшанда. Ҳеч ким кўрмаслиги учун кечаси подъездимиздаги 12 та хонадон йўлак­ларини супириб, ювиб қўярдим. Бунинг учун ҳар бир хонадон бир сўмдан пул берарди. Менинг юваётганимни фақат Абдухалил ака билан бирга ишлаган бир аёл билар ва у пулларни йиғиб, менга олиб чиқиб берарди. Қўшниларимизга ўша фаррошнинг кимлиги ҳозиргача мавҳумлигича қолди, деб ўйлайман.
– Мансабдор, ўзига тўқ одамнинг дўс­ти-ёри кўп бўлиши табиий ҳолат. Аммо инсоннинг бошига иш тушганда уларнинг ҳаммаси ҳам ёнингизда турадими? 
– Йўқ, биттаси қолса, демак, сенинг дунёларга тенг дўстинг бор! Турмуш ўртоғимнинг саноқли, айтиш мумкинки, икки-учта дўстлари бир-икки марта харажат қилиб, ташлаб кетишган, шу билан қораларини ҳам кўрсатишмаган. 
– Оққан дарё оқмасдан қолмас, турмуш ўртоғингиз оқланиб, оила бағрига қайтиб, яна тадбиркорликни бошлаганидан кейин “дўст”ларига қандай муносабатда бўлди?
– Ўзини ҳеч нарсани билмагандай тутдилар, ҳеч кимга кек сақламадилар. Душманлик қилган “яқин дўст”ингизни ўзингиздан йироқлаштиринг” десам, “қара, у бугун ҳам менинг орқамда сумкамни кўтариб юрибди-ку”, дедилар. Одамни хиёнати, мартабаси, бой-камбағалига қараб ажратиш одатлари йўқ. 
– Ҳаётдаги қарама-қаршилик­лардан тушкунликка тушганда, уни қандай енгади?
– Бир ажойиб одатлари бор: ҳамиша столида қоғоз, ручка туради. Бошига тошлар ёғилганида, ишлари орқага кетганида ёки кутилган натижага эришолмаганларида оқ қоғозга дарду аламларини тўкадилар, янги режалар тузадилар. Тун бўйи ухламайдилар, аммо эрта тонгда тетик бўлиб, кўзларида ишонч ва қатьият билан ишга отланадилар. 
     Бугун ёшлари 75 га етди. Аммо ҳамон уйда ўтирмайдилар. Шу ёшда ҳам катта-катта ишларнинг бошида юрадилар. Мен эса ёшимиз бир жойга борганини ҳис қиламан, бир жойлари лат ейишидан хавотирланаман. Шу ёшда чол-кампир бўлиб, Ватанимизнинг гўзал жойларини бирга томоша қилишни орзу қиламан. Аммо орзуларим ушалишига кўзим етмайди... Яқинларим билан кўп саёҳатларга бораман, аммо бу кишисиз бир томоним камлигича қолаверади. Лекин шундай қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ инсон билан умргузаронлик қилаётганимдан шукронадаман. 
 – Ёшликда қилган хатолар, армонлар, орзулар ҳақида...
– Хатоларим бор. Биринчиси – беҳуда рашк қилиб, ўз ҳаётимнинг, бахтимнинг мазасига сув қўшмасам бўлар экан. Ҳаммасини ўз ҳолича қабул қилиб, яшасам бўлар экан, деб афсусланаман. Аммо энди кеч. Қани эди ортиқча рашк қилиб, у кишини ҳам, ўзимни ҳам азобламаганимда... 
     Яна бир армоним уларнинг топганларига аралашмасдим, аралашишим, мақсадли сарфлашим, тутиб қолишим лозим эди... Ўша пулларга бугун ночор одамларга уйлар қуриб берармидик... 
     “Яхшилик учун яралган одам” . Олтиариқликлар Абдухалил акага шундай таъриф беришди.
     Аслида инсондан қоладигани ҳам шу. Раҳимахон опа билан суҳбатлашар эканман, дилимда бир савол айланади: бугун кечагидан, бу йил ўтган йилгидан кўра ҳаётимиз тўкис-фаровон. Элимизнинг юрт сўрашга қурби етадиган бадавлат беклари ҳам кўп, ҳатто жуда кўп. Аммо нега улар Абдухалил ҳожи отачалик хайр-саховат кўрсатишмайди? Фақат ўзи, боласи, неварасига аталган қасрдек уйлар қуриш, пулини кўпайтириш йўлларини излаш билан оворалар. Шу ўринда уларга ҳадемай кексалик эшик қоқиб, хайр-саховат, яхшилик эсланадиган кунлар яқин, дегим келди... 
     Дарвоқе, юртнинг мард ўғли Абдухалил ота ўзи оддийгина уйда яшаса ҳам эл олқишини олган, тарозининг палласини савоб билан тўлдирган инсон. Мақолага нуқта қўйишдан аввал ўйлаб қолдим. Бугун ҳам бой тадбиркорларимиз орасида Абдухалил акадек мард, танти, адабиётга, санъатга, бир сўз билан айт­ганда, миллат маънавиятини юксалтиришга ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз бормикан?! Агар бор бўлса, газетамизнинг кейинги сонларида улар ҳақидаги мақолаларимизни ўқийсиз.

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот