КИМДИР МЕНИ “УСТОЗ” ДЕБ БИЛСА


31 Октябр - устоз санъаткоримиз таваллуд топган кун!
 
“КИМДИР МЕНИ “УСТОЗ” ДЕБ БИЛСА “ЙЎҚ” ДЕМАЙМАН”

  Суҳбатдошим – қувонч ва изтиробини кўз қарашлари, сермаъно нигоҳи, юз ифодаси, кези келганда дардли йиғиси билан қаҳрамони дунёсини очиб бера оладиган маҳоратли актёр, Ота роллари билан юракларни забт этган санъаткор - Ўзбекистон Халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Убайдулло Омон (Бақоев). Устоз билан суҳбатимиз ўзгачароқ кечди, яъни улар ўзлари ҳақида эмас, шогирдлари Давлатбек Юлдашев ҳақида кўпроқ гапиришни истадилар. Бу инсоннинг ҳар бир сўзларини жон қулоқларим билан тинглаб, қандай бўлса шундайлигича сизларга етказдим.

“НОСТАНДАРТ ЮЗ, ЎЗБЕККАЯМ ЎХШАМАЙДИ, ЕВРОПАЛИККАЯМ”

    Мен биринчи марта Давлатбекни “Кулба” фильми суратга олинаётган жараёнда кўрдим. Режиссёр Саид Мухтор мени меҳмонхонадан олиб кетишга одам юборишини айтганди. Бир пайт мени олиб кетиш учун Давлатбек келди, қарасам юзи ностандарт юз, ўзбеккаям ўхшамайди, европаликкаям. Бошқалардан фарқли юзни кўрдим-да, оҳо, бу жуда кинобоп қиёфа экан, албатта кинога тушириш керак, деб қўйдим. Студияга бордик. “Кулба”нинг иш жараёнларини бошладик. Ўшанда режиссёр Саид Мухтор менинг ўғлимга ижрочи излаб юрувди, унинг мақсади машҳур актёрларни эмас, ҳеч кимга ўхшамаган, номаълум одамни, қиёфани кашф қилиш эди. Ўшанда мен Давлатбекни тавсия қилдим, чунки кутилган ижрони ўзига хос услубда чиқариб бера олишига кўзим етганди. Шу билан Давлатбек бирин-кетин роллар ўйнай бошлади. Қарасам табиий органика бор, гўёки қўша-қўша институтни битиргандай, камерадан тортинмайди, жуда эркин, олган топшириғини икки-уч баравар ортиғи билан бажариб беради. Кейин ўзимга-ўзим “шу йигитни танлаб хато қилмабман” дея қувонганман. Қарабсизки, “Кулба” фильми чиққан куннинг эртасигаёқ Давлатбек эсда қоларли ижроси билан танилди.

ФАХР...

     Шу бугунги воқеани айтиб бера қолай, бир жойга нонуштага кирдик, катта бир тадбиркор юртдошимиз, кинолардаги сингари соқчилари, атрофида одамлари билан биз ўтирган жойга кирди ва бизга кўзи тушиб ёнимизга келди. Қўлимни сиқиб, “раҳмат сизларга, раҳмат, сиз ижобий қаҳрамонсиз ота. Мана бу ўғлингиз салбий қаҳрамон. Экранда сизни кўришимиз билан ҳозир бир чиройли гап гапириб, маслаҳат берадилар, деб кутамиз, бу ёнингиздаги Давлатбек пайдо бўлса, ҳозир бир ёмонлик қилади, деб ўйлаймиз” дедилар самимий бир оҳангда. Шунақанги бир баҳо бердики, гарчанд санъатга яқин киши бўлмаса-да, кўрган кинофильмларидан тўғри хулоса чиқариб, олдимизга қўйган мақсадимизга тўғри баҳо берганидан кўнглим ўсди, ўзгача фахр туйдим. Демакки, қилган ишларимиз унинг қалбидан жой олган. Шунинг ўзи биз санъаткорлар учун катта бахт.

СУРАТГА ТУШИШГА ҲАМ БОТИНОЛМАГАНМАН
     
     Аввал ҳам кўп айтганман. Ҳозир ҳам айтаман, мен ҳеч кимни фалончи менинг шогирдим, деб айтмайман, чунки мен шогирдим деганим билан у мени тан олмаслиги мумкин, лекин кимдир мени “устоз” деб тан олса, мен унга “йўқ” демайман. Чунки шахсан мен ўзим устозим дея Раж Капурни тан оламан, улар билан уч марта кўришиш бахтига муяссар бўлганман. Шу қадар ҳурматим баланд эдики, улар билан суратга тушишга ҳам ботинолмаганман. Чунки у пайтлар сураткаш бир кишини суратга олса камида беш дақиқа вақтини оларди. Шунинг учун ўша нарсани, уларни безовта қилишни ўзимга эп кўрмаганман, пинҳоний ўша одамни устозим деб биламан.
     Давлатбек илк кўргандаёқ мени устоз деб атай бошлади, модомики шу йигит менга суянибдими, ишонибдими, демак энди мен шу йигитнинг ижодига жавобгарман, Аллоҳнинг олдида ҳам, томошабинларнинг олдида ҳам. Ва унинг режиссёрлик, актёрлик ишларини ҳамиша қўллаб-қувватлайман, маслаҳат бераман ҳамда билганларимни ўргатаман. Яна шундан қувонаманки, дунёда ҳам актёрлик, ҳам режиссёрликда ўзини моҳирона ифодалай олган иккита машҳур инсон бор, бири Чарли Чаплин бўлса, иккинчиси Раж Капур. Улар нафақат бош ролда, балки ҳам режиссёр, ҳам продюсер. Ана энди ўзбекларнинг ичида Давлатбек худди шу ишни қилаяпти (кулади). Лекин бу иш жуда ҳам машаққатли. Чунки ҳар бир соҳанинг ўз машаққати, ўзига яраша энергияни талаб қилади. Ҳозирча Давлатбек шуларни эплаб келаётганидан хурсандман. Оллоҳ менга қанча умр берган бўлса шогирдимнинг ёнида бўламан, насиб!

“УБАЙДУЛЛА, СОЧИНГ ЕЛКАНГГА ТУШАЯПТИ...”

     Энди бошқаларга қараганда мен ҳеч қачон ёшларни айбламайман, маломат қилмайман, насиҳат бермайман. Чунки ҳар бир даврнинг ўзига яраша талаблари бўлади, ўзига яраша ишлари бўладики, ёшлар шунга интилади, катталар бундан норози бўлади. Бир воқеани айтиб берай: ёшлигимда костюмни, пальтони елкада кўтариб юриш мода бўлганди. Ўшанақа юрганлар ўта замонавий йигит бўлиб кўринарди. Қизларнинг эътиборини тортиш учун яна хўмрайиб, юзимизга қанақадир маънони берардикки, эсласам кулгим келади. Бир куни дадам билан бир жойга боряпмиз, дадам уришиб бердилар: “Убайдулла, сочинг елкангга тушаяпти, ғашингга тегмаяптими?!” Мен ўзимга ўзим айтдим: “Дадам нақадар замондан орқада қолган одам, бизларни тушунмаяпти, ахир бу нақадар гўзал!”
     Вақт ўтди, улғайдик. Бир тўйда ўтирибмиз, дўстим мени чақириб: “Убайдулло, дўстим, ҳозир ўғлим келади, соч турмагини кўргинда бир насиҳат қилгин, сени жуда ҳурмат қилади. Тушунтириб қўй ўзинг, сочини ўзгартирсин” деб айтди. Ўшанда 1993-94 йиллар эди. Кейин мен: “дўстим, ҳозир бу нарса шунга ёқаяпти, пайти келиб шу ишни қилмайди. Ҳозир сен билан менга миллион беришсаям ўшандай юрмаймиз, тўғрими? Лекин вақтида мен ҳам ўғлинг сингари сочимни елкамда тушириб юрганман (кулади). Вақти келса у ҳам шу ишни қилмай қўяди...” деб айтдим.
Шунинг учун мен ёшларга ҳеч қачон танбеҳ бермайман. “Сизлар қанақа одамсизлар, биз оч қолганмиз, бир бурда нонга зор бўлганмиз...” каби гапларни зинҳор гапирмайман. Биламанки, ҳар бир даврнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор...

САНЪАТНИНГ МАШАҚҚАТИНИ ФАРЗАНДЛАРИМГА РАВО КЎРМАДИМ

     Мен фақатгина иккита қизимга, санъаткор бўлмайсан, дея халақит берганман, йўл қўймаганман. Иккала қизим ҳам санъаткор бўлишни орзу қилишган, мен қатъий “йўқ” деб туриб олганман. Сабаби, дунёда битта касб борки, унинг ҳаёти, келажаги ўзига боғлиқ эмас. У санъаткор. Назарга тушмай, юзага чиқмай ўтиб кетаётганлар қанча... Актёр кутадики, қачон режиссёрнинг назари тушади, қачон уни танлайди, қачон бош роль беради? Яна мисол, Ўзбекистонда ўн мингта қўшиқчи-санъаткор бор, шуларнинг ичида биттаси Озодбек Назарбеков, биттаси Алишер Файз, Улуғбек Раҳматуллаев ва ҳоказо, санасанг ўнтага бормайди. Лекин атрофдаги ҳамма хонандалар шуларга ҳавас қилиб бу соҳага қўл уришган. Ва яна санъатнинг даҳшатли тарафи шундаки, санъаткорга халақит берадиган, азоб берадиган кишилар – унинг яқинлари. Улар “Нега сен фалондақа санъаткор эмассан, нега ўшанақа ишлар қилмаяпсан?” деб азобга қўяди. Вилоятларда юзлаб маҳоратли, кучли истеъдодли актёрларимиз бор, бемалол пойтахтга келиб ижод қилишса арзийди. Афсус, омади чопмаяпти. Мана шуларни ўйлаб, тажрибамдан келиб чиқиб қизларимга, сизлар санъаткор бўлмайсизлар, дея тушунтирдим. Лекин набираларимни бу йўлдан қайтаролмаяпман (кулади). Уларга кучим етмаяпти, улар ҳаракат қилишаяпти, кинога чиқишаяпти. Мен хоҳлардимки, улар ўзини кўриб “йўқ, бу кино менинг ишим эмас экан” дея ўзлари бу йўлдан қайтишини. Чунки санъатнинг нонини ейиш осонмас, бу ишнинг машаққатини уларга раво кўрмайман.

Холида ҚАМБАРОВА суҳбатлашди.
Манба: "Zo'r Тасвир" журнали.
2019 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот