БИР ЙИГИТНИНГ ҚИРҚ БИР ҲУНАРИ
Сирожиддин РАУФ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари Бош муҳаррири
БИР ЙИГИТНИНГ ҚИРҚ БИР ҲУНАРИ
Халқ мақолларини ислоҳ қилишга асло ҳожат йўқ. Улар асрлар синовидан ўтиб, қайта-қайта сайқалланиб бизларга етиб келган. Лекин замона зайли билан қайсидир ота мақол кундалик ҳаётимизда нотўғри талқин қилинаётган экан, айбни аввало ўзимиздан қидиришимиз керак. Бинобарин, мамлакатимизда шиддат билан давом этаётган ўзгариш ва янгиланишларга қуюқ соя солаётган қатор камчиликларнинг бош айбдори – турли жабҳаларда “жавлон ураётган” нопрофессионал кадрларнинг касофатига “Бир йигитга қирқ ҳунар оз” деган мақолни рўкач қилиш адолатдан бўлмас. Мақолда одам боласи битта касбнинг этагидан маҳкам тутсин, айни пайтда, эҳтиёж туғилганда қирқ ҳунардан бохабар бўлсин, шунда ҳаётда қоқилиб-сурилиб юрмайди, деган ҳикмат мавжуд. Бу эса мўмай пул топиш учун ҳар мақомга йўрғалайверишни англатмайди. Афсуски, бугун кўпчилик ана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйди.
КАДРЛАР ЖОЙ-ЖОЙИДАМИ?
Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев (Худо раҳмат қилсин у кишини) бирор бир тадбирга борганда, кўнгилдагидай шарт-шароит, тайёргарликни кўрса, завқи тошиб кетганидан, “Бу ерда кадрлар жой-жойида!” дер эди. Кейинги йилларда дилларга мамнунлик бахш этувчи ана шундай ўктам хитобни соғиниб қолаяпмиз.
Бир юмуш билан ҳовлимизга яқин кўча муюлишида очилган дорихонага кириб, пештахта ортида ўн йиллар олдин бир идорада ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган танишимни кўриб қолдим.
– Эй, юрган эканман ишимни тополмай. Ҳозир шунақа дорихонадан тўрттасининг соҳибиман, – деди у ҳол-аҳвол сўрашиб. – Мутахассислик борасида муаммо бор эди, келинингиз ўқиб, диплом олди. Бир қиз, бир ўғлим шу ҳунар изидан тушди, ўқишаяпти...
Танишимнинг изоҳлари ҳайтовур шубҳа-гумонга ўрин қолдирмади. Ҳужжатлар тўғри бўлгани яхши, лекин мутахассис панд бериб қўйса-чи? Шу муаммоларнинг ечимини ўйлабди, барака топсин. Ҳуқуқшунос, барибир, ҳуқуқшунос-да! Хўш, бошқа соҳаларда аҳвол қандай? Менимча, жуда зўр эмас. Қурилаётган айрим бинолар, кўприкларнинг қулаши, бошқа объектлардаги турли носозликлар... Таълим, спорт, матбуот, халқ хўжалигининг қатор соҳаларида номутахассис кадрлар қандай ўрнашиб олган?
Яна бир ҳаётий мисолга тўхталаман. Бир бола қишлоғидан чиққан машҳур шоирга ҳавас қилиб, Тошкентда ўқиди. Шоир-ку бўлолмади, бир мунча вақт газетада ишлади. Газетанинг қаттиқ нонига қаноат қилолмай товламачиликка қўл уриб, қамалиб кетди. Уёқдан қайтгач, савдо-сотиғу бошқа ҳар хил ишларда ўзини синади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас: яна тез бойиш илинжи уни иккинчи маротаба судланишига ва жазони ўташига сабаб бўлди. Гапнинг индаллоси, бугун шу одам таълим соҳасида кичик амалдорлардан бири десам, ишонасизми? Ажабки, у бетизгин орзу-ҳавасларининг рўёбини шу тизимда топди. Туриш-турмуши, топиш-тутиши унча-мунча ҳақиқий мутахассисникидан аъло!..
Афсуски, бундай ҳаваскорлик ва ҳаваскорлар урчиб бораяпти-да. “Ҳаваскор шоир”, “Ҳаваскор актёр”, “Ҳаваскор қурувчи”, кейинги пайтларда анча шов-шув бўлган соҳа – блогерлар сафида ҳам “Ҳаваскор журналист”лар! Аслида бунинг ҳеч ёмон жиҳати йўқдек (Кимнинг кимда (нимада) кўнгли бўлса, қўяверинг ўйнасин!). Алам қиладиган жойи, айрим ҳолларда ана шу ҳаваскорлик билан ном қозонганлар соҳа профессионалларини, чин мутахассисларни “бип-бинойи” бошқаришаяпти-да! Бунга далил келтиришга ҳожат борми? Болалигимизнинг севимли эртакларида айтилганидек, “Ботир сер солиб қараса, тулпор охурида суяк, итнинг ялоғида арпа солинган эмиш...”
УНУТИЛГАН ҚАРОР ВА КЎРСАТМА
Машҳур ёзувчимиз Неъмат Аминовнинг “Ёлғончи фаришталар” романида шўролар даврида турли соҳаларга раҳбарлар партиявийлигига қараб танланганлиги ҳажв қилинган. Бугун эса кадрларнинг ташкилотчилик, тадбиркорлик салоҳиятига кўпроқ эътибор қаратилаётгандек бизнинг назаримизда. Албатта, раҳбар учун бу саналган фазилатлар жуда муҳим. Лекин шундай фазилатдорларни тегишли соҳалар вакиллари орасидан изланса янада мақсадга мувофиқ бўлмасмикин? Қолаверса, тадбиркор, ишбилармон, ташаббускор деб сийланганлар ҳам жуда ишончни оқлаб, қойил қилаётгани йўқ. Мисол учун узоққа бормайлик. Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқини халқимиз, айниқса, соҳа вакиллари эътибор билан тинглади. Маърузада бизларни анчадан буён ўйлантириб келаётган бир қатор муаммолар рўй-рост очиб ташланди. Энг муҳими, буларнинг маънавий, ҳатто иқтисодий ечими ҳам белгилаб берилди.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, шу вақтгача давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик қониқарли даражада бўлмаган. Бу эса барча кучларни ягона мақсад йўлида бир ўзанга жамлаш имконини бермасди. Хусусан, фарзандларимизни билимли, ҳар тамонлама комил инсон этиб тарбиялашга масъул бўлган ўқув муассасаларининг ўқувчи ва устозлари адабий-бадиий журналлар билан танишиш имконидан, демакки, мутолаа завқидан, бугунги замонавий адабиётимизнинг бебаҳо таъсиридан бенасиб бўлиб келаётганди. Президент бу кемтикни тўлдириш воситаси сифатида “Маънавий ҳаёт”, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи” журналларини ҳар бир мактабга, маҳалла ва олий ўқув юртларига етиб боришини таъминлашни мутасаддиларга вазифа қилиб белгилаб, шундай деди: “Агар кимдир маънавият масаласини бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идоралар иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир”.
Мана орадан муайян вақт ўтди. Топшириқ ижроси бўйича мутасадди ташкилотлар чора-тадбирлар ишлаб чиқаётганига аминмиз. Чунки турли идоралардан таҳририятга ҳам шу масала юзасидан қўнғироқлар бўлди. Савол-жавоблардан англашилдики, раҳбар томонидан қўйилган вазифанинг ижроси ижрочиларни бироз ўйлантириб қўйган. Шу вақт орасида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Халқ таълими вазирлигининг вилоят бошқармаси масъулларининг саъй-ҳаракати билан бу масалага ечим топилди. Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг ўтган аср тўқсонинчи йиллари охирида имзоланган бир қарорида қишлоқ жойларидаги таълим муассасаларини республика миқёсида чоп этиладиган ўн турдаги оммавий ахборот воситаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан обуна қилиш ҳақида кўрсатма бор экан. Хўш, йигирма йилдан зиёд вақт мобайнида бу қарор, бу кўрсатма кимнинг манфаатига хизмат қилиб келаяпти? Ўқувчи, талаба фарзандларимиз ва уларнинг устоз-мураббийлари учун эмаслиги аниқ. Йўқса, юксак минбарда маънавиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири сифатида бу масала тилга олинмас эди. Бу борада ҳам аксарият ҳаваскор мутасаддилар асл мақсадга эмас, шаклан рисоладагидай, мазмунан шахсий манфаат, жиғилдон учун ишлаб келган десак янглишмаймиз. Афсуски, бундай ёндашув ҳали-ҳануз давом этмоқда.
СУЛТОН СУЯГИНИ ХЎРЛАМАС
Тараққиёт илдизига болта ураётган иллатлардан бири жамиятда қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ришталарининг давлат бошқарув тизимига ҳам суқилиб кирганлигида кўринади. Бу иллат коррупционер амалдорларнинг яқинларига нисбатан меҳр-саховат туйғулари ҳаддан зиёд ижтимоий-сиёсийлашуви натижаси десак хато бўлмайди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ҳатто ижодий ташкилотлардаги маоши катта, хизмат машинасига эга бўлган штат ўринлари ҳам дасти узун амалдорлар томонидан “забт этилмоқда”. Изини суриштирсангиз, сийланган мардум, турли “ёғли жой”ларда ялло қилиб юраверганидан дийдаси қотган тўқимтабиат кимса бундай махсус вазифага ҳам мутахассислиги юзасидан умуман нолойиқ бўлиб чиқади. Шунақа экан, ижодкорлик талаб қилинмайдиган бу янглиғ жойларга бутун умрини, ўзини, бор ҳаётини ўзбек адабиёти, санъати равнақига бахш этган хокисор ижодкорларни қўйсак бўлмайдими? Бўлмайди! Чунки: “Айбим шулки, амалдорга бегонаман!”
Тан олиш керак, кейинги йилларда бир қатор эзгу ташаббусларга гувоҳ бўлдик. Хусусан, турли ҳокимлик, вазирлик ва бошқа давлат идораларида жамоатчилик билан ишлаш бўйича ахборот хизмати раҳбарларининг мавқеи ўринбосар даражасига кўтарилди, давлат тили сиёсатини юргизиш учун эса алоҳида маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Агар ҳисоблаб чиқилса, бу республика миқёсида анча-мунча иш ўрни дегани. Бироқ шундай масъулиятли вазифага муносиб кадрлар топиш муаммоси зудлик билан, ахборот, тил соҳасида етарли билим, тажриба ва салоҳиятга эга саноқли мутахассислар безовта қилинмаган ҳолда ҳал этилгани шубҳали. Танланган кадрларнинг ўз ўрнига муносиб ёки муносиб эмаслиги эса оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда фуқаролар ва истеъмолчиларнинг жавобсиз арзу шикоятларидан билиб олиш мумкин. Масалан, бир неча ойдан буён истеъмолчилар янги қўйилган газ ҳисоблагич ускунаси сифатсиз, асоссиз равишда кўп ҳақ ёзаётганидан нолишади. Таассуфки, уларга икки жумла ёки изоҳ бериши лозим бўлган моянадорлар лоақал чурқ этишмайди. Ҳамма соҳада ислоҳотлар шаффоф, очиқ ва ошкора ўтишини назорат қиладиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги халқаро анжуманларда малакасини ошириб бўлгач, охир-оқибат, бу масалаларга ҳам эътибор қаратади, деган умидимиз бор.
ЖАРРОҲМИ ЁКИ ҚАССОБ?..
Шу ҳам савол бўлдими, деб ёзғиришга шошилманг. Ён-атрофимизда сиртдан айни, моҳиятан турфа вазифаларни бажараётган кишиларни битта ном билан аташ урф бўлмаяптими? Кетмон, теша, белкурак ясаган устанинг зебигардон, сирға, узук ясаган кимсадан нимаси кам, иккаласи ҳам битта ҳунарманд-ку, деган умумий ёндашув оқибатида у жамоага буниси, бу жамоага униси бош бўлиши оддий ҳолга айланди. Аниқроқ айтсак, зар қадрини косиб биладиган бўлди.
– Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлмоқчиман. Битта тавсия ёзиб берсангиз, яхшилигингизни унутмайман. Бирор кун мен туғилган вилоятга медиа-турми, бошқа бирор тадбир уюштирилса, ҳокимдан сизга, албатта, ноутбук ундириб бераман...
Тўғриси, дафъатан айтилган сурбетона мурожаатдан бироз ҳайронлигим ошди. Боиси, “Сиздан угина, биздан бугина” қабиладаги таклиф эгаси оддий ҳаваскор қаламкаш ёки давлат мукофоти илинжида пайдар-пай китоблар чиқариб, турли эътирофларга эришиш учун ота-онаси етагида эшикма-эшик сарғариб юрган орзумандалардан ҳам эмас, балки узоқ йиллардан буён телевидение соҳасида ишлаб келаётган журналист, ҳатто ўз муаллифлик кўрсатуви билан томошабинлар назарига тушган таниқли журналист эди.
– Шоир, ёзувчи бўлмасанг, нима қиласан уюшмага аъзо бўлиб демоқчимисиз? – деди у гап-сўзидан ажабланиб турганимни кўриб. – Ана қанча журналист аъзо бўлди. “Худо хоҳласа, энди бадиий асарлар ёзишгаям ҳаракат қиламан”, деб ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилишди. Хўш, менинг улардан қаерим кам?
Унинг гапларига эътироз билдирмадим, Ўзбекистонда соҳа вакиллари учун Журналистлар ижодий уюшмаси мавжудлигини эслатмадим ҳам. Буни мендан кўра яхшироқ билади, албатта. Фақат бу уюшма у таъкидлаган турдош уюшма сингари имтиёз, ваколат ва имкониятларга эга эмаслиги учунми аъзолиги расман тасдиқланмаган журналистлар ҳаёти ва фаолиятида ўрни умуман сезилмайди. Онда-сонда ўтиб турадиган тадбирларнинг ҳам ўз иштирокчилари бор. Таркиб деярли ўзгармайди. Ваҳоланки, матбуот оламида унвону амалдан йироқ, бироқ қалами ўткир, мулоҳазаю мушоҳадага бой мақолалари, чиқишлари билан танилган тажрибали журналистлар оз эмас. Қурбон Эшмат (Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин) ана шундай журналистикада ўз мактабини ярата олган ижодкор эди. Тақдир экан, ўрганса арзигулик ижод сирларини издошлари билан баҳам кўролмай ўтиб кетди. Бугунги кунда Рўзимбой Ҳасан, Рўзибой Қўлдош, Инобат Нормуродова, Меҳрибон Қурбонниёзова, Исмат Худоёр, Саид Анвар, Тўхтамурод Ҳасанбой, Ойбек Алиев, Муҳиддин Раҳим (рўйхатни яна давом эттириш мумкин) сингари матбуотнинг қаттиқ нонига қаноат қилиб келаётган қалам аҳли ҳақида қачон ўйлаймиз? Анъанавий семинар, анжуман ва ҳоказолар ўрнига ёки ўша тадбирлар доирасида олтмиш ёшнинг нари-берисида турган бу журналистларнинг ижодий кечалари ўтказилса, ёшларга, бўлажак мутахассисларга кўпроқ фойда бўлади-ку! Кўпчилик “Ўзгаришлар палласида турибди” деб ишонаётган Журналистлар ижодий уюшмаси жамият ҳаётида ўзининг мустаҳкам ўрнини топиши керак. Айни пайтда бу ишонч тасодифий кадрлар ташрифи билан оқланмаслиги ҳам кундай равшан...
СЎНГСЎЗ
Юқоридаги фикр-мулоҳазалар қоғозга тушишидан олдин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати бўлмиш бир дўстим билан мақола мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашган эдим. Сўзларимни диққат билан тинглаган ноиб аввал мийиғида кулди ва “Ҳеч эътибор берганмисиз, яқин ва олис кечмишимизда рўй берган барча фожиалар кадрлар салоҳияти билан боғлиқ бўлган. Йўқса, Чингизхон она тупроғимизни топтамаган, рус чоризми амирлик ва хонликларни осонгина эгаллаб олмаган бўларди. Ҳозир ҳам қорнидан бошқа дарди йўқ амалдорларимиз нафсу маҳдудлик ботқоғига ботиб ётибди. Шунинг учун қўйинг, бошингизни оғритманг, кўпроқ ижодингиз билан шуғулланинг”, деди. Аччиқ ҳақиқат! Наҳотки, улуғ аждодларимизнинг “Миллатни, демакки, дунёни мукаммал кўриш орзуси” биз учун ҳам қўл етмас орзу бўлиб қолса? Йўқ, бугунги онгимиз, тафаккуримиздаги уйғонишлар, янгиланишлар асло бунга йўл қўймайди, деб ўйлайман. Эр йигитда фақат битта энг асосий ҳунар бўлиши шарт, у ҳам бўлса, нафсга ён бермаслик, элу юрт равнақи учун жонфидолик! Агар шу ҳунарни ҳаммамиз ўзимиз учун комил касб сифатида қабул қила олсак, билингки, бу учинчи Ренессанснинг ибтидоси бўлажак...
2021 йил.