Менинг оқ атиргулим
Хосият РУСТАМОВАга
Менинг оқ атиргулим, чаманзоринг ҳидоятдир.
“Олмос” берган олмослигинг бу табиий ҳодисотдир.
Ҳурлиқолар юртиданму, париларнинг мулкидан,
Келишларинг, кулишларинг мўъжизадир, кароматдир.
Хушлигинг Наманган боғи, кескирлигинг Чуст пичоғи,
Шоҳ Машрабнинг қизилигинг ёнар сўздан ишоратдир.
Кўнгил бермиш Алпомишнинг чин мард ўғли, чин бек ўғли,
Бу ишқ отли салтанатдир, бу илоҳий муҳаббатдир.
Латифлигинг Мумтоз Маҳал ул суҳбати Аржуманддир,
Сен сўз айтсанг чўлу, ёбон равзаи рисолатдир.
Менинг оқ атиргулим, фасли гул айни фурсатдир,
Сен сув ичган дарё улуғ маърифатдир, маърифатдир.
Сўз гул эмас боғда унган, булбул эмас гулга қўнган,
Сўз излаб тошларни ёрмоқ бу заҳматдир, бу меҳнатдир.
Атиргулсиз боғ, боғ эмас, атир, гулсиз дил чоғ эмас,
Менинг оқ атиргулим – назм элида Хосиятдир.
Ул очилган юрт жаннатдир, Тангри берган иноятдир,
Ул боғи абадиятдир, шеъриятдир, шеъриятдир.
Зулфия МЎМИНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.