АҲД


Кўзларимга бермадим рухсат,
Ирмоқларин беркитиб қўйдим.
Қай ғўрлигим тутган бир фурсат,
“Йиғламайман”, деб сўз бериб қўйдим.

О, ҳаётнинг тўфонларига
Отилишим қайдан билибман.
Машъал тутиб аҳд қўлларига
Мағрур туриб фақат кулибман.

Тортиб олди яқинларимни,
Тақдир бутун сабримни сўрди.
Ўзи ўксик, ярим кўнглимни,
Ўтган-кетган бир чертиб кўрди.

Ортда қолган кунларим – ўгит,
Озорлар – яшашни ўргатди.
Юрагимга дегандим “унут!”
Кўксин очиб чандиқ кўрсатди.

Ичга ютган ёшларим – оғу,
Аламини юзимдан олди.
Ҳар бир томчи қасдма-қасдига
Сочларимга ўз рангин солди.

Ғам ночордек кўриниб юпун,
Атрофимда турарди сергак.
Гоҳи қаддим кўтармоқ учун
Керак бўлди биргина тиргак.

Илинж келди ҳолим сўроқлаб,
Мўртлигимдан аҳдимни буздим.
Юрагимни маҳкам қучоқлаб,
Неча йиллик ғуборни ювдим...

Билдирмадим, сездирмайин жим,
Қалбдан кўзга очдим бир йўлак.
Кўз ёшимни кўрмайди ҳеч ким,
Фақат ёлғиз Тангримдан бўлак!

Нилуфар ЖАББОРОВА шеъри.
Музаффар Муҳаммадназар ижросида ўқилди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот