Севасанми ўшанда ҳам?!


 

Агар сўзим шеър бўлмаса бир кун келиб,
Агар қўлим тута олмай қолса қалам,
Вафоли дўст, садоқатли ошиқ бўлиб
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!

Тиззалардан мадор кетса қайларгадир,
Либосларим ногоҳ бўлса эски, жулдур,
Омад мендан араз қилса неларгадир,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!

Ҳар йил келган баҳор бирдан келмай қўйса,
Қалдирғочлар уйимга ин қурмай қўйса,
Ҳеч ким менинг йўриғимга юрмай қўйса,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!

Сочларимга бевақт оқлар ораласа,
Эшигимдан гадо ўйлаб мўраласа.
Вужудимда дардлар итдек болаласа,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!

Худо уриб, мен қадрингни билмай қўйсам,
Сен ёқтирган кўйлагимни киймай қўйсам,
Бир кун келиб сени мутлоқ суймай қўйсам,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!

Хаста бўлиб, юролмайин, ётиб қолсам,
Бу омонат дунёсидан ўтиб қолсам,
Сени ташлаб чин уйимга кетиб қолсам,
Айт-чи, мени севасанми ўшанда ҳам?!. 

Малика Салимова