ТАШҚАРИДА ҲАЁТ БОР ЭДИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ТАШҚАРИДА ҲАЁТ БОР ЭДИ
ҳикоя

  Идора ташқаридан узилиб қолган. Бу ерда ишлайдиган одамлар ҳам говпилла каби ўз қобиғига ўралиб олишганди. Хўш, шу “говпиллалик”ка говкалла Эшмирзаев сабабчимикин?
  Эшмирзаев қандай одам? Йўқ, зинҳор қўрқинчли, баджаҳл эмас. Сипо-сипойи. Сип-силлиқ. Қўй оғзидан чўп олиш тугул ҳатто ўша жониворнинг ҳам кўзига тик қарамаган. Доимо таъзиму таваллода. Қўл тушмагур ҳар чоғ кўксида. Каттага “Жон ака!”, кичикка “Жон ука!”, — муомала шундай!
  Бироқ Эшмирзаевнинг Худойимга аён бир қусури бор; Гулмирзанинг гулини Қулмирзанинг қўли билан юлқиб олади, Холмирзанинг оёғи билан топтайди. Устамон. Фириби филни ўйнатади.
  Эшмирзаев яхшигина бир идоранинг раҳбари. Отам замондан бери отдан тушмайди. Курсисининг чотига чамбарак боғлаганлар хилидан.
  Ишхонасидаги тутумидан тоғ титрайди. Шунақаси ҳам бўларкан-да; урмайди, сўкмайди, жон-жон деб жонингни олади. Қаҳрига йўлиққаннинг бошини силаб-сийпалаб ер қаърига киритиб юборади. Ғурбатга йўймангу, бу идорадан шу пайтгача ҳеч ким ўсмаган. Ўзгалар баҳраманд бўлмаслиги учун Эшмирзаевнинг ариғи ҳамиша қуп-қуруқ.
  Қайси бир ходимини тепа идоралардан ишга сўрашса, Эшмирзаев уни оғзидан бол томиб мақтайди. Кўриб қўйинглар, мен шундай бағрикенг, елкаси осмон одамман, бемалол оёқ қўйиб кўтарилиб кетаверинглар. Э-е-ей, буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга, ходимлар эшитиб қўйсин учун қилинади. Меҳрибонда, меҳрибон... Ходим Эшмирзаевнинг бу қилиғидан, саховату меҳридан кўнгли тоғ, димоғи чоғ бўлиб юраверади. Ҳафта, ой, йил ўтади. Ҳалиги ходим жойида тураверади. Эшмирзаевга пойи-патак бўлгани қолади. Нега шундай бўлди? Ҳеч ким билмайди. Шунда Эшмирзаев шўртумшуқ ходимга ҳамқайғу бўлади: “Зўр жойдан сўрашувда-да, жон ука, шу дейман, кимдир Сизни тепага ёмонлаб қўйдимикин, ҳеч ақлим олмаяпти...”. Ходим ҳам ўзини ўзи еб юраверади. Буни ким қилдийкин?
  Ўн йилдан бери давлатнинг нафақасини туя қилиб, камига кетига елим уриб ўриндиғига ўрнашиб олган, ер қимирласа ҳам курсиси қилт этмайдиган Эшмирзаев бугун бутун ҳаёти давомида биринчи бор меҳнат таътилига чиқди. Эллик йилдирки элаги қозиққа илинган Эшмирзаевга қолса таътил-паътилга чиқмасди. Бироқ қизиқ замонлар бошланди, юқоридан топшириқ келди; ишга вақтида кел, вақтида кет, ярим кечагача ишхонада нима қиласан? Иш тугайдими кет, дамингни ол. Вақтида ишла, одамга ўхшаб вақтида ҳордиқ чиқар, таътил ол, сиҳатгоҳ-пиҳатгоҳга бор!
  Дастлаб ишхона ҳувиллаб қолгандай бўлди. Ходимлар гарангсиб қолишди. Салобату савлат йўқ. Ҳафта ўтди. Йўлакда қандайдир бир салқин ва хушбўй эпкин эсаётгандай бўлди. Хоналарда ходимларнинг кулгуси жаранглай бошлади. Ишхонанинг олдинги ҳаёти Эшмирзаевга қўшилиб олис-олисларга даф бўлгандай эди. Тош қотган заранг ердан майсалар унган каби, атроф тиниқ торта бошлади; э-е-ей, ташқарида ёмғирлар, гул-чечаклар ҳам бор экан-ку... Кимдир йўлак деразасини ланг очиб юборган эди. Қизиқ компьютерчи Озоданинг хонасидан куй-қўшиқ эшитила бошлади. Йўлакни қадам товушлари тутди — ишхонада одамлар борлиги билинди. Тунд қиёфалар чеҳрага айланди, уларда пайдо бўлган табассум ёлқинлари девору зинапояларга урилди, гултуваклардаги гуллар ҳам яшнаб кетди. Бу масканни зич этиб босиб турган дилхиралик чодирини қандайдир куч сидириб ташлаган эди.
  Шундай кунларнинг бирида, якшанбада бу идоранинг эркаклари чойхона деган маскан борлигини ҳам ҳис қилишди. Ҳамиша ердан бош кўтармай юрадиган Йўлчиев илк бор бошини баланд тутиб сўзлаб қолди:
— Эскининг эсидан, янгининг песи яхши. Қани олдик, ўртоқ Жўраев, нега рангингиз оқариб кетди, — деди у янги келган ўринбосарга.
  Ҳамма жим қолди. Янги ўринбосар Жўраев ўлмайиннинг кунидан жилмайди.
— Сизларда ҳеч ким бир-бирининг исмини айтиб чақиришмаскан-а? — деди ва қўлидаги қадаҳни сипқориб. Қолганлар ҳам унинг шаштига монанд қадаҳ кўтаришди. 
— Биз бир-биримизнинг исмимиз кимлигини билмаймиз, — яна куйдирган калладай илжайди, — тўғрими?, — бошқаларга қаради Йўлчиев.
  Шўринг қурғур бошқалар жим.
— Менинг исмимни айтиб мурожаат қилаверинг. Жуда ноқулай бўлаяпти. Исмим Рустам, — деди янги ўринбосар қизариб.
— Қандай бўларкан? — ўсмоқчилади Йўлчиев. 
  Давра жонланди. Юзларга қон югурди. Юрак енгиллашди, аҳли жамоа бир-бирин энди кўриб тургани каби қизиқ ва тотли бир ҳолат оғушида эди.
— Битнинг яроғи бўлгунча, итнинг ялоғи бўл. Анави эси кирди-чиқди, эскирган эгов жонга тегди-ку, — деб қолди яна овозгинанг ўчгир, куйдирги Йўлчиев.
  Ҳамма кетига муз ургандай... Ҳамма жим қотди. Хунук гап айтди-да ўзиям.
— Жуда тагдор гап қиласиз-а?, — ғўлдиради ўта эҳтиёткор, шабададан ўрлаган шитирдан юраги питир этадиган Махсумов.
— Ҳа-да-а! Мен ўша келиши билан ишдан кетаман. Чин эркак сўзим! Ҳиқ... Ҳиқ!!
  ... Эртасига Йўлчиевни янги ўринбосар Жўраев чақиртирди. Йўлчиев оқ қоғозга бира тўла ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини ҳам ёзиб борди. “Барибир анави келса айтади, мени ит азобига солади у, сўнг ковушимни чуқурликка тўғрилаб қўяди...”, — деб ўйлади у.
— Бу нима?
— Ариза. Кетаман, — деди Йўлчиев мағрур.
  Жўраев кулди:
— Менга қаранг, афанди. Сиз яхши ходимсиз. Юқори идорадан кадр сўрашаяпти. Борасизми?
  Йўлчиев эсанкираб қолди. Юзида тер кўпчиди.
— Ҳазиллашманг, — қалтиради.
  Жўраев бир тахлам қоғозларни жилдга солиб Йўлчиевга тутди:
— Мана тавсифнома ва сўралган барча ҳужжатлар. Хоҳласангиз, юқоридагиларга ўзингиз олиб бориб беринг. Сизни эшик олдида кутиб туришибди. Бу қоғозларнинг электрон нусхасини у ерга жўнатиб қўйдим. Худо хоҳласа, уч кундан сўнг суҳбатга кирасиз. Омад тилайман.
  Шу тобда хонага котиба Қумри қўлида бир вароқ қоғоз кўтариб кирди. Ишхона муҳитини оби-тобини бутун борлиғи билан ҳис қилишга қодир Йўлчиев бу арзанда, Эшмирзаевнинг эркаси бўлган Қумри алланечук нохуш хабар олиб келганини англаб етди.
— Ҳозир хўжайин қўнғироқ қиладилар. Кимгадир тавсифнома берсангиз мана шу йўсинда бўлиши керак экан. Доимий шакл бу. Образец, — деди Қумри.
  Йўлчиев унга ижирғаниб қаради: “Энағар, хўжайиндан суюнчи олибди, хабар берибди...”, —  деб ўйлади. Жўраев унинг қўлидан қоғозни олди. Қоғозда битилган тавсифномада фақат ходимнинг исми-шарифи битилиши лозим қатор бўм-бўш — узун чизиқ бор. (Истаган ходимнинг исми-шарифи қўйилиши мумкин) . Тавсифнома рисоладагидай эди. Бироқ, бироқ энг сўнгги банддаги тўрт қатор гап бутун бошли мақтовномани расвои радди бало қилган эди: “Ушбу ходимимиз (узун чизиқ; исм-фамилия ёзилади) юқоридаги фазилатларга эга бўлиши билан бир қаторда, ҳозирча бизнинг идорамизда бир муддат ишлаб, ўз тажрибасини ошириб, ўзига берилган топшириқларни охиригача бекаму кўст бажариш хислатига эга бўлиши керак, шундагина у кўзда тутилган нуфузли идорага лойиқ ва мосу хос ходим бўлади, деб ўйлайман... Имзо...”.
  Жўраев бўғқриқди, қизариб кетди. Қумрига ажабсиниб қаради:
— Шуми шакл, шуми образец?
— Ҳа, албатта, — Қумри қилпанглади.
— Тавсифномани мен ўзим ёздим. Хўжайин таътилда эканлиги учун ўзим имзо чекдим. Бу нарсани менга бошқа олиб келманг. Яхшиси, компьютерингиздан таг-туги билан ўчириб ташланг, — деди ижирғаниб, — боринглар, рухсат энди!
  Йўлчиев янги ўринбосарнинг хонасидан ғоз юриш қилиб, Қумри эса усти пийпаланган, босилган товуқдеккина гандираклаб чиқди.
  Орадан бир ҳафта ўтди. Йўлчиев юқори идорада иш бошлади. Эшмирзаевсиз қолган гўшадан яна бир ходим вилоятдаги катта идора томон учирма бўлди. Уч нафар ходимнинг номзоди давлат мукофотига қўйилди.
  Эшмирзаевнинг ўша мулойим супурги “жон ака, жон ука”нинг тутими гирдобида гангиган бу қавмнинг кўнглида нимадир уйғона бошлади.
  Эртага, индин, ҳафта сўнгида Эшмирзаев яна ўз ўрнига қайтади. У бу ерда ҳаёт жонланганини сезармикин? Ҳар бир одамда, инсонда кўнгил деган қанот борлигини, уни қирқиб, синдириш мумкин эмаслигини, ахир ўша кўнгил қаноти ҳаволанмаса, одам боласининг қурт-қумурсқадан фарқи қолмаслигини англаб етармикин? Ким билади, дейсиз.
  Энди бунинг бизга қизиғи йўқ. Муҳими, бу идоранинг дераза ва эшиклари бир бор очилди. Одамлар ташқарида ва ундан нарида ҳам ҳаёт деган мўъжиза борлигини сеза бошлашди. Муҳими, шу!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот