- Жаҳон, бугун ишга бормайсанми?
Кеча футбол кўриб анча кеч ухлаганимга қарамай ҳаётимда биринчи бор онамнинг овозини эшитишим билан ўрнимдан ўқдай отилиб турдим.
Ювиниб бўлгач артиниш учун сочиқни оларканман соат милларига кўзим тушиб додлаб юборай дедим. Ҳали 6 ҳам бўлмабди. Ўзи онамнинг одатлари шунақа ўринларидан турганларидан ҳаммани уйғотишга тушадилар. Ҳали йиғилмаган ўрнимга ҳавас билан қарарканман бир хаёлим қайтиб чўзилиб олсаммиккан ҳам деди. Аммо ёзнинг ёйилаётган қуёши хонамни қиздиришни бошлаганди. Ишхонага борай десам ҳали жуда эрта. Ошхонага кириб чой ичишга ҳам эриниб, қувватлантиришга қўйган телефонимни олдим. Уни ёқишим билан менга келган хабарни қабул қилиб олишим ҳақида тинимсиз мусиқа янграй бошлади. Аслида мен биров билан смслашмайман.Одатда компания ёки мчс хабарлари мени безовта қилиб туради. Вақтни ўтказиш учун уларни эринмай ўқий бошладим. Аммо орасидаги бир нотаниш рақамдан келган смс мени қизиқтириб қўйди. "Учрашамиз. ок”. Бундай ҳазилни менга ён атрофимдагилар қилолмаслиги аниқ. Жўнатувчи рақамда адашган ёки... Бироқ охирги ок қўшимчаси менга жуда таниш эди. Мен уч йил ичида зўрға унутган хотиралар яна кўз олдимда гавдалана бошлади.
***
Талабалик насиб этган кишига бу лаҳзалар ҳаёти давомидаги энг қувноқли, эсда қоларли давр бўлиши рост. Диплом иши, имтиҳонларни инобатга олмаганда умринг саргузаштлар билан ўтади. Ўша дамларни эсласам ... яна барибир Зуҳрани ёдга олишимга тўғри келади.
Бир йиллик ўз ҳисобимдан олинган таътил, ҳарбий хизмат сабаб мен келиб қўшилган курсда ўқиётган сабоқдошларим укам тенги йигит–қизлар эди. Анчагина ўзимни босиб олган, унинг устига ҳаётда чиниқиб қайтганим учун атрофимдаги кичкиналар бир йилча чиқишиб кетолмадим. Баъзиларнинг ҳатто исмини ҳам билмасдим. Бир куни диплом раҳбарим Дилдора Қосимовнани кафедра хонаси ёнида кутиб турсам сочлари сап-сариқ бир қиз келиб, аввал эшикни таққилатиб, кейин қулфланган эшик дастагини буради.
- Яхши қиз мен ҳам уларни кутиб турибман. Ҳали келишмаган - дедим сабрим чидамай.
- Ўлманг, айтмайсизми шундай деб. Энди мазза қилиб устимдан кулиб ўтирибсизми? Ўзи бу таннозни топиш бир муаммо. Оладиганим уч баҳо-ю, югурганим неча кун.
Мен ҳали ҳеч нарсани сўраб-суриштирмасимдан нега имтиҳон топширолмагани, домланинг нега қизларнинг унчалик хушламаслигини гапира кетди. Билмадим орадан неча соат ўтдики шу кунгача танимаганим ўз факултетимда ўқиётган бу қиз билан умуман зерикмадим.
Ўша куни Зуҳра таъбири билан айтганда алдоқчи, манмансираган домла ишга келмади. Хайрлашарканмиз
- Опангиз сиздай чиройли йигитларни яхши кўради, синглим бўлади, деб менга ҳам баҳо қўйдириб берарсиз –деди.
Аслида Дилдора опа Зуҳра ўйлаганчалик ёмон аёл эмас, фақат билимлиларни ҳурмат қиларди. Унинг рейтинг дафтарчасини олиб кирганимда, "синглингиз дарсдан қочиб кинома-кино санғигунча яхши ўқисин, илми бору дангаса” дея ҳурматим учун ўзи рози бўлган 3 баҳони қўйиб берди.
Шу-шу Зуҳрага "танк” бўлиб қолдим. Нима масалада қийинчилик туғилса олдимга югуриб келарди. Ҳаттоки дугоналари билан аразлашиб қолганида ҳам мендан мадад кутарди. Ҳар эрталаб 08.09да ундан "борлигингизга шукр Ок” деган дил изҳорини олардим. Шу паролни олишим билан кийиниб пастга отилар у билан бирга дарсга кетардик. Ўзим ҳам унга шу даражада ўрганиб қолдимки, эрталаб кўрсам-да, кечга бориб соғиниб қолардим. Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналаримиз ораси яқин бўлганлиги сабаб бозорни баҳона қилиб унинг деразаси қараган йўлак томондан ўтардим. Бадиий китоблар жинниси бўлган Зуҳра 2 қаватдаги хонасининг дераза токчасига ўтириб олиб китоб ўқирди. Аммо қанчалик сездирмасликка ҳаракат қилмай, мени кўриб қолиб ётоқхонани бошига кўтариб исмимни айтиб бақирарди:
- Жа-ҳон-гир...
Кейин югуриб ёнимга тушар, бир кило картошка учун ҳам пойи-пиёда Чорсугача келиб кетардик. Чарчоқдан оёқларимизнинг қавариши ҳам бизга ҳузур бағишларди. Зуҳра ўқиган китобини гапириб берса.
- Адабиётга шунчалик қизиқаркансиз , техникада нима қилиб юрибсиз – дердим.
- Шу кунгача ўзим ҳайронман, энди эса хурсандман-дея чопиб кетар. Атрофдагиларнинг қарашларидан баъзан мен уялсам, - жойимиз алмашиб қолган, деб қиқирлаб куларди.
Ўзимдаги ўзгаришни севги деб тан олмасликка қанчалик уринмай барибир у ҳис менда устунлик қилди. Мен Зуҳрани , Зуҳра мени севиб қолганди. Ҳеч қачон бу сўзни тилимиз билан айтмаган бўлсак-да, ҳар бир ҳаракатимиз, сўзларимиз билан билдириб қўярдик.
- Нима қилибди, сендан ҳам бошқа севганлар ҳам бўлган, ҳаммаси бахтли - дейишди ўзини яқин олганлар менга. Аммо мен севганимни бахтли қилолмасдим. Чунки мени бир йил олдин аммамнинг ёшлигимиздан бирга катта бўлган қизига унаштириб қўйишган эди.
Аммам биринчи турмуши бўлмагач, ўзи билан ишлайдиган хотини оламдан ўтган ҳамкасбига турмушга чиқиб чет элда яшай бошлади. Қизи ўгай ота қўлида қийналишини истамади шекилли бувим билан келинойиси бўлган менинг онамга қолдирди. Йиллар ўтсада ўртада фарзанд бўлмади поччам "қизингни ўз қизимдай кўриб тарбиялайман” дегач уни ҳам чет элга олиб кетди. Биз улар билан йилда бир учрашардик ёки йўқ. Ҳар сафар Маҳзуна келганида онам уни ўз қизидек кутиб олар, кейин сарпо-суруқлар билан йиғлаб жўнатарди. Аммам охирги келганида ёлғиз қизининг бўйи етиб қолганини, аммо уни етти ёт бегонага беришдан қўрқаётганини айтганида уйнинг катталари - бобом ва бувим "Қизинг ўзимизда қолади. Қавми бир бўлса ҳам қони бошқа Жаҳонгирга олиб берамиз. У сенга ҳам жиян ҳам ўғил бўлади ”деб дуога қўл очишгач, аммам ҳам,ота- онам ҳам қувонч билан рози бўлишибди. Менинг устимдан чиқарилган бу ҳукмни биринчи эшитиб жаҳлим чиқди, бироқ ўйлаб кўрсам Маҳзунадан топиладиган айбнинг ўзи йўқ. Олий маълумотли, кўҳликкина, қолаверса ўзим билган аммамнинг қизи. Маҳзуна бу хабарни қандай кутиб олганини билмайману, бир марта телефон орқали гаплашмоқчи бўлганимда аммам сендан уяляпти, дегач уни китобларда ёзилганидек чимилдиқ ичида кўришга аҳд қилгандим.
Мен учун севги муҳаббат ёт нарсалар эди. Турмуш қуруш учун яхши қиз бўлса бўлди, деб ўйлардим.
Зуҳра эса ҳамма ақидаларимга қарши исён кўтаришимга сабабчи бўлди. Уни кузда учратган бўлсамда ҳаётимга баҳор олиб кирган эди. Ўзимдан сўроқсиз уни яхши кўриб қолганимни анча кеч англадим. Кун ўтгани сари менинг тўй куним яқинлашарди. Қийин бўлсада ўзимни ундан четга ола бошладим. Кўриб кўрмаганликка, қўнғироқ қилса эшитмасликка олдим. У ҳам жуда ғурурли қиз эди. Бирор марта олдимга келиб "нега бундай қиляпсиз” деб бирор оғиз сўрамади, орага одам солмади. Имтиҳонларни тугатиб, курсдошларимнинг бизни кутинг жамоавий битирув оқшоми қиламиз дейишига ҳам қарамасдан нарсаларимни йиға бошладим. Буни эшитган Зуҳра чидолмаган шекилли олдимга югуриб келди.
- Кетяпсизми, ок!
Билардимки унинг жаҳли чиқса ёки бирор нарсадан қувонсагина сўзининг охирида инглизча "окей” сўзининг қисқартмасини ишлатарди.
- Ҳа.
- Айтсангиз ҳам ортингиздан югуриб бормасдик.
Томоғимга нимадир тиқилиб бир сўз айтолмадим. Айтишга, унинг кўнглини синдиришга ҳаққим йўқ эди.
- Мен ҳаммасини билдим.
Юрагим шу даражада тез урдики, қўрқанимдан кўзимдан ёш тирқилади.
- Мени ўйинчоқ қилмоқчи бўлибсиз. Мен жинни эса барибир меникисиз деб юрган эканман.
- Худо шукр... - бу сўз қандай тилимга кўчганини билмай қолдим. - Мени кечиринг, яқинда тўйим бўлади.
Кейин нима бўлганини билмайман. Аслида эсга олишни истамайман.
Ҳаётим ўша кундан барбод бўлди. Уйда тўй учун тайёргарлик бўляпти-ю менгина ҳамма нарсага бепарво.
Мени ўзгариб қолганимни дарров онам англади. Шунда бор гапни айтишга мажбур бўлдим.
- Қайтиб бу гапни тилингга ҳам ола кўрма, тўйнинг қайтишини эшитса биринчи бобонг биланг бувинг ётиб қолади, кейин даданг ҳам синглиси –ю жияни учун жонини беришини биласан.
Бу менинг биринчи ва охирги исёним бўлди. Энди фақатгина жонсиз куёв ролини ўйнаб берсам бутун ташвишдан қутулардим.
Барибир минг чиранмасин одамзод ўз тақдирига ҳукмдорлик қилолмаскан. Июннинг охирларида бизни огоҳлантирмай аммам билан поччам ташриф буюрди. Маҳзунасиз келганига ҳаммамиз ҳайрон эдик. Орадан икки кун ўтиб ҳаммаси аён бўлди. Жиянимнинг ҳам кўнгли бошқа йигитда экан. Онасининг ўз устидан чиқарган қароридан норози бўлиб ҳозир бошқа мамлакатга кетиб қолганмиш. Шу бўлди-ю ўзим истамаган тўй ҳақида бошқа ҳеч қачон гапирилмади. Орада ака-сингиллик ришталари узилди.
Мен эса "сен бўлмасанг санамжон” дея қайта Зуҳранинг олдига боришга юзим чидамади. Балки у ҳам аччиқ устида бирорта совчига розилик бериб қўйган бўлса-чи? Хуллас алданган у эмас, мен бўлиб қолдим. Бўкадан Бухорога бориб унинг хабарини олиб келишга юрагим бетламасди. Ҳаттоки у ҳақида курсдошлардан сўрашга ҳам уялардим. Ўқишни битириб уч йил бўйдоқ юрсамда уйдагилар мени уйлан деб мажбурлолмас, уларга "бир марта унаштирилиб бўлдим”деган жавобимнинг ўзи етарли эди. Фақат онамгина "Ўшанда севганингни олиб берсак бўларкан”, - дерди ўкинч билан.
***
Мени ким кутиши мумкин? Қизиқишим устун келиб ўша рақамга қўнғироқ қилдим. Рақам ўчирилган. Демак, мен билан кимдир ҳазиллашган. Аммо ҳозир тезроқ кўчага чиққим келди. Ишхонага бориб иш билан чалғисам ҳаммаси ўтиб кетади. Ишхона даричасидан кирарканман, қорувул йигит рухсатномамга ҳам қарамай "сизни курсдошингиз кутиб турганди” - деди. Саҳарлаб ким мени йўқлаб келиши мумкинлигини ўйлаб бўлмасимдан, даричанинг у томонида кулиб турган Зуҳрани кўрдим.
- Ўлманг алдоқчи, уйланмабсиз-у...
Ўша таниш овоз. Мен ҳечам адашмабман.
- Шу ергача топиб келдингизми? Қандай қилиб- сўрайман соддалик билан.
- Сиз дунёдан жуда орқадасиз, Жаҳонгир. Тезлашган оламдан ўзиб кетаман деб хато қиласиз, ок. Мен уч йилдан буён соҳангиз билан боғлиқ ташкилотда ишлайман. Ҳар олти ойда сизнинг оилавий аҳволингизни билиш учун, сўровнома оламан. Энди ўзим бу ишга бош бўлмасам бўлмайдиганга ўхшайди.
Мен бу шаддод қиз олдида нима қилишни, нима деб жавоб беришни билмасдим. Фақат узатилган нозик қўлларни маҳкам ушлаб юрагимга қўйдим:
– Худога шукр!
Лайло Каримова.