ҲАЗИЛКАШ, САМИМИЙ УСТОЗ ЭДИЛАР!
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) ҳаёт бўлганларида келаётган 2026 йилда 80 ёшни қаршилаган бўлардилар. Улар 1946 йили 27 декабрда Тошкент шаҳрида таваллуд топганлар ва ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири ҳисобланадилар. Устозимиз Тоҳир Малик фантастика жанрида ҳам самарали ижод қилганлар. Адибнинг «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982) каби асарлари ўз пайтида машҳур бўлган.
Ўтган асрнинг 80-йилларида улар детектив жанрида ижод қила бошладилар ва “Шайтанат” кўп жилдли романлари уларни наинки Ўзбекистон, бутун дунёга танитди. Бунгача ўзбек насрида мафия ва унинг кирдикорларига бағишлаб бу қадар қизиқарли ва пухта ёзилган асар йўқ эди.
Мустақиллик йилларида китоблари энг кўп ададда чоп этилган ёзувчи – устозимиз Тоҳир Малик эдилар.
Устозимиз, адибнинг китобларини кўпчилик ўқиган, билади. Лекин уларнинг инсоний фазилатларини, ҳаётда қандай одам ва устоз бўлганларини кўпчилик билмаса керак.
Устозимизнинг 80 йиллик юбилейлари арафасида улар ҳақидаги яхши хотираларни эслаб ёзгимиз келди.
МЕҲРИБОН, АММО ТАЛАБЧАН УСТОЗ ЭДИЛАР!
Тоҳир ака қалби дарё инсон эдилар. Шогирдларига отадай меҳрибон, насиҳатгўй ва айни дамда қаттиққўл, талабчан устоз эдилар. Биз билан вақтларини аямай шуғулланар, камчиликларимизни тушунтирар ва бундан эринмасдилар. Албатта, биз бошловчи, ҳаваскор ёзувчиларнинг ҳикояларимиз ҳали анча бўш ва хом-хатала бўларди. Шунда ҳам вақт ажратиб ўқиб чиқар ва фикрлашар эдилар. Кейинчалик ўзимиз ҳам устоз бўлдик, ёшларнинг бир пайт ўзимизники каби хом пишган ҳакоя, қиссаларини ўқишимизга тўғри келди. Баъзан, “шу хом, бир пулга қиммат нарсани ўқишга мажбурманми?” деб ўйлаб қолардим. Назаримда вақтим беҳудага сарфланаётганга ўхшарди. Шунда ўз-ўзимга “бизни устозларимиз ҳам бир пайтлар хом асарларимизни сабр билан ўқиб чиқишган, йўл кўрсатишган. Шундоқ катта ёзувчиларки, вақтларини аямаган эканлар, нега мен аяшим керак? Энди бизга навбат! Биз ҳам энди ёшларга билганларимизни ўргатишимиз керак” дер эдим ва устозимиз Тоҳир аканинг сабрларига қойил қолардим.
1980 йилларда адабиётнинг фантастика жанрига қизиқиш кучли бўлган. Ерга учар ликопчалар келаётгани, одамлар ўзга сайёраликлар билан мулоқотга киришаётганлари ҳақида матбуотда турли хил қизиқарли мақолалар босиларди. Ўша кезлари Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, Рустам Обид, Маҳкам Маҳмудов, Эркин Усмонов, Николай Гацунаев, Эдуард Маципуло, Соҳиба Абдуллаева каби устозларимиз бу жанрда самарали ижод қилар ва анчагина китобларини чоп этиб улгурган эдилар. Ўша кезлари Марказий Осиё республикалари орасида фақат Ўзбекистондагина бу жанр ривожланаётган эди ва устозларимиз бундан фахрланар эдилар. Чунки фақат ривожланган, илғор давлатлардагина фантастика жанрида ижод қилинарди. Бу жанрда ижод қиладиган ёшлар кам бўлгани учун ҳам устозларимиз бизга катта эътибор қаратишган ва ижодимиз давом этиши, китобларимиз чиқишига ёрдам беришган.
Мен мактабда ўқиб юрган пайтимдаёқ фантастика жанрининг ашаддий ихлосманди эдим. Устозларимнинг ҳамма китобларини ўқиган ва қайси газета ёки журналда уларнинг мақола ёки ҳикояси чиқса, уларни қирқиб олиб қўярдим. Бир сафар “Фан ва турмуш” журналида юқорида зикр этилган устозларимизнинг фантастика жанри ҳақидаги фикрлари босилди. Шу журналдан қирқиб олинган саҳифаларни ҳалигача сақлаб қўйганман. Унда устозларимиз анча ёш ва навқирон эдилар.
Мен Тоҳир Малик билан илк марта улар “Шарқ юлдузи”да ишлаб юрган кезлари, ўтган асрнинг 80-йилларида танишганман. Бунга сабаб албатта, Шуҳрат медали соҳибаси, таниқли журналист дугонам Маъпура Набиева эди. Чунки у “Гулистон” журналида Тоҳир Малик билан бирга ишлаган ва қизиқишларим жиддийлигини кўриб, “Тоҳир ака жуда ҳам яхши одам, ҳикояларингизни бир кўрсатиб кўринг, фикрларини билинг” деб маслаҳат берганлар.
“ЭНДИ БУНИНГ ЁҒИ ЧИҚАДИ!”
Кунларнинг бирида “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятига “Илмус” сайёрасига ғаройиб сафар” номли болалар учун ёзилган саргузашт-фантастик қиссамни олиб борганман. Журналларда суратини кўриб юрган ва мен астойдил ихлос қилган ёзувчини кўриб жуда ҳаяжонланган эдим. Чунки ўшанда ўзим 20 ёшлардаги кичкина талаба қиз бўлганман. Улар менинг наздимда жуда катта одам эдилар. Қарасам, Тоҳир ака жуда оддий, самимий инсон эканлар.
- Одам ижодини ҳикоядан бошламайдими? Бирдан қисса ёзиб ташлабсизми! – дедилар ҳазил аралаш. –Бир ойлардан кейин келинг, унгача ўқиб чиқаман, - дедилар.
Тоҳир ака ўзлари юмшоқ кўринганлари билан хатоларимизни аёвсиз танқид қилар эдилар. Асарнинг тили, стилистикасига, образлар ишланишига алоҳида эътибор берардилар.
- Тил, тил, тил оқсаяпти! Эътиборли бўлинг! – дердилар. Мен ўша кезлари тил, стилистика бўйича ўзимча билағон талабалардан эдим. Лекин асар ёзганда билимни қўллай билиш – бу бошқа нарса экан.
“Ёзганларимнинг эга-кесими жойида-ку, нега тил деяптилар” деб ҳайрон бўлардим. Энди мана учта-тўртта китоб чиқарганимиздан кейин насрда тил жуда муҳим ўрин тутишини, агар бир сўзнинг ўрни алмашиб қолса ҳам матндаги мазмун ўзгариб кетишини биляпман.
- Шундай ёзингки, сиз буни қандай тасаввур қилган бўлсангиз, ўқувчи ҳам худди ўшандай кўра олсин! - дер эдилар.
У кезлари рус тилидан кирган сўзлар кўп учрарди. Буни ҳам танқид қилар ва ўзлари ҳам бир-иккита русча сўз қўшиб, “Уже, абедланиб бўлдингларми? Даже кофе ҳам ичдингларми?” дея бизни кулдирар эдилар. Ҳақиқатан, биз кўп русча сўзларни қўшар, бу четдан қараганда хунук кўринишини ўзимиз билмас эканмиз.
Болаларга атаб ёзилган қиссамни тўрт марта қайта ишлаганман.
- Иккита бола Омон билан Шодмоннинг образи бир-бирига ўхшаб қолган. Уларнинг феъли бир-биридан фарқ қилиши керак. Бири вазмин, иккинчиси шўхроқ бўлсин! Образлар уларнинг тили орқали фарқланади. Масалан, ўқитувчи бошқача гапиради, кўча безориси бошқача гапиради ва фикрлайди! – деб танбеҳ берган эдилар. Мен асарнинг шу томонига эътиборли бўлиб уни қайта ишлаган эдим. Ҳозир эслолмайман. Тўртинчи марта яна қайси бир жойларини қайта ишлашни айтганларида, ёш эмасманми, йиғлаб юборай деганман. Охири ўзлари ҳам:
- Тўрт марта қайта ишладингиз, шу етади. Энди буёғига ёғи чиқади! – деган эдилар ҳазил аралаш.
“Э, БУ ҲИКОЯНИ ТАШЛАБ ЮБОРИНГ!”
Кейинчалик Тоҳир ака “Чўлпон” нашриётига Бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга ўтдилар ва бу ерда ёш ижодкорларнинг тўплами тайёрлана бошланди. Ўшанда Тоҳир ака шу қиссамни тўпламга киритишни тавсия қилган эдилар ва бу тўплам “Биринчи дарс” деб аталарди.
“Чўлпон” нашриётида ишлаётганларида ҳарбий мавзуда бир ҳикоя ёздим. Унда бир гуруҳ бойлар экологияни бузадиган биологик қурол ишлаб чиқаришни бошлашади. Тажриба кетаётган шаҳарни қуюқ заҳарли туман қоплаб олган, ҳар куни юзлаб одамлар ҳалок бўлади... Хуллас, шунақа мавзудаги бир фантастик ҳикоя эди. Устоз уни хоналарида ўқий бошладилар ва биринчи айтган гаплари:
- Ҳарбий мавзунинг сизга нима алоқаси бор, тушунмадим? – дедилар ва қаттиқ танқид қилдилар.
- Бу фантастика жанри бўлса ҳам ишонарли бўлиши керак. Унинг таг-замирида бир ишонарли далил бўлиши лозим. Сиз буларни ҳаммасини тўқиб ёзгансиз, бунинг устига ҳарбийлар ҳаётини мутлақо билмайсиз! – дедилар.
- Унда қаерини тузатишим керак? – деб сўрадим. Устоз эса бепарво:
- Э, бу ҳикояни ташлаб юборинг. Уни қайта ишласангиз ҳам барибир яхши чиқмайди! – дедилар.
Аслида ёзувчи учун у катта асар бўладими, кичикми, боласидай азиз бўлиб қолади. Уларнинг “ташлаб юборинг” деганларини эшитиб ҳайрон қолганман. Жуда хафа бўлганман.
- Ҳа-да, ижодда шундай ҳолатлар ҳам бўлади. Биласизми, Стендаль Стендаль бўлгунича, каравотининг таги қўлёзмаларга тўлиб кетган. Уларнинг ҳаммасини яроқсиз, деб ташлаб юборган. Бу биттагина ҳикоя экан-ку! – деганлар. Ҳақиқатан ўша ҳикоямга қайта қўл урмадим.
“Чўлпон” нашриёти ҳозирги “Шарқ” матбаа концернининг 13-қаватида жойлашган ва ҳар қаватда ижодкорлар бироз дам олишлари учун стол тенниси қўйилган эди. Тушлик пайти ижодкорлар бироз оёқнинг чигилини ёзиш учун теннис ўйнар эдилар. Мен эса мактабда стол тенниси билан шуғулланган ва теннис ўйнашни яхши кўрардим.
Тоҳир ака мени обдан танқид қилиб бўлганларидан кейин нашриёт ходимлари теннис ўйнашга чақириб қолишди. Улардан ижозат сўраб мен ҳам ўйнадим. Ходимлар бирин-кетин ютқаза бошлашди ва ўйинга Тоҳир ака кирдилар. Стол тенниси бўйича разряд олган, мусобақаларда қатнашиб юрганим учун ҳаваскорлар билан ўйнаш менга қийинчилик туғдирмасди. Қарангки, Тоҳир акани ҳам ўйинда юта бошладим. Шунда Тоҳир ака:
- Бояги танқидларнинг аламини оляпсиз, шекилли! – дедилар ҳазиллашиб. Шу жойида сал реалликка қайтдим. “Агар ҳозир устозни ўйинда ютсам, хижолатли иш бўлади!” деб ўйладим мен. Биринчидан жимитдек бўла туриб, гавдали эркакларни ютиб олиш яхши бўлмайди!” деб ўйинда ютқазиб берганман. Улар стол тенниси бўйича разрядим борлигини билмасдилар-да.
Тоҳир ака жуда билимдон, дунёқараши кенг, маънили гапирадиган инсон эдилар. Улар билан суҳбатлашар эканман, ниманидир ўрганар ва ўз даражамдан анча юқори кўтарилаётганимни ҳис қилардим. Ва ўз-ўзимга ҳам жуда талабчан эдим. Ўзимнинг кўнглим тўлмагунича, ёзганларимни ҳеч кимга кўрсатмасдим.
“ОВҚАТНИ УНИ ПИШИРГАН ОДАМ СУЗИШИ КЕРАК!”
“Сўнгги кун” асари аввал “Ҳордиқ” газетасида босила бошлади. Негадир орада тўхтатиб қўйишди. Ундан кейин “Бекажон” саҳифаларида тўлиқ босилди ва биринчи марта 2007 йили алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Бу асар мухлислар кўнглидан жой олди. Ўша кезлари Тоҳир аканинг уйларига бир юмуш билан бордим. Тоҳир аканинг аёллари ўқитувчи бўлиб ишлар ва уларнинг жамоадошлари “Сўнгги кун”ни ўқиётган эканлар. Ўшанда Тоҳир ака мен учун қувонган ва ҳазил аралаш:
- Мана кеннойингизнинг дугоналари “Сўнгги кун”ни ўқиётган эканлар. “Шайтанат” турганида нега “Сўнгги кун”ни ўқишади!? – деган эдилар кулиб. Шу куни менга оқ фотиҳа бердилар.
- Иморат соладиган усталар биронта қурилиш анжомини шогирдига бериб, оқ фотиҳа беради. Мен ҳам сизга матн терадиган мошинкамни бераман ва сизни дуо қиламан, - дедилар. - “Шайтанат” асаримни шу мошинкада териб, нашриётга берганман. Сизга ҳам у шундай ижодий ютуқлар олиб келсин! – дедилар. Ўша матн терадиган мошинкани устоздан эсдалик сифатида сақлаб қўйганман. Гарчи ҳозир ундан фойдаланмасам-да, у мен учун энг азиз совға!
Кейинчалик “Бекажон” газетасида устозимиз билан ёнма-ён ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Биз ходимлар ой охирида юз мингдан пул йиғиб, навбатма-навбат бир-биримизга берар эдик. Бу “чёрний касса” деб аталарди. Тоҳир ака ҳам шу тадбиримизга қўшилган, ҳар доим пулни энг охирги бўлиб олар ва бу пулларни қийналган оилаларга эҳсон қилар эдилар.
Кунларнинг бирида Матбуот ходимлари куни байрамида бизни –таҳририятда ишлайдиган ҳамма ходимларни Ҳожикентдаги дала ҳовлиларига таклиф қилдилар.
- Тайёр жой, бир-икки кун дам олиб келасизлар! – дедилар. Ўшанда ўн-ўн беш чоғли одамни ўзлари кутиб олганлар. Борсак, келишимизга шўрва қайнатиб қўйибдилар. Илгариги пайтда қовурма шўрва қилинарди. Унинг гўштлари яхшилаб қовурилар, унга тухум ҳам солинарди. Эслайман, бувим бизга шунақа тухум солиб шўрва қилиб берардилар. Қарасак, устоз шўрвани ўзлари суза бошладилар. Биз аёллар югуриб қозон бошига бордик.
- Тоҳир ака, сиз энди ўтиринг, шўрвани ўзимиз сузамиз! – дедик. Шунда устоз:
- Овқатни уни пиширган одам сузиши керак. Чунки масаллиқлар расамадини ўзи яхши билади, уларни чамалаб косаларга бир хил қилиб солади. Шунинг учун овқатни ўзим сузаман, сизлар менинг меҳмонимсиз! – дедилар.
Қарангки, устоз наинки яхши ёзувчи, қўли ширин ошпаз ҳам эканлар. Ўшанда улар пиширган шўрванинг таъми ҳалигача оғзимизда қолган.
Тоҳир аканинг боғларида олмалари, ноклари шовул қилган, новдалари мевасини кўтаролмай эгилиб ётарди. Ноклари серсув, жуда мазали эди. Яхши инсон, яхши ёзувчи бўлишлари билан бирга улар миришкор боғбон ҳам эканлар. Ҳовлилари топ-тоза, ораста ва шинам эди. Айтишларича, дала ҳовлидаги уйларни ўзлари қурган эканлар.
“БУНАҚА СОМСА ФАҚАТ БИТТА ЖОЙДА БОР!”
Ҳар 8 март арафасида Тоҳир ака “Бекажон”даги Тошкент офисида ишлайдиган қиз-жувонларга “Любимое” деб аталадиган юракча шаклидаги қутили шоколад билан сомса олиб келар ва бизни байрам билан табриклаб кетардилар.
Кунларнинг бирида касалхонага ётишларидан олдин таҳририятда бир воқеа бўлди. Газеталарнинг тиражи туша бошлаган, маош масаласида озгина муаммолар бўлиб қолди. Маош оладиган кунимиз пул бўлмай қолди. Таҳририятда ишлайдиган ҳамкасбларимиз кўпи янги рўзғор, Тошкентда ижара уйларда турар, уларнинг ёш болалари бор эди. Худди шу куни кўнгиллари сезгандай Тоҳир ака телефон қилиб қолсалар бўладими?!
- Қандайсизлар? Ишлар билан чарчамаяпсизларми? Нима қиляпсизлар? Маош беришдими? – деб сўрадилар ярамга туз сепиб. Тўлиб турган эканманми:
- Тоҳир ака, бугун маош бўлмас экан. Қизлар охирги пулларини ишлатиб қўйишибди. Кечадан бери тушликка ҳам чиқмай ўтиришибди! – дедим. Нега бундай деганимни ўзим ҳам билмайман. Қизларга ачинганимдан шундай деб юборган бўлсам керак. Устоз биз учун қаттиқ қайғурадилар, деб ўйламабман. Орадан кўп ўтмай, бир талай сомса-ю, ўша биз яхши кўрадиган “Любимое” қутили шоколадидан олиб келсалар бўладими?!
Қизлар дарров чой қўйиб, сомсаларни ёғларини оқизиб мақтай-мақтай еб олишди. Қоринлари очқаб кетгани учун ўша сомсалар жуда мазали туюлди, шекилли, қизларимиз:
- Бу сомсани қаерда ёпишади, Тоҳир ака? Роса мазали экан. Манзилини айтсангиз, шу ердан олиб турсак бўларкан! – дейишди. Шунда устоз:
- Бунақа сомса, бутун Тошкент бўйича фақат битта жойда бор. Айтсанглар ўзим олиб келавераман! – дедилар. Кейин билсак, ўша тандир сомсани Тоҳир ака кўчаларининг бошидан олган ва “бунақа сомса фақат битта жойда бор” деб ҳазиллашган эканлар. Шу баҳона раҳбарларимиз зудлик билан тушлик масаласини ҳал қилишди. Офисга яқин кафелардан бирига бизга тушлик учун мунтазам пул ўтказадиган бўлишди.
Шу воқеадан кейин бир ой ўтар-ўтмас Тоҳир аканинг тоблари бўлмай, касалхонага ётганларини эшитдик.
Менимча, 16 май эди, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, меҳрибон жонкуяр устоз ва катта ҳарфда ёзиладиган олийжаноб ИНСОН бу дунёни тарк этдилар. Бу биз учун, бутун Ўзбекистон учун катта йўқотиш бўлди. Уларнинг хотиралари ҳамиша қалбимизда яшайди. Улар ўзларидан ажойиб, дурдона асарлар қолдириб кетдилар. Асарларининг умри боқийдир! Улар ёзган сатрларда ўзлари борлар ва кулиб турган чеҳралари тоабад қалбимизда яшайди!
Мавлуда Иброҳимова (Нигина Ниёз).
Манба: «Бекажон» газетаси.