Мен одамийманми?


   Бугун буюк бобокалономиз, шеърият султони Алишер Навоийнинг таваллуд топган кунлари. 
   Биз буюк мутафаккир ҳақида гапирганда унинг мағзга тўла шеърлари, ғазаллари, рубойиларини эслаймиз. Кўпчилик боқий асарларни ёддан айтиши ҳам бор гап. 
   Лекин ҳар сафар Навоий бобомизни эслаганда, унинг бебаҳо асарлари билан бирга, бундан ярим минг йил олдинги манзарани тасаввур этишга ҳаракат қиламан. Чунки ўша даврда туркий тилда нафақат асар ёзиш, балки сўзлашишга ҳам ботинолмаганлар жуда кўп бўлган. Алқисса, турк тилида гапирганларга пастроқ назарда бўлинганини тарих эслатади. 
   Алишер бобомиз буни жуда яхши англаган. Шундай бўлса-да, алоҳида жасорат, мислсиз қаҳрамонлик билан турк тилининг бетакрор жозибаси, улкан бойлиги ва муҳими, унинг дунё тиллари орасида энг нуфузлиларидан эканини беқиёс истеъдоди билан мадҳ этган. 
   Ўйлаб кўрадиган бўлсак, айнан, Навоий бобомизнинг оламшумул асарлари турк (ўзбек) тилининг жаҳон саҳнасига бошини баланд, ғурур билан кириб келишига, образли айтганда, мустаҳкам пойдеворли ҳашаматли сарой сифатида намоён бўлишига хизмат қилди. 
   Одам ўйлашга ҳам қўрқасан, агар Алишер Навоий бўлмаганида, ўзбек тили (турк тили) умуман бўлармиди, бўлганда ҳам жаҳон майдонининг қайси бурчагида қолиб кетарди. 
   Навоий бобомизнинг асарларичи?... Қайси бирини ўқиманг, тилга олманг инсоннинг руҳи буткул ўзгартиради. Одамнинг дунёқараши, тарбияси, маънавияти кўкларга парвоз қилади, руҳи тозаланади. Эзгулик, инсонпарварлик, ватанпарварлик даврасининг доимий аъзосига айлантиради. 
   Бекорга Бобомизнинг асарлари жаҳондаги қарийб барча тилларга ўгирилган эмас. Чунки бошқа халқлар ҳам Навоий бобомиз ўлмас асарлари, ўгитларида маънавий озиқланиш сари интилишади. 
   Демак, бизда Навоий бобомиздек улкан, битмас-туганмас хазина бор. Бундай бахт ҳамма халқларда ҳам мавжуд эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. 
   Шу маънода, Навоий бобомиз ҳаммамизга Яратган томонидан инъом этилган неъмат, десак айни тўғри бўлади. 
Бинобарин, ўзбек халқи, туркийлар алоҳида илоҳий сийланган халқ. 
   Фақат биз ушбу бебаҳо неъматни қадрлашимиз, ундан унумли фойдаланишимиз, ҳар биримиз, фарзандларимизнинг онгу шуурида Навоий бобомизнинг бебаҳо мероси, асарларини, ўгитларини жойлашимиз лозим. Бу керак бўлса,  барчамизнинг тарих, ҳозирги замон ва келажак олдидаги масъулиятимиз. Буни, аввало, ўзимиз теран англаб олишимиз зарур. Ҳарқалай, бунинг учун биздан Навоий бобомиз яшаган даврдагидек алоҳида жасорат, қаҳрамонлик талаб этилмайди. Аксинча, олқишланади... 
   Навоий бобомиз сиймоси ҳали яна мингйиллар бутун инсониятга эзгулик, Она-Ватанга муҳаббат ва садоқат қуёши бўлиб хизмат қилади. 
   Шу ўринда, бобомизнинг энг машҳур ва бугун айниқса, улкан аҳамиятга эга бўлган сатрларини ёдга солмоқни жоиз деб билдим:
Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
   Мен нима учун яшаяпман? Халқим учун нима қилдим? Мен одамийманми? Ушбу саволларга ўзимизга ўзимиз жавоб тополсак, билингки, бекорга дунёга келмадик.
   Биз, ўзбек халқи, туркийлар Навоий бобомиз олдида умрбод қарздормиз ва таъзим қиламиз. 
   Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, буюк Алишер Навоий бобо!

    Салим ДОНИЁРОВ -  "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталарининг Бош муҳаррири, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот