Яйра Абдуллаева таваллуд топган кун (1930 - 2019)


  Таниқли ўзбек актрисаси Яйра Умаровна Абдуллаева 1930 йил 14 Август куни Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1944—1945 йилларда Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамблида бошлаб, 1950 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1950 йилдан Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида ишлаб, Гулнор ("Қутлуғ қон"), Гулбаҳор ("Бой ила хизматчи"), Қорасоч ("Юлдузлар жамоли"), Элейн ("Қонли сароб"), Катерина ("Момақалдироқ"), Мильфордхоним ("Макр ва муҳаббат"), Хемнолини, Камола, Хеменкори ("Ганг дарёсининг қизи"), Марям ("Жазоир — менинг Ватаним") каби ўнлаб рангбаранг образларни яратди. Иззат Султоннинг "Номаълум киши" асаридаги Турғуной ёшлигида онасидан етим қолган, бевафо ота эса уни ташлаб кетган. У бобоси қўлида тарбияланади, ўсиб-улғаяди, ҳаётда ўз йўлини топади.
    Яйра Абдуллаева Турғуной характеридаги ақл-заковат, хотин-қизларнинг эрки йўлида шум тақдирга қарши жон-жаҳди билан курашиш каби олижаноб фазилатларни аниқ кўрсатган, Моримото Каорунинг "Ўғирланган умр" асарида эса япон аёлининг оғир ҳаёт йўлини, мураккаб тақдирини психологик теранлик ва ниҳоятда усталик билан очиб берган. Келишган қадди-қомат, гўзал ташқи қиёфа ва ёқимли овозга эга бўлган Яйра Абдуллаева ўз ижодида юз ифодаси, имо-ишора, киноя, пичинг ва бошқа тасвирий воситалардан моҳирона фойдалана олган санъаткордир. Истеъдодли актриса томонидан яратилган Перция ("Юлий Цезарь"), Антигона ("Антигона"), Анита ("Ғариблар"), Нодирабегим (шу номли асар), Мамаева ("Ҳар тўкисда бир айб"), Гавҳаршодбегим ("Мирзо Улуғбек"), Сиёнхоним ("Жонимни ол, жонгинам") ва бошқа етук образлар фақат Яйра Абдуллаева ижодидагина эмас, балки ўзбек театр санъати тарихида ҳам ўзига хос ўрин эгаллади.
     Яйра Абдуллаева "Бой ила хизматчи" фильмидаги Гулбаҳор роли билан 1953 йилдан бошлаб ўзбек кино санъатида ўз фаолиятини бошлади, бирин-кетин "Опа сингил Раҳмоновалар" (1954), "Стадионда учрашамиз" (1956), "Ҳамза" (1960), "Виждон амри билан" (1967) каби фильмларда суратга тушди. У кинода яратган Гулбаҳор, Дилдор, Раъно, Саодат ва бошқа образлар ёрқинлиги, жозибаси билан алоҳида диққатга сазовордир. Бу образлар талқинида ҳам актриса ижодининг ўзига хос муҳим индивидуал қирралари ярқ этиб кўзга ташланиб туради.
    Санъаткор ўзбек кино ва театр санъатида ўз ўрнига, ўз овозига эга бўлган диапозони кенг, қизиқиш доираси катта, маънавий жиҳатдан теран, тиниб-тинчимас, етук актрисадир. У бир неча ўн йиллардан бери Ўзбекистон телевидениесида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. 1960 йилда яратилган биринчи ўзбек телефильми "Азизахон" даги бош роль, "Зайнаб ва Омон" (1957), "Еттинчи қадаҳ" (1977) телеспектаклларидаги Зайнаб, Хоним образлари кенг санъат мухлисларига манзур бўлди. Яйра Абдуллаева 50-йиллардан бери республика радиосида қатнашиб "Театр микрофон олдида", "Бир актёр театри" номли эшиттиришларда фаол иштирок этди.
   Эврипиднинг "Медея", Ш.Р.Рашидовнинг "Кашмир қўшиғи", "Қудратли тўлқин", А.С.Пушкиннинг "Дубровский" асарлари асосида тайёрланган радиоспектаклларда Медея, Баҳор, Мария образларини катта маҳорат билан ижро этди. Ибсеннинг "Нора" асари асосида тайёрланган радиоспектаклда у ҳам постановкачи режиссёр, ҳам актёр сифатида қатнашди.
    Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юксак тақдирланди. 1964 йилда актрисага "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. В.Шекспирнинг "Қирол Лир" трагедиясида яратган Регина образи учун 1967 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
    Яйра Абдуллаева 1998 йилда "Дўстлик" ордени билан мукофотланган.
    2019 йил 14 май куни актриса Тошкент шаҳрида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот