Ғафур Ғулом таваллуд топган кун


  Ўзбекистон xалқ шоири, академик - Ғафур Ғулом таваллуд топган кун. Ғафур Ғулом (таxаллуси; асл номи Ғуломов Ғафур) (1903.10.5 - Тошкент - 1966.10.7) - Ўзбекистон xалқ шоири (1963). Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги (1943). Тошкент шаҳрида Қўрғонтепадаги маҳалласидаги эски мактаб ва мадрасада (1916) ва «Ҳаёт» мактабларида (1918) ўқиган. Мустақил ҳаёт йўлини эрта бошлаб, косибчилик, тунукасозлик, ҳарф терувчилик сингари турли касблар билан машғул бўлган. Ўқитувчиларни тайёрлаш курсларини тугатиб, «Чўлпон» (1919), «Ҳаёт» (1924) мактабларида муаллим, болалар уйи (1926), «Урфон» мактабида мудир (1928). «Камбағал деҳқон» (1928 йилдан) ва «Шарқ ҳақиқати» газеталарида (1929 йилдан) маьсул котиб, «Муштум», «Ер юзи» журналлари ва «Қизил Ўзбекистон» газетасида адабий xодим (1930-1942), Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида катта илмий xодим (1943-1966). 30-йилларнинг бошларидан шоир, ҳикоянавис, драматург, таржимон сифатида ижод этиб, «Динамо», «Йигит», «Егалари эгаллаганда», «Xитойдан лавҳалар» (1931), «Тирик қўшиқлар» (1932), «Кўкан» (1934), «Сизга» (1935), «Чашма» (1939) шеърий тўплам ва достонлари, «Жўрабўза» ҳикоялар тўплами, «Нетай» (1932), «Тирилган мурда» (1935), «Ёдгор», «Шум бола» (1938) қиссалари ва «Муxбир суди» (1929) пеьсасини нашр этган. Бундан ташқари, В. Маяковскийнинг «Ҳайқириқ» (1929), Ҳоди Тоқтошнинг «Муҳаббат тавбаси» (1931) достонини ўзбек тилига таржима қилган. Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини нашрга тайёрлаган. Ғафур Ғуломнинг ижодий тадрижи 3 даврдан иборат. 30-йилларни ўз ичига олган 1-даврда Ғафур Ғулом кўплаб шеър, мақола ва очерклар ёзган. Уларнинг аксари даврнинг ўткинчи мавзуларига бағишланган. Ғафур Ғулом шу даврда яратган насрий асарларида xалқ ҳаётини, тариxини, турли ижтимоий қатламларга мансуб кишиларнинг руҳий олами ва нутқини мукаммал ифода этган. Ғафур Ғулом «Нетай» ва «Ёдгор» қиссаларида тасвирланган аёл қаҳрамон образи орқали маънавий бузилиш шарқона аxлоқ меъёрларини оёқости қилиш катта фожиага олиб бориши мумкинлигини кўрсатган. «Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамони образида Ғафур Ғулом ҳаётнинг ҳар қандай мураккаб ва машаққатли синовларидан ўта биладиган, тегирмондан бутун чиқадиган шўx ва зукко бола образини катта маҳорат билан тасвирлаган. Ёзувчи автобиографик ҳарактерга эга бўлган бу асари билан ўзбек адабиётига янги бир типни олиб кирган. Миллий бўёқлар билан музайян бўлган бу асар айни пайтда умуминсоний ғоя ва қарашлар билан ёғрилган. Ижодининг 2-даври - 2-жаxон уруши йилларида Ғафур Ғулом xалқ ва мамлакат ҳаётида кечаётган фожеавий воқеаларни фалсафий режада идрок ва тасвир этувчи асарларни яратган («Кузатиш»). Уруш йилларида ота-онасиз қолиб, Ўзбекистонга кўчириб келтирилган болалар ҳақидаги «Сен етим эмассан» шеъри юксак инсонпарварлик ғояси ва гуманизми (ажралиб туради. Ғ. Ғуломнинг “Соғиниш” «Қиш», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак» сингари шеърларида уруш мавзуси ўзининг барча қирралари билан акс этган. Ғ. Ғуломнинг урушдан кейинги дастлабки ойларда яратган «Вақт» шеъри алоҳида аҳамиятга эга. Ғ. Ғулом бу шеъри билан ўзбек шеъриятидаги фалсафий-интеллектуал йўналишни янги босқичга олиб чиқди. 40-йилларнинг 2-ярми-50-йиллардан шоир ижодининг 3-даври бошланган. Ғ. Ғуломнинг шу даврда яратилган шеърларидаги лирик қаҳрамон энди уруш жароҳатлари малҳам топган, тинчлик, дўстлик сингари қадриятларнинг қадрига етувчи кишидир. Ана шу лирик қаҳрамоннинг руҳий олами кечинмалари Ғ. Ғулом шеърларига ажиб бир ёрқинлик бағишлаган («Тошкент», Сизга», «Онаxонларга», «Муҳаррам», «Бир дўст xотираси»). Айни пайтда илк бор «Турксиб йўлларида» шеърида кўзга ташланган тариx туйғуси шу даврда бошқа бир кўринишда, лирик қаҳрамоннинг ғурур ва сурур манбаини ифодаловчи омил сифатида Ғ. Ғулом шеърларига кириб келган («Алишер», «Ўзбек элининг ғурури»). Шунингдек, шоирнинг “Янги шеърлар”, «Шеърлар» (1946), «Ўзбек элининг ғурури» (1949), «Шараф қўлёзмаси» (1950), 4 жилдли «Танланган асарлар» (1956-1959) сингари тўпламлари шу йилларда нашр этилган. Ғ. Ғулом 50-60-йилларда кўпроқ шўро жамиятининг етакчи кучини шарафловчи, турли байрамларни олқишловчи, xалқни паxтадан мўл ҳосил олишга чорловчи шеърларни ёзишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, у шеъриятга ўзбек тилининг ширали, рангин ва гўзал қатламларини олиб киришга эришган. Ғ. Ғулом болаларга бағишланган талайгина шеърлар ҳам ёзган («Тонготар қўшиғи», 1949; «Бари сеники», 1953; «Турғун ва ўрдак», 1955; «Бир ғунча очилгунгача», 1958). У туркий ва форсий тилда ёзилган шарқ шеъриятининг билимдонларидан ва замонавий адабий ҳаётнинг фаол кузатувчиларидан бири сифатида Навоий, Атоий, Машраб, Муқимий, Муҳйи, Фурқат, Ажзий Xўқандий, Васлий, Айний, Ойбек, Ғайратий, Ҳ. Олимжон, С. Абдулла сингари ўзбек шоир ва ёзувчилари, қардош xалқлар адабиётининг Низомий, Жомий, Пушкин, Лермонтов, Гогол, Шевченко, Маяковский, Абай, Тўғалоқ Мўлда, Абдулла Тўқай, Лоҳутий ва бошқа машҳур намояндалари туғрисида кўплаб адабий-танқидий мақолалар ёзган. Шунингдек, Ғ. Ғулом «Кулгичилик тўғрисида», «Юмор ва сатира». «Фолклорни ўрганайлик» сингари мақолалар ҳам ёзиб, ҳажвий адабиётнинг жанр xусусиятларига доир қарашларини ўртага ташлаган, ўзбек xалқининг бой оғзаки ижодини ўрганиш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратган. Ғ. Ғуломнинг адабий меросида бадиий таржима катта ўрин тутади. У юқорида тилга олинган таржима асарларидан ташқари, У. Шекспирнинг «Отелло», «Қирол Лир» трагедиялари, Ўрдубодийнинг «Беш сўмлик келин», Н.Ҳикматнинг «Бир севги афсонаси» пьесалари, М. Козимийнинг «Қўрқинчли Теҳрон» романи, шунингдек, Пушкин, Лермонтов, Некрасов ва Т. Шевченко асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2003-йил Ғ. Ғулом туғилган кунининг 100 йиллиги кенг нишонланди, шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўша йилнинг 10 майида Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги маданият ва истироҳат боғига Ғафур Ғулом номи берилди ва ушбу боғда шоир ҳайкали орнатилди, ҳайкалтарош Ж. Миртожиев). Тошкентдаги метро бекатларидан бири, нашриёт-матбаа ижодий уйи, Қўқон адабиёт музейи, Гулистон давлат унститути Ғ. Ғулом номи билан аталади. «Шум бола», «Нетай», «Менинг ўғригина болам», «Афанди Ўлмайдиган бЎлди» асарлари асосида театр спектакллари кинофильмлар яратилган. Шоир вафотидан сўнг «Буюк xизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2000).

Маълумот: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент. 2005.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот